Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Эътироф

МЕҲНАТЛАР ЗАМИРИДА МУНОСИБ РАҒБАТ

Бугунги кунда республикамиз тиббиёт масканларида 360 мингга яқин ўрта тиббиёт ходимлари эл саломатлиги йўлида астойдил меҳнат қилиб келмоқдалар. Айниқса, қалблардан чуқур ўрин олган ҳамшира меҳнатини қанчалар эътироф этсак, шунчалар озлик қилади.

Бирламчи тизимдан тортиб, нуфузли клиникаларда ўз билим, иқтидор ва бой малакаси билан эл ҳурматига сазовор бўлаётган ҳамширалар хизмати Президентимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганлиги, албатта, қувонарли ҳолдир. Бунинг исботи сифатида айтиш жоизки, қанчадан-қанча ҳамшираларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланмоқдалар. Куни кеча пойтахтимизда бўлиб ўтган 12 май – Халқаро ҳамширалар кунига бағишланган тадбирда юқоридаги фикрларимиз яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Роза МИШЕНОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош ҳамшираси:

– Ҳамширалик касбини танлаганимдан фахрланаман. Буюк аллома Ибн Сино "Тиббиётнинг олий мақсади – инсон саломатлигига эришишдир", деган эди. Қарангки, бугун муҳташам санъат саройи саҳнасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиевдан "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонини қабул қилиб олар эканман, қалбимдан олий мақсадимиз нима эканлигини янада чуқур ҳис этдим. Мана, 35 йилдирки инсон саломатлиги йўлида хизмат қилиб, халқ билан ҳамнафас, ҳамфикр бўлганлигимдан мамнунман. Ушбу фаолиятим давомида аҳоли саломатлигини асрашда қанчалик ҳиссам сингган бўлса, ўзимни шу қадар бахтиёр ҳис эта оламан. Меҳнатимни қадрлаб, рағбатга муносиб кўрган барча ташкилотчиларга самимий миннатдорлигимни билдираман.

Ушбу сана жорий йилда "Саломатлик – инсон ҳуқуқи, уни таъминлашда ҳамшираларнинг ўрни ва истиқболи" шиори остида ўтказилди. Мазкур байрам кўп йиллардан буён мамлакатимизда кўтаринки кайфиятда ўтказиб келинмоқда. Ҳар йилгиларга қараганда навбатдаги тадбир ўзгача тарзда ўтди. 2018 йилнинг 11-12 май кунлари Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги кино саройида аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ошириш, бирламчи тиббий-санитария муасассаларида тиббий-ижтимоий патронаж ва аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, касалликларни олдини олиш масалаларини такомиллаштириш ҳамда ҳамширалар томонидан бажарилаётган тиббий ва профилактик ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида "Саломатлик – инсон ҳуқуқи, уни таъминлашда ҳамшираларнинг ўрни ва истиқболи" мавзусида байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда юртимиз шифо масканларида фаолият юритаётган 2000 нафардан зиёд ҳамширалар иштирок этдилар. Муҳташам санъат саройига ташриф буюрган ҳамширалар, аввало, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳри ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан тайёрланган кўргазмалар билан танишдилар. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Бош мутахассиси Рихси Салихаджаева кириш сўзи билан очиб, республика шифохоналарида фидойиларча меҳнат қилаётган ўрта тиббиёт ходимларининг жамият ва оилада ўрни беқиёслигини таъкидлаб, уларни касб байрамлари билан самимий қутлади. Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Эльмира Баситханова сўзга чиқиб, тиббиёт муассасаларида хизмат қилаётган кўп сонли ҳамширалар меҳнатини эътироф этди. Шунингдек, бугунги кунда уларнинг машаққатли ва масъулиятли бўлган вазифалари "Ҳамширалик иши"нинг моҳиятини белгилаб бераётганлигини, тиббиёт соҳасини ҳамширасиз тасаввур этиб бўлмаслигини алоҳида тилга олди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раисининг ўринбосари Гўзал Тохтаева ўз чиқишида бир-биридан чаққон, меҳрибон, шижоатли ҳамшираларнинг инсон саломатлигини муҳофаза қилишда кўрсатаётган хизматларини тилга олиб, улар меҳнати рағбатга муносиб эканлигини фахр билан айтиб ўтди.

Румия БУРНАШЕВА,

Самарқанд шаҳар

3-сон туғруқ мажмуаси

бош дояси:

– Ишимиз ниҳоятда хушёрлик ва масъулиятни талаб этади. Чунки икки жон – она-бола ҳаёти учун жавобгармиз. Эътирофлиси шундаки, туғилажак чақалоқ дунёга келганда илк бор онани эмас, балки дояни кўради. Бу каби қувончли жараёнларни кўплаб гувоҳи бўлганман. Худди шу пайтда жажжи чақалоқ бор овози билан оламни титратар экан, уни қўлимга олиб, чин қалбимдан "Юртим сарвари бўл, болажон" дейман. Саҳнада исм ва фамилиям эълон қилиниб, менга ҳам "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони тақдим этилганда гўёки кўз ўнгимда оналик бахтига муяссар бўлган бахтли аёл ва бағрига босиб турган мурғак қалб сиймоси гавдаланди. Эҳтимол сўзларимда муболаға бордир, лекин дунёда машаққатлари ортида бу қадар завқ мужассам яна бирор касб топилмаслигига ишончим комил. Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларимни эришган ютуқлари билан қутлаб қоламан.

Кун тартибидан ўрин олган "Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилишда ҳамшираларнинг ўрни" мавзусида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Эльмира Баситханова маъруза қилди. У мавзу доирасидан келиб чиққан ҳолда бу борада ҳамширанинг иши нималардан иборат эканлигини, шунингдек, ҳамкорликдаги фаолиятларни ҳамжиҳатликда олиб бориш зарурлигини тақдимотлари орқали тақдим этди. Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш марказининг директори Лола Мусажонова "Ўрта тиббий таълим ҳамда узлуксиз малака ошириш тизимини такомиллаштириш" бўйича ўз фикрларини билдириб, кейинги йилларда марказда янги тизим йўлга қўйилганлигини, тингловчиларнинг таҳсил олиши учун барча шароитлар яратилганлигини, ахборот-коммуникация ишлари шаклланганлигини маълум қилди. Навбатдаги маъруза ҳозирги кунда Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институти талабаларига сабоқ бераётган Америка Қўшма Штатлари Дрексель Университетининг соғлиқни сақлаш ва ҳамширалик иши факультети профессори Бет Леонберг "Болаларни парвариш қилиш ва овқатлантиришда ҳамшираларнинг вазифаси" деб номланган маърузасини қатнашчилар эътиборига ҳавола қилди. Жанубий Корея университети тиббиёт коллежи профилактик тиббиёт факультети профессори Ким Соок Вон "Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда экология ва атроф-муҳит"га бағишланган тақдимотини намойиш қилди.

Тадбир давомида Ўзбекистон ҳамширалар ассоциациясининг раиси Гулнора Усмонова сўзга чиқиб, иштирокчиларни байрам билан қутлаб, тизимда кўп йиллар меҳнат қилган тажрибали ҳамшираларни ассоциациянинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирлади. Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан қатнашчилар учун Тошкент шаҳридаги диққатга сазовор жойларига экскурсия ташкил этилди.

Бахтиёр ХУДАЙБЕРДИЕВ,

РШТЁИМ Фарғона филиали тез тиббий ёрдам

станцияси бош фельдшери:

– Касбим билан ҳақли равишда фахрланаман. Кейинги йилларда ҳукуматимиз томонидан соҳага оид чиқарилаётган меъёрий ҳужжатлар ҳар биримизни хушёрликка, қолаверса, виждонан ишлашга ундамоқда. Хусусан, ўрта тиббиёт ходимлари зиммасига юкланган вазифалар бундан мустасно эмас. Жумладан, тез тиббий ёрдам фаолиятининг янада такомиллашуви ишлар самарадорлигини оширмоқда. Тез ёрдам хизматида ишлаш осон эмас, унинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор. Чақирувларга борганда ҳар қандай вазиятга дуч келасиз. Бунинг учун тиббиёт ходимида биринчи навбатда тажриба, касб масъулияти ва муомала маданияти бўлиши керак. Кўп йиллик фаолиятим давомида айтмоқчиманки, кейинги йилларда тез ёрдам учун муҳим шароитлар яратилди. Бугунги кунда аҳоли бу йўналишдаги тиббий хизматдан мамнун бўлмоқда. Меҳнатларимиз қўллаб-қувватланиб, "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонини олишга муяссар бўлдим. Бу албатта, биргина менга эмас, жамоамизга берилган катта эътибор, деб биламан. Рағбат учун вазирлик раҳбариятига миннатдорлик билдираман.

2018 йилнинг 12 май куни байрамона безатилган санъат саройида иштирокчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев сўзга чиқиб, бугунги кун ҳамшираси билимли, зукко ва ўз ишининг моҳир устаси эканлигини, тиббиётнинг қайси бир йўналиши бўлмасин, ҳамшираларнинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлади. Айниқса, тунларни тонгларга улаб реанимация бўлимларида беморлар ҳаёти учун курашаётган, оғир аҳволда келган беморларга нажот бахш этаётган ҳамширалар, ҳатто ўта мураккаб ҳисобланган трансплантация операцияларида ҳам шифокорлар билан ёнма-ён туриб хизмат қилаётган жонкуяр ҳамширалар, туғруқ комплексларида она ва бола ҳаёти учун масъулликни ҳис этиб ишлаётган доялар, қолаверса, хонадонларга қатнаб ўз вазифасини астойдил бажараётган патронаж ҳамширалари меҳнатини алоҳида эътироф этди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Фарҳод Ханапияев ва Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Дониёр Хаджаевлар ҳам сўзга чиқиб, ҳамшираларни касб байрами билан муборакбод этиб, улар меҳнати таҳсинга лойиқ эканлигини айтишди.

Дарҳақиқат, ҳамширалар меҳнати тўғрисида бу каби илиқ фикрларни яна давом эттириш мумкин. Шундай экан, тадбирга ўзгача файз киритган тақдирлаш маросими ҳамширалар меҳнатига берилган юксак баҳо бўлди, десак муболаға бўлмайди. Тиббиётнинг барча йўналишлари бўйича 30 нафар ҳамшира Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири томонидан "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонига муносиб, деб топилган бўлса, 30 нафари вазирликнинг ташаккурномасига, яна 30 нафари эса Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар. Тадбир сўнггида таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқлари, гўзал рақслари билан иштирокчиларни хушнуд этдилар.

Рихси САЛИХОДЖАЕВА, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Бош мутахассиси, тиббиёт фанлари номзоди:

– Аввало ҳамшираларимиз меҳнатини қўллаб-қувватлаётган, рағбатларга муносиб кўраётган Президентимизга чексиз ташаккуримни билдираман. Айни пайтда тизимда 360 минг нафарга яқин ҳамширалар фаолият олиб бормоқда. Таъкидлаш ўринлики, улар соҳанинг етакчи кучи ҳисобланади. Биз ҳамшира иборасини эшитганимизда кўз олдимизда халатидек қалби пок, чеҳрасида доим табассум балқиб турувчи, чинакамига ўз касбининг моҳир устаси, замонавий соҳа ходими гавдаланади. Қолаверса, қайси бир тиббиёт масканида бўлмайлик илиқлик билан кутиб оладиган ҳам ҳамшира. Шундай экан, ҳар йили кенг аудиторияда нишонланадиган Халқаро ҳамширалар куни, бунинг баробарида "Ҳамшира" кўрик-танловининг мунтазам тарзда ўтказилиши ҳамда ҳамширалик иши билан боғлиқ бўлган турли тадбирларда соҳа вакилаларининг истеъдоди ва уларнинг фидокорона меҳнатлари яққол кўринади. Бу йилги тадбирда хизматлари таҳсинга лойиқ ҳамширалар Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан муносиб баҳоланди. Бир сўз билан айтганда, 90 нафар ҳамшира бугун ўзининг машаққатли меҳнати ортидаги маҳсулини кўра олди. Албатта, бу оддий гап эмас, бу ҳақиқатга йўғрилган юксак рағбатдир. Тиббиёт тўхтаб турадиган жараён эмас. Шу боис, у серқирра бўлиб, доимий изланиш, янгиликлар сари интилишни талаб этади. Қисқа қилиб айтганда, фаолиятимизда ютуқларимиз ҳам бисёр, лекин галдаги вазифаларимиз жуда кўп. Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, аҳоли патронажини кенг қамраб олиб, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилашга эришсаккина халқ биздан рози бўлади. Шунинг учун кўп сонли ҳамшираларимиз бундай эзгу ишларда доимо фаол бўлишларини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Фарҳод ХАНАПИЯЕВ,

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика

Кенгаши раиси:

– 12 май – Халқаро ҳамширалар куни ҳар йили юртимизда катта шодиёна билан кутиб олинади. Ўтган йилгиларга қараганда ушбу тадбир кенг доирада ўтказилди. Мамлакатимиз ҳамширалари бугунги кунда қанчадан-қанча беморларга нажот бахш этиб, эл назарига тушмоқдалар. Икки кун давом этган Республика тадбирида ҳатто юртимизнинг чекка ҳудудларида ўзининг ҳалол меҳнати ва фидойилиги билан иштирок этган ҳамшираларимиз, аввало, Давлатимиз эътибори ва вазирлик ҳамда кенгашимизнинг эътирофига муносиб, деб топилдилар. Улардан 90 нафари вазирликнинг "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони ва ташаккурномаси, шунингдек, кенгашимиз томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғаларга эга бўлдилар. Шу ўринда эътироф этишим лозимки, юртимизда 360 минг нафар ўрта тиббиёт ходимлари бўлса, улар ҳам ана шундай рағбатларга муносибдир. Ишончим комилки, келгусида меҳнати бу каби қадр топган ҳамшираларимиз сафи янада кенгайиб бораверади.

Садаф ҚОСИМОВА,

Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси

бош ҳамшираси:

– Касб байрами мен учун ўзгача шукуҳ билан ўтди. Семинарнинг биринчи куни тажрибали мутахассислар томонидан фаолиятимиз учун зарур бўлган маърузалар қилинди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳамширалар ассоциациясининг эсдалик совғалари топширилди. Куннинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишдик. Тадбирнинг иккинчи куни эса янада завқли бошланди. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг байрам табриги барчамизни тўлқинлантирди. Менга Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Фарҳод Ханапияев кенгашнинг фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғасини топширар экан, ҳамширалар меҳнати қадр топган ана шундай юртда яшаётганлигимдан ғурурландим. Бунинг баробарида, таниқли хонандалар томонидан ижро этилган кўй ва қўшиқлар ҳамда жозибали рақслар барчамизни хушнуд этди. Ўз ўрнида биз ҳам билдирилган ишонч ва рағбатларни оқлаб, эл саломатлиги йўлида астойдил хизмат қиламиз.

Зулфия ҲАКИМОВА,

Қашқадарё вилояти

Китоб туман тиббиёт

бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси патронаж ҳамшираси:

– Ҳамшира бу самимийлик, инсонлар қалбига йўл топиш, қолаверса, фаолияти давомида билим ва малакага эга бўлмоғи лозим. Чунки, у одамлар саломатлиги йўлида жонини фидо этгувчи, дардларга малҳам бўлгувчи касб эгасидир. Бугунги тадбирда ҳамширага берилган эътирофу таснифлар машаққатли ишларимизга юксак баҳо бўлди. Айниқса, ҳамкасбларим қатори Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланганим мен учун кутилмаган қувонч бўлди. Кўзларимга севинч ёшлари қалқиди. Пойтахтимизнинг муҳташам санъат саройи саҳнасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Эльмира Баситханова менга фахрий ёрлиқни топширар экан, аёллари эъзозли юртда меҳнат қилиб, жамият ва оилада ўз ўрнимни топганимдан шодландим. Камтарона хизматларимни инобатга олиб, фаолиятимга янада шижоат бағишлаган раҳбариятга ташаккур билдираман.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, инсонлари қадр топган юртга ана шундай байрамлар ярашади. Бўлиб ўтган мазкур байрам тадбирининг ҳам ўрни қанчалик беқиёс эканлигини юқоридаги фикрлардан янада чуқур англаб етдик. Халқимиз бахтига ўз меҳнати билан эл назарига тушаётган ҳамшираларимиз сафи янада кенгайишини истаб қоламиз.

ЭЪТИБОР ВА ЭЪЗОЗ ИФОДАСИ

Яқинда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси санаторий-курортлар бошқармасига қарашли "Умид гулшани" санаторийсида Халқаро ҳамширалар кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Клара

ТОШМУҲАММЕДОВА,

Соғлиқни сақлаш

тизимининг меҳнат

фахрийси:

– Мамлакатимизда кўп йиллар давомида жамият равнақи учун хизмат қилган инсонлар меҳнати қадрланиб келаётганлиги биз каби фахрийларни мамнун этмоқда. Ўтган фаолиятим давомида оналик бахтига муяссар бўлган аёллар ва мурғак гўдаклар ҳаётимнинг энг ажойиб ҳамда қувноқ кунларини эслатади. Мен учун қадрли бўлган Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказидаги хотираларим ҳаёт ва умр йўлимни доялик касбига бағишлаганимни ва ундан завқ олганлигимни ёдга солиб туради. Биз тиббиётнинг дастлабки ривожланиш йилларида, оғир шароитларида ишлаб кўрдик. Бугунчи? Бугунги талаб ва сиёсат тамомила бошқача. Одамларимизнинг тиббиётга муносабати ўзгарган. Яна ва яна ишлагинг келади. Айни пайтда уйда оилам ва набираларим даврасида кексалик гаштини суриб, мамлакатимизда юз бераётган ўзгаришларни кўриб, инсонлари эъзозланаётган юртимиз ҳамиша тинч ва фаровон бўлиши учун қўлларим доим дуода. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг нуроний отахону онахонларга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлигидан беҳад мамнунмиз.

Куни кеча юртимизда нишонланган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда 12 май – Халқаро ҳамширалар кунида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассиси Рихси Салихаджаева ҳамда Ўзбекистон Ҳамширалар ассоциацияси раиси Гулнора Усмоновалар хонадонимизга ташриф буюриб, мени байрам билан қизғин қутладилар. Бу албатта, уларнинг меҳнатимга бўлган эътирофлари, деб билдим. Шу ўринда меҳнатимизни қўллаб-қувватлаб, халқимиз саломатлиги йўлида қўшган ҳиссамизни унутмасдан бизни ардоқлаб келаётган вазирлик раҳбариятига ҳам ташаккур билдириб, уларга оилавий хотиржамлик, ишларида эса ривожлар ёр бўлишини истаб қоламан.

Тадбирни санаторий директори Акмал Йўлдошев кириш сўзи билан очиб, иштирокчиларни байрам билан қутлади.

– Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан республикамиз тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож ва фидойи 50 нафар ҳамшира Касаба уюшмалари федерацияси томонидан "Умид гулшани" санаторийсига бепул йўлланма билан таъминланиб, айни пайтда саломатликларини тиклаш билан бирга маданий ҳордиқ чиқармоқдалар, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси санаторий-курортлар бошқармаси ҳамширалик иши бўйича мутахассиси Шаҳноза Назарова.

Тадбирда Ўзбекистон ҳамширалар ассоциацияси раиси Гулнора Усмонова ҳам иштирок этиб, тизимда етакчи ўринларда фаолият юритаётган ҳамширалар меҳнатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишлашлари учун кенг имкониятлар яратиш, кези келганда дам олиш сиҳатгоҳларида ҳордиқ чиқариш муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, ассоциация томонидан 50 нафар ҳамширага фаолиятларида қўл келадиган, яъни беморга шошилинч ҳолатда биринчи тиббий ёрдам кўрсатишга оид китоб ва эсдалик совғаларини тақдим этди.

Бу каби тадбирлар мамлакатимизнинг барча тиббиёт муассасаларида кўтаринки кайфиятда нишонланиб, Ўзбекистон ҳамширалар ассоциациясининг вилоят бўлинмалари ўз ҳудудларида аҳоли саломатлигини муҳофазалашда фаол иштирок этаётган ҳамшираларга байрам тадбири уюштириб, улар меҳнатини муносиб рағбатлантирмоқда.

Ибодат СОАТОВА.

№ 20, 18.05.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.