Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Эътироф

ШИФОКОР АҲЛИНИНГ БОРИГА ШУКР

Тинч ва осойишта юртга байрамлар ярашади. Мамлакатимизда эса касб, соҳа ва инсон қадр-қимматини улуғловчи айёмлар кўп. Улар орасида шундай саналар борки, улар аҳамияти давлатимиз, бутун халқимизга дахлдордир. Шулардан бири мамлакатимиз равнақига тамал тоши қўйилган кун – Мустақиллик байрамидир. Ўз навбатида жорий йил 27 йиллиги нишонланаётган ушбу айём "Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!" дея юртимиз тараққиётидан руҳланиб, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида фидойиларча меҳнат қилаётган шифокорларимизга ҳам муборак бўлсин.

Халқимиз томонидан йўлланган қуйидаги миннатдорлик номалари ва уларда билдирилган самимий фикрлар эса ушбу касб соҳибларига байрам туҳфаси бўлишига ишонамиз. Зеро, улар меҳнати ана шундай эътирофга муносибдир.

– Бугун мамлакатимиз тиббиёти анча равнақ топибди. Буни ҳаётим мисолида гувоҳ бўлган ҳодисалардан келиб чиқиб айтаяпман. Гап шундаки, июнь ойида онам Лола Аҳмедова билан Тошкент-Фарғона йўналишида кетаётганимизда тўсатдан онамнинг соғлиги ёмонлаша бошлади. Шунда Водий довонида ўз вазифасини бажараётган ДАН ходимларидан кўмак сўрадим. Уларнинг хабарини олган тез ёрдам машинаси тоғли ҳудуд бўлишига қарамасдан қисқа фурсатда етиб келди ва сифатли биринчи тиббий ёрдамни кўрсатишди. Ўтган йилларга солиштирганда бу катта натижа, албатта. Бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар учун, аввало, Президентимизга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда тез тиббий ёрдам йўналишида хизмат қилаётган тиббиёт ходимларига миннатдорлик билдираман. Шарафли ва машаққатли хизматларини бажаришда куч-қувват, хонадонига оилавий хотиржамлик тилайман, – дейди Фарғона вилояти Фурқат туманида истиқомат қилувчи Робилжон Аҳмедов.

Галдаги номани Сурхондарё вилояти Денов шаҳрида яшовчи Тўлғоной Қурбонова қуйидагиларни баён этган. "Айни пайтда тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан ҳар бир фуқаро мамнун деб ўйлайман. Сабаби, бугун тиббиёт ходими кириб бормаган хонадон бўлмаса керак. Биргина оиламиз мисолида сўз юритаман. Қизим Зеварой Эралиеванинг ҳомиладорлик жараёни ички касалликлар туфайли оғир кеча бошлади. Шунда ҳудудимиз шифокори Фотима Турдиева касбига бўлган масъулияти билан ўз вақтида эътибор қаратди ва қизимни зудлик билан шифохонага жойлаштирди. Барча зарурий дори воситалари билан бепул таъминланди. Айни кунда фарзандим ва соғлом бўлиб туғилган янги чақалоқ – набирам ўзини яхши ҳис қилмоқда. Бунинг учун Фотима Турдиева ҳамда туманимиз шифокорларига ташаккуримни билдираман. Уларга сиҳат-саломатлик, ишларига зафарлар тилаб қоламан". Кейинги мактубни Андижон туманидан Матлюба Абдуллаева кўп сонли муаллифлар номидан йўллаган. Номада Андижон туманидаги Бобур номли сиҳатгоҳда даво муолажаларини олган номидан сўз юритилган. Жумладан, кўрсатилган сифатли хизмат учун муассаса раҳбари Ҳайрулло Ишанов, даволаш бўлими шифокорлари – Нумонжон Сатимов, Лолахон Усмонова, Нигорахон Қорабоева, Матлубахон Маликова, Нилуфархон Машрапова, шунингдек, Гулнозахон, Зуҳрахонларга самимий миннатдорлик билдирилган. Шу билан бирга, қўли гул пазандалар – Нилуфархон Ҳасанова, Холида Холдарова, Наргиза Назарова ҳамда Хуснида Мўминоваларга ҳам ташаккур изҳор этган. Улар хонадонига хотиржамлик тилаб, яқинлашиб келаётган мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги билан қизғин табриклаб қолган. Самарқанд вилояти Жомбой тумани "Қора мўйин" ҚФЙдан келган номада Қўлдош Турдиев яқинда 3 ёшли набираси Эъзозбек ҳамда Маҳмуджонларнинг саломатлигида юз берган ўзгаришлар сабаб, Самарқанд тиббиёт институти II клиникасининг кўп тармоқли болалар жарроҳлиги бўлимига мурожаат қилгани, у ерда шифокорлар яхши кутиб олгани ва бор билиму имкониятларини ишга солиб, набирасининг саломатлигини тиклашида кўмаклашганликлари учун муассаса мутахассисларига миннатдорлигини билдирган. Айниқса, даволовчи шифокорлар Ж. Абдувалиев, Н. Авезова, бўлим бошлиқлари Э. Данияров ҳамда М. Саидовлар меҳнатини алоҳида эътироф этган. Бундан ташқари, консултантлар профессор Д. Атакулов, Ю. Тўраев, бош шифокор ўринбосари В. Давидян, Донобек Имомов ва бўлим ҳамшираларига ҳам кўпдан-кўп раҳматлар айтган. Аҳоли саломатлиги йўлидаги эзгу фаолиятларида хормай-толмай, халқимиз дуоларига муносиб эканликлариини баён қилган. Шу мазмундаги яна бир мактубда Наманган вилояти Наманган шаҳрида яшовчи Ойбек Ортиқов саломатлигини тиклашда кўмак берган Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси мутахассисларига миннатдорлик билдирган. "Менда ижобий таассурот қолдиргани шундаки, мазкур муассасада ҳар бир беморга алоҳида эътибор қаратилади. Шифохона ҳудуди ва хоналар тозалиги кучли назоратга олинган. Шифокорларининг ширин сўзи ва илиқ муомаласи ҳам беморларга малҳам бўлади. Айни шундай жонкуяр мутахассислардан даволовчи шифокор Дилором Бабаханова, Ойбек Назаров, ҳамширалардан Дилзода, Гулбаҳор ҳамда озодалик бекаси Муҳайё Эшонқуловаларга раҳматимни айтаман. Сабаби, бугун уларнинг меҳнати, билим ва салоҳияти туфайли кўзларимнинг нури яна равшанлашди. Муолажаларни вақтида амалга ошириб, мунтазам аҳволимдан хабар олиб турди. Ўз ишига расмиятчилик учун эмас, масъулият билан ёндашишидан беҳад мамнун бўлдим. Эзгу фаолиятларида омад ёр бўлсин". Қуйидаги мактубни жамоатчилик номидан Тошкент шаҳри Учтепа тумани "Дегриз" маҳалласида истиқомат қилувчи А. Шарипов, Х. Аҳмедов ва Н. Халиковлар юборишган. Номада юртимизда соғлиқни сақлаш тизими, жумладан, тиббиёт муассасалари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлар борасида сўз юритилган. Бунинг натижасида шифо масканларида рўй бераётган ижобий ўзгаришлар эътироф этилган. Айниқса, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятига алоҳида тўхталиб, марказ раҳбари Равшан Қурбонов ҳамда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатаётган тажрибали мутахассислар Х. Турсунов, М. Назироваларнинг меҳнати, беморлар билан ишлаши услубига таҳсинлар айтилган. Шунингдек, бир оз олисроқ масофада жойлашган бўлсада, маҳалла аҳолисини тиббий ёрдам хизмати билан таъминлаб келаётган 26-сонли Оилавий поликлиника бош шифокори С. Холматова ва муассаса шифокорларига ҳам ўз ташаккурларини изҳор этилган. Мактубда 70 нафар фуқаронинг фикрлари баён қилинган.

Иссиқ жоннинг иситмаси бор, деган нақл бежиз эмас экан. Яқинда саломатлигимда жиддий ўзгариш содир бўлиб, Сурхондарё вилоят марказий шифохонасининг абдоминал хирургия бўлимига мурожаат қилдим. Умрларидан барака топишсин, шифокорлар мени илиқ муносабатда қарши олишиб, зарурий текширувлардан сўнг тезда керакли муолажаларни бошлаб юборишди. Натижаси дарҳол билинди, соғлиғимда ижобий ўзгаришларни сеза бошладим. Бунинг учун бўлим бош шифокори Равшан Рамазоновга самимий миннатдорлик билдираман. Шуни ҳам айтишим керакки, вилоятда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдисамад Норқобилов ташаббуси билан ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Ислоҳотлар натижаси чекка туманлардаги тиббиёт муассасаларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Шунингдек, ушбу фаолиятлар тиббиёт ходимлари меҳнатида ҳам акс этмоқда. Уларнинг касбига бўлган масъулияти, янгича даволаш усуллари устида олиб бораётган изланишлари ва беморлар билан касб қоидаларига амал қилган ҳолда муносабатда бўлиши фикримнинг исботидир. Шулардан келиб чиқиб, жонкуяр шифокорлар А. Хайитов, Г. Мирзаева, Н. Ражапов, Ангор туман кўп тармоқли марказий шифохона бош врачи Ҳайрулла Ашуров, Анор Эсаниёзова, Шуҳрат Жўраев, Қурбон Абдуллаев ҳамда Бахтиёр Қўчқоровларга ҳам алоҳида ташаккуримни айтиб қоламан, – дейди Ангор туманидан келган мактуб муаллифи Бибизар Дониева.

– Агар саломатлигингда жиддий ўзгариш юз берсаю, шифокорларга мурожаат қилганингда ҳам оёққа туришинг қийин кечса хаёлингни ҳар хил ўйлар банд қилар экан. Ўзимда айни шундай оғир жараён кечаётган бир пайтда ҳудудимиздаги мутахассисларнинг тавсияси билан Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази га мурожаат қилдим. Марказнинг суяк-бўғим бўлими шифокорлари мени самимий қарши олишди. Аҳволимни кўриб, дарҳол зарурий текширувларни ўтказишди. Таҳлилларни ўрганиб чиққач, даво муолажаларини ҳам бошлаб юборишди. Аҳволим яхшилангач, жарроҳлик амалиётини бажаришди, операция муваффақиятли ўтди. Аҳамиятлиси, буларнинг барчаси бепул амалга оширилди. Ҳозир ўзимни анча яхши ҳис қилсамда, шифокорларнинг тавсияси билан ҳар олти ойда профилактика учун даволаниб тураман. Менга кўрсатилган ғамхўрлик учун, аввало, Юртбошимизга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, Марказ раҳбарияти ҳамда суяк-бўғим бўлимида фаолият юритиб келаётган фидойи шифокорларга чексиз миннатдорлигимни изҳор этаман. Айниқса, бўлим раҳбари Примқул Назиров, қолаверса, даволовчи шифокорим Фаррух Рустамов ва бошқа ходимларга ҳам алоҳида раҳмат айтаман. Хонадони тинч, соғ-саломат бўлиб, ишларига улкан зафарлар тилайман, – дейди Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманида яшовчи Абдулло Шарипов.

Шунингдек, Хоразм вилояти Урганч шаҳридан Парохат Матяқубова Республика ихтисослаштирилган кўз микарохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм вилояти филиали малакали мутахассисларига, Тошкент шаҳар Юнусобод туманидан Максим Шпигер,Фарғона вилояти, Фарғона шаҳридан Г. Исроилова, Жиззах вилояти, Пахтакор туманидан В. Слесарёв, Самарқанд вилояти, Ургут туманидан Сайёра Бекирова Самарқанд вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази кардиохирургия бўлимининг тажрибали ходимларига, Тошкент шаҳар, Яшнобод туманидан Р. Тошпўлатов, Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳридан Малика Қосимова, Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳридан З. Якубова, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигидан Р. Тирнани ҳамда Сурхондарё вилояти, Бойсун туманидан Рамазон Абдуллаев ҳам юртимиздаги турли тиббиёт муассасаларида ўз вазифасини сидқидилдан адо этаётган саломатлик посбонлари – шифокору ҳамшираларга самимий миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги байрами билан чин дилдан қутлаб, миннатдорлик мактубларини йўллаганлар.

Яқинда келиним Ониса Жўраеванинг саломатлигида пайдо бўлган жиддий ўзгариш туфайли Бухоро вилояти онкология диспансерига мурожаат қилдик. Мутахассислар текширувидан сўнг келинимнинг бош мия қисмида мураккаб жарроҳлик амалиёти бажарилди. Операциядан кейинги хулосам шу бўлдики, шифокорлар 4 нафар набирамга она меҳрини қайтариб берди. Оиламизнинг қувончи чексиз, улар Онисага қайта ҳаёт бағишлади, десам хато бўлмайди. Бунинг учун малакали мутахассис, нейрохирург Ғафур Саидов, ўз касбининг фидойиси Бекзод Наимов, анистезиолог Халим Очилов ҳамда муассасанинг барча жонкуяр ходимларига минг раҳмат. Уларга эзгу мақсад йўлидаги олижаноб вазифаларида муваффақиятлар тилайман. Кўрсатилган сифатли тиббий хизмат, илиқ муносабат ва эътибор учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятига ҳам миннатдорлигимни изҳор этаман.

Гулкамар ТИРНЕПЕСОВА,

Туркманистон Республикаси, Туркманобод шаҳри.

Шифокор аҳлининг борига шукр. Меҳнатлари эвазига халқимиздан олган дуолари билан умрлари зиёда бўлсин. Рост гап, бугун халқимиз орасида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими ва тиббиёт ходимларига муносабат бир оз салбий томонга ўзгарган ҳолатлар ҳам бўлди. Тўғри, гуруч кўрмаксиз бўлмайди, аммо соҳада олиб борилган ислоҳотлар туфайли тиббий хизматлар сифати тубдан такомиллаштирилиб, халқимизнинг тиббиётга бўлган ишончи ошди, ўз касбига бўлган садоқати, меҳри, соҳа тараққиётига қўшаётган изланишлари билан аҳоли ўртасида ҳурмат-эътибор қозонаётган шифокорлар сони ортиб бормоқда. Энг муҳими, бу ўзгаришлар чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари ҳам баҳраманд бўлмоқда. Ўзим ҳам 30 йилдан бери қандли диабет хасталигидан азият чекаман. Охирги йилларда аҳволим оғирлашиб, ётиб қолдим. Аммо ҳудудимиздаги 10-сонли Оилавий поликлиника шифокорларининг доимий эътиборидаман, улар мунтазам аҳволимдан хабар олиб туришади. Шу боис, аввало, инсон қадри улуғланган юртда яшаётганимдан мамнунман. Бунинг учун Президентимизга, Соғлиқни сақлаш вазирлигига миннатдорлигимни изҳор этаман. Қолаверса, бош шифокор Бибиражаб Эргашева раҳбарлигида фаолият юритаётган поликлиникамизнинг малакали мутахассислари Фарҳод Кенжаев, Ноила Бойқулова, Мунира Азизова, Зинаида Умировна, Дилфуза Шодмонова ҳамда Зулфия Тўхтамишоваларга чексиз ҳурмат билан раҳмат айтаман. Келгуси ишларига улкан зафарлар тилайман.

Собирали РАҲИМБЕКОВ,

2-гуруҳ ногирони, Самарқанд вилояти.

Мактубларни Ҳасан АБДУҒАНИЕВ шарҳлади.

№ 34, 31.08.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.