Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Эътироф

ЎЗБЕКИСТОН КАРДИОЛОГИЯСИ: ЯНГИ БОСҚИЧДА

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг ушбу соҳани ривожлантиришга қаратилган қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Бу борада бирламчи бўғин, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган тиббий хизмат, хусусий тиббиёт, аҳолининг репродуктив саломатлигини асраш каби йўналишлар устувор вазифа этиб белгиланди.

Хусусан, Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 3071-сонли Қарорида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларини белгилаш, унинг географиясини туман даражасигача кенгайтириш, ҳудудий ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотларига ташкилий-услубий раҳбарлик қилиш учун Республика ихтисослаштирилган марказларнинг масъулиятини ошириш, уларнинг амалиётига тиббий ёрдамнинг замонавий усуллари ва технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари назарда тутилган.

Бугунги кунда кардиология соҳасини жаҳон андозаларига мос равишда юксалтиришга, юрак қон-томир хасталиклари туфайли юз бериши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олишга йўналтирилган вазифалар ижроси энг муҳим устувор масалалардан биридир. Кардиология марказида ташкил этилган рентгенэндоваскуляр жарроҳлик (РЭХ) бўлимида коронароангиография – юрак тожсимон артерияларининг торайган қисмларини аниқлаш, уларга стент (найча) ўрнатиш каби юқори технологик усуллар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Кардиология марказида йилига мингдан ортиқ беморда ушбу даволаш амалиёти қўлланилаяпти. Бундай усул билан даволаш орқали юрак қон-томир касалликларининг энг оғир тури – миокард инфарктининг олди олинди. Кейинги 10 йил ичида миокарднинг ўткир инфарктидан содир бўлаётган госпиталь ўлим ҳолатларининг 9-10 фоизгача пасайишига эришилди. Марказимизда бу борада ўта мураккаб операциялар йўлга қўйилди. Яъни, махсус мосламалар ёрдамида қон-томир орқали юрак туғма нуқсонларини даволаш, аорта клапанларини алмаштириш каби замонавий усуллар амалга оширилмоқда. 2016 йилдан бошлаб бундай юқори технологик даволаш усуллари вилоятларда ҳам йўлга қўйила бошлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳудудларга ташрифларидан кейин, ҳозирги кунда марказнинг Наманган ва Урганч филиалларида, Фарғона вилоят кўп тармоқли шифохонасида, Қорақалпоғистон Республикаси кардиология диспансерида, Самарқанд, Бухоро, Навоий вилоятларида коронарография ва стентлаш амалиёти йўлга қўйилди. Эндиги навбатда Қашқадарё ва Андижон вилоятларида ҳам бундай усулни бажариш режалаштирилган. Шунингдек, марказнинг Наманган ва Урганч филиалларида нафақат коронарография ва стентлаш, балки юракнинг очиқ турдаги операциялари ҳам бажарилмоқда. Бундай мураккаб операциялар жаҳон тан олган академик Л. Бокерия иштирокида ҳам ўтказилди.

Республика ихтисослаштирилган кардиология марказида юракнинг мураккаб аритмияларини электрофизиологик усулда диагностика ва даволаш (ЭФИ) бўлими 2008 йилдан бошлаб фаолият олиб бормоқда. Бунда радиочастотали аблация усули – юрак аритмияларини даволашда қўлланадиган халқаро стандартларга мос келувчи юқори технологик усул йўлга қўйилган. Операциялар кўкрак қафасини очмасдан, яъни "қонсиз" йўл билан олиб борилади, у махсус мосламалар ёрдамида юракка етиб бориб, нотекис уришининг (аритмия) баъзи турлари радиотўлқинлар воситасида бартараф этилади. Жорий йилда бўлимга Новосибирск кардиология марказида кўп йиллар фаолият юритган т.ф.н. А. Якубов ишга таклиф этилди. Илгари операциялар маълум турдаги аритмияларда амалга оширилган бўлса, эндиликда юракнинг барча турдаги аритмиялари муваффақиятли даволанмоқда. Биргина 2017 йилда 200 дан ортиқ беморда бундай мураккаб операциялар бажарилди. Бу йил республикада биринчи бўлиб ўта мураккаб операция, юрак етишмовчилигининг оғир турида уч камерали мослама ёрдамида ресинхронизирловчи терапия (СРТД) операцияси муваффақиятли йўлга қўйилди. Кардиожарроҳлик бўлимида ҳам очиқ усулдаги мураккаб операциялар олиб борилмоқда. Унда юрак ишемик касаллигининг оғир турларида аорта коронар шунтлаш (АҚШ), юрак порокларини жарроҳлик усули билан тиклаш, юрак клапанларини протезлаш каби мураккаб операциялар ўтказилмоқда. Марказда 2017 йилда 400 дан ортиқ беморда бундай мураккаб операциялар малакали даражада амалга оширилди. Ҳозирда марказ ҳудудида 3 қаватли жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган кардиожарроҳлик биноси қуриб битказилиб, уни замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишлари давом этмоқда. Марказимизда хорижий кардиологик клиникалар билан ҳамкорлик алоқалари кенг йўлга қўйилган. Ёш шифокорларимиз хорижий давлатларнинг етакчи кардиологик клиникаларида ўз малакаларини бойитиб келмоқдалар. Шунингдек, Москва, Новосибирск, Томск кардиология марказларининг олимлари, Польша, Швейцария, Жанубий кореялик мутахассислар марказга келиб, ўзаро тажриба алмашдилар, маҳорат дарсларини ўтказдилар.

Жумладан, Европа юрак фонди раиси, швейцариялик машҳур кардиожарроҳ, профессор Пауль Фогт марказимизга бир неча бор ташриф буюриб, бизнинг кардиожарроҳларимиз билан бирга ўта мураккаб операцияларни бажарди. Беморда бир вақтнинг ўзида аорта коронар шунтлаш (АҚШ) ва юрак клапанларини протезлаш, АҚШ ва бўйин томирлари атеросклерозини бартараф этиш каби операциялар шулар жумласидандир. Шуни таъкидлаш керакки, бундай операциялар сунъий юрак аппарати ёрдамида ва ишлаб турган юракда амалга оширилаяпти. Бундай мураккаб операциялар дунёнинг саноқли давлатларида амалга оширилади. Ўтказилган бундай операциялар ёрдамида беморларда ўткир миокард инфаркти ва бош мия инсульти каби оғир асоратларнинг олди олинди ва беморлар фаол ҳаётга қайтарилди.

Равшан ҚУРБОНОВ, Ўзбекистон Қаҳрамони, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори.

№ 52, 22.12.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.