Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Эътироф

МАТОНАТ ВА МАРДЛИК ТИМСОЛИ

Ҳозирги кунда оналар ўз фарзандларини армияга кўзда ёш, юракда хавотир билан эмас, балки менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлади, деб, юксак ишонч ва фахр туйғуси билан кузатишмоқда. Оналар кўнглидаги розилик, бу – бутун халқимиз қалбидаги розилик ифодаси, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Шавкат МИРЗИЁЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони.

Хабарингиз бор, 2010 йилнинг 12 январида Тошкент шаҳрида Қуролли Кучларимиз шарафига "Ватанга қасамёд" ҳайкали бунёд этилди. Айтиш керакки, у ўз мазмун-моҳияти, аҳамияти билан чиндан ҳам халқ ва армия бирлиги, мардлик ва жасорат мадҳияси, эл-юртга садоқат тимсолига айланди.

Ёш авлодни миллий ғоя руҳида, фидойи ва матонатли посбонлар этиб тарбиялашда маънавий ибрат намунаси бўлиб хизмат қиладиган бу бетакрор манзара, бугун халқимизнинг севимли масканларидан бири эканлиги бежиз эмас. Чунки бу салобатли ҳайкал тимсолида жуда чуқур мазмун-моҳият мужассам. Ушбу муҳташам мажмуага қараб, беихтиёр ўйга толасан киши. Биз учун она, Ватан тушунчалари азал-азалдан бир-бирига муштарак ва муқаддас саналган. Она сиймоси ўзининг меҳрибонлиги, фидойилиги, эзгуликнинг ёрқин рамзи бўлса, Ватанимиз ҳам энг улуғ, энг азиз саждагоҳ каби мўътабардир. Шу боисдан юрт ҳақида ўйлаганимизда, қўлларини дуога очиб, юз-кўзларидан меҳр нури балқиб турган мунис ва мушфиқ она қиёфаси бутун бўй-басти билан яққол намоён бўлади. Фарзанд унга оқ сут берган волидаи муҳтарамаси олдида умрбод қарздор бўлса, Ватани олдида ҳам шундай бурчлидир, албатта. Шунинг учун ҳам она заминни, гўзал ва бетакрор диёрини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, ҳимоя қилишга астойдил бел боғлаган йигит чин қалбидан қасамёд қилади, онт ичади, аҳдига содиқ қолишга тантанали ваъда беради. Ҳарбий қасамёд қабул қилиш шарафли касб эгалари ҳаётида бир умр унутилмас, ҳаяжонли дақиқалардан биридир. Шу боисдан эндиликда Миллий армиямизда хизмат қилиш Ўзбекистон фуқароларининг нафақат конституциявий, балки инсонийлик бурчларига айлангани айни ҳақиқат. Зотан, дастлабки кўникмаларни дилига жойлаган аскар ҳарбий қасамёд қабул қилганидан сўнг ўзини бутунлай бошқача ҳис этади, том маънода ҳарбийларга хос юксак масъулият, мажбурият, бурчни ўз зиммасига олади. Бу жараённи ўз кўзи билан кўриб, қалби бениҳоя фахр-ифтихор билан тўлиб-тошган аскар ота-оналари ҳаяжонини сўз билан ифода этиш эса ниҳоятда мароқли ва ибратлидир.

– Саф тортиб турган норғул йигитлар орасида менинг ҳам фарзандим борлиги кўксимни ғурурга тўлдириб юборди, беихтиёр кўзимда севинч ёшлари ҳалқаланди. Қаранг, ҳарбий либос ўғлонларимизга янада кўрк, салобат бахш этибди. Ўғлим билан суҳбатлашдим. Гарчи орадан эндигина бир ойдан зиёд вақт ўтганига қарамай, назаримда у анча улғайгандек. Қарашлари, гап-сўзларида қатъият, жиддийлик акс этади, – дейди қашқадарёлик она Матлуба Раҳимова. – Боламнинг юз-кўзига боқиб, ўтган давр мобайнида унинг бироз тўлишгани, ранг-рўйининг тозалигига аҳамият бердим. Унинг ёнида мард, жасур қуролдош ўртоқлари борлигидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Муҳташам "Ватанга қасамёд" мажмуаси пойида ҳарбий қасамёд қабул қилган ўғлимнинг ўз йигитлик аҳди, қасамига содиқ қолиши, Ватан олдидаги бурчини намунали бажариб, юзимизни ёруғ қилишига астойдил ишонаман.

– Қалбимда ўзгача қувонч, ажиб бир ҳис-ҳаяжон бор, – дейди бухоролик Насриддин Наврўзов. – Буни қаранг, ўғлоним ҳақиқий йигит бўлиб, эл-юрт, Ватан тинчлиги, осойишталиги йўлида хизмат қиладиган мардлар сафидан жой олиб турибди! Бу менга фахр, ғурур бағишлайди. Ўғлим ва унинг сафдошларига қараб кўзим қувнаб, дилим яйради.

– Ҳарбий қасамёд ҳарбий хизматчи тили ва дилидаги энг азиз ва муқаддас каломдир, – дейди тошкентлик Рустамжон Ҳотамов. – Агарки, у ўз зиммасига шундай юксак бурч ва масъулиятни олибдими, буни амалга оширишига асло шубҳа қилмаймиз. Чунки йигит кишининг сўзи, аҳди қатъийдир. Шундай мард ва баҳодир, матонатли, қатъиятли йигитларимиз бор экан, юртимизда доим тинчлик, осойишталик барқарор, осмонимиз мусаффо бўлади, дейишга тўлиқ асосимиз бор.

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида барча соҳалар каби Миллий армиямизни шакллантириш, унинг салоҳиятини янада ошириш борасида ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада, замон талабларига жавоб берадиган тезкор, ихчам, замонавий қурол-яроғ ҳамда техник воситалар билан тўлиқ таъминланган, жанговар қобилияти ва тайёргарлиги мустаҳкам, халқимизнинг тинч-осуда ҳаётига рахна солувчи ҳар қандай ёвуз, тажовузкор кучларга қарши қақшатқич зарба бера оладиган қудратли армиямиз вужудга келди. У чин маънода тинчлигимиз кафолатидир.

Эътиборли жиҳати шуки, Миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётган ҳарбийларимиз ўзларининг жанговар, маънавий интеллектуал салоҳиятлари, қасамёдлари, халқимиз ва Президентимизга содиқликлари билан жаҳондаги ҳеч бир армиядан кам эмас ва кам бўлмасликларини амалда исбот қилмоқдалар. Улар ўз измлари, постларида кечаю кундуз огоҳ ва ҳушёрдирлар. Зеро, Ватанга қасамёд – онага қасамёддир!

Искандар РАҲМОН, Қуролли Кучлар фахрийси.

№ 2, 12.01.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.