Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Эътироф

ДИЛДАН ТИЛГА КЎЧГАН САМИМИЯТЛАР

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхонаси, шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, қолаверса, таҳририятга аҳолидан турли мавзулардаги мурожаатномалар газетамиз саҳифаларида ёритиб келинмоқда. Мактубларда республикамиз тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган соҳа ходимлари томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматларга бўлган эътибор ва эътироф этилиб, ташаккурлар изҳор қилинган. Қуйида ана шундай миннатдорлик хатларини эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдик.

Яқинда онамнинг аҳволи оғирлашгани сабабли, Хоразм вилояти онкология диспансерида ётиб даволандилар. Волидаи муҳтарамамнинг соғ-саломат юришлари учун жон куйдирган соҳа ходимларининг машаққатлари олдида қарздормиз. Эътироф этмоқчиманки, Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Тоҳиржон Полвонов чиндан ҳам ўз ишининг моҳири экан. У ўз касбига садоқатли, қўли енгил шифокорлардан, десам хато қилмаган бўлардим. Сабаби, у эринмасдан ҳар бир бемор билан алоҳида суҳбатлашиб, ўз ёрдамини аямайдиган инсон. Шу билан бирга, Қўшкўпир туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Шокиржон Абдуқодиров ҳам шифокорлик касб диантологиясига риоя қилиб, ҳар бир беморнинг кўнглини олади. Акушер-гинеколог Рўзмат Саидов ва кардиологлар Меҳрибон Раҳмонова, Зафарбек Оллоёровга сифатли тиббий хизматлари учун ўз миннатдорлигимни билдираман. Уларга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик тилайман, дея Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани Оқдарбанд қишлоғида истиқомат қилувчи Худойназар Ғуломов мактуб йўллаган.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг барча соҳалар қатори тиббиёт тизимида ҳам олиб бораётган оқилона ислоҳотлари, айниқса, оилавий поликлиникалар фаолиятини тубдан такомиллаштирилиши натижасида аҳоли тўлиқ патронаж билан қамраб олинмоқда. Ҳудудимиздаги Шайхонтоҳур туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 44-сонли оилавий поликлиниканинг умумий амалиёт шифокорлари ҳамда ҳамширалари саломатлигимиз борасида доим қайғуришади. Биз кекса, ногиронлар муассасага бора олмасакда, улар ўзлари келиб ҳолимиздан хабар олишади. Бунинг учун аввало, Президентимизга, 44-сонли оилавий поликлиниканинг бош шифокори Муқаддас Раҳматиллаева, бош шифокор ўринбосари Ақида Муҳаммаджонова, бўлим мудири Илмира Мирвапоева, эндокринолог Ботир Ибрагимов, ҳамшира Гўзал Қурбонова ва бошқа соҳа ходимларига ўз ташаккуримни изҳор этаман. Бунинг баробарида, 2017 йилнинг октябрь, ноябрь ойларида Шайхонтоҳур тумани тиббиёт бирлашмасига мурожаат йўллаган эдим. Муассасанинг раҳбарияти, айниқса, бош шифокор Г. Бурхонова, унинг ўринбосари Х. Мирсаидов мурожаатимга жиддий қараб, унинг ижобий ҳал этилишида катта ёрдам беришди. Бунинг учун уларга ўз миннатдорлигимни билдираман. Биз ногиронларнинг соғлиғига беэътибор бўлмаган ва ҳамиша меҳр-мурувват кўрсатган шифокорлару ҳамширалар меҳнати олдида қарздормиз. Уларга берилган ана шундай юксак ишончни оқлаш йўлидаги машаққатли меҳнатларига муваффақиятлар тилайман, деб ўз мактубларига якун ясаган Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидан Асқар Каримов.

Тошкент шаҳри Олмазор тумани Себзор даҳасида яшовчи Муҳаббат Байманова ўз номасида қуйидагиларни битган: "4-5 йилдан буён белимдаги диск чурраси қийнаб, оғриқ кундан-кунга зўрайиб, оқибатда юролмай қолдим. Шунда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази ходимлари, жумладан, Вертебрология бўлими шифокори Шавкат Ахроров дардимга даво топди. Унинг чуқур билими, малакаси, энг муҳими, ширинсўзлиги туфайли оёққа турдим. Шу билан бирга, ушбу шифо масканининг бош директори Мирҳаким Азизов бошчилигида беморларга сифатли ва тез тиббий ёрдам кўрсатаётганини алоҳида эътироф этмоқчиман. Айнан шу инсонларнинг машаққатли меҳнатлари натижасида кўплаб ногиронлар соғлом ҳаётга қайтмоқда. Мана мен ҳам 8 нафар набирам ва оилам бағридаман. Уларнинг шундай масъулиятли фаолиятларига омадлар тилаб қоламан".

Тошкент шаҳри Чилонзор туманидан Маҳмудахон Усмонова мактуб йўллаб, 2018 йил 20 февраль куни тўнғич фарзанди А. Акбаровнинг тан жароҳати олгани туфайли Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилганини айтиб, мазкур шифо масканида соҳа ходимлари томонидан тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатилганини эътироф этган. Шу билан бирга, муаллиф зурриёдининг қисқа фурсат ичида оиласи бағрига қайтишида ёрдам берган муассаса бош шифокори, бўлимнинг барча шифокор ва ҳамшираларига ўз ташаккурини билдириб, уларга сиҳат-саломатлик тилаб қолган. Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритаётган соҳа ходимлари жонкуярлиги, чуқур билим ва тажрибага бойлиги, энг муҳими ширинсўзлиги билан аҳоли қалбидан жой олиб, халқнинг дуосини олиб келишмоқда. Шифокорларимиз ўз устида доим изланиб, турли муваффиятларга эришмоқда, қатор халқаро мукофотларни қўлга киритиб келишмоқда. Эътирофлиси, халқнинг ишончини қозонмоқда. Ана шундай соҳа ходимларидан бири Тошкент шаҳар перинатал маркази шифокори Раъно Мирзахаджаевадир. Пойтахтимизнинг Олмазор туманида истиқомат қилувчи Зоҳида Соипова яқинда оғир аҳволда шаҳар перинатал марказига олиб келингани ва у ерда малакали шифокорлар, хусусан, Раъно Мирзахаджаеванинг беминнат хизмати туфайли оиласи бағрига соғлом бўлиб қайтганини келтириб, дил ташаккурини билдирган. Шу билан бирга, Олмазор туманида яшовчи Зулайхо Холматова ҳам кўрсатилган малакали тиббий хизмат учун Раъно Соқиевнага ўз миннатдорлигини изҳор этган. Бунинг баробарида, Миробод туманида яшовчи Мухлиса Асомова ва Назокат Гулямова ҳам акушер-гинеколог Раъно Мирзахаджаевага раҳмат айтиб, унга сиҳат-саломатлик, ҳеч қачон дард кўрмаслигини истаб қолади.

Ўғлим Исломжон Мамажонов 1992 йилда туғма нуқсон, бурун қисми танғайи йўқ бўлиб туғилди. Бу мен учун жуда азоб эди. Фарзандим тенгдошларидан айрилиб қолганди, соғлом ҳаётга қайтишини истар эдим. Бу борада уни кўплаб шифокорлар кўригидан ўтказдик. 2002-2003 йилларда Фарғона вилоятида илк маротаба операция ўтказилди. Афсуски, ҳеч қандай натижа бўлмади. Сўнг Ўзбекистон стоматологлар ассоциацияси раиси, тиббиёт фанлари доктори Адҳамжон Ҳасанов ўғлимни тиббий текширувдан ўтказиб, милкини ўз жойига келтириш учун бир йил мобайнида операцияга тайёрлади. Ниҳоят, 2017 йилда операция муваффақиятли амалга оширилди. Мана, ҳозирда фарзандим тенгдошлари билан бемалол ўйнаб, кулиб юрибди. Она учун бундан ортиқ бахт йўқ, менимча. Шу боис, оила аъзоларим номидан маҳоратли шифокор Адҳам Ҳасановга ташаккуримни билдираман. Уларга сиҳат-саломатлик, бунданда улуғ мартабага эришиб, халқнинг дуосини олишдан асло чарчамасинлар, деб мактуб йўллаган Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи Шарифахон Мамажонова.

Мен нафақадаги ўқитувчи, фермерман. Набирам Сулаймон Дўстчонов 2017 йил сийдик йўлларининг анормаллиги ташхиси билан касалланган эди. Шунинг учун Хоразм вилоятидан йўлланма асосида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказига даволаниш учун келдик. Ушбу шифо масканида Акмал Раҳматуллаев ва унинг шогирди Мансуржон Рўхиев бизни илиқ кутиб олиб, зарур даво муолажаларини олиб боришди. Бу инсонлар нафақат ўз ишининг устаси, балки ширинсўзлиги билан ҳар бир бемор боланинг қалбидан чуқур жой эгаллаганини кўриб қувонасан, киши. Эътирофлиси, мазкур муассасада чет эллик мутахассислардан қолишмайдиган малакали шифокорларимиз бор экан. Набирамнинг соғлом ҳаётга қайтишида ўз ёрдамини аямаган маҳоратли соҳа ходимларига миннатдорлигимни билдириб, касбига садоқат асло тарк этмаслигини тилаб, фарзандлари роҳатини кўришларини истаб, ўз номасига якун ясаган Хоразм вилояти Хазорасп туманида яшовчи Гавҳар Якубова.

2017 йил 9 июнда автоҳалокатга учраб, бош мия жароҳатини олдим. Шундан буён мунтазам равишда даволаниб келаман. Айниқса, шифокор Тўлқин Каримов бор маҳорат ва билимини кучга солиб, менга соғлом ҳаёт бахш этди. У шифокорлик қасамёдига содиқ қолиб, бирор бемордан таъмагирлик қилгани борасида ҳали эшитмадим. Аксинча дори-дармонларни топишда қийналганимни кўриб, ёрдам қўлини чўзди. Истардимки, Тўлқин Каримовдек соҳа ходимлари кўп бўлсин. Уларга ўз ташаккуримни билдириб, ишларида муваффақиятлар ёр бўлсин, дея мактуб йўллаган Бухоро вилояти Қоракўл шаҳридан Насиба Назарова.

2018 йилнинг 14 февраль куни мен она деган бахтга муяссар бўлдим. Менга ёрдам қўлини узатган Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ходимларига, хусусан шифокорлар Иосиф Джатдоев, Умида Ўктамовна, Насиба Пўлатова,Нафиса Қаҳҳорова, санитарка Барно Умарова, болалар шифокори Наргиза Мавлонова, катта ҳамшира Гульфие Асанова, ҳамшира Саида Айходжаева, шифокор-реаниматолог Матлюба Абдуқодирова, жавобгарлар Раҳима Нуруллаева, Зое Холматовалардан миннатдорман. Сабаби, улар қўли енгил соҳа ходимлари, шу билан бирга, ширинсўз, меҳрибонлиги билан ҳар бир янги туққан аёллар қалбини забт этган. Уларнинг истиқболдаги фаолиятларида омадлар тилаб, юксак чўққиларни эгаллашлари тарафдориман, дея номасига якун ясаган Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Индира Искандарова.

Мен Ольга Садуллаева яқинда онам билан пойтахтимиздаги шаҳар 1-сонли клиник шифохонаси куйиш бўлимида куйишнинг I, II ва III даражалари бўйича 35 кун мобайнида ётиб даволандик. Бизнинг дарддан фориғ бўлишимизда бўлимнинг барча ходимлари ҳаракатда бўлишди. Малакали шифокорлару ширинсухан ҳамшираларнинг ўз касбига сидқидилдан ёндошиши, беморларга бераётган меҳри туфайли беморлар тезда оёққа туриб, яқинлари бағрига қайтишмоқда. Бизга беминнат тиббий хизмат кўрсатган мутахассислар, жумладан, бош шифокор Бахтиёр Исломов, бўлим мудири Боборобия Жуманиязова, ҳамширалар Феруза Холматова, Назира Маматова ва Х. Тошмуҳаммедовага ташаккуримни изҳор этаман. Уларнинг машаққатли ҳамда масъулиятли фаолиятларига зафарлар тилаб, ҳамиша халққа керакли инсон бўлиб юриш бахтига муяссар бўлишсин, дея Тошкент шаҳридан Ольга Садуллаева мактуб йўллаган.

"Мен У. Убайдуллаева Тошкент шаҳри Юнусобод туманида истиқомат қиламан. Оналик бахтига муяссар бўлганимда, мен ва фарзандимнинг аҳволидан ҳар ҳафта келиб, хабар оладиган тиббиёт ходимларидан миннатдорман. Туманимиздаги 55-сонли оилавий поликлиника ходимлари, умумий амалиёт шифокорларию ҳамширалари, жумладан, ҳамшира Дилором Қодирова ўзининг беминнат хизматлари, маслаҳатлари билан менга ёрдам бермоқда. Шу боис, мазкур тиббиёт муассасаси, Дилором Қодировага ўз ташаккуримни билдириб, уларнинг фаолиятларига омад ёр бўлишини тилайман" деб номасига якун ясаган.

"Саломатлигимни тиклаш мақсадида бир неча йиллардан буён турли тиббиёт муассасаларида даволаниб келаман. Яқинда Тошкент шаҳар 1-сонли клиник шифохонасининг 2-терапия бўлимида ётиб, муолажаларни олдим. У ерда яратилган шароитлар, соҳа ходимларининг маҳорати, муомаласи таҳсинга сазовор, албатта. Бўлим мудири Х. Садиева ҳар куни беморлар билан мулоқотда бўлиб, зарурий кўрсатмаларини беради. Шу билан бирга, бош шифокор Б. Исломов, бош шифокор муовини М. Қулабдуллаеванинг беминнат хизматлари туфайли оилам бағрига эсон-омон қайтдим. Уларнинг машаққатли касбларига муваффаққиятлар тилаб, оқ халатларига асло доғ тушмаслигини тилайман" деб мактуб йўллаган Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги яшовчи Эркин Шарифхўжаев.

Шунингдек, Тошкент шаҳри Чилонзор туманидан Л. Бойко, Фарғона вилояти Фарғона шаҳридан Акрамжон махсумов, Тошкент шаҳри Яшнобод туманидан Жамила Инамжонова, Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳрида яшовчи Зулхумор Эшқувватова, Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидан Мансур Сейтуллеров, Самарқанд вилояти Иштихон туманидан Анвар Тавобов, Самарқанд шаҳридан О. Иванова мактуб йўллаб, саломатликларини тиклашида сифатли тиббий хизмат кўрсатган соҳа ходимларига ўз ташаккурларини изҳор этишган.

Ҳа, дилдан тилга кўчган ушбу самимий изҳорлар мамлакатимизда тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини бераётганидан даракдир. Соғлиқни сақлаш ходимлари кўрсатаётган тиббий хизматлари билан халқнинг ишончини оқламоқда, десак муболаға бўлмайди.

Мактубларни Жонибек МАЪРУПОВ шарҳлади.

№ 11, 30.03.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.