Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Эътироф

САМИМИЙ ДИЛ ТАШАККУРЛАРИ

Замон шиддат билан ривожланмоқда. Турмушимизга жорий этилаётган ўзгаришлар эса жамиятимиздаги ҳар бир соҳанинг ана шу шиддат билан баравар такомиллашишига асос бўлмоқда. Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими ҳам бундан мустасно эмас. Хусусан, таҳририятимизга аҳоли томонидан йўлланган кўп сонли миннатдорлик мактублари бу борадаги фикрларимизнинг тасдиғидир.

Мирзо Улуғбек тумани Тамарахон кўчаси истиқомат қилувчи II гуруҳ ногирони Абдуҳошим Тўраев қуйидагиларни баён қилган. "Яқинда саломатлигимни тиклаш мақсадида Тошкент шаҳар 5-клиник шифохонасида даволандим. Айтиш керакки, шифохонада яратилган шарт-шароит ва имкониятлар беморларга манзур бўлмоқда. Соғлиғимни тиклашимда менга кўрсатган ёрдамлари учун бош шифокор Гулнора Кенжаева ҳамда ширин сўзи, малакали муолажаси билан даволанувчилар ҳурматига сазовор бўлиб келаётган самотоневрология бўлими мудири Ҳулкар Очиловага самимий миннатдорлик билдираман. Келгуси ишларига муваффақиятлар тилайман".

Самарқанд вилояти, Пахтачи туманидан Мамарасул Хайитов қуйидаги мазмунда нома йўллаган. Ўтган йилда белимдаги кучли оғриқ билан Самарқанд шаҳар 1-клиник шифохонасига мурожаат қилдим. У ерда даволовчи шифокор Холёржон тез орада саломатлигимни тиклашимга ёрдам берди. Шу боис, муассаса раҳбари Абдураҳмон Маматқуловга ҳамда беморлар дардига малҳам бўлаётган шифокорларга дил ташаккуримни билдираман. Шунингдек, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи Лутфинисо Мирзараҳимова ўз номасида шундай дейди: "Набирам Усмонжонни соғлом ҳаётга қайтишида кўрсатган ёрдами учун Республика ОИТСга қарши курашиш маркази директори -Н. Атабеков, бош шифокор Д. Файзуллаева, бўлим бошлиғи Б. Баимбетов ҳамда болалар шифокори Е. Папинага ўзим ҳамда қизим Ҳилола Мирзарахимова номидан раҳмат деб қоламан". Риштон туманида яшовчи Аъзамжон Тўрақулов ҳам ўз касбининг малакали мутахассиси, фидойи шифокорларга ўз миннатдорлигини изҳор қилган. Жумладан, II гуруҳ Чернобиль ногирони эканлиги, шунинг учун ҳар икки йилда саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида тиббиёт муассасаларига мурожаат қилиб туришини таъкидлаган. Хусусан, ўтган йили ҳам Фарғона вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказининг неврология бўлимида даволанганлиги ва у ердаги шифокорлар хизматидан мамнун эканлигини айтиб, бўлим бошлиғи Илҳомжон Ашуралиевнинг халқимиз саломатлигини асрашдек, шарафли ва масъулиятли ишларида улкан муваффақиятлар тилаб қолган. Навбатдаги мактубни Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида яшовчи II гуруҳ ногирони Жума Қиличов йўллаган. Унда, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё вилоят филиалида амалга оширилган ислоҳотлар ва бунинг натижасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ошганлиги таъкидланган. Беморлар саломатлигини тиклашда ўз малака ва меҳнатларини аямаётган марказ директори Х. Фозилов ҳамда даволаш ишлари бўйича масъул мутахассис Т. Мирзаевич, шу билан бирга, муассасанинг жонкуяр мутахассисларига самимий миннатдорлик билдирилган.

"Соғлигимдаги ўзгаришлар сабаб, кўп йиллардан буён Иргашев номидаги Тошкент шаҳар 4-клиникасининг кардиология бўлимида даволаниб келаман. У ерда яратилган шароитлар беморларнинг ўз вақтида саломатликларини тиклашларида муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу жумладан, бу борада соҳа ходимларининг юқори малакаси ҳамда аниқ ташхисларга асосланган муолажалари ҳам алоҳида ўрин тутмоқда. Бунинг учун муассасанинг бош шифокори Содиқ Алимов, кардиология бўлим мудири Аҳрор Ҳамроевга миннатдорлигимни билдираман. Бундан ташқари, даволовчи шифокорим – Матлуба Орипова, Г. Сабикова, навбатчи врачлар А. Жонузоқов, Лилия Мукадасовна, Ф. Азизова, Г. Алимова, А. Амонов, Г. Габзалова ЭКГ ҳамшираси Лилия Бориева, катта ҳамшира Н. Аҳмедова, шунингдек, кундузги ва навбатчи ҳамширалар – Ирода, Алёна, М. Жўраева, Н. Абдуллаева, И. Султонова, Ш. Абдуллаева, Ш. Миртўхтаева, Д. Азизова, Ш. Пиримбетова, Моҳира Жўраева, Д. Ражабова, М. Дадаева, Г. Уралова, М. Абидова, Р. Фозилжонова ҳамда кичик тиббиёт ходимлари – Гулнора Хожимуратова, Феруза Мирзаева, Юлдуз Мирзаева, Зулхумор Зияева, Нигора Шодмонова, Муҳаббат Мажидоваларга самимий раҳматларимни айтаман", дея ўз мактубига якун ясайди Тошкент шаҳридан Вазира Муҳаммедова.

Шундай номаларнинг яна бири Қашқадарё вилояти, Касби тумани "Жар кўча" маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Турсунмурот Ҳайитовдан келган. Муаллиф мамлакатимизда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, Республика муассасаларидан вилоятларга бориб фаолият юритаётган малакали мутахассислар меҳнатини эътироф этган. Жумладан, вилоят перинатал маркази директори лавозимида иш бошлаган Мавлуда Норқулова ҳақида сўз юритади. Таъкидлашича, мутахассис вазифасига киришиши натижасида қисқа фурсатда ижобий ўзгаришлар рўй бериб, зарурий шароитлар яратилган. Айниқса, беморларга саломатлигини тиклаш жараёнида уларга бўлган муносабат тубдан яхшиланган. Бундан ташқари, муассасада Мавжуда Шойимова сингари малакали кадрлар етарли эканлигини айтиб ўтиб, бунинг учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиларига "Жар кўча" маҳалласи фуқаролари номидан алоҳида миннатдорлик изҳор этади. Фарғона вилояти Қува шаҳридан Латифахон Ахунова мактуб йўллаб, унда қуйидагиларни баён қилган: "Соғлиғимдаги жиддий ўзгаришлар сабаб, кўп йиллардан буён даволаниб келаман. Лекин оилавий шароитим туфайли даволанишни мунтазам давом эттиришнинг имкони бўлмади. Шунда кўмак сўраб Президентимизнинг "Вертуал қабулхона"сига мурожаат қилдим. Натижада қисқа фурсат ичида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига йўлланма олдим. Бу борада менга ёрдам берганлиги учун, аввало, Юртбошимизга, туман соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Алишер Сотволдиев, кўп тармоқли тиббиёт маркази неврология бўлими бошлиғи Илҳомжон Ашуралиев, М. Раҳимов, Ҳаким Худойназаров ҳамда Гулчеҳра Шараповага саломатлик тилаб, ўзимнинг миннатдорлигимни билдираман". Шунингдек, яна бир мактубда Тошкент вилояти, Паркент тумани, Масалбой ҚФЙда яшовчи Маҳамаджон Худойназаров фарзанди Фарҳод Худойназаровнинг автаҳалокатдан сўнг, оғир аҳволга тушиб қолганлиги учун ижтимоий ёрдам сўраб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилганлигини ёзади. Эътиборлиси, унинг мурожаати жавобсиз қолмаганлиги ва тез фурсатда улар номига алоҳида ҳисоб рақами очилиб, саховатли ҳомий ташкилотлар томонидан моддий ёрдам ажратилганлигидан мамнун. Шу боис, оиласи ҳамда Фарҳоджоннинг икки нафар фарзанди номидан мазкур эзгуликка ҳисса қўшган раҳбарият ва ҳомий ташкилотларга кўпдан-кўп раҳматлар айтади.

– Оғир операциядан сўнг саломатлигим яхшиланмагач, соғлиғимни мустаҳкамлаш мақсадида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига мурожаат қилдим. У ерда менга бош шифокор Шуҳрат Эгамбердиев алоҳида ғамхўрлик кўрсатиб, соғайиб кетишимга катта ҳисса қўшиб, қайта операция қилишди. Қўли енгил жарроҳ Бахтиёр Қурязов, Омон ака, Анвар Бобожонов, Рўзимбой Матчановлардан миннатдорман. Айниқса, шароитимни ҳисобга олиб, бу жараёнларда бош-қош бўлган маҳалламиз раиси Ўғилжон Матқурбонова ҳам оиласи бахтига соғ-омон бўлсин, – дея мактубини якунлаган Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида истиқомат қилувчи Рўзимбой Жуманиязов.

Яна бир номада Жиззах вилоятида истиқомат қилувчи Бердимурот Қувондиқов ўзи ҳамда М. Ҳамидова, Б. Омонова, З. Исмоилова, Ш. Абдураҳмонов, Р. Мирзааҳмедова, Н. Ачилова, Г. Санақулова ва Э. Атаевалар номидан Жиззах вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида фаолият юритаётган шифокорларнинг аҳоли саломатлигини асрашдаги машаққатли меҳнатларидан мамнун бўлиб, самимий миннатдорлик билдирган.

Шунингдек, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридан Галина Крупская, Самарқанд шаҳридан Руслан Насиров ва О. Иванова, Тошкент шаҳридан Махсума Аҳмедова, Шайхонтоҳур туманидан Ш. Шарипов ва Андижон вилоятидан Х. Абдувоҳидовалар ҳам ўзларининг дил ташаккурлари битилган номаларини йўллаб, давлатимиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда мамлакатимиздаги турли тиббиёт муассасаларида сидқидилдан фаолият юритаётган шифокорларга ўзларининг самимий миннатдорликларини билдирганлар.

НОМАЛАР ОРАСИДА 235 НАФАР МУАЛЛИФНИНГ ХАТИ ЭЪТИБОРИМИЗНИ ТОРТДИ

– Биз фахрийлар нақадар жаннатмонанд Юртда яшаётганлигимизга яқинда яна бир бор ҳис қилдик. Боиси, мамлакатимизда кекса ва нуронийларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳар жабҳада намоён бўлмоқда. Хусусан, ўтган йили давлатимизнинг кўп сонли фуқаролари қаторида бизларга ҳам муборак ҳаж сафарига бориш бахти насиб этди. Айниқса, сафар давомида мамлакатимиздаги турли шифохоналарда фаолият юритиб келаётган 41 нафар тиббиёт ходими саломатлигимизни мунтазам назорат қилиб борганлиги қалбимизга икки карра қувонч улашди. Улар томонидан ҳар биримизга алоҳида чин дилдан хизмат кўрсатилди. Бунинг учун, аввало, Президентимизга, Соғлиқни сақлаш вазирлигига, шунингдек, Алишер Соатов бошчилигидаги 41 нафар саломатлик посбони ҳамда улар фаолият юритаётган муассасалар раҳбариятига дил ташаккуримизни изҳор этамиз. Бундан бошимиз кўкка етиб, қўлимиз ҳамиша дуодадир. Эзгу имкониятлар макони – Юртимиз доимо тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Жонажон Ватанимизнинг равнақи янада ортаверсин. Зеро, кексалари қадр топган Юрт ана шундай нуфузга муносибдир.

Чуқур самимият билан мактуб муаллифлари.

– Мен қуйидаги мактубимни ёзишга киришар эканман, ҳаяжоним ва қувончу шодликларимни баён қилишга, оиламизга шундай бахтни ҳадя этган Президентимизга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, шу билан бирга, эгнидаги оқ халати ва касбига бўлган садоқатига ҳақиқатан муносиб фаолият юритаётган шифокорларимизга миннатдорлигимни изҳор этишни мақсад қилдим. Гап шундаки, яқинда 1976 йилда туғилган фарзандим Олим Бобоев тўсатдан танасининг белдан паст қисми ишламай, тўшакка ётиб қолди. Ана шундай оғир бир вазиятда давлатимиз раҳбарининг тиббиёт соҳасига қаратаётган эътибори ва соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида вилоятларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида ишлаш учун Пойтахтимиздан чекка ҳудудларга юборилган малакали шифокорлар хизмати жонимизга оро берди. Аниқроғи, Сурхондарё вилояти силга қарши кураш диспансерига бош шифокор бўлиб келган, тиббиёт фанлари номзоди, профессор Бахтиёр Жўраев, бўлим мудири Абдурасул Абсоатов ҳамда чаққон ва ширинсухан катта ҳамшира Лола Донаевалар мураккаб жарроҳлик операция йўли билан ўғлимизни ҳаётга, оиламиз бағрига қайтариб берди. Муваффақиятли бажарилган амалиётдан сўнг фарзандимиз яна қайта оёққа турди. Айни пайтда бундай бахтдан ўнлаб бемор ва оилалар баҳраманд бўлди. Тиббиёт муассасасида яратилган шарт-шароитлар эса таҳсинга лойиқ. Беморлар зарурий дори-дармон воситалари ҳамда тиббий хизматнинг барча турлари билан бепул таъминланмоқда. Бунинг учун ўзим, турмуш ўртоғим Норгул Бўриева, фарзандим Олим Бобоев, шунингдек, шифо топган бошқа беморлар номидан, аввало, Юртбошимизга, Соғлиқни сақлаш вазирлигига, қолаверса, малакали шифокорлар – Бахтиёр Жўраев, Абдурасул Абсоатов ва Лола Донаевалар қатори касб масъулиятини астойдил адо этаётган кўп сонли шифокорларимизга чексиз миннатдорлик изҳор қиламан. Улар ҳам яқинлари бахтига ҳамиша соғ-омон бўлсин, – ҳурмат билан Бойсун тумани, Газа маҳалласидан Ашур Бобоев.

Ҳа, мазкур эътирофлар мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида инсон манфаатларини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасининг ёрқин ифодасидир. Бу борадаги эзгу фаолиятларимиз эса бундан кейин ҳам изчил давом эттирилиши, шубҳасиздир.

Мактубларни Ҳасан АБДУFАНИЕВ шарҳлади.

№ 5, 02.02.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.