Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Эътироф

БИЛИМ ВА ТАЖРИБА УЙҒУНЛИГИ ҳайъат аъзолари томонидан ҳаққоний баҳоланди

Ҳамшира… Бу масъулиятли ва шарафли касб соҳибаларининг беминнат хизматидан баҳраманд бўлмаган киши топилмаса керак. Қалби дарё, беморлар дардига малҳам бўлаётган, тунларни тонгларга улаб, тиним билмайдиган саломатлик посбонларининг фидойилигига тан берсак арзийди. Шуни алоҳида эътироф этиш муҳимки, уларнинг касбий маҳорати ҳамда фаоллиги тобора ошиб бормоқда. Куни кеча пойтахтимизда ўтказилган Республика "Ҳамшира-2018" кўрик-танлови бунинг ҳақиқий ифодаси бўлди.

Жорий йилнинг 12-13 июнь кунлари Тошкент шаҳрида "Ҳамшира-2018" кўрик-танловининг Республика босқичи бўлиб ўтди. Ушбу танлов Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва Ўзбекистон Ҳамширалар ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Эътирофлиси шундаки, йилдан-йилга ўз нуфузига эга бўлиб бораётган "Ҳамшира" кўрик-танловининг таъсир доираси тобора ошиб бормоқда. Айниқса, жорий йилги танлов очиқлик, ошкоралик, шаффофлик ҳамда ҳаққонийлик мезонлари руҳида ўтказилди. Жорий йилги "Ҳамшира-2018" кўрик-танловининг низомига қўшимча киритилиб, ҳайъат аъзолари таркиби ўзгартирилди. Унга кўра, Ҳайъат раиси Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон қаҳрамони Зайниддин Низамходжаев раҳбарлигида Давлат хавфсизлик хизмати, Республика Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари, Ўзбекистон темир йўллари, Ҳаво йўллари миллий авиакомпаниясига қарашли тиббиёт мутахассисларидан иборат таркиб тузилди.

Босқичма-босқич амалга оширилаётган (шаҳар, туман, вилоят, республика) мазкур танловда ўзининг билими, маҳорати ва юксак истеъдоди билан астойдил меҳнат қилаётган ҳамширалар беллашиб келмоқдалар. Шундай экан, ҳар йили "Ҳамшира" кўрик-танловида қатнашиш насиб этган ҳамширалар бешта шарт бўйича ўз билим ва тажрибаларини синаб кўрар эдилар. Жорий йилда эса кўрик-танлов шартларига бироз ўзгартириш киритилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан Республика босқичига етиб келган 14 нафар ҳамшира 4 та шарт бўйича ўзаро беллашдилар. Ундан фақатгина 3 та шарт ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.

Иштирокчилар 2018 йилнинг 12 июнь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида танловнинг иккинчи шарти, яъни амалиёт бўйича ўз билим ва тажрибаларини ҳамширалик ишининг энг мураккаб жараёнларида синовдан ўтказдилар. Шуниси эътиборга лойиқки, қабулга келаётган ҳар бир беморга танлов иштирокчилари томонидан тезкор, яъни биринчи ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, амалиёт жараёнида ҳамширалардаги зукколик, эпчиллик, шунингдек, санитария ва гигиена, асептика ва антисептика қоидаларига риоя қилиш, касалликни ташхислаш давомидаги муомала маданияти ва биринчи ёрдам кўрсатиш ҳакамлар ҳайъати ҳамда кузатувчилар томонидан инобатга олиб борилди.

Куннинг иккинчи ярмида ҳамшираларимиз Мустақиллик майдонидаги "Мотамсаро она" ҳайкали пойига гулчамбар қўйишди.

Жорий йилнинг 13 июнь куни Тошкент врачлар малакасини ошириш институти катта мажлислар залида учинчи шарт, яъни тиббиёт соҳасига доир назарий билимлар бўйича беллашув бўлиб, ушбу шарт OSCE-объектив структурлашган клиник имтиҳон шаклида ўтказилиб, унда 14 та станция, яъни тиббиётнинг турли йўналишлари бўйича малакали мутахассислар синовидан ўтдилар. Албатта, мазкур шарт ҳамширалар учун осон кечмади. Улар саволларга жавоб бериш билан бир қаторда амалий ҳолатларни муляжлар орқали кўрсатиб бердилар. Натижалар ҳайъат аъзолари томонидан баҳолаб борилди.

Сўнгра тадбирнинг асосий қисми бошланиб, унда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Сайдмурод Сайдалиев сўзга чиқиб, бу йилги танловга юксак даражада тайёргарлик кўрилгани, ҳар бир шарт ва ҳайъат аъзолари таркибигача бўлган жараёнлар очиқлик ва адолат талаблари мезони асосида ташкил этилганлигини таъкидлади ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг танлов иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон қаҳрамони Зайниддин Низамходжаев, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Фарҳод Ханапияев ҳам сўзга чиқиб, мамлакатимиз тиббиёт тизимида амалга оширилаётган фаолиятларда ҳамшираларнинг ўрни беқиёслигини, соҳага оид чиқарилаётган меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлашда патронаж хизматининг қамрови кенгайиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг ошишида уларнинг меҳнати таҳсинга лойиқ эканлигини алоҳида тилга олдилар.

Танловнинг биринчи шарт "Ҳамшира ташрифи" деб номланди. Унда иштирокчилар ўзлари меҳнат қилаётган муассаса, касби, жойлардаги ўзгариш ва ислоҳот жараёнлари тўғрисида исталган шаклда маълумот бердилар. Низом талабига кўра ушбу шарт ҳакамлар томонидан баҳоланмади.

Тўртинчи шартга ҳам ўзгартириш киритилиб, тиббий-ижтимоий, сиёсий билимларга доир, шунингдек, блиц савол-жавоблар ўтказилди. Айтиб ўтиш жоизки, ушбу шартда иштирокчиларга ўйлаш учун вақт берилмади. Улар бу шартда тезкорлик, зукколик ва билим тажрибаларини ишга солган ҳолда жавоб бердилар.

Чинакам баҳс майдонига айланган мазкур танловни малакали ҳайъат аъзолари адолат мезонлари доирасида холисона баҳолаб бордилар. Ҳар бир шарт бўйича қўйилган баҳолар изоҳлаб, йўл қўйилган хато ва камчиликлар тушунтириб берилди. Ютуқлар эътироф этилди.

Зеро, кенг аудиториядаги бу кўрик-танловда республика миқёсига чиқишнинг ўзи катта бахт бўлса, кўп сонли томошабинлар нигоҳида, яъни катта саҳнада куч синашишнинг ўзи бўлмади. Бир сўз билан айтганда, улардаги билим, маҳорат, истеъдод бир-бирига уйғунлашиб, иштирокчилар эътиборини ўзига тортди.

Ҳар бир иштирокчию томошабинлар учун ҳаяжонли дақиқалар бошланди.

Танловни одилона олиб борган ҳайъат аъзолари ҳар бир шарт бўйича иштирокчилар олган балларни эълон қилишди. Сўнгра, улар орасидан фахрли ўринларга муносиб бўлган ғолибалар аниқланди.

Танловда Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон вилоят филиали Марказий қабулхона бўлими ҳамшираси Дилноза Холиқова биринчи ўрин совриндори бўлди. Жиззах вилояти Зомин туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими ҳамшираси Ҳолида Юсупова иккинчи, Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона вилоят филиали қабул диагностика бўлими ҳамшираси Марҳабо Абдукаримовага учинчи ўрин насиб этди. Анъанага мувофиқ, бу йил ҳам "Ҳамшира-2018" танловида биринчи, иккинчи, учинчи ўринни қўлга киритган ғолиблар тиббиёт олий ўқув юртларига имтиёзли асосда ўқишга қабул қилинади.

Шунингдек, фахрли ўрин соҳибалари ҳамда иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Зайниддин

НИЗАМХОДЖАЕВ,

Олий Мажлис Сенати

аъзоси, Ўзбекистон

Қаҳрамони:

– Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимида илғор ҳамширалик мактаби яратилди, десам хато бўлмайди. Президентимиз томонидан "Ҳамширалик иши"га бўлган эътибор ва ғамхўрлик, шунингдек, мамлакатимиз тиббиёт муассасаларида хизмат қилаётган 350 минг нафардан зиёд ҳамширалар меҳнатини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш уларнинг ўз касбига бўлган меҳрини янада оширмоқда. Бунинг баробарида, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан "Йилнинг энг фаол ҳамшираси", "Ҳамшира" кўрик-танлови, Халқаро ҳамширалар кунининг мунтазам ўтказиб келинаётганлиги ҳам бундан мустасно эмас. Бўлиб ўтган ушбу кўрик-танловда иштирок этган 14 нафар ҳамшира қизларнинг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида амалий жараёнларни бажариб, қабулга келган беморларга биринчи ёрдам кўрсата олишда тажрибаларини ишга солиб, тезкорлик ва масъулият билан ёндашганликлари бизни мамнун этди. Улар ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиш ва муолажаларни бехато бажариш, шунингдек, танловнинг бошқа шартларига ҳам низом талаблари асосида жавоб беришга ҳаракат қилдилар. Фахрий биринчи ўринни қўлга киритган андижонлик Дилноза Холиқова номи эълон қилинганда унинг кўзларидаги қувонч ёшларини кўриб, ҳамширанинг машаққатли меҳнати ортидаги маҳсули нечоғлик қадр-қимматга эга эканлигини янада дилдан ҳис этиб, ғолибага диплом ва эсдалик совғаларини топширганимда бу каби тадбирлар бир-биридан чаққон ва зукко ҳамшираларни забт янада шижоатга ундаётганлигига амин бўлдим.

Баҳодир АБДУЛАҲАТОВ,

Мудофаа вазирлигининг тиббий госпитал

бошқармасининг илмий ишлар бўйича ўринбосари:

– Ушбу Республика "Ҳамшира" кўрик-танловида илк бор иштирок этиб, ҳайъат аъзоси сифатида ҳамшираларнинг шартлар бўйича билимларини баҳолаб бордик. Нуфузли тарзда ўтказилган тадбирда касб либослари ўзига ярашиб турган Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан келган 14 нафар қатнашчида бугунги замонавий ҳамширанинг асл қиёфасини кўрдим, десам муболаға бўлмайди. Иштирокчилар танловнинг таништирув шартида ўзларининг самимий ва илиқ фикрларини баён этган бўлсалар, тиббий, ижтимоий-сиёсий ва блиц саволларга зукколик билан жавоб бердилар. Шундай экан, бу каби фидойи, чаққон ва билимдон ҳамширалар сафини кенгайтираётган "Ҳамшира" кўрик-танлови ташкилотчиларига миннатдорлик билдириб, бундан кейинги тадбирлар янада равнақ топишига ишонамиз.

Фарҳод ХАНАПИЯЕВ,

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика

Кенгаши раиси:

– Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказиб келинаётган республика "Ҳамшира" кўрик-танловининг ўзига хослиги шундаки, тизимда меҳнат қилаётган ўз касбининг моҳир усталари бўлган ҳамширалар нечоғлик тиббий билимга эга эканлиги, қолаверса, тажриба бобида чаққон ва меҳрибонлиги ўз ифодасини топиб келмоқда. Ўз ҳудудларида ғолибликни қўлга киритиб, Республика финал босқичига етиб келишни ҳам ўзи бўлмайди. Айниқса, катта саҳналарда истеъдод ва маҳоратни намойиш этиш, ҳакамлар ҳамда томошабинлар олқишига сазовор бўлиш осон эмас. Бу йилги танлов шартларига ўзгартиришлар киритилиб, танлов иштирокчилари тадбир давомида 4 та шарт бўйича ўз билим ва малакаларини синовдан ўтказдилар. Улар ўзаро беллашиб, амалий жараён ва клиник имтиҳонларни, тиббий, ижтимоий-сиёсий ва блиц саволларига зукколик билан жавоб бердилар. Мухтасар қилиб айтганда, қалби эзгуликка йўғрилган ҳамшираларимизнинг фаолиятдаги машаққатли меҳнатларига тан берсак арзийди. Шундай экан, биз бу каби тадбирларни доимий қўллаб-қувватлаб, мунтазам тарзда давом этиши тарафдоримиз.

Рихси САЛИХАДЖАЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассиси:

– Бу йилги кўрик-танловимиз олдинги йилларга қараганда, ўзига хос тарзда ўтказилди. Биринчидан, танлов Низомига ўзгартиришлар киритдик. Бундан ташқари, ҳайъат аъзолари ҳар йили тиббиёт олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, тиббиёт муассасаларининг шифокорларини ташкил этар эди. Ушбу тадбирда ҳайъат раиси Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Зайниддин Низамходжаев, ҳайъат аъзолари Ўзбекистон Республикаси Давлат хизмати хавфсизлиги, Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари ва қатор идора ҳамда ташкилотларининг тиббий йўналишидаги мутахассисларидан иборат бўлди. Улар тадбирнинг бошидан охиригача ҳар бир шартларнинг синчковлик билан кузатиб, одилона ёндашдилар. Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан ҳакамлар ҳайъатига чексиз миннатдорлигимни билдириб, доимий ҳамкорликда иш олиб боришга умид билдираман. 14 нафар ҳамшира бор куч имконият билим ва малакаларини ишга солган ҳолда томошабинлар олқишига сазовор бўлдилар. Зеро, саҳнадан ўрин олган ҳар бир ҳамшира биз учун ғолиб, чунки улар эл назарига тушган ва меҳнатлари қадр топган юртда яшаётган бахтли касб эгаларидир.

Дилноза ХОЛИҚОВА,

1-ўрин соҳибаси

(Андижон вилояти):

– Республика "Ҳамшира" кўрик-танловидаги иштироким менга катта омад келтирди. Аввало, гўзаллиги бетакрор бўлган Тошкент шаҳрига келиб, 13 нафар ҳамкасбим билан дўстона учрашувимиз ҳамда Мотамсаро Она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйганимиз, катта саҳнада ўзаро беллашувимиз бир умр хотирамда муҳрланиб қолади. Мен бу қувончли дақиқаларни кутмаган эдим, номим эълон қилинганда Юртбошимизнинг "Мен сиз ёшларга ишонаман…" деган сўзлари она Ватаним ва касбимга бўлган меҳримни янада ошириб юборди. Қўлга киритган муваффақиятим, бу албатта, Президентимизнинг биз ёшларга яратиб бераётган кенг имконият ва шароитларидан деб биламан. Бундай катта ютуққа эришишимда аввало, Давлатимиз раҳбари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ота-онам, оилам барча устоз ва ҳамкасбларимнинг ҳиссаси катта деб биламан. Уларга ўзимнинг чексиз миннатдорлигимни изҳор этаман. Юртбошимиз билдирган юксак ишончни оқлаб, келажакда шифокорлик касбини эгаллаб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда астойдил меҳнат қиламан.

"Ҳамшира – 2018" Республика кўрик-танловида қатнашган ҳамширалар, аввало, давлатимиз раҳбари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Ҳамширалар Ассоциацияси, шунингдек, танловга ҳаққоний ёндашган ҳайъат аъзоларига ўзларининг чексиз миннатдорлиги ва самимий тилакларини билдириб қолади.

Ибодат СОАТОВА.

Жасур ЖАЛИЛОВ олган суратлар.

№ 24, 15.06.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.