Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Эътироф

САМИМИЙ ДИЛ ТАШАККУРЛАРИ

Халқимизда шундай нақл бор, айтишадики, ҳар қандай машаққатнинг салмоқли самараси бўлади. Ҳа, бугунги кунда давлатимиз томонидан тиббиёт тизимига қаратилаётган эътибор ва амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида ҳам ана шундай дейиш мумкин. Кўп сонли халқимиздан тиббиёт ходимларининг номига билдирилаётган ишонч ҳамда миннатдорлик дил сўзлари эса фикримиз тасдиғидир.

– Саломатлигимда бир қатор ўзгаришлар борлиги сабаб, Шайхонтоҳур туманида жойлашган 48-сонли оилавий поликлиника назоратида тураман. Менга ҳар томонлама кўмак бериб келувчи саломатлик муассасаларига миннатдорлик билдираман. Яқинда ҳам 105-сонли ТМЭК томонидан Республика ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказининг неврология бўлимига имтиёзли даволанишга йўлланма берилди. У ерда менга эътиборли ва яхши муомалада бўлишди. Хусусан, бўлим бошлиғи Т. Тожиев, даволовчи шифокор Э. Машарипов, катта ҳамшира Р. Гайфулина, бўлим бекаси М. Норматова ҳамда ошпазлар М. Шермуҳаммедова ва В. Алимжоноваларга самимий тилакларимни изҳор этаман. Бундан ташқари, навбатчи шифокор Тулқин Эргашевга ҳам менга ўз вақтида кўрсатган тиббий ёрдами учун келгусидаги фаолиятига муваффақиятлар тилайман, – дейди II гуруҳ ногирони Ш. Шарипов.

Шунингдек, Хоразм вилояти Урганч тумани Обод маҳалласида истиқомат қилувчи Ўрин Жабборов Урганч туман тиббиёт бирлашмасининг режали хирургия бўлимида фаолият юритиб келаётган саломатлик посбонларига миннатдорлик изҳор этган. Жумладан, малакали шифокор Руслан Бобожонов, катта ҳамшира Феруза Сафарбоева, ҳамширалар – Каромат Қиличова, Наргиза Бектурдиева, Нилуфар Машарипова, Зебохон Абдираимова, Ойша Жуманиязова ҳамда Шаҳноза Вафоеваларга оиласи, халқимиз бахтига соғ-омон бўлишларини тилаб қолган.

"Республика кўз касалликлари клиник шифохонасининг тажрибали мутахассислари меҳнати туфайли етти кун ичида кўзларимнинг нури тикланиб, борлиқни яна бор ранглари билан кўра бошладим", – дея Тошкент вилояти Пскент туманидан Баҳри Муҳамаджанова нома йўллаган. – Қисқа фурсат ичида олам завқини улашган қўли енгил шифокорлар Амирхон Акрамович, Саида Билолова, Равшанжон Махмудович, бир-биридан чаққон ҳамширалар – Дилором Азимова, Хуснора Ҳайитметова, Муҳайё Зоитова ва Дилафруз Толиповаларга миннатдорлик билдираман. Шу билан бирга, муассасада яратилган шарт-шароитлар, беморлар дардига даво топиши учун барча имкониятларни муҳайё қилган бош шифокорга ҳам алоҳида дил ташаккуримни изҳор этаман. Юртимизда шундай шифокорлар бор экан халқимизнинг тиббиёт ва соҳа ходимларига бўлган ишончи мустаҳкамланиб, ҳурмати ортиб бораверади. Касбим ўқитувчи бўлганлиги боис, соғлиқни сақлаш тизимига мазкур муассасанинг фидойи шифокорлари сингари малакали мутахассисларни тайёрлаб бераётган устоз шифокорлар ҳамда тиббий таълим тизими масъулларига ҳам улкан зафарлар тилайман. Ушбу фикрларимга жонкуяр саломатлик посбонларининг беминнат меҳнатларидан юртимизнинг турли гўшаларидан келиб, мен каби баҳраманд бўлган – Фотима Бердиева, Зуҳра Қаршиева, Рустам Отақулов, Абдулла Нуралиев, Лазокат Жалолова, Хожар Тўраева, Саломат Алиева, Ф. Латипова ҳамда М. Ибрагимовалар ҳам қўшилиб қолади.

"Яқинда оила аъзоларим саломатлиги билан нохуш воқеа юз бериб, тез тиббий ёрдамга мурожаат этишга мажбур бўлдик. Гап шундаки, мен ишда эканлигимда оиламдагилар бирин-кетин ҳушини йўқота бошлаган ва ўғлим "103" хизматига хабар беришга улгурган. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай етиб келган тез ёрдам хизмати ходими вазиятни ўрганиб, оилавий заҳарланиш ташхиси билан яна қўшимча ёрдам гуруҳини чақирган. Бу воқеадан хабар топган 5-Республика юқумли касалликлар клиник шифохонаси бош шифокори Жалолиддин Тўйчиев ҳам етиб келиб, тезкор амалий ёрдам беришди. Бу аввало, Президентимиз томонидан тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор натижаси бўлса, иккинчи томондан, шифокорларимизнинг ўз касбига бўлган масъулияти ортиб бораётганлигининг самараси, деб биламан. Шунинг учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳамда оила аъзоларимнинг ҳаётини асраб қолишда ўз меҳнатларини аямаган барча тиббиёт ходимларига самимий миннатдорлигимни билдириб, уларнинг ҳам оиласи бахтига доимо соғ-омон бўлишларини тилаб қоламан", дея мактубини якунлайди Тошкент шаҳар Юнусобод туманида яшовчи Ахмед Раҳматов.

- Саломатлигимдаги ўзгариш сабаб, Фарғона вилояти Қўштепа туман тиббиёт бирлашмасида даволаниб келаман. Узоқ йиллик ўқитувчилик касбим натижасида юрак соҳамда хасталик пайдо бўлди. Саломатлигимни назорат қилишда беминнат кўмагини аямай келаётган туман тиббиёт бирлашмасининг маклакали кардиологи Баҳодиржон Расулов, шунингдек, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Фарғона вилоят филиалида фаолият юритиб келаётган тажрибали шифокор Саёхатхон Умаралиевага ўз ташаккуримни билдираман. Ширинсўз, ўз касбининг фидойиси, бемор қалблар нажоткор бўлиб келаётган ушбу шифокорларга оилавий хотиржамлик тилаб, фаолиятларида кўзлаган мақсадларига эришишни истаб қоламан, – дейди II гуруҳ ногирони Адҳам Отажонов.

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри Оқтепа маҳалласидан келган мактубда Ҳаловат Шерназарова қуйидагиларни баён қилган: "Турмуш ўртоғимнинг вафотидан сўнг, қаттиқ тушкунликка тушиб, соғлиғимни йўқотиб қўйдим. Шунда ҳудудимизга қарашли оилавий поликлиника шифокори Юлдуз Абдулқосимова ҳамда малакали ҳамшира Марям Маманованинг тавсияси ва кўмаги билан вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг гематология бўлимига мурожаат қилдим. У ерда менга бўлим бошлиғи Норпулат Раҳмонов, даволовчи шифокорим Алишер Бобоназаров яхши кутиб олишди. Мунаввар Худойназарова ҳамда Фаррух Мухановларнинг зарурий текширувларидан кейин зудлик билан муолажаларни бошлаб юборишди. Мана, ушбу инсонларнинг фидокорона муҳнатлари эвазига бугун соғ-саломатман, бундан фарзандларимнинг ҳам қувончи чексиз. Шу боис, саломатлигимни тиклашимда меҳнатлари сингган барча оқ халатли пок кўнгил соҳибларига қалбларига туккан эзгу ниятлари ижобат бўлишини тилаб қоламан, беморлар ва оиласининг бахтига омон бўлсинлар". Галдаги мактубни нажоткор шифокорлар меҳнати туфайли "Оққон" касаллигидан шифо топган Наманган вилояти Косонсой тумани "Баҳористон" МФЙда истиқомат қилувчи Муҳаббатхон Ҳамидова йўллаган.

– Умрим мобайнида саломатлигимдан сира ҳам жиддий шикоятим бўлмаган. Бироқ, 2012-2015 йиллар давомида менда тўсатдан "Оққон" касаллиги аломатлари кузатилди. 3 йиллик муолажалардан сўнг, Гемотология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтига мурожаат қилдим. Собиқ бош шифокор Эльдар Исхаков, бўлим бошлиғи Маъмура Саидхоновна ҳамда даволовчи шифокор Умида Абдусаматовналар кўрсатган беминнат тиббий ёрдам натижасида мен учун мўжиза рўй берди, хасталик асоратларидан тамоман холос бўлдим. Бунинг учун, аввало, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, қолаверса, мазкур муассасада фаолият юритаётган барча тиббиёт ходимларига чуқур миннатдорлигимни билдираман. Мамлакатимиз тиббиёти равнақи, халқимиз саломатлигини асраш йўлида фидойиларча меҳнат қилаётган саломатлик посбонларига келгусидаги ишларида юксак муваффақиятлар тилайман.

Фарғона вилоятидан мактуб йўллаган Мавлюда Алиярова эса бир неча йиллардан буён Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмасида беморлар дардига малҳам бўлиб келаётган, уларнинг оиласи бағрига соғ-саломат қайтишларига бор билим ва имкониятларини ишга солаётган жамоа аъзоларига номба-ном миннатдорлик билдиради. Жонкуяр, фидойи тиббиёт ходимларига фаолиятларида кўзлаган мақсадларига эришишида муваффақиятлар тилайди. Эл олдида ҳамиша юзлари ёруғ бўлишларини истаб қолади. Яна бир номада эса Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи Фарангиз Жумаева турмуш ўртоғи Валерий Сатторовга вақтинчалик ишсиз қолган бир пайтда холисона кўмак қўлини чўзган тиббиёт муассасаси раҳбари Бахтиёр Саноевга чексиз миннатдорлик билдириб қолган. Бир оила фаровонлигини таъминлашга қўшган ҳиссаси учун дил ташаккурларини баён қилган.

Шунингдек, Хоразм вилояти Шовот туман тиббиёт бирлашмаси лаборатория бўлими ишчи-ходимлари, Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидан Т. Шоева, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи Равшан Камалов, Учтепа туманилик Васила Азимова, Миробод туманида яшовчи В. Султанова, Юнусобод туманидан И. Надежда, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридан Мария Савицкаялар ҳам мамлакатимизнинг турли тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган масъулиятли касб эгаларига ўзларининг миннатдорлик туйғуси ифода эттирилган дил изҳорларини йўллаб қолишган.

Номалар орасида "…Яқинда ўғлим Обиджон иш жойида бахтсиз ҳодиса туфайли оғир аҳволда шифохонага олиб борилганлигини эшитганимда, кўз олдим бир зумда қоронғилашди", дея бошланган мактуб эътиборимизни тортди. Унда фарзандининг 5 соатлик мураккаб жарроҳлик амалиётидан сўнг ҳаётга қайтганидан шодлиги ичига сиғмаган онаизорнинг қуйидаги сўзлари битилган.

"…Авваломбор, Юртбошимизга минатдорлигимни изҳор этаман. Сабаби, бугунги кунда давлатимиз томонидан бошқа соҳалар қатори тиббиёт тизимини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида ҳам аҳоли саломатлигини асраш, уларнинг оғирини енгил қилиш, малакали тиббий хизматдан баҳраманд бўлишлари учун барча зарурий шароитлар яратилмоқда. Шунингдек, ушбу имкониятлардан фойдаланиб, фарзандимнинг ҳаётини сақлаб қолиб, набирамга ота меҳри, оиласига келажакка бўлган мустаҳкам ишончни қайтариб берган МКБга қарашли 3-тиббий-санитария қисмининг жарроҳлик бўлими бошлиғи Ш. Зайниев, бош шифокор У. Турсунов, тажрибали мутахассислар – Ф. Саидов, Ш. Бобомуродов, У. Уроқов, ширинсўз ҳамшира Г. Мориноваларнинг ҳам оиласига хотиржамлик, касбий муваффақият тилаб қоламан", – дейди навоийлик Мақсад Санақулова.

Соғлиғимдаги ўзгаришлар сабаб, турли тиббиёт муассасаларида мунтазам даволаниб келаман. Юртимизда тиббиёт тизимига қаратилган эътибор ва соҳа ходимларининг касбига бўлган садоқати, малакаси устида тинимсиз изланишлар олиб бориши натижасида шифо истаб мурожаат қилган кўп сонли беморлар дарддан фориғ бўлмоқда.

Аминманки, эгнига оқ халат кийган ҳар бир шифокор ҳам ўз меҳнатининг самараси ва завқини шифо топган одамларнинг юзида акс этган мамнунлик ифодасида кўради. Мамлакатимизда эса бундай шифо масканлари ва соҳа мутахассислари кўплаб топилади. Жумладан, яқинда соғлиғимни тиклаш мақсадида Вирусология илмий текшириш институти клиникасига мурожаат қилиб, фикрларим тўғри эанлигига яна бир бор ишонч хосил қилдим, шифокорларга бўлган меҳрим ортди. Мени илиқ муомала билан қаршилаган ва зарурий муолажаларни олишимда ўзларининг беминнат хизматларини аямаган клиниканинг 4-бўлим бош шифокори Муҳайё Асилова, маклакали мутахассис Дилдора Жўраева, ширинсўз ҳамширалар – Зиёда Арипова, Зульфия Асирова, Сурайё Ҳакимова, Шаҳризода Муҳамедова, шунингдек, фельдшер Шоҳрух Тойметов, бўлим бекаси Наргиза Аҳмедова, шу билан бирга, кичик тиббиёт ходими Умида Муротоваларга самимий миннатдорлик изҳор этаман. Бундан ташқари, муассасада яратилган шарт-шароит ва қулайликлар учун институт директори Эркин Мусобоевга ҳам ўз ташаккуримни билдираман. Ниятим эл соғлиғи йўлида тинмай меҳнат қилаётган ана шундай шифокорлар ҳеч қачон дард кўрмасин.

Вазира Муҳамедова,

Тошкент шаҳри.

Мактублар билан танишиб чиқар эканмиз, шундай хулосага келдик, Президентимиз кўп бора таъкидлаётган тиббиёт соҳасида олдимизга қўйган мақсадларга эришиш сари бирдан-бир ва энг тўғри йўл – профилактика ишлари такомиллашмоқда. Соҳада эришилаётган муваффақиятларни кузатиб, соҳа ходимларининг малакаси, тажрибасига гувоҳ бўлиб, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими ҳам жаҳон тиббиёти билан баравар одимлаётганига ишонч ҳосил қилаётган халқимизнинг ҳам тиббий маданияти юксалмоқда. Тиббиётга бўлган ишончи мустаҳкамланиб, бу борадаги барча фаолиятлар, аввало, аҳоли саломатлигини асраш, жамият фаровонлигини таъминлаш, бир сўз билан айтганда, одамларни рози қилишга хизмат қилаётганлигига амин бўлмоқда.

Мактубларни Ҳасан АБДУҒАНИЕВ шарҳлади.

№ 25, 22.06.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.