Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Эътироф

ИБРАТГА АЙЛАНГАН ҲАЁТ ЙЎЛИ

Орамизда шундай инсонлар борки, ўзининг ҳалол меҳнати, касбига бўлган иштиёқи, эзгу фазилатлари билан эл назарига тушади. Ана шундай эътирофларга муносиб, 51 йилдан буён халқимиз саломатлиги йўлида фидойиларча меҳнат қилиб келаётган Муҳаммаджон Азимов бугунги кунда табаррук 70 ёшни қарши олмоқда ва айни пайтда Тошкент тиббиёт академиясининг 3-клиникаси ҳамда Тошкент давлат стоматология институтида педагог, илмий ва амалий фаолиятини юритиб келмоқда.

Муҳаммаджон Азимов 1948 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган бўлиб, ўрта мактабни аъло баҳолар билан тугатгач, 1971 йилда Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси)нинг стоматология факультетини муваффақиятли тугатди. 1971-1973 йилларда мазкур ўқув юртининг жарроҳлик стоматологияси кафедрасида клиник ординатурани ўтади. Тажрибали мутахассис фаолияти давомида илмий изланишларга қўл уриб, 1973-1976 йиллар давомида аспирантурада таҳсил олиб, фан номзоди даражасига етди. У фанга бўлган қизиқиши, касбига садоқати туфайли 1976 йилдан буён Тошкент тиббиёт академияси ва Тошкент давлат стоматология институтида педагоглик касбини улуғлаш билан бирга, илмий ишларини давом эттирди. Устоз 41 йил илмий-педагог, 25 йил кафедра мудири, 7 йил эса стоматология факультети декани лавозимларида меҳнат қилди. Муҳаммаджон Азимов стоматологиянинг сиру-синоатларини чуқур ўрганиб, 1991 йил докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Ўз ишининг моҳир устаси М. Азимов раҳбарлигидаги жамоанинг барча илмий ишлари юз-жағ соҳаси яллиғланиш жараёнлари, жароҳатлар, туғма ва орттирилган нуқсонлар, шакл бузилишлар ҳамда ўсма касалликларини ташхислаш, даволаш ва асоратлар олдини олишнинг самарадор усулларини ишлаб чиқишга қаратилган бўлиб, бу борада кўпгина ютуқларга эришилди. Шу билан бирга, устоз томонидан стоматология йўналишини янада ривожлантириш йўлида 13 нафар фан доктори ва 23 нафар фан номзоди тайёрланди.

Бундан ташқари, унинг раҳбарлигида илмий грантлар бўйича иш олиб борилиб, бу борада ҳам ижобий натижаларга эришилмоқда. Таъкидлаш муҳимки, устоз ва шогирдларининг илмий ишлари хорижий мамлакатларда тан олинмоқда. Жумладан, Россия, Жанубий Корея, Германия, шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон тиббиёт (стоматология) институтлари билан илмий ва ўқув ишлари бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бунинг баробарида, Германиянинг "Marien hospital" пластик хирургия маркази (директор проф. Dr. Wangerink) билан биргаликда докторлик диссертацияси ёқланди. 2011 йилда Муҳаммаджон Азимовнинг меҳнати рағбатлантирилиб, Россия тиббиёт ва техника академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Эътироф этиш лозимки, кўп йиллик меҳнат тажрибасига эга бўлган олим барча ҳамкасблари, шогирдлари, қолаверса, ёш кадрларга ибрат бўлиб, мамлакатимизда стоматология мактабини яратди. Унинг муаллифлигида "Жарроҳлик стоматология пропедевтикаси", "Юз-жағ травматологияси", "Болалар жарроҳлик стоматологияси" номли дарсликлари яратилди. Шу билан бирга, 4 та услубий ва 10 та ўқув услубий қўлланма нашр этилди.

Моҳир жарроҳ юз ва жағлар яллиғланиш касалликлари ҳамда жароҳатлари бўлган юзлаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш билан бирга юз ва жағлар туғма кемтиги, ўсмаси билан туғилган минглаб болаларни даволаб, уларни соғлом тенгдошлари қаторида, жамиятда ўз ўрнини эгаллашига катта ҳисса қўшиб, халқнинг дуосини олмоқда.

Муҳаммаджон Азимов фаолияти давомида институтнинг барча жамоат ишларида фаол иштирок этиб келмоқда. 1978-1987 йилларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида бош болалар стоматологи лавозимида фаолият юритган бўлса, 1995-2012 йилларда Д 087.01.02 ихтисослашган илмий кенгашига раислик қилган. Бундан ташқари, "Stomatologiya" журналида таҳрир ҳайъати аъзоси ҳамдир. Профессор Муҳамаджон Азимов Республикамизда стоматология ва юз-жағ жарроҳлиги фани йўналишларида истиқболли, халқаро даражада тан олинган илмий салоҳиятли мактабни яратган олим десак, муболаға бўлмайди.

Ўз умри ва ҳаёт йўлини Ватан тақдири билан боғлаган жонкуяр устоз, профессор Муҳаммаджон Азимов ҳамон қайноқ меҳнат бағрида. Нозик ва мураккаб касб эгаси тиббиётнинг сиру-синоатларини шогирдларига ўргатиб чарчамайди. Қолаверса, инсон чеҳрасидаги ноёб операцияларни қойилмақом қилиб бажараётган бу фидойи инсон ҳақида қанчалар эътироф битсак, шунчалар озлик қилади. Шундай экан, устоз Муҳаммад Азимовни табаррук ёшлари билан қутлаб, ўзларига соғлик-омонлик, оилавий хотиржамлик, ғайрат ва шижоат ҳамроҳ бўлишини истаб қоламиз.

Ибодат СОАТОВА.

Суратлар муаллифи Акром АБДУЛЛАЕВ.

№ 13, 06.04.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.