Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Эътироф

УМРИНГИЗ БУНДАН-ДА ЗИЁДА БЎЛСИН

Аёл оилада – меҳрибон она, уй бекаси, хонадон чироғи ва суюкли ёрдир. Жамиятда эса муқаддас сиймо, камтар ишчи, малакали мутахассис, раҳбар ҳамда тадбиркордир. Аёл шаънига айтилган ушбу ибораларни ҳар гал эшитганимда кўз олдимда уларнинг барчасини ўзида мужассам этган аёллар қатори тарих фанлари номзоди, "I даражали соғлом авлод ордени соҳибаси Хосият Аҳмедова сиймолари гавдаланади.

Қаҳрамонимиз оддий мактаб ўқитувчилигидан ҳалол меҳнати, касбига бўлган садоқати, ўзи ва атрофидагиларга талабчанлиги ҳамда ҳар бир ишга маъсулият билан ёндашиши туфайли юқори мартабаларга эришиши мумкинлигини исботлаган ўзбек аёли. Мен Хосият Маматовна билан илк бор 1980 йилда яқиндан танишганман. Сабаби, мен шу йили Андижон тиббиёт институтидан област партия комитети томонидан Наманган таббиёт билим юрти директори лавозимига ўтказилган эдим.

Опа ўша йиллари обкомда идеология котибаси лавозимида фаолият юритар эди. Гарчи улар ҳақида (ота-онамни кўриш учун Наманганга келиб юрганимда) фақат ижобий фикрлар эшитиб юрган бўлсамда, биринчи бор қабулларига киришда бироз ҳаяжонланганман: қабул яхши ўтармикин, қандай гаплашар эканлар, кейинчалик ҳам иш юзасидан билдирадиган фикр-мулоҳаза ва таклифларимни тўғри тушуниб, ёрдам берармикинлар, деган ўйга борганман. Бироқ, биринчи учрашувдаёқ айрим шубҳаларимдан уялганман... Негаки, Хосият Аҳмедованинг бошқалар сингари оддий ва самимийлиги менда катта таассурот қолдирган. Чунки шундай лавозимдаги аёл эгнида оддий ўзбекча тикилган кўйлак, ҳашамдор тақинчоқлардан эса асар ҳам йўқ эди. "Биз сизга катта ишонч билдириб шу лавозимга тавсия қилдик, энди бор билимингиз, институтда олган тажрибангизни Наманган вилояти учун, ўрта бўғиндаги тиббий қоидалар тайёрлаш сифатини ошириш, билим юртимизни республика миқёсида етакчи таълим маскани қаторига чиқариш учун сарфлайсиз деган умиддаман. Қандай ёрдам керак бўлса, тортинмай мурожаат қилаверинг, биргаликда ишлаймиз", деб ўринларидан туриб мени эшиккача кузатиб қўйдилар. Ушбу қабулдан сўнг опа улар ҳақида олдин эшитганларимдан ҳам зиёда аёл эканликлигига амин бўлдим. Хосият опа фаолияти мобайнида таълим, маданият соҳалари билан бир қаторда вилоятда аҳоли ўртасида тиббий маданиятни ошириш, ўрта бўғин тиббиёт ходимларини тайёрлаш, улар малакасини изчил ошириб бориш, тизимни такомиллаштириш, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Улар узоқни кўзлаб фикрлайдиган раҳбар эдилар. Шунинг учун ҳам мазкур билим юртини яқин 20 йил давомида бошқарган бўлсам, бор билим ҳамда тажрибам билан ана шу ишончни оқлашга ҳаракат қилдим.

Эсимда, 1986 йилда мени Москвада ўтказилган Бутун иттифоқ аёллар анжуманига Республика гуруҳи таркибида делигат қилиб юборишган эди. Шу анжуманда бир акушер-гинеколог, профессор аёл ўзининг 40 йиллик тажрибасидан келиб чиққан ҳолда "Оилани режалаштириш" мавзусида кенг қамровли, ўта қизиқарли маъруза қилди. Имкониятим борича асосий жойларини қоғозга тушириб олдим. Наманганга қайтгач, уларни минг ҳаяжон билан Хосият Маматовнага сўзлаб бердим. Бу борада биз ҳам иш олиб борсак яхши бўлар эди, деган таклиф киритдим. Маърузанинг асосий ўзаги – оналар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом онадангина соғлом фарзанд туғилиши, қизларни эрта турмушга беришдан, айниқса, қариндошлар ўртасидаги никоҳларга барҳам бериш, ногирон болалар туғилишининг олдини олишга қаратилган масалалардан иборат эди. Опа фикрларимни диққат билан эшитиб, яқин кунлардаёқ менга Москвадаги маърузадан келиб чиққан ҳолда, ҳудудимиздаги бу борада ҳолат қай аҳволда эканлигини ҳам инобатга олиб, маъруза тайёрлашимни, яқинда вилоят миқёсида катта йиғилиш ўтказилиши, унга барча мутасадди ходимлар, маҳалла комитети ва хотин-қизлар қўмитаси раислари таклиф этилишини ҳамда бу йиғилишни ўзлари бошқаришларини айтдилар. Йиғилиш бир ҳафтадан сўнг ташкил этилди, ўша даврда бу йиғилиш қатнашчилари учун "Оилани режалаштириш" худди айримлар учун "томдан тараша тушгандай" таъсир қилди. Айрим кексалар "ўзбек ҳалқи азалдан болажонли бўлган, энди қанча бола кўришимизни сўрашимиз керакми?" деган норози фикрини билдиришди. Бироқ, опа қатъият билан мутахассислардан иборат махсус гуруҳ тузилишига, уларни жадвал асосида вилоятнинг барча туманларида аёллар ўртасида, маҳаллаларда тушунтириш ишлари олиб боришга давъат этди. Зарурат туғилганда ҳисобот ҳам олиб турдилар, айрим учрашувларда ўзлари ҳам қатнашардилар. Қарангки, мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласи давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди. "Соғлом она – соғлом бола", "Соғлом авлод – юрт келажаги" каби тушунчалар давлатимизнинг асосий шиорига айланди ва бугунги кунда бу борада қўлга киритилган муваффақиятлар эътиборга моликдир.

Хосият опа ҳар учрашувимизда ўша йиғилишни, албатта, эслаб ўтади ва бу борадаги эзгу ниятларимиз амалга ошгани ва бу жамият фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшаётганлигидан мамнунлигини айтиб ўтади. Ушбу инсоннинг меҳнат фаолиятлари даврида яна бир вилоят равнақи учун қилган катта бир ташаббуслари – бу Косонсой (1981 й), Чуст ва Чортоқ (1984 й)да тиббиёт билим юртлари очишга бевосита жонкуярлик қилганликларидир. Хосият Маматовна ўз ишчиларига нафақат устоз, балки онадек меҳрибон ва бу фазилатлар ҳозир ҳам уларни тарк этгани йўқ. Шу ўринда айтиш керакки, Хосият Аҳмедованинг нафақат ўзи, балки кўп сонли шогирдлари ҳам эл ҳурматига сазовор бўлиб, турли лавозимларда меҳнат қилмоқдалар. Хусусан, Дилшодахон Дадажанова, Муборакхон Бобохонова, Раҳимахон Обиджонова, Мавлудахон Жўрабоева ва бошқалар ҳақида шундай дейиш мумкин.

Бундан ташқари, айни пайтда орамизда бўлмасада, бироқ хотирамизда абадий яшайдиган, опанинг содиқ шогирдларидан Дилбархон Зоҳидовани, Зоҳидахон Маллабаева, Раъно Йўлдошеваларни доимо ёдда сақлаймиз.

Ўзбек аёлининг тимсолидир Сиз

Ўзбек аёлининг тимсолидир Сиз,

Наманган аёлларин сардоридир Сиз,

Таваллуд кунингиз муборак бўлсин,

Умрингиз бундан-да зиёда бўлсин.

Сиз аҳлоқ ва одоб намунаси Сиз,

Камтарлик бобида қиёси йўқ Сиз,

Катта-ю – кичикка доим бирдай Сиз,

Шу боис ҳамиша ҳурматдасиз Сиз.

Минглаб шогирдларга устоз бўлдингиз,

Ҳеч кимдан меҳрингиз аямадингиз,

Ёмоннинг ҳам яхши томонин англаб,

Уни тўғри йўлга чорлар эдингиз.

Сизни таниган-у танимаганлар,

Сиздан бениҳоя миннатдордирлар,

Фарзандлар, шогирдлар ва қадрдонлар,

Бугун дилдан Сизни қутламоқдалар.

Кўзларни қувонтириб юринг кўп йиллар,

Сиҳат-саломатлик ҳамроҳ бўлсинлар,

Бардавом бўлаверсин тинч-омон кунлар,

100 ёшингизда ҳам юрайлик қутлаб.

Мухтасар қилиб айтганда, Хосият Аҳмедовани ҳақиқий ибрат соҳибаси, десак муболаға бўлмайди. Сабаби, қаҳрамонимиз сингари чинакам эл-юрт фидойиси бўлган инсонлар сафи қанча кенгайса, юртимиз равнақи янада юксалиб, ҳаётимиз бундан ҳам фаровонлашиб бораверади.

Каримахон ИНАМОВА, Тиббиёт фанлари номзоди, Соғлиқни сақлаш ва халқ таълими аълочиси.

№ 23, 08.06.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.