Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Эътироф

СЕНСИЗ БУ ДУНЁ – ДУНЁМИ, АЁЛ?

Саодат КАРИМОВА,

Қашқадарё вилояти Касби тумани тиббиёт бирлашмаси чақалоқлар бўлими неонатолог шифокори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни

сақлаш ходими:

– Ҳар бир инсон бахт тушунчасини ўз тасаввури билан ифодалайди. Шу маънода бутун имкониятларимни тиббиёт соҳасига бағишлаб, 42 йиллик меҳнат фаолиятим давомида ундан олган завқим ва заррача бўлсада, эришган ютуқларим билан ўзимни беҳад бахтиёр ҳисоблайман. Умринг мобайнида аёл, она қувончи – чақалоқлар орасида бўлиш, уларни соғлом ҳаётга йўналтириб, она чеҳрасидаги шодликни кўриш чиндан ҳам қимматли бахтдир. Қолаверса, шундай бир жаннатмонанд юртда яшаймизки, бу ватанда оналар ва болалар саломатлигига давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифа сифатида эътибор қаратилади. Ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши учун бошқа ижтимоий муассасалар қатори соғлиқни сақлаш тизимидаги барча шифохоналарда ҳам зарурий шарт-шароитлар яратилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан соғлиқни сақлаш тизимига қаратилаётган эътибор мамлакатимиз тиббиёти муваффақиятларини жаҳон тиббиёти даражаси билан тенглаштириш, шунга кўра тизим фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар, десам муболаға бўлмайди. Ўз ўрнида айтиш керакки, бу жараёнлар самарасини халқимиз юзидаги мамнунлик ифодаси ҳам кўрсатиб турибди. Яратилаётган имкониятлар эса Биз – соҳа ходимларидан тинимсиз меҳнат ва фидойиликни талаб этади. Шифокорлик шундай касбки, унда сени, аввало, инсонийлик бурч, касб масъулияти, халқ ишончи ҳар қадамда тергаб туради. Бу эса ҳам машаққатли, ҳам шарафлидир. Мен шу шарафни туйдим. Яъни, ўтган 2017 йилда Президентимиз Фармонига мувофиқ, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, миллий ғояни ривожлантириш, маънавиятимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш йўлида катта ҳисса қўшган, ёрқин истеъдоди ва ижоди, илмий фаолияти, ҳалол хизмати, ёшларни она юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки билан халқнинг ҳурмат-иззатига сазовор бўлган юртдошларимиз қатори мени ҳам давлатимизнинг юксак мукофотига лойиқ кўришди. Турмуш ўртоғим Ғайбулла Азизов вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори, педиатр. Оиламиз шифокорлар хонадони бўлганлиги учун улар бу эътирофни мендек катта ҳаяжон билан қарши олди. 2 нафар фарзандим, 6 нафар набирам ва 1 нафар чеварам умрим мазмуни ҳамда оилавий қувончимдир.

Ўғилхон ИСМОИЛОВА,

Андижон вилояти Асака тумани

тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли

марказий поликлиника шифокори,

"Меҳнат шуҳрати"

ордени соҳибаси:

– 1979 йилда ёшлик орзулари билан Тошкент педиатрия тиббиёт институтига қадам қўйганимда шифокорлик касби умрим мазмунини бу қадар безайди, деб ўйламаган эдим. Ҳаётимнинг шу маънодаги чизгилари 1985 йилдан бошланди, яъни дастлабки фаолиятимни интернатурада бошладим ва бу давр мен учун чинакам синов майдони бўлди. Қизиқишларим рўёбига эришиш йўлидаги интилишларим, устозлардан олган сабоқларим натижасида 1992 йилдан эътиборан врач-педиатр мутахассиси сифатида фаолиятимни давом эттирдим. Тиббиёт шундай соҳаки, у инсоннинг одамийлик фазилатларига ҳам ўз таъсирини ўтказади. Айниқса, эгнингдаги оқ халат касбинг, дунё-қарашинг, фаолиятингни кўзгудек акс эттириб туради. Шуларни ўйлаганимда устозларимизнинг "Бу соҳанинг масъулияти оғир, уни ҳис этган шифокорнинг-гина эгнингдаги оқ халатига доғ тушмайди", деган ўгитларини англаб етгандек бўламан. 2016-2017 йилларда "Саломатлик – 3" лойиҳаси доирасида Андижон давлат тиббиёт институти қошидаги умумий амалиёт шифокорларини тайёрлаш ўқув марказида 9 ойлик ўқув курсида иштирок этиб, УАШ мақомини олдим. Айни пайтда марказий поликлиникада умумий амалиёт шифокори вазифасида ишламоқдаман. Давлатимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизимига юксак эътибор қаратилаётган айни пайтда кадрлар малакасини ошириб бориш долзарб масалалардан бирига айланди. Аҳоли саломатлиги, инсон манфаатлари, энг асосийси, халқ розилиги фаолиятлар мезонини белгилаб бермоқда. Тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар эса нафақат халқимиз, балки тиббиёт ходимларининг ҳам ютуғидир. Сабаби, ривожланишга хизмат қиладиган шароитлар тажрибалардан тўлиқ фойдаланиш имконини яратади, фаолиятингдан кўнглинг тўлади. Натижада оилавий ҳаётингда ҳам хотиржамлик кайфияти ҳукм суради. Умр йўлдошим Дилмурод ака ҳам тиббиёт соҳасида ва бу фарзандларимиз тарбиясига таъсир этмай қолмади, албатта. Гарчанд катта қизимиз ўқитувчилик соҳасини танлаган бўлсада, кичкинаси шифокорликка меҳр қўйди. Ўғлим ҳам тиббиёт коллежни тамомлаб, ҳозирда Фарғона вилоятидаги политехника институтида иккинчи мутахассисликда ўқишни давом эттирмоқда. Ўтган 2017 йил ана шундай оилавий қувончимга яна бир шодлик қўшилди, яъни давлатимизнинг юксак мукофоти "Меҳнат шуҳрати" орденига сазовар бўлдим. Ушбу эътироф бир мен эмас бутун жамоамиз меҳнатига берилган баҳодир, албатта. Мана, ўлкамизга яна фасллар келинчаги кириб келди ва у баҳорий байрамлар фаслидир. Истагим ҳақсевар халқимизнинг ҳар куни байрам бўлсин.

Азиза МИРМУҲАМЕДОВА, "Шуҳрат" медали соҳибаси, Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази неонатология бўлими мудири:

– Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳуқуқлари, нуфузи ва қадр-қимматини ҳимоя қилиб, оналар ва болалар соғлиғини, аҳолининг билим ва маданият даражасини сақлаш ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий ҳамда мафкуравий жиҳатдан таъминланиши кераклиги борасида кўплаб фаолиятларни йўлга қўйган эдилар. Яъни Истиқлолимиз шарофати ила аёллар билан ишлаш тизимини яратиш борасидаги ташаббуслари асосида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташкил этилиб, мамлакатимизда эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқли эканлиги қонунан мус-таҳкамланди. Айтмоқчиманки, Конституциямизда гендер масаласига алоҳида эътибор қаратилди, бу эса бутун дунё ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлди. Ана шундай яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланган хотин-қизларимиз ҳар жабҳада фаол. Қолаверса, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам олиб бораётган сиёсатларида аёлни қадрлаш, уларнинг фаоллигини ошириш, қўллаб-қувватлаш борасида фаолиятларни изчиллик билан давом эттирмоқдалар. Мен ҳам ана шундай шароитлардан фойдаланиб, фарзандларимиз саломатлиги йўлида хизмат қилиб келмоқдаман. Бундан хурсандман, албатта. Оилада уч нафар фарзандмиз, акам, опам ва мен тиббиётга ўзгача меҳр қўйганмиз. Тақдир йўллари мени ҳам Самарқанд давлат тиббиёт институти томон етаклади. 2001 йилда мазкур олий ўқув юртини тамомлагач, клиник ординатурага қабул қилиндим. 2003 йилда Самарқанд вилоят болалар кўптармоқли тиббиёт марказида фаолиятимни бошлаб, доим устимда ишлаб, билим ва кўникмаларимни бойитиб бордим. 2014 йилдан буён ушбу муассасада бўлим мудири лавозимида фаолият юритяпман. Шу йиллар давомида Беларуссия, Германия ва Хитой давлатларида бўлиб, малака ошириб қайтдим. Ойлар ва йиллар ўтиб, меҳнатингиз албатта, ўз мевасини берар экан. Ҳаётга қайтарган болажонларни кўрсам қалбим қувончга тўлади, ана шунда касбимнинг завқини дилдан ҳис этаман. 2017 йил 25 августда Юртбошимизнинг Фармони асосида "Шуҳрат" медали билан тақдирландим. Бу албатта, мен учун катта бахт. Ана шундай юртда яшаётганимдан беҳад фахрланаман. Айни кунда икки нафар фарзандимни тарбиялаб уларни ҳам халққа хизмат қиладиган инсон бўлиб етиши учун ҳаракат қиляпман.

Фурсатдан фойдаланиб, барча опа-сингилларимизни нафосат байрами 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан муборакбод этаман.

Маҳбуба МИРЗАЕВА,

"Шуҳрат" медали соҳибаси, Республика онкология ва радиология тиббиёт марказининг Жиззах филиали диспансери ҳамшираси:

– Ота-онам 7 нафар фарзандга каттага ҳурмат, кичикка иззатда бўлиш, халқнинг дуосини олишни ўргатиб, ҳар биримизнинг пухта билим эгаллашимиз, ўз касбининг етук мутахассиси бўлишимиз учун жон куйдирар эдилар. Мен эса тиббиётга ўзгача меҳр қўйганим сабабли Жиззах тиббиёт коллежида таҳсил олдим. Сўнг Жиззах вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ЛОР бўлимида 4 йил давомида ҳамшира лавозимида фаолият юритдим. Сўнгги 7 йилдан буён Республика онкология ва радиология тиббиёт марказининг Жиззах филиали диспансери қабул бўлими ҳамшираси бўлиб ишламоқдаман. Ҳар соҳанинг ўзига яраша сир-синоатлари, машаққатлари бўлгани каби ҳамширалик ишининг ҳам етарлича қийинчиликлари мавжуд. Уларни енгиб ўтишда устозларимнинг қимматли маслаҳатлари асқотади. Шу билан бирга, ҳайдовчилик касбини эгаллаган турмуш ўртоғим, 4 нафар фарзандим оилада менга кўмакчи. Тўнғич фарзандим, яъни ўғлим айни кунда Жиззах енгил саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси, қолган 3 нафари эса мактабда таҳсил олишоқда. Эгнимдаги оқ халат, халқнинг меҳри ҳамда касбимга бўлган қизиқишни кўриб, 2 нафар қизим ҳам тиббиёт ходими бўлишни аллақачон дилига тугиб қўйган. Бугун Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир аёл, чин маънода, бахтли, десам янглишмаган бўлардим. Зеро, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар билан мустаҳкамланган. Шу каби имкониятлар баробарида инсонларнинг юзидаги табассуми, беморларнинг айтган раҳмати менга куч бахшида этади. Қолаверса, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида барча соҳалар қатори, соғлиқни саклаш тизимида ҳам олиб бораётган изчил ислоҳотлар, соҳа ходимлари, хусусан, ҳамширалик ишига қаратилаётган эътибор туфайли кўплаб эзгу фаолиятлар йўлга қўйилди. Жумладан, ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш, малакасини ошириш, ҳамширалар ишини рағбатлантириш борасида ишлар олиб борилмоқда. Юртбошимиз давлатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида кўпчилик соҳа мутахассислари қатори мени ҳам "Шуҳрат" медали билан тақдирлаганларида нафақат мен, балки 80 ёшга яқинлашиб қолган ота-онам ҳам кўзимиздаги қувонч ёшларини яшира олмадик. Камтарона меҳнатимизга берилган бундай юксак муокофот жамоамизнинг фаолиятига билдирилган эътироф ва эътибор маҳсули, деб ҳисоблайман. Аёллари улуғланган жаннатмонанд юртда истиқомат қилиб, халққа хизмат қилаётганимдан беҳад мамнунман.

Барча ватандошларимиз, аёллармизни баҳор айёми, Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклаб, ҳамиша соғ-саломат юришларини тилаб қоламан.

Мукофот соҳибалари билан Ҳасан АБДУҒАНИЕВ ва Жонибек МАЪРУПОВ суҳбатлашди.

№ 9, 02.03.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.