Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Эътироф

ДУНЁ ТАН ОЛГАН БУЮК АЛЛОМА

Абу Али ибн Сино... Бу улуғ сиймо, юксак ақл соҳиби, табобат илмининг султони, олим ҳамда фан арбоби, жаҳон тан олган ватандошимиз номи ва шуҳрати минг йилдирки авлоддан-авлодга ўтиб, ибрат бўлиб келмоқда. Шу маънода анъанага айланиб бораётган ва у ҳар йили Халқаро "Ибн Сино ўқишлари"нинг буюк аждодимиз туғилиб ўсган Бухоро шаҳрида ўтказиб келинаётганлиги бу улуғ сиймога бўлган ҳурмат ва эҳтиром рамзидир.

2017 йилнинг 24-25 ноябрь кунлари кўҳна Бухоро шаҳрида "Ибн Сино илмий-маданий меросининг аҳамияти ва унинг фан тараққиётидаги ўрни" мавзусида IX Халқаро Ибн Сино ўқишлари – илмий-амалий анжумани ўтказилди. Шу муносабат билан "Buxoro grand" меҳмонхонасида журналистлар учун матбуот анжумани ташкил қилинди.

Унда Республика Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Нозимхон Маҳмудов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси вице-президенти, профессор Баҳром Абдуҳалилов, Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Амрилло Иноятовлар иштирок этди.

Анжуманни Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Жамол Носиров кириш сўзи билан очиб, ушбу нуфузли тадбирнинг мазмун-моҳияти хусусида ўз фикрини билдирди. Матбуот анжумани қатнашчилари буюк аллома Абу Али ибн Сино ҳаёти ва фаолияти ҳақида тўхталиб, бу борада батафсил маълумотлар бериб ўтишди. Анжумандан кўзланган асосий мақсад юртимизнинг дунё миқёсида обрўсини янада мустаҳкамлаш, энциклопедик олим Абу Али ибн Синонинг кўп қирралик илмий-маданий меросини ўрганиш ва ютуқларини кўрсатиб бериш, унинг таълимотидаги турли йўналишдаги маърузаларни муҳокама қилиш, халқаро тажриба алмашиш, хорижий илмий институтлар, олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтлари ва Ибн Синошунос олимлар билан бирга истиқболли илмий ва маданий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқишдан иборат бўлди. Тадбирда ушбу мавзуларда фикрлар тингланди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан тўлақонли жавоб олдилар.

ИФТИХОР ВА ҒУРУР

Бухоро заминида бўлиб ўтган IX Халқаро "Ибн Сино ўқишлари" доирасида "Ибн Сино Халқаро мукофоти" билан 4 нафар номзод тақдирланди. Ушбу мукофотлар Ибн Сино жамоат фонди, Тошкент фармацевтика институти, франциялик профессорлар Рашид Рошди ва Данниеля Жакартларга насиб этди. Мазкур юқори даражадаги халқаро совринлар, яъни буюк ватандошимиз Абу Али ибн Синонинг сурати акс эттирилган статуэтка ва дипломни ҳакамлар ҳайъати тантанали равишда ғолибларга топширди.

Марк БОННЕЛ,

Франция Авиценна Ассоциацияси раиси:

– Мана, бир неча йилдирки, халқаро Ибн Сино ўқишларида иштирок этиб келмоқдаман. Мазкур тадбирнинг анъанавий тарзда ўтказиб келинаётганлиги мени ҳайратга солди. Аввало, шуни айтишим керакки, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Абу Али ибн Синони ноёб фазилатлар соҳиби ва машҳур аллома эканлигини таъкидлаб, буюк шахснинг бутун илмий фаолияти дунё тараққиётини инсонпарварлик руҳида, яъни маънавий негизида ривожлантиришга улкан таъсир ўтказади, деб айтишга барча асослар борлигини ўз фикрларида баён этган эди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳам ҳамкорлик борасидаги муҳим қадамлари бу каби тадбирларни янада кенг аудитория ва нуфузли даражада ўтказилаётганлигига замин яратмоқда. IX Халқаро "Ибн Сино ўқишлари" илмий-амалий анжумани ўтган йилдагиларга қараганда мавзулар доираси кенгайтирилиб, йўналишлар атрофлича қамраб олинди. Айниқса, юртингизда Ибн Сино жамоат фондининг олиб бораётган фаолиятларини алоҳида эътироф этмоқчиман. 2016 йилда Францияда ўтказилган анъанавий Ибн Сино халқаро мукофотини таъсис этиш тўғрисидаги йиғилишда "Ибн Сино халқаро мукофоти"га сазовор бўлган эди, жорий йилда ҳам ушбу мукофотнинг насиб этганлиги мамлакатингиз учун яна бир бор фахр бўлди. Яна бир янгилик, Ибн Сино жамоат фонди халқаро мукофотини таъсис этиш ҳакамлар ҳайъати қаторига киритилди.

Анжуманда Буюк Британия, Германия, Исроил, Ҳиндистон, Туркия ва Франциядан таниқли олимлар иштирок этдилар. 24 нафар олим, 11 нафар хорижий маърузачи Абу Али ибн Синонинг эътирофга лойиқ бўлган фаолияти бўйича қизиқарли маърузалари билан қатнашдилар. Тадбирнинг биринчи кунида тарихий обидалари-ю буюк алломалари билан машҳур – Бухоро шаҳрига ташриф буюрган чет эллик меҳмонлар ҳамда юртимиздаги соҳа мутахассислари буюк аллома туғилган Афшона қишлоғини зиёрат қилиб, тиб илмининг даҳоси Ибн Сино ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди. Шунингдек, Ибн Сино музейига ҳам ташриф буюришди. Сўнгра Бухоро шаҳридаги "Кўҳна ва боқий Бухоро" маданий марказида халқаро анжуманнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Эътирофлиси шундаки, "Ибн Сино илмий-маданий меросининг аҳамияти ва унинг фан тараққиётидаги ўрни" мавзусидаги IX Халқаро Ибн Сино ўқишлари – илмий-амалий анжуманида Абу Али ибн Синонинг тиббиёт, маърифат ва маънавият тамойилларига асосланган мероси ҳақида сўз борар экан, бевосита унинг болаликдан истеъдодли, хотираси кучли, ўткир зеҳнли бўлганлиги ва Ўзбекистон ана шундай алломалар юрти эканлиги ҳар бир иштирокчи қалбида ифтихор туйғусини уйғотди. Халқаро анжуманда қатнашган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Эльмира Боситхонова улуғ зот Абу Али ибн Синонинг бой илмий меросига тўхталар экан, унинг тенгдошларидан илм борасида зукко бўлиб, 10 ёшидаёқ Қуръони Каримни бошдан оёқ ёд олганлигини, 13 ёшидан эса бошланғич математика, мантиқ, фалсафа илмлари билан шуғуллангани хусусида ўз фикрларини баён этди. Сўнгра Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев сўзга чиқиб, аввало, дунё миқёсида ўзининг тиббий ва илмий-амалий истеъдоди билан машҳур бўлган Абу Али ибн Сино туғилиб ўсган гўшада IX Халқаро "Ибн Сино ўқишлари" анъанавий тарзда ўтказилаётганлиги бу, албатта, мамлакатимизнинг бой ва маънавий тарихига эътибор рамзи эканлигини таъкидлади. Ўзбекистон Фанлар Академияси вице-президенти, профессор Баҳром Абдуҳалимов ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Амрилло Иноятовлар ҳам мавзу доирасида ўз фикрларини билдиришди. Яна шуни таъкидлаш муҳимки, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Дендев Бадарчнинг "Авиценна – илм ва технологиялар этикаси", Миллий илмий-тадқиқот маркази директори, франциялик профессор Рашид Рошдининг "Авиценна: эрудит" ва бошқа маърузалар аллома мероси олтин хазина эканини яна бир бор ифода этди.

Рашид РОШДИ,

Франция илмий-тадқиқот маркази директори,

профессор:

– Аввало, айтишим керакки, бундан 40 йил олдин Ўзбекистонга ташриф буюрган эдим. Бу ташрифим мен учун катта таассуротларга бой бўлди. Серқуёш юртингиз гўзаллашиб, таниб бўлмас даражада ҳақиқий истиқлолга эга мустақил давлат даражасига эришибди. Айниқса, Бухоро замини ва унинг самимий инсонларининг чеҳрасидаги табассумию, меҳмондўстлиги мени лол қолдирди. Шунингдек, буюк аллома ҳаёти ва фаолиятига бўлган ҳурмату эҳтиромни кўриб, бу нафақат мамлакатингиз, балки бутун дунё ҳамжамиятида ана шундай инсоннинг илму маърифат бобидаги салоҳиятига яна бир бор тан бердим. Ниҳоятда мазмун ва моҳиятга бой бўлган ушбу халқаро анжуман ҳар бир иштирокчи учун яна бир катта мактаб вазифасини ўтади десам янглишмайман. Қолаверса, тадбирда Турон фанлар академиясининг академиги Абдукарим Усмонхўжаевнинг "Абу Али ибн Синонинг "Ал-Қонун Фит-Тиб" китобининг 1000 йиллигига атаб тайёрланган 5 тиллик – "Абу Али ибн Синонинг қомусий луғати" мавзусидаги маърузаси мени ҳайратда қолдирди. Шуни ҳам айтмоқчиманки, бу каби қомусий луғат дунё миқёсида йўқ эди. Мен ушбу китобни юқори баҳолайман. Эътирофим шундаки, давлатингиз раҳбарининг ана шундай салоҳиятли фаолиятларга кенг йўл очиб бераётганлигининг ўзи Ватанингиз равнақи янада юксалишидан далолат бериб турибди.

Бухоро заминида бўлиб ўтган IX Халқаро "Ибн Сино ўқишлари" доирасида "Халқаро Ибн Сино мукофоти" билан 4 нафар номзод тақдирланди. Албатта, бу каби масъулиятли танловнинг одилона баҳоланишининг ўзи бўлгани йўқ. Совриндорларни тақдирлаш учун Франциядан ушбу халқаро мукофот таъсисчилари Франция тиббиёт академияси президенти Клод Джаффиол, "Med-21" Халқаро ассоциацияси президенти, профессор Муҳаммад Нодир Азиза, Франциядаги Авиценна ассоциацияси раиси Марк Боннелдан иборат ҳакамлар ҳайъати ташриф буюрдилар. Фахрий мукофотлар Ибн Сино жамоат фонди, Тошкент фармацевтика институти, франциялик профессорлар Рашид Рошди ва Данниеля Жакартларга насиб этди. Ушбу мукофотни ҳакамлар ҳайъати тантанали равишда ғолибларга топширдилар. Шунингдек, Исроилдаги Халқаро Ибн Сино жамоат фондининг президенти Михаэл Сач (Исроил) буюк мутафаккир Абу Али ибн Сино қолдирган бебаҳо меросга юксак баҳо бериб, Ўзбекистон тиб илмини дунёга машҳур қилган сиймо олдида таъзим бажо айлаб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Ибн Сино жамоат фондига Исроил давлатидан олиб келинган фахрий мукофотларни тақдим этди.

Куннинг иккинчи ярмида Ибн Сино таълимотининг намоёндалари бўлмиш хорижлик ва маҳаллий мутахассислар томонидан анжуман доирасидаги мавзулар бўйича маърузалар тингланди. Тадбирнинг иккинчи кунида иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда маҳорат дарсларини олиб боришди.

Михаэль САЧ,

Исроилдаги Халқаро Ибн Сино фонди президенти:

— Аввало, Ўзбекистонга ташриф буюриб, улуғ зот Абу Али ибн Сино туғилиб ўсган Бухоро шаҳри билан танишиб, у таваллуд топган Афшона қишлоғида қад кўтарган унинг ҳайкалига таъзим бажо айлаганим, шунингдек, музейдаги ташрифим ушбу аллома ва бутун ўзбек халқига бўлган ҳурматимни янада оширди. Дарҳақиқат, инсон ақли турли фанларни ўрганиш ёрдамида бойийди, ривож топади. Бунда асосан мантиқ илмига катта эътибор қаратади. Аслини олганда ақл ҳар қандай билим ва амалий фаолиятнинг муҳим мезони сифатида талқин этилади. "Ақл тарозисида ўлчанмаган ҳар қандай билим, чин бўла олмайди. Демак, у ҳақиқий билим эмас", деб ёзади Ибн Сино. Зеро, ижтимоий-гуманитар ва табиий фанлар ривожига асос солган Абу Али ибн Сино ўзининг "Китоб аш-шифо", "Донишнома", "Ал-қонун Фит-Тиб" (Тиб қонунлари) китоби 5 боб, 14 жилддан иборат бўлган. "Рисолат ат-Тайр" асарлари билан илм аҳлини лол қилган. Эътироф этмоқчиманки, Ибн Синонинг фалсафий, филологик таълимотларини чуқур ўргандим. Тарғиботи бўйича олиб борилаётган ишлар ниҳоятда кенг ва ибратлидир. Икки кун давомида ўтказилган халқаро анжуманда иштирок этган соҳа вакилларининг маърузаларини тинглар эканман, бундай буюк алломанинг бой мероси дунё ҳамжамиятидан ўзига хос ўрин эгаллаганлигига яна бир бор гувоҳ бўлдим.

Ибн Сино жамоат фонди IX Халқаро "Ибн Сино ўқишлари" доирасида Абу Али ибн Сино номли Бухоро давлат тиббиёт институти, "DR. Mardon Group" фармацевтик холдинг компанияси ҳамда Ўзбекистон фанлар академияси қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Абдукарим УСМОНХЎЖАЕВ,

Турон фанлар академиясининг академиги:

– Мозийдан садо деган тушунча замирида тарихни сўйлагувчи ҳақиқат ётади. Бу билан нима демоқчиман? Жаннатмонанд юртимиз ўзининг қанчадан-қанча улуғ алломалари билан дунёни ҳайратга солган. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов илм-фанга тамал тошини қўйиб кетган аждодларимиз руҳини шод айлаб, уларга юксак эҳтиром кўрсатган ҳолда дунё тамаддунига олиб чиқди. Шундай экан, ҳукуматимиз томонидан бу каби эзгу ишларга эътибор ниҳоятда кучайиб бормоқда. Мазкур ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманда хорижий давлатлардан иштирок этган Ибн Синошуносларнинг маърузасини тинглар эканман, буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино бўйича олиб борган илмий-тадқиқотлари ва унинг сиймосига бўлган эҳтиромларини кўриб фахрландим. Шу ўринда айтишим жоизки, Ибн Сино тиббиётнинг порлоқ қуёши эканлигини маърузамда такрор ва такрор айтиб, 5 тиллик қомусий луғат сифатида тайёрланган китобим тўғрисида ўз фикрларимни баён этдим. Анжуман ниҳоятда кенг қамровли бўлиб, иштирокчилар, қолаверса, етуклик сари интилаётган ёшлар ҳаёти ва фаолиятида ибрат вазифасини ўташига ишончим комил.

Амрилла ИНОЯТОВ,

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ректори:

– Бундай нуфузли халқаро илмий-амалий анжуманнинг кўҳна Бухоро шаҳрида ўтказилганлиги биз учун фахр бўлди. Ҳар бир давлатдан келган мутахассислар фикрини тинглар эканмиз, буюк бобокалонимиз Ибн Сино ҳаёти ва фаолиятига бўлган таъриф ва чуқур эҳтиромлар қалбимизни янада қувонтирди. Шунингдек, Буюк Британия ва Германиядан ташриф буюрган меҳмонларимизнинг институтимизда бўлганлиги ва фаолиятлар билан танишганлиги уларда катта таассурот уйғотди. Бунинг баробарида хорижликлар томонидан ўқитувчи-профессорлар ва талабалар ўртасида маҳорат дарсларининг олиб борилганлиги уларнинг назарий ва амалий билимларини янада оширди. Тадбир доирасида Ибн Сино жамоат фонди билан меморандум имзоладик. Бундан асосий мақсад, буюк алломанинг кўп қиррали меросини ҳамкорликда ўрганишдан иборатдир.

Кескинбара ҚОДИРЖОН,

Туркиядаги Бахчешеҳир университети профессори:

– Анжуманнинг аҳамиятли томони шунда бўлдики, дунё маърифий-маънавий тамаддунига катта ҳисса қўшган энциклопедист олим Абу Али ибн Синонинг бой маданий меросини бутун дунё тан олганлиги яна бир бор ўз исботини топди, десам хато бўлмайди. Туркияда алломанинг асарлари ва уларга оид янги илмий нашрлар деярли ҳар йили чоп этилади. Уларнинг айрим намуналарини Бухоро давлат тиббиёт институтига туҳфа қилдик. Айниқса, Турон фанлар академиясининг академиги Абдукарим Усмонхўжаевнинг "Абу Али ибн Синонинг "Ал-Қонун Фит-Тиб" китобининг минг йиллигига атаб тайёрланган беш тиллик (арабча, инглизча, русча, ўзбекча ва лотинча) – "Абу Али ибн Синонинг қомусий луғати ҳақидаги маърузаси" менда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу луғавий китоб беш тилда бўлса, унинг ёнига турк тилини киритиш таклифим бор.

Ҳабибулла ЖАЛИЛОВ,

Тошкент фармацевтика институти ректори, профессор:

– Куни кеча институтимизнинг 80 йиллик юбилейини нишонладик. Фармацевтика тарихига назар ташласам, қанчадан-қанча илмий салоҳият йўлида ўзларининг бой меросларини мангуга муҳрлаган, айни пайтда астойдил меҳнат қилиб, янгилик сари интилаётган профессор-ўқитувчилар ва ёш олимлар шижоатини кўриб, хурсанд бўлдим. Шарқ табобатида ўзининг ўчмас изини қолдирган Ибн Сино бобомизнинг мактабини давом эттирар эканмиз, бунинг қанчалик моҳиятга эга эканлигини ушбу анжуманда янада чуқур англаб етдим. Мазкур тадбирда институтимиз "Ибн Сино халқаро мукофоти"га муносиб кўрилганлиги олий даргоҳимизнинг 80 йиллигига муносиб туҳфа бўлди. 2017 йилнинг 25 мартида Ибн Сино жамоат фонди билан ҳамкорлик битимини имзоладик. Айни кунда фонд билан биргаликда "Ўзбекистонда ўсадиган доривор ўсимликлар атласини яратиш" устида ишлар олиб борилмоқда. Албатта, бунга Ибн Сино ишлатган доривор ўсимликлар ҳам киради.

Саид Зиллур РЕХМАН,

Ҳиндистон Ибн Сино Академияси президенти:

– Ўзбекистон заминида ўтказилган IX "Ибн Сино ўқишлари" – халқаро илмий-амалий анжуманини юқори баҳолайман. Чунки ушбу тадбир доирасида қамраб олинган мавзулар ўзининг хилма-хиллиги билан ажралиб турди. Бунинг баробарида Афшона қишлоғида қад кўтарган Ибн Сино ҳайкали ва унинг музейида бўлганлигим буюк алломанинг сиймоси янада ёрқинлигини кўрсата олди. Музейдаги экспонатлар билан танишар эканман, кўз олдимда қомусий олимнинг халқ саломатлиги йўлида олиб борган изланишлари ва унинг натижасидаги ютуқларни кўриб, мамнун бўлдим. Албатта, халқингиз ўзининг ана шундай аждоди билан ҳар қанча фахрланса арзийди.

Нозимхон МАҲМУДОВ,

Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси:

– Анжуман ўзига хос кўтаринки кайфиятда ўтди. Мазкур тадбирда жамоат фондимизга халқаро мақом бериш, унинг чет давлатларда ваколатхоналарини очиш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, Ибн Сино гуруҳини тузиш, 2019 йилда Бухорода Халқаро "Ибн Сино ўқишлари"ни ташкиллаштириш йўналишларини олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Фахр билан айтмоқчиманки, мазкур анжуманда Ибн Сино халқаро мукофотини таъсис этишдаги ҳайъат аъзолигига Ибн Сино жамоат фондининг киритилиши, бу албатта, фонд ва ўзбекистонлик Ибн Синошунос олимларга берилган юқори баҳо, деб биламан.

Ибодат СОАТОВА.

Суратлар муаллифи Акром АБДУЛЛАЕВ.

№ 49, 01.12.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.