Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Эътироф

ЭЪТИБОР ВА ЭҲТИРОМ ИФОДАСИ

Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Ўзбек Миллий академик драма театрида тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат, жамоат, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, шифокорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов кириш сўзи билан очиб, Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз тиббиётида эришилган натижалар ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида сўз юритди. Жумладан, ўтган қисқа вақт мобайнида тизим фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган қарор ва фармонлар ҳамда улар ижросини таъминлаш борасидаги изчил ишлар тўғрисида тўхталиб, сана муносабати билан соҳа ходимлари меҳнатини эътироф этди. Айтиш жоизки, бу йилги байрам тадбири ҳар галгидан ҳам янада юқори савияда ўтказилди. Нуфузли анжуман аввалида соҳа ривожига кўп йиллик фидокорона меҳнатлари билан муносиб ҳисса қўшиб, эл ҳурматига сазовор бўлган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари – Ўзбекистон Қаҳрамонлари, академиклар, Давлат мукофоти лауреатлари, фахрийлар ҳамда тиббиёт ривожида астойдил меҳнат қилиб келаётган ҳамкор вазирликларнинг вакилларига алоҳида ҳурмат кўрсатилди.

Зайниддин

НИЗАМХОДЖАЕВ,

Ўзбекистон

Қаҳрамони, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси:

– Тиббиёт шундай соҳаки, ундаги ҳар қандай қарорнинг замирида инсон тақдири ётади. Бу касб эгалари зиммасида доимо улкан масъулият туради. Айни вақтда соҳада қанчадан-қанча Ўзбекистон Қаҳрамонлари, академик, олим, профессор, фан докторлари ва ўз касбининг фидойилари фаолият олиб бормоқда. Ҳозирга қадар улар иштирокида амалга оширилган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар аҳоли саломатлигини таъминлаш баробарида, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда. Бугун Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш масаласига қаратилаётган эътибор эса мазкур фаолиятларни янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда. Эътирофлиси шундаки, тиббиётнинг ҳар бир йўналиши Юртбошимиз назаридан четда қолаётгани йўқ. Хусусан, халқимизни арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, бирламчи бўғин фаолиятини янада яхшилаш, хусусий сектор, ихтисослашган малакали тиббий ёрдамни ривожлантириш ва тиббий таълим тизимини замон талаблари даражасида ташкиллаштиришга оид қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ҳамда улар ижроси фикримизнинг ёрқин ифодасидир. Ёки шу вақтга қадар хориж клиникаларида фаолият юритиб келаётган 50 нафардан ортиқ ўзбекистонлик мутахассиснинг юртимизга қайтиб фаолият юритаётганликлари, ҳудудларда аҳолига яқинлаштирилаётган ихтисослашган тиббий ёрдамларнинг тўғри йўлга қўйилаётганлиги, бу албатта, давлатимиз раҳбарининг инсон саломатлиги ва унинг турмуш фаровонлигига қаратилган эзгу мақсадидир. Бугунги анжуман эса соҳадаги чинакам фидойилар меҳнатининг муносиб эътирофи бўлди.

Акрам ФАЗИЛОВ,

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти

ультратовуш диагностикаси кафедраси мудири,

"Йилнинг энг яхши профессори" номинацияси 2-ўрин соҳиби:

– Бугунги кунда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани барчамизни қувонтиради. Мана, мазкур тадбирда таъкидланганидек, ўтган вақт мобайнида давлатимиз раҳбари соҳа мутасаддилари билан бир неча бор йиғилиш ўтказиб, тизим фаолиятини янада такомиллаштириш борасида алоҳида кўрсатмалар, қимматли таклифлар берди. Шунингдек, бугунга қадар соҳани комплекс ривожлантиришга қаратилган ўттиздан ортиқ фармон ва қарорлар эълон қилинди. Бундан кўриниб турибдики, тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалалар Президентимизнинг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда. Олиб борилаётган илмий изланишлар, хорижий мутахассислар билан ўзаро тажриба алмашишлар учун барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Ҳудудларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш мақсадида жойларда ишлаш ташаббуси билан чиққан етакчи мутахассислардан 134 нафари вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказлари ҳамда даволаш муассасаларига юборилди. Айтиш муҳимки, бу ислоҳот соҳа ривожини таъминлашга қаратилган энг мақбул тажриба ва бу, албатта, ўзининг ижобий самарасини беради. Кўрсатилган эътибор ҳамда билдирилган ишонч учун миннатдорман.

Тиббиётимизнинг яна бир ютуғи

Жорий йилда фан ва техника йўналишида мамлакатимизнинг биринчи даражали Давлат мукофотига Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази илмий бўлим раҳбари, профессор Флора Иноятова, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Дилором Аҳмедова, марказ профессори, ТошПТИ кафедра мудири ва тиббиёт фанлари доктори Шавкат Амоновларнинг тадқиқоти лойиқ деб топилган бўлса, иккинчи даражали Давлат мукофоти эса профессор Мирзағолиб Тиллашайхов, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош фтизиатри, тиббиёт фанлари доктори Наргиза Парпиева, тиббиёт фанлари номзоди Вера Белоцерковецларга насиб этди. Бу албатта, Ўзбекистон тиббиётининг юксак мувафаққиятидир.

Мазкур тадбирнинг

"Йилнинг энг яхши шифокори" кўрик-танловида 13 та номинация бўйича

ғолиб бўлганлар аниқланди:

"Йилнинг энг яхши умумий амалиёт шифокори";

"Йилнинг энг яхши тез тиббий ёрдам шифокори";

"Йилнинг энг яхши санитария-эпидемиология хизмати ходими";

"Йилнинг энг яхши врач-лаборанти";

"Йилнинг энг яхши соғлиқни сақлаш ташкилотчиси";

"Йилнинг энг яхши жарроҳи";

"Йилнинг энг яхши акушер-гинекологи";

"Йилнинг энг яхши педиатри";

"Йилнинг энг яхши терапевти";

"Йилнинг энг яхши профессори";

"Йилнинг энг яхши доценти";

"Йилнинг энг яхши ўқитувчиси";

"Йилнинг энг яхши илмий ходими".

Эшпўлат МАҲМУДОВ,

Сурхондарё вилояти Бойсун тумани тиббиёт бирлашмаси

6-қишлоқ оилавий поликлиникаси умумий амалиёт шифокори,

"Йилнинг энг яхши умумий амалиёт шифокори" номинацияси

2-ўрин соҳиби:

– Тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида бугун юртимизнинг энг чекка ҳудудларида яшаётган аҳоли ҳам сифатли тиббий хизматлардан баҳраманд бўлмоқда. Жумладан, тадбирда айтиб ўтилганидек, биргина бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштиришга оид қарор ижросида 793 та қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникалари, 441 та тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилди. Уларда яратилаётган имкониятлар шаҳарникидан асло фарқ қилмайди, шу билан бирга, 658 та қишлоқ врачлик пункти биноси хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун шифокорларга берилди. Қишлоқ оилавий поликлиникаларида 5 турдаги ва Тошкент шаҳар оилавий поликлиникаларида 10 турдаги тор соҳа мутахассислари фаолияти таъминланди. Демак, энди фақат ишлашимиз керак, Президентимиз таъбири билан айтганда халқимизнинг розилигини олишимиз зарур. Бугунги фаолиятларимиз айни шу мақсадга қаратилган. Ўтган қисқа вақт ичида амалга оширилган ишлар ва олдинда турган вазифалар фикримизнинг ёрқин ифодасидир. Ҳозирга қадар бирор бир натижага эришган бўлсак, бу аввало, мамлакатимиз тиббиётининг ютуғидир. Келгусида бажариладиган ишлар эса соҳа истиқболини белгилаб беради. Кўрсатилган рағбат учун ўз миннатдорлигимни билдираман, ва албатта, халқимиз олдидаги бурчимиз ҳамда касб масъулиятига жиддий эътибор қаратамиз.

Рабига САЙВУЛЛАЕВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри

4-оилавий поликлиникаси умумий амалиёт шифокори,

"Йилнинг энг яхши педиатри" номинацияси

1-ўрин соҳибаси:

– Бугун мамлакатимизда тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор соҳа тараққиётини янги босқичга олиб чиқмоқда десак, муболаға бўлмайди. Амалдаги ислоҳотлар эса аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда. Бундан нафақат халқимиз, балки тиббиёт ходимлари ҳам мамнундир. Сабаби, яратилаётган шарт-шароитлар эвазига ишимиз самарадорлиги ошиб, кўзланган мақсадларга эришишимиз осон кечмоқда. Ҳали олдинда қилиниши лозим бўлган ишларимиз жуда кўп, шундай бўлсада бугун камтарин фаолиятимиз давлатимиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юқори баҳоланди. Бу биз шифокорлардан касбимизга нисбатан фидойилик, ўз устимизда тинимсиз ишлаш, энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги фаолиятимизга янада масъулият билан ёндашишни талаб этади. Бундан кейинги шиоримиз: аҳоли саломатлиги – шифокор муваффақияти, мазмунидаги олий мақсаддан иборат бўлади.

Дилупархон ФОЗИЛОВА,

Андижон вилояти Пахтаобод туман тиббиёт бирлашмаси

кўп тармоқли поликлиникаси врач-терапевти,

"Йилнинг энг яхши терапевти" номинацияси

3-ўрин соҳибаси:

– Фаолиятим мобайнида халқимизга фойдам теккан бўлса, мен бундан беҳад бахтиёрман. Аслида биз шифокорларга бу даражадаги рағбат, эътироф эмас, беморлар ёки маслаҳатимиз сингган одамларнинг раҳмати, меҳнатимиздан розилиги энг юксак мукофотдир. Тиббиёт муассасамизда ҳам давлатимиз раҳбари илгари сураётган мақсад-вазифалар асосида ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, аҳоли саломатлиги муҳофазасини таъминлашда талаб этиладиган замонавий асбоб-ускуналар, янги технологиялар келтириб ўрнатилган. Бундан ташқари, ислоҳотлар самарасида она ва бола саломатлигини яхшилаш йўлида туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофазалаш бўйича муовини лавозимини жорий этиб белгиланганлиги тизим муваффақиятидир. Шунингдек, мутахассислар малакасини мунтазам ошириб бориш бўйича ҳам зарурий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, унга кўра, ходимлар малака оширишга ҳудуд аҳолисининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб йўналтирилади. Шунингдек, жойларга борилиб, чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказиб келинади. Касбимиз мазмун-моҳиятидан яхши англаймиз, халқимиз саломатлиги – юртимиз бойлигидир. Шу боис, мамлакатимизда соҳага, тиббиёт ходимлари фаолиятига қаратилаётган эътибордан миннатдормиз. Ушбу рағбатни эса масъулият деб қабул қиламиз.

Ирода САЪДУЛЛАЕВА,

Бухоро давлат тиббиёт институти болалар

касалликлари ва неонатология кафедраси таянч докторанти,

"Йилнинг энг яхши илмий ходими" номинацияси

1-ўрин соҳибаси:

– Соҳага қаратилаётган эътибор ва унинг доирасида олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бирдек амалга оширилмоқда. Биргина ўз фаолиятимдан келиб чиқадиган бўлсам, муассасамизда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит мавжуд. Айниқса, биз каби ходимларнинг илмий изланишлар билан шуғулланишига ҳам имконият яратилган. Бундан ташқари, хорижий клиникаларнинг етакчи мутахассислари билан ҳамкорликда мураккаб операциялар ўтказилди. Мазкур фаолиятлар муассасамиз шифокорларининг ўз тажрибаларини бойитиш ҳамда янгича маҳорат ва даволаш усулларини эгаллашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Очиғини айтсам, ушбу танловда иштирок этиб фахрли ўринни қўлга киритаман деб ўйламагандим. Буни қарангки, камтарона меҳнатимни 1-ўринга лойиқ кўришибди. Бундан беҳад хурсандман. Мазкур мукофотда бутун жамоамизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Билдирилган ишонч учун миннатдорлигимни изҳор этаман.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида тиббиёт соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар моҳиятида, аввало, инсон саломатлиги ва манфаатлари мужассам эканлигини таъкидлаб, халқимизнинг сифатли тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш, тиббиётни аҳолига янада яқинлаштириш, ҳудудлардаги муассасаларда зарурий шарт-шароитни яратиб бериш устувор масалалардан бирига айланганлигини айтиб ўтди.

Жорий йил соҳада амалга оширилган ишлар самарадорлиги хусусида сўз юритганда яна бир муҳим йўналиш – миллий эмлаш дастури борасида эришилган натижаларга тўхталиш лозим. Айтиш муҳимки, бу йил юқумли касалликларга қарши эмлаш учун сарфланадиган маблағлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қопланди. Аниқроғи, 2017 йил учун 42,3 миллиард сўм маблағ ажратилди. Эмлаш даражаси 99,5 фоизни ташкил этди. Келгуси йилдан бошлаб жаҳонда биринчилардан бўлиб ўсмир қизларни папиллома вирусига қарши эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш йўлга қўйилади. Бу ўз ўрнида аёллар ўртасида онкологик хасталикларнинг олдини олиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, халқимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб масалалардан бири тез тиббий ёрдам хизмати, тизимни керакли дори воситалари билан таъминлаш ҳамда автотранспорт билан боғлиқ муаммолар ижобий ечим топди. Шунингдек, ихтисослаштирилган тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш, бунинг учун Республика ихтисослаштирилган марказларнинг вилоятларда филиалларини ташкил этиш ишлари ҳам жадал олиб борилди. Сил, психиатрия, тери-таносил, онкология хасталиклари бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқилди. Хусусий тиббиёт муассасалари шуғулланиши мумкин бўлган тиббий ихтисослик турлари 50 тадан 126 тага кўпайтирилди. Таъкидлаш керакки ушбу фаолиятлар ижроси ва самарадорлигида Президентимизнинг мазкур тармоқларни янада такомиллаштириш бўйича қабул қилган фармон ва қарорлари дастуриламал бўлди. Шуни ҳам эътироф этиш зарурки, яна бир муҳим янгилик – мамлакатимиз тиббиёти тарихида илк бор трансплантология бўйича замонавий операцияларни амалга оширишга тайёргарлик кўрилаётганидир.

Табиийки, давлатимиз соғлиқни сақлаш тизими замон билан ҳамнафас ривожланмоқда. Эришилган натижалар мамлакатимиз тиббиёти истиқлол одимлари билан жадал ривожланаётганидан далолатдир. Бугунги ислоҳотлар эса давр талаби, энг муҳими, халқимиз манфаатларидан келиб чиқиб белгиланмоқда. Амалга оширилаётган ҳар бир жараёнда бевосита аҳолининг фикр ва муносабати инобатга олинаётгани, улар билан мулоқотларда давом эттирилаётгани юртимизда, аввало, инсон манфаатлари эътиборда эканлигининг ёрқин ифодасидир. Ўз ўрнида тизим равнақи ва соҳа ходимларининг меҳнати, фаолияти ҳукуматимиз томонидан давлат даражасида қадрланмоқда. Буни "Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида"ги Қонунга асосан, ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда Тиббиёт ходимлари куни сифатида кенг нишонланиб келинишида ҳам кўришимиз мумкин.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А. Юнусходжаев иштирок этди.

Ҳа, қайд этиб ўтганимиздек, эришилган ютуқлар соҳа тараққиётини белгилаб беради. Бироқ, ҳали олдинда қилиниши зарур бўлган вазифалар ҳам талайгина. Сабаби, бирламчи тизим, айниқса, қишлоқ жойларда тизимли патронаж қамрови сифатини яхшилаш, муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш сингари вазифалар мавжуд. Кўрсатилган ҳурмат ва эҳтиром соҳа вакилларини янада изланиш, тажриба ҳамда маҳорат орттиришга бўлган интилишларини кучайтириши шубҳасиздир.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

Суратлар муаллифи Акром АБДУЛЛАЕВ.

№ 48, 17.11.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.