Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Эътироф

ИБРАТГА АЙЛАНГАН ҲАЁТ ЙЎЛИ

Тарихдан маълумки, мамлакатимизда ўз даврининг ёрқин намоёндасига айланган етук шахслар кўплаб топилади. Уларнинг юртимиз тараққиётига қўшган ҳиссаси, салмоқли фаолияти, қолдирган бой мероси, босиб ўтган умр йўллари келажак авлодлар учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.

Ана шундай инсонлардан бири Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган врач, Ўзбекистон гематологлар ва трансфузиологлар ассоциациясининг раиси, Россия тиббиёт фанлари академияси ҳамда Нью-Йорк фанлар (АҚШ) академиясининг ҳақиқий аъзоси, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти гематология ва трансфузиология кафедрасининг мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Саиджалол Баҳромовдир.

1938 йилнинг 22 январида Тошкент вилояти Оққўрғон туманида деҳқон оиласида таваллуд топган Саиджалол Маҳмудович 1962 йилда Тошкент тиббиёт академиясининг (аввалги Тошкент тиббиёт институти) даволаш факультетини муваффақиятли тамомлади. У дастлабки фаолиятини Оққўрғон туманида бошлади. Шу йилларда профессор Т. Нажмиддинов раҳбарлигида ва унинг ходимлари иштирокида талабалар илмий жамияти аъзоси сифатида ўзининг "Қорин тифи диагностикаси ва уни даволаш" мавзусидаги биринчи илмий-тадқиқот ишини ёқлашга муваффақ бўлди. Бу билан ундаги тинимсиз изланиш ҳамда илм-фанга бўлган қизиқиш янада мустаҳкамланди. Асосий мақсади эса клиник гематология соҳасини чуқур ўзлаштириш эди. Шундан сўнг, 1964 йилда танлов асосида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтининг аспирантурасига қабул қилинди. Аспирантурани тамомлаш арафасида "Аутоиммунные процессы при остром лейкозе" мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилгач, турли лавозимларда фаолият юритди. Ўқиш йилларида 5 ой мобайнида Қорақалпоғистонда холера эпидемиясини бартараф этишда фаол иштирок этди. С. Баҳромов 1969 йилда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи ҳамда Оққўрғон тумани раҳбарияти таклифига кўра туман марказий шифохонасининг бош шифокор муовини ловозимларига тайинланди. Профессор шу давр мобайнида аҳоли ўртасида кенг тарқалган касалликлар диагностикаси, даволаш усуллари ва профилактикасига қаратилган тадбирларни амалга оширишда жонбозлик кўрсатди. Хусусан, унинг фаоллигида сифатли иммунизацияни йўлга қўйиш билан болалар ўртасида хавфли касалликлар тарқалиши ва ўлим кўрсаткичини камайтиришга эришилди. Таъкидлаш керакки, малакали мутахассиснинг бу борадаги самарали меҳнатлари муносиб рағбатлантирилиб, у 1970 йилда гематолгия ва қон қуйиш илмий текшириш институти гематология бўлими мудири ловозимига таклиф қилинди, кўрсатган жонбозликлари эвазига 1972 йилда илмий ишлари бўйича институт директорининг муовини этиб тайинланди. Саиджалол Баҳромов ушбу лавозимда 14 йил самарали меҳнат қилди. Бу вақтда унинг раҳбарлигида илк бор камқонлик муаммоси бўйича ишлар олиб борилди. Бунда гемоглобинопатиялар ва эритроцитлар энзимопатиялари муаммоларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, изланишларда республикада бета-талассемия ва фаол эритроцитлар глюкоза-6-фосфатдегидрогеназа (Г-6-ФДГ) аҳоли репрезентатив гуруҳлари ўртасида кенг тарқалганлиги аниқланди. Қолаверса, биринчи бор Ўзбекистонда эритроцитлар Г-6-ФДГ аномал ферментининг 2 та янги тури ажратилди, бу янгилик Халқаро ферментлар классификаторига киритилди. Профессорнинг докторлик диссертацияси ҳам айни шу масалага бағишланди. Шунингдек, "Гемолитические анемии в Узбекистане" (1986) монографияси чиқарилиб, шогирдлари томонидан қатор номзодлик ишлари ёқланди. Изланувчан олим раҳбарлигида 4 нафар фан доктори, 40 нафар фан номзоди тайёрланди, ҳар йили гематологлар ва трансфузиологлар илмий ишлар тўпламлари чоп этилди, юқори савияда съезд, симпозиум ва анжуманлар ташкил этилди.

1982 йилда С. Баҳромов Республика Соғлиқни сақлаш илмий-тиббий кенгаши раисининг муовини, 1984 йилда вазир муовини, аввалги Тўртинчи Бош бошқарма бошлиғи лавозимларида фаолият юритди. 1985 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди. (1985-1991) Бу даврда тиббиёт муассасалари моддий-техник базаси ривожлантирилиб, кадрлар салоҳияти яхшиланди. Мутахассислик даражасини ошириш борасида самарали ишлар амалга оширилди. Айниқса, аҳоли ўртасида хавфли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, янгича даволаш усуллари ҳамда касалликлар профилактикаси бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди. Махсус тиббий хизмат турлари шакллантирилди, жумладан, диагностик ва неонатал марказлар ташкил этилиб, реанимация хизмати такомиллаштирилди. Академик С. Баҳромов 1991-1994 йилларда собиқ иттифоқ даврида қайта ташкил этилган Тиббий фанлар Академияси Президиуми раиси, 1994-1997 йиллар Тошкент вакцина ва зардоб илмий-текшириш институти директори ва "Ўзфармсаноат" ДАК раиси вазифасини бажарувчи лавозимларида ҳам ишлади. Тажрибали мутахассис Саиджалол Маҳмудович 1985 йилдан ҳозирга қадар Тошкент врачлар малакасини ошириш институти гематология ва трансфузиология кафедрасини бошқариб келмоқда. Унинг ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида шогирдлари томонидан мамлакатимизда худудий хасталиклар ҳисобланувчи, айни пайтгача аниқланмаган темир, мис, металлопротеидлар алмашинуви ва микроэлементозлар аспектлари ўрганилди. Институт ходимлари иштирокида ташкилий ва илмий-тадқиқот ишлари олиб борилиб, маҳаллий хом ашёлар ҳисобига вакциналар қайта ишлаб чиқилди. Тўпланган илмий экспедиция ишлари материаллари асосида шогирдлари иштирокида 3 та докторлик ва 13 та номзодлик диссертацияси муваффаққиятли ҳимоя қилиниб, 2 та докторлик иши ҳимояга тайёрланди, шу қаторда 7 та ихтирога патент олинди. С. Баҳромов Ўзбекистон гематологлари ва трансфузиологлари ассоциациясининг ташкилотчиси ва раҳбари, халқаро ва республика журналлари таҳририяти ва таҳририят кенгаши аъзоси ҳисобланади. Республикада биринчи ташкил этилган "Сиҳат-саломатлик" журнали ташкилотчиси ва бош муҳаррири лавозимларида ҳам фаолият юритди. Ҳозирга қадар унинг қаламига мансуб 400 дан ортиқ илмий ишлар чоп этилган, хусусан, шифокорлар учун ўқув қўлланма, монографиялар ҳамда шогирдлари ҳамкорлигида бир қатор китоблари нашр қилинган. Шунингдек, 50 дан ортиқ мақола ва шеърий тўпламлари чоп қилинган. Айниқса, унинг тиббиёт ва фалсафий мавзуларда эълон қилган ҳикматли сўзлар тўплами кенг жамоатчилик орасида катта қизиқиш уйғотди. Масалан, "Дўстинг борки – сен борсан, агарда дўстинг сахий бўлса – сен бойсан" каби ҳикматли сўзлари шулар жумласидандир. Академик 1996 йилдан эътиборан Нью-Йорк Фанлар Академиясининг (АҚШ) ҳақиқий аъзоси ҳисобланади. 2000 йилда халқаро "Ибн Сино (Авиценна) илмий-амалий журналининг бош муҳаррир ўринбосари этиб тайинланган. 2001 йилдан Россия тиббиёт фанлари академиясининг ҳақиқий аъзосидир. Бундан ташқари, 1986 йилда собиқ Республика Олий Совети депутати этиб сайланган. У Халқаро қон қуйиш жамияти (Франция) аъзосидир. Устоз Саиджалол Баҳромов кўп йиллик фидокорона меҳнатлари учун "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган врач" унвонига сазовор бўлган. Шу билан бирга, "Ҳурмат белгиси" ордени, Республика Фахрий ёрлиқлари, 1992 йилда ВДНХ бронза медали ҳамда 1993 йилда Ўзбекистон Республикаси "Мустақиллик" ҳурмат белгиси билан тақдирланган.

Таъкидлаш жоизки, инсон бажарган эзгу амаллари, ижобий фазилатлари билан ҳурмат топади. Устозда эса бу ҳислатларнинг барчаси мужассам. Айтиш керакки, жорий йилда муборак 80 ёшни қарши олган самимий инсон, академик, Саиджалол Баҳромов чин маънода тарихга дахлдордир.

Сайдулло РАСУЛОВ, Самарқанд давлат тиббиёт институти, даволаш факултети педиатрия кафедраси, Самарқанд болалар гастроэнтерологлари ва нутрициологлари жамоат бирлашмаси раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, Турон ФА ҳақиқий аъзоси.

№ 8, 23.02.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.