Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Эътироф

ФАРМАЦЕВТИКА: кеча, бугун, эртага

Ёшларнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этамиз.

Шавкат МИРЗИЁЕВ.

Бугунги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий тараққиёт йўлимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар жараёнида Тошкент фармацевтика институтининг ҳам алоҳида ўрни бор. Бу йил мазкур институт ташкил топганига 80 йил тўлди.

Эътиборли жиҳати, институт ўтган давр мобайнида кўплаб юқори малакали, илмий салоҳиятга эга соҳа мутахассисларини тайёрлашда мактаб вазифасини ўтади, қолаверса инсонлар саломатлиги учун ўта муҳим ҳисобланган дори воситаларини амалиётга жорий этишда ўзига хос тарихий даврни бошлаб берди ва ўзбек фармацевтикасини жаҳонга танитди.

ИНСТИТУТ РАҚАМЛАРДА

Бугунги кунда "Фармация" ва "Саноат фармацияси" факультетлари таркибида фаолият кўрсатаётган 14 та кафедра, 2 та лаборатория ва бошқа бўлимлар мавжуд бўлиб, бакалавр йўналишлари бўйича 2054 нафар, магистратура йўналишлари бўйича 68 нафар талаба таҳсил олмоқда. Институтда 221 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритиб, улардан 35 нафари фан доктори, профессор, 97 нафари эса фан номзоди, доцент сифатида талабаларга сабоқ бериб келмоқдалар. Шундан илмий салоҳият йўлида олиб борилаётган изланишлар 60 фоизни ташкил этади.

Ҳабибулла ЖАЛИЛОВ,

Тошкент фармацевтика

институти ректори:

– Маълумки, Тошкент фармацевтика институти республикамизда ягона ўқув даргоҳларидан бўлиб, бу ўз навбатида юксак илмий-педагогик салоҳиятга эга, илм олишнинг кенг имконияти, халқаро алоқалар тараққий топган, малакали мутахассисларни тайёрловчи олий ўқув муассасасининг замонавий кўринишидир. Сўнгги йилларда институт янада чиройли, файзли бўлиб, яхши анъаналар йўлга қўйилди, унинг моддий-техник базаси яхшиланди.

Инсон саломатлигини сақлаш тиббиёт ходимлари қатори фармацевтларга ҳам катта масъулият юклайди. Ҳозирги кунда ножўя таъсири кам, табиий хом ашёдан тайёрланган дори воситаларини яратиш эса соҳамиз олдида турган долзарб вазифалардан биридир. Мазкур масалаларни ечиш давомида биз доимо изланиш, инновацион ривожланиш йўлидан боряпмиз.

Тарихга бир

назар...

Тошкент фармацевтика институти расман собиқ Иттифоқ Соғлиқни сақлаш комиссарлигининг 1937 йил 16 июлдаги 155-сонли буйруғи билан Тошкент тиббиёт академиясининг алоҳида кафедралари асосида ташкил этилган. Институт ўз фаолиятини 1937-1938 ўқув йилидан 63 нафар талабани 1-курсга қабул қилиш билан бошлаган. Институтнинг биринчи битирувчилари 1941 йилда 37 нафар провизорлардан иборат бўлиб, шулардан фақат 2 нафари ўзбек миллатига мансуб кадрлар бўлган. 1941-1942 ўқув йилида Тошкент фармацевтика институти профессор-ўқитувчилари штати 38 нафар ходимдан иборат бўлиб, улардан 5 нафари профессор, 7 нафари доцент ва 9 нафари фан номзоди бўлган. Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан собиқ Совет иттифоқининг ғарбий ҳудудларидаги стратегик объектлар ва уларда фаолият юритувчи мутахассислар, шу жумладан, олий таълим муассасалари мутахассислари Ўзбекистонга эвакуация қилинган. Хусусан, улардан профессорлар А. Генгринович, К. Иоффе, З. Манулкин, З. Уманский, Р. Хазанович ва бошқалар институтда иш фаолиятларини бошлаб, деярли ҳаётларининг охиригача ўқув ва илмий ишларда, шунингдек, Ўзбекистонда фармацевт илмий кадрларни тайёрлашда катта ҳисса қўшганлар. Уруш даврида институт қисқа муддатларда жадаллаштирилган ўқув режаларига асосан фронт ва фронт ортида фаолият кўрсатиш учун олий маълумотли мутахассис кадрларни тайёрлаш билан шуғулланган. Бу даврда институтни тугатиб провизор дипломини олган битирувчилар тўғридан-тўғри фронтга, халқимиз тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлида Ватан ҳимоясига отланганлар.

Институтнинг 80 йиллик фаолияти давомида у ерга 17 нафар ректор раҳбарлик қилган. Улардан академик Ё. Тўрақулов, профессорлар М. Азизов, Ҳ. Холматов, Ў. Зокиров Э. Тошмуҳамедов, академик С. Искандаров ва профессор А. Юнусходжаев ва яна бир қанча жонкуяр устозларимиз олий таълим муассасасида ўқув-тарбиявий ва илмий ишларни ривожлантиришда фидойиларча фаолият юритдилар. Шу билан бирга, институтнинг тараққий этиши жараёнида жонкуярлик кўрсатган қатор кафедра мудирлари ва профессорларни алоҳида эслаб ўтишни жоиз деб ҳисоблайман. Булар институт проректори, кейинчалик кафедра мудири, доцент И. Асатов, деканлар, кейинчалик кафедра мудирлари, доцентлар А. Ибодов ва Ў. Аҳмедов, кафедра мудирлари, профессорлар Б. Садриддинов, С. Маҳкамов, А. Муртазаев, Х. Ҳакимов, Х. Алиев, Т. Пўлатова, М. Усуббаев, И. Раҳимова, М. Миролимов, доцентлар А. Усманов, К. Тиллаев, И. Примуҳамедов, Ё. Ёқубов, Э. Маматмусаев, Т. Акбарова, Х. Маҳкамова, М. Аляви, М. Маликов ва бошқалар.

Институтнинг катта тажрибага эга бўлган профессор-ўқитувчилари томонидан фармацевтика олий ўқув юртлари талабалари учун ёзилган дарсликлар, жумладан, "Фармацевтическая химия", "Фармакогнозия", "Технология лекарств", "Лекарственные растения", "Физиология человека с основами анатомии", "Фармакология", "Биологическая химия", "Органическая химия", "Токсикологическая химия" каби қўлланмалар нафақат республикамиз, балки қўшни давлатлар олий таълим муассасаларида ҳам бугунги кунгача қўлланиб қелинаётганлиги аҳамиятлидир.

Истиқлол йилларида

фармацевтикада

янги давр

Ҳар бир даврнинг ўзига хос тарихи бўлганидек, институтнинг бугунги мавқеи, соҳа кадрларига талаб ва ўқув жараёнида бўлаётган янгилик ҳамда ўзгаришлар хусусида тўхталсак, давлатимиз томонидан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш ва уни жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига қаратилган муҳим ислоҳотлар, хусусан, таълим тизимини такомиллаштириш ва соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган бир қанча тадбирлар белгиланиб, амалга оширилмоқда. Ўқув жараёнидаги янгилик ва туб ўзгаришларга эътибор қаратадиган бўлсак, истиқлолимизнинг илк кунлариданоқ республикамизда хусусий дорихоналар тизими ва изчил ривожланаётган фармацевтика саноати барпо этилганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Шунингдек, аҳолини сифатли дори-дармонлар билан таъминлашда 8 мингдан ортиқ дорихона ва уларнинг филиаллари, шу жумладан, 300 га яқин шифохона ички дорихоналари фаолият кўрсатмоқда. Агар мустақилликкача кечган даврда атиги 2 та фармацевтика корхонаси томонидан 20 га яқин номдаги дори воситаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, бугунги кунда республикада 150 дан ортиқ фармацевтика корхоналари тегишли фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга. Улар томонидан 3000 га яқин номдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарилмоқда. Шуниси қувонарлики, Ўзбекистон фармацевтика корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган дори воситалари дунёнинг 30 га яқин давлатларига экспорт қилинмоқда. Бугунги кунда янги замонавий юқори самарадорликка эга бўлган дори воситаларини яратишда Ўзбекистон Фанлар Академияси академик С. Юнусов номидаги Ўсимлик моддалари кимёси институти, академик О. Содиқов номидаги Биоорганик кимё институти, Ўзбекистон Давлат Миллий университетининг алоҳида кафедралари, Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий-текшириш институти ва Тошкент фармацевтика институти томонидан амалга оширилаётган ишлар алоҳида аҳамият касб этади. Бу дори воситаларининг бир қисми республика фармацевт-олимлари томонидан яратилган, шу жумладан, маҳаллий ўсимлик ва минерал хом ашёлар асосида олинадиган оригинал дори воситаларидир. Маълумки, Тошкент фармацевтика институти мустақилликкача фақат дорихоналар учун провизорлар тайёрлаган. Энди эса фармацевтика корхоналарини кадрлар билан таъминлаш мақсадида институтда "Саноат фармацияси" факультети ва унинг таркибида "Саноат фармацияси", "Биотехнология" ва "Метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти" таълим йўналишлари ташкил қилинди.

Бугунги кунда "Фармация" ва "Саноат фармацияси" факультетлари таркибида фаолият кўрсатаётган 14 та кафедра, 2 та лаборатория ва бошқа бўлимлар мавжуд бўлиб, бакалавр йўналишлари бўйича 2054 нафар, магистратура йўналишлари бўйича 68 нафар талаба таҳсил олмоқда. Институтимизда 221 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритиб, улардан 35 нафари фан доктори, профессор, 97 нафари эса фан номзоди, доцент сифатида талабаларга сабоқ бериб келмоқдалар. Шундан илмий салоҳият йўлида олиб борилаётган изланишлар 60 фоизни ташкил этади.

Тошкент фармацевтика институти мустақилликкача фақат дорихоналар учун провизорлар тайёрлаган. Энди эса фармацевтика корхоналарини кадрлар билан таъминлаш мақсадида институтда "Саноат фармацияси" факультети ва унинг таркибида "Саноат фармацияси", "Биотехнология" ва "Метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти" таълим йўналишлари ташкил қилинди.

Кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёж ортди

Тошкент фармацевтика институтини тегишли йўналишлар бўйича тугатган мутахассислар бугунги кунда нафақат республикамиз, балки хорижий давлатларда, шу жумладан, халқаро ташкилотларда фаолият олиб бормоқдалар. Улар қайси ташкилот ва қандай лавозимда бўлмасинлар институтда олган билимлари асосида олий ўқув юрти шуҳратини баланд кўтариб келмоқдалар.

Бугунги кунда институт фармацевтика илми ва фанининг маркази бўлган нуфузли таълим-тарбия, маънавият ва маърифат муассасасига айланди. "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури" талабларига биноан мутахассис меҳнат фаолияти давомида мунтазам равишда ўз устида ишлаши лозим. Институтдаги "Фармацевтлар малакасини ошириш" факультетида олиб борилаётган ишлар (таълим жараёни) замон билан ҳамнафас, ҳозирги кун фармация амалиёти талаблари даражасида ташкил этилган. Республикамизда фармацевтика соҳасида фаолият кўрсатаётган мутахассислар малакасини ошириш учун "Фармацевтлар малакасини ошириш" факультети томонидан 9 та йўналиш бўйича курслар ташкил этилган бўлиб, уларда 2016 йилда 1100 нафар, 2017 йилнинг 9 ойи давомида эса 950 нафар фармацевт замонавий талаблар асосида ўз малакасини оширди. Маълумки, институтимиз республикамизда ягона бўлиб, соҳага кадрлар тайёрлаш билан бирга, ундаги илмий ишлаб чиқариш тараққиётида ҳам бизнинг масъуллигимиз муҳим. Шунинг учун институтдаги мавжуд илмий салоҳиятдан самарали фойдаланиш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ва ишлаб чиқарувчиларга ҳар томонлама ёрдам бериш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси ҳамкорлигида Тошкент фармацевтика институти ҳузурида Дори воситаларини стандартлаш илмий маркази (ДВСИМ) ташкил этилди. Унинг таркибига дори воситаларининг сифатини назорат қилиш ва стандартлаш лабораторияси, илмий-услубий ва ахборот-патент бўлими, дори воситаларини сертификатлаштириш идораси ҳамда замонавий таҳлил услубидаги ўқув-тренинг маркази киритилди. ДВСИМ бугунги кунда соҳадаги илмий-текшириш институтлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарга бевосита амалий ёрдам кўрсатиш билан бирга Ҳиндистон, Германия, Россия, Украина, Австрия, Болгария, Польша ва бошқа давлатларнинг фармацевтик компаниялари ва ташкилотлари билан тегишли шартномалар бўйича самарали ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда. Шу билан бирга, таълим жараёнини ташкил этиш ва илмий тадқиқотларни ўтказишда, шунингдек, давлат гранти бўйича ҳам, кафедралар ушбу марказнинг ноёб жиҳозлари ва асбоб-ускуналари, жумладан Европанинг "Agilent Technologies", "Metler Toledo" ва "Jurgens" каби етакчи фармацевтик компаниялари кўмагида унинг таркибида ташкил этилган ўқув-таҳлил маркази имкониятларидан фойдаланишади. Бугунги кунда ДВСИМ амалга оширган ишлари натижаларига кўра уни фармацевтика соҳасининг замонавий "технопарки" дейиш мумкин.

Динамик ривожланаётган фармацевтика соҳаси бугунги кунда кадрлар тайёрлашга юқори талаблар қўймоқда. Таълим хизматлари буюртмачилари нафақат анъанавий билим ва малакага эга, балки мулоқот психологияси, замонавий ахборот технологиялари, чет тилларини пухта эгаллаган, бошқарув кўникмаларига эга бўлган мутахассисларни кутмоқдалар. Янги воқеликни ҳисобга олган ҳолда Тошкент фармацевтика институтида таълим жараёни ва ўқув-услубий мажмуаларни модернизация қилиш, инновацион таълим усулларини кенг жорий этиш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Фармацевтлар малакасини ошириш факультети томонидан 9 та йўналиш бўйича курслар ташкил этилган бўлиб, уларда 2016 йилда 1100 нафар, 2017 йилнинг 9 ойи давомида эса 950 нафар фармацевт замонавий талаблар асосида ўз малакасини оширди.

Илғор янгиликлар ва илм-фан ютуқлари

амалиётда

Бу жараёнда бунда нафақат маҳаллий фармацевтика фани ва амалиёти ютуқлари, балки чет эл тажрибаси, олий фармацевтика таълимини жаҳон таълими билан интеграциясига ҳам катта аҳамият берилмоқда. Дунёнинг ривожланган мамлакатлари етакчи университет ва олий ўқув юртлари тажрибасини ўрганиш натижасида институтнинг ўқув режа ва дастурлари қайта кўриб чиқилди. Айни пайтда институтда жаҳон фанининг сўнгги ютуқлари, илғор педагогик технологиялар ва амалиётга йўналтирилган таълимга асосланган янги ўқув режа ва дастурлари босқичма-босқич жорий этилмоқда. Янги таълим стандартлари яратилди, янги факультет, йўналиш ва мутахассисликлар ташкил қилинди, нуфузли хориж университетларининг дарсликларидан фойдаланган ҳолда халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий дарсликлар чоп этилди, ўқув жараёнига янги педагогик ва ахборот технологиялари киритилди.

Тафаккурни ривожлантириш – таълимнинг асосий мақсадларидан бири бўлиб қолди. Бу борада институтимизда нафақат маънавият маркази, балки устозлар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Тошкент фармацевтика институтидаги бошланғич ташкилоти, барча профессор-ўқитувчилар жонбозлик кўрсатишмоқда. Фаолиятимиз давомида таълим векторини ёшлар тафаккурини бугунги куннинг шиддат ва глобаллашувига нисбатан мафкуравий иммунитет ҳосил қилишга йўналтириб бормоқдамиз. Негаки, шахсда тафаккур ривожланмаса, шахс ўйлашга, таҳлил қилишга ўрганмаса, ташқи таъсирлар олдида ожиз бўлиб, ўзидаги мавжуд билимлардан ҳам фойдалана олмайди.

ЭЪТИБОР БЕРИНГ

Институт олимлари томонидан синтетик ва табиий бирикмалар, шу жумладан, маҳаллий ўсимлик хом ашёлари асосида юқори самарадорликка эга 20 дан ортиқ дори воситасини яратиш борасида амалга оширилган илмий изланишларни ҳам фахр билан тилга оламиз. Грантлар бўйича бир қатор препаратлар ва озуқага биофаол қўшимчалар ишлаб чиқариш тиббиёт амалиётида ишлатишга жорий қилинди.

Халқаро тажриба ва амалиёт уйғунлиги

Халқаро ҳамкорликка катта эътибор берилмоқда. Малака ошириш ва стажировка учун чет элга институт ёш олимларини юбориш, шунингдек, институт ўқитувчилари учун маъруза ўқиш, маҳорат дарслари ва малака ошириш курсларини ўтказиш учун чет эллик олимларни таклиф этиш йўлга қўйилган. Масалан, 2015-2016 йилларда маъруза ўқиш ва маҳорат дарсларини ўтказиш учун Америка Қўшма Штатлари, Германия, Австрия, Жанубий Корея, Бельгия ва бошқа мамлакатлардан 20 дан ортиқ етакчи олим таклиф этилди. Олийгоҳнинг етакчи илмий-тадқиқот институтлари ва дори воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналар билан инновацион-корпоратив ҳамкорлиги муваффақиятли ривожланиб, бу илмий тадқиқотлар ва уларнинг натижаларини соғлиқни сақлаш амалиётига жорий қилишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Институт 2008 йилдан буён доимий равишда Республика "Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар" ярмаркасида фаол қатнашиб, фахрли натижаларни қўлга киритиб келаётганлиги жамоамиз томонидан амалга оширилаётган ўқув ҳамда илмий фаолиятдаги ютуқлар ифодасидир. Илмий изланишлар натижалари, айниқса, маҳаллий хом ашёлар асосида яратилган янги препаратлар тиббиёт амалиётига фаол жорий этилмоқда. Институт олимлари томонидан синтетик ва табиий бирикмалар, шу жумладан, маҳаллий ўсимлик хом ашёлари асосида юқори самарадорликка эга 20 дан ортиқ дори воситасини яратиш борасида амалга оширилган илмий изланишларни ҳам фахр билан тилга оламиз. Грантлар бўйича бир қатор препаратлар ва озуқага биофаол қўшимчалар ишлаб чиқариш тиббиёт амалиётида ишлатишга жорий қилинди. Ҳозирги кунда таълим муассасасида грантлар асосида бажарилаётган илмий тадқиқот ишларининг умумий қиймати 415 млн. сўмни ташкил этади. Институтимизда "Фармацевтика журнали" 1992 йилдан бошлаб чоп этиб келинмоқда. Шунингдек, институтда DSc.27.06.2017.Far.32.01 рақамли илмий кенгаш фармацевтика фанлари бўйича фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини 15.00.01. – дори технологияси ва фармацевтика ишини ташкил этиш, 15.00.02. – фармацевтик кимё ва фармакогнозия, 14.00.17. – фармакология ва клиник фармакология йўналишлари бўйича диссертация ҳимояси ўтказилади. Институтда маҳаллий доривор ўсимликлар ва координацион бирикмалар асосида оригинал дори воситаларини яратиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш, жорий этилган генерик дори воситаларининг янги такомиллашган технологияларини ишлаб чиқиш, фармацевтик, токсикологик таҳлил усулларини такомиллаштириш, Ўзбекистонда қайд этилган дори воситалари ҳамда тиббий буюмларнинг маркетинг ва фармакоиқтисодий таҳлили, шунингдек, физиологик фаол моддалар, биологик фаол қўшимчаларнинг фармако-токсикологиясини ўрганиш каби устувор йўналишлари бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Жорий йилда республикамизда таълим тизимини такомиллаштириш ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга қаратилган 20 дан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ва уларнинг ижроси бўйича ишлаб чиқилган ҳукумат қарорлари амалиётга жорий этиб келинмоқда. Юқоридаги меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлаш учун институтимиз профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари ва талабалари томонидан қатор тадбирлар амалга оширилишини кўзда тутади.

Таълим жараёнини ташкил этиш ва илмий тадқиқотларни ўтказишда, шунингдек, давлат гранти бўйича ҳам, кафедралар Европанинг "Agilent Technologies", "Metler Toledo" ва "Jurgens" каби етакчи фармацевтик компаниялари кўмагида унинг таркибида ташкил этилган ўқув-таҳлил маркази имкониятларидан фойдаланишади.

Фармацевтика ва

истиқболдаги режалар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги 4947-сонли Фармони билан тасдиқланган "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури"нинг ижросини таъминлаш мақсадида институтда 2017 йил 10 мартда чора-тадбирлар Дастури тасдиқланиб, бу борада мамлакатда турли йўналишлар бўйича ўта муҳим ижтимоий-иқтисодий тадбирларни амалга оширишга йўналтирилгандир. Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти томонидан олий таълим тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларини янада ривожлантириш мақсадида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаб, келгусида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган:

- ривожланган хорижий давлатларнинг турдош олий ўқув юртлари тажрибасига асосан таълим тизимига халқаро стандартларни жорий этиб ўқув режа ва дастурларини янги педагогик технологиялар ҳамда ўқитиш усулларини янгилашни давом эттириш;

- янги авлод ўқув адабиётларини яратиш ҳисобига ўқув-услубий қўлланмалар фондини кенгайтириш, шу жумладан, янги хорижий адабиётларни сотиб олиш, уларни таржима қилиш, ахборот-ресурс маркази фондларини мунтазам такомиллаштириб бориш;

- институт илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, илм-фанни янада ривожлантириш, институт профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш;

- илмий-тадқиқот ишлари натижалари асосида маҳаллий хом ашёлардан олинган импорт ўрнини босувчи, экспорт салоҳияти юқори бўлган, рақобатбардош, сифатли, юқори самарали ва безарар дори воситаларини саноат миқёсида ишлаб чиқариш ҳамда амалиётга жорий этиш;

- институтнинг маънавий-ахлоқий салоҳиятини ошириш, талаба-ёшларга мустақиллик ғояларига, юксак маънавият ҳамда инсонийликнинг миллий анъаналарига содиқлик руҳини чуқур сингдириш, уларда ёт ғоя ва мафкураларга нисбатан иммунитет ҳамда танқидий тафаккурни мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли маърифий-тарбиявий ишларни олиб бориш;

- замонавий ўқув ва лаборатория асбоблари, компьютер техникаси ҳамда ўқув-методик қўлланмалар билан жиҳозлаш орқали институтнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

- муассаса ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар ва замонавий тўлиқ кучда ишлайдиган дори воситаларининг тажриба-ишлаб чиқариш базасини яратиш;

- институт жаҳоннинг етакчи турдош институтлари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиб, хорижий ҳамкор таълим муассасаларидан юқори малакали ўқитувчи ва олимларни фаол жалб қилиш, уларнинг базасида тизимли асосда муассасамиз магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларининг стажировка ўташларини, профессор-ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш;

- педагог кадрларнинг касб маҳорати сифати ва савиясини узлуксиз юксалтириш, хорижда педагог, илмий ходимларнинг малакасини ошириш ва стажировкасини ўтказиш, олий таълим муассасалари битирувчиларини PhD ҳамда магистратура дастурлари бўйича ўқитиш, қайта тайёрлаш ҳамда малака ошириш марказлари ўқув жараёнларига юқори малакали хорижий олимлар, ўқитувчи-мутахассисларни кенг жалб қилиш.

Институт жамоаси республикамизда олий таълим тизими жадаллик билан ривожлан-тирилаётган даврда давлатимиз раҳбарияти томонидан қўйилган вазифалар ижросини изчиллик билан таъминлаб бориб, ўқув ва илмий ишлар натижаларини фармацевтика ва тиббиёт амалиётига жорий этишда бор имкониятларини сафарбар этадилар.

Зеро, тарих зарварақларидан ўрин олган, жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлган Тошкент фармацевтика институти фаолиятини юксак даражага кўтарган, шогирдлар учун фармацевтика мактабини яратиб кетган, айни пайтда орамизда бўлмаган устозларимиз номларини ҳурмат билан ёдга оламиз. Шунингдек, илм-фан йўлида фидойиларча меҳнат қилиб, кексалик гаштини сураётган фахрийларимиз ҳамда ҳозирги кунда республика фармацевтикасини янада ривожлантиришда катта ҳисса қўшаётган профессор-ўқитувчиларни халқ саломатлиги йўлидаги хизматларини қанча эътироф этсакда оз. Шу фурсатдан фойдаланиб, юртимиз фармацевтларини Тошкент фармацевтика институтининг 80 йиллик тўйи ҳамда тиббиёт ходимларини касб байрамлари билан чин дилдан самимий қутлаб қоламан.

МИЛЛИЙ МАЪНАВИЯТИМИЗ ЙЎЛИДАГИ ТАРБИЯ

Истиқлолимизнинг ўтган даври мобайнида қўлга киритган ютуқ ва натижаларимизни, мамлакатимизнинг салоҳияти ва қудрати, халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бораётгани, туб ислоҳотлар моҳияти ва аҳамиятини кенг кўламда талқин қилиш ва халқаро жамоатчиликка етказишда маънавий тарғиботларнинг роли катта.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 28 июлдаги "Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида"ги Қарори эълон қилиниб, мазкур ҳужжат ижроси маънавий-маърифий тарғиботнинг мазмун-мундарижасини тубдан яхшилаш, уларнинг кўламини кенгайтириш, тизимда фаолият олиб бораётган муассаса ва ташкилотларни мувофиқлаштиришга асос бўлиб келмоқда. Унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида институтимизда маънавий-маърифий ишлар изчиллик билан олиб борилмоқда.

Маънавият – дунёда юз бераётган мураккаб ғоявий-мафкуравий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини ҳар томонлама чуқур ёритиб бориш, терроризм, диний экстремизм, ақидапарастлик, одам савдоси, "оммавий маданият", наркобизнес ва бошқа таҳдидларга қарши самарали кураш воситасидир. Жамиятнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қиладиган лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, оилавий қадриятлар ва ёшлар тарбиясига эътиборсизлик каби ҳолатларга барҳам беришда маънавий-маърифий тадбирлар алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, бу борада мамлакатимизда самарали ишлар амалга оширилмоқда.

"Ўзбекистон Республикасида 2017 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури" бўйича Тошкент фармацевтика институти ҳамда Миробод туман ИИБ ҳамкорлигида талабаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларни маънавий ва жисмоний камол топтиришга қаратилган тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, Ҳаракатлар стратегияси, Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелда қабул қилинган "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорини амалга ошириш бўйича фаолиятлар йўлга қўйилган.

Маънавий-маърифий ишларни ташкил этишда ҳамкор ташкилотлардан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Миллий хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси билан кенг аудиторияда тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Ёшларни мустақил фикрловчи, дунёқараши теран қилиб тарбиялаш, қалбида ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш борасида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ва Хотин-қизлар қўмитаси, Мураббийлар кенгаши билан ҳамкорлик ўрнатилган. Институт ректори, профессор Ҳабибулла Жалилов ташаббуси билан иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий салоҳиятини янада ошириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишни таъминлаш мақсадида 34 та тўгарак ташкил этилган. Жумладан, 21 та илмий, 7 бадиий, ижодий, 6 та спорт тўгараги фаолият олиб бормоқда. Тўгаракларга малакали профессор-ўқитувчилар, фан арбоблари бириктирилиб, улар раҳбарлигида талабаларга сабоқ берилмоқда.

Институтнинг маънавий-маърифий иш режасига биноан ёшларнинг ўзлигини англаши борасида "Буюк алломалар ҳаёти ва ижодий фаолияти ватанпарварлик тарбиясида ибрат манбаи", "Ватанпарварликни чинакам эътиқодга айлантирайлик", "Миллий анъаналаримизни ўрганамиз", "Оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш – улуғ қадрият", "Оила – муқаддас маскан" каби мавзуларда тадбирлар ўтказилмоқда. Кейинги йилларда талабаларга диний экстремизм ва терроризмнинг хавфи ҳақида тушунча бериб бориш ҳамда унга қарши кураш чоралари хусусида ҳам кенг қамровли ишлар бажарилмоқда. "Диний экстремизм, терроризм ва унинг оқибатлари" мавзулари туркумига кирувчи плакатлар, услубий қўлланмалар, видеоролик ва видеотасмалар билан етарли миқдорда таъминланаётганлиги бу борада амалга оширилаётган ишларнинг ёрқин ифодасидир. Шунингдек, Тошкент ислом университети, Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси ва Тошкент шаҳрида жойлашган диний ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. Уларнинг тажрибали мутахассислари ҳар ойда бир маротаба ташриф буюриб, талабаларга ислом динидаги эзгу фазилатлар, тинчлик, биродарлик, одамлар бир-бирига меҳр-мурувватли бўлишлари, ҳар қандай нопок йўлларга кирмаслиги тўғрисида маънавий суҳбатлар олиб борадилар.

Талабалар тураржо-йидаги "Маънавият ва маърифат" маркази хоналари қайта таъмирланиб, замонавий техника воситалари билан жиҳозланди, ҳудудида замонавий "спорт майдони" ташкил этилди. Талабалар ўртасида спорт мусобақаларининг ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилиб, спорт залларига замонавий анжомлар олиб келинди. Бўлим ва "Мураббийлар" кенгаши томонидан ҳар ойда "Маънавият куни" тадбирлари ўтказиб келинади. Талабалар мураббийлари бошчилигида шаҳримизнинг диққатга сазовор жойлари, тарихий ва мустақиллик йилларида барпо этилган масканлар, музейларга ташриф уюштирадилар. Бундан ташқари, 2016 йил "Юрт келажаги" иқтидорли ёшлар республика танловининг Миробод туман босқичида институтнинг бир гуруҳ талабалари иштирок этди ва 6 нафар талабага ҳудудий босқичда иштирок этиш учун йўлланма берилди. "Назм ва наср" йўналиши бўйича институт талабаси Садоқат Тўраева, "Амалий санъат йўналиши" бўйича Бахтигул Раҳимова ва "Веб ишланмалар" йўналишида Муҳаммаджон Матазимовлар 1-ўринни ҳамда "Рационализаторлик таклифи" бўйича Жаҳонгир Насриддинов, "Веб ишланмалар" йўналишида Зуфар Бобоев 2-ўринни ва "Назм ва наср" беллашувида Азимжон Саидов 3-ўринни қўлга киритди. Ғолиб талабалар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси томонидан дипломлар билан тақдирланди.

Тошкент давлат юридик университетида ўтказилган "Тафаккур синовлари" кўрик-танловининг Республика босқичида институт жамоаси иштирок этиб, 3-ўринни қўлга киритди. "Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси" кўрик-танловининг республика босқичида саноат фармацияси факультети 4-босқич талабаси Абдулвоҳид Пазлиддинов иштирок этиб, фахрли 2-ўринни олишга муяссар бўлди. Шунингдек, Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида "Армрестлинг" спорт тури бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида фармация факультетининг 3 ва 4-босқич талабалари Азизулло Хотамжонов, Жавдат Норқуловлар иштирок этиб, А. Хотамжонов IV, Ж. Норқулов VI ўринни эгаллаб, юртимиз ҳамда институтимиз шарафини ҳимоя қилишди.

Албатта, ана шундай ибратли ишларни амалга ошириш ва тинимсиз изланишларда иштирок этаётган ёшлар, шубҳасиз, келажагимиз янада порлоқ бўлиши учун ўз куч ва имкониятларини аямайдилар.

Облоқул ХУДОЙБЕРДИЕВ, институтнинг Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори.

ТАЪЛИМГА ЗАМОНАВИЙ ЁНДАШУВ

Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурининг татбиқ этилиши мамлакатимизда олий таълимни ислоҳ қилиш учун замин яратди. Ушбу дастурнинг ҳозирги учинчи босқичида тўпланган тажриба асосида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш йўллари, шу жумладан, соғлиқни сақлаш тизими учун давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти истиқболларини инобатга олган ҳолда белгиланмокда.

Тошкент фармацевтика институтида ўқув жараёни ва ўқув-услубий фаолиятини модернизациялаш ҳамда инновацион таълим технологияларини жорий этиш режаси 2010 йил 23 апрелда институт ректори томонидан тасдиқланган. Ушбу режа асосида ҳар бир кафедрада фанлар бўйича ўқув-услубий мажмуалар яратиш режалари ишлаб чиқилган. Ўқув жараёни ва услубий фаолиятини модернизациялаш ҳолатини мунтазам равишда назорат қилиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ ташкил этилган. Ушбу ишчи гуруҳ ҳисоботлари Марказий-услубий кенгаш йиғилишларида мунтазам равишда муҳокама этилади.

Институтда мавжуд 6 та таълим йўналиши ва 5 та магистратура мутахассисликларининг ўқув режаларида 108 та фан бўлиб, уларнинг барчасидан ўқув-услубий мажмуалар тайёрланган. Янги классификатор бўйича жорий қилинган магистратура мутахассисликлари 4 та Давлат таълим стандартлари ва 8 та намунавий дастурлар ЎзР ОЎМТВ томонидан тасдиқланиб, ушбу йўриқномалар асосида фанлар ўқув мажмуалари шакллантирилган. Мажмуалар 14-17 номдаги ўқув-услубий ҳужжатларни ташкил этиб, уларнинг электрон нусхалари институт электрон кутубхона базасига жойлаштирилган. Ўқув-услубий мажмуаларининг яратилиш мониторинги институт ўқув бўлими ва ички назорат ҳамда мониторинг бўлими томонидан мунтазам олиб борилади. Мажмуалар ҳолатини яхшилашга қаратилган ўқув-услубий семинарларни ташкил қилиш, тажриба алмашиниш йўли билан талаб даражасидаги мажмуаларни оммалаштириш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, 2016-2018 ўқув йилларидаги талабаларнинг қишки таътили вақтида ўтказиладиган тадбирлар режаси, Марказий-услубий ҳамда илмий кенгаш режаси ва ҳисоботлари. Ўқув-услубий мажмуаларнинг электрон варианти ҳар бир фан бўйича компакт дисклари ёзилди, қоғоз вариантлари эса китоб шаклига келтирилиб, ҳар бир кафедра ва институтнинг ахборот-ресурс марказига топширилди. 15 та маъруза хоналари 3 та электрон доска, 8 та видеопроектор ва 6 та монитор билан жиҳозланган, бундан ташқари, барча кафедрага ўз фанлари бўйича ЎУМ фойдаланиши учун видеопроектор ўрнатилган.

Ўқув режа, намунавий ва ишчи дастурларида белгиланган барча лаборатория ишлари амалда бажарилади. Бунинг учун кафедралар зарур асбоб-ускуналар, кимёвий реактивлар, тажриба ҳайвонлари, виварий ҳамда ахборот технологиялари, институт моддий-техник базасини яхшилаш борасида Хитойнинг фоизсиз кредитлари ҳисобидан 9 та қимматбаҳо ноёб асбоб-ускуна келтирилган ва 12 та кимё-лаборатория хонаси, 5 та физика-лаборатория хонаси замонавий жиҳозлар билан таъминланган.

Белгиланган лаборатория ишлари тўлақонли бажарилишида институт қошида тузилган Дори воситаларини стандартлаш илмий марказидан кенг фойдаланилади. Жумладан, фармацевтик кимё, фармакогнозия, ДТТ каби мутахассислик фанларидан белгиланган лаборатория ишларининг маълум қисми ушбу марказда бажарилади. Марказ замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, Agilent Technologis (Германия) ва Methler Toledo (Швейцария) фирмалари кўмагида ўқув марказ ташкил этилган.

Институтимиз профессор-ўқитувчилари томонидан яратилаётган ўқув адабиётлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Истеъдод" жамғармаси томонидан ўтказиладиган "Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи" кўрик-танловларида иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқда.

Институтдаги кадрлар малакасини ошириш ишлари замон билан ҳамнафас ҳозирги кун фармация амалиёти талаблари даражасида ташкил этилган. Бу соҳада масофавий ўқитиш тизимининг ўқув жараёнига жорий этилганлиги ҳам эътиборга молик масаладир. Шуни таъкидлаш лозимки, масофадан ўқитиш дастури ва услуби Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идорасида рўйхатга олинган.

Сарвар АЛИЕВ, институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори.

ИЛҒОР ТАЖРИБАЛАР ВА ИЛМИЙ САЛОҲИЯТ

Тошкент фармацевтика институти фармацевтика соҳасига юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш борасида ўқув жараёнларини илмий фаолият билан мувофиқлаштирган ҳолда олиб борувчи республикадаги ягона олий таълим муассасаси бўлиб, бугунги кунда 5 та таълим йўналиши (фармация, биотехнология, саноат фармацияси, метрология, стандартлаш ва маҳсулот сифат менежменти ва касбий таълим) ва 5 та магистратура (фармацевтика ишини ташкил қилиш ва бошқариш; фармацевтик кимё ва фармакогнозия; дориларнинг саноат технологияси; иммунобиологик ва микробиологик препаратлар технологияси) мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлайди.

Таъкидлаш муҳимки, давлатимиз томонидан соҳага оид қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларни таъминлаш мақсадида илмий ишлар амалга оширилмоқда. Илмий изланишларнинг асосий йўналишлари соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ривожланишининг устувор йўналишларига мос келади ва қуйидаги илмий масалаларга қаратилган:

1. Маҳаллий доривор ўсимликлар ва координацион бирикмалар асосида оригинал дори воситалари яратиш ва тиббиёт амалиётига татбиқ этиш;

2. Амалиётга жорий этилган генерик дори воситаларининг янги такомиллашган технологияларини ишлаб чиқиш;

3. Фармацевтик ва токсикологик таҳлил усулларини такомиллаштириш;

4. Ўзбекистонда қайд этилган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг маркетинг ва фармакоиқтисодий таҳлили;

5. Физиологик фаол моддалар ва биологик фаол қўшимчаларнинг фармако-токсикологиясини ўрганиш.

Институтнинг 14 та кафедрасида 223 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатади, улардан 35 нафари профессор ва фан докторлари, 97 нафари доцент ва фан номзодларидир.

Муассасамиз профессор- ўқитувчилари томонидан сўнгги 5 йилда фармацевтиканинг турли йуналишларида 27 моногрфия чоп этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 апрелдаги 32-сонли мажлис баённомасида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида олимларимиз томонидан яратилган ва тиббиётда қўллаш учун рухсат олинган 40 га яқин препаратнинг меъёрий ҳужжатлари ишлаб чиқилди ва фармацевтика корхоналарига тақдим қилиш учун тайёрланди. Ҳозирги кунда институт томонидан эгалик қилувчи тартибида таклиф этилган қуйидаги препаратлар: "Гелрем" капсуласи; пирацин инъекция учун эритма 0.25 фоиз 1 мл; мумиё таблеткалари 0,1 г; альтромбосепин таблеткалари ва капсулалари ("Remedy Group" МЧЖ ҚК), БФҚ "НЕО-СЕД" таблеткаси; БФҚ "Бионамбур" капсуласи ("Биомир" МЧЖ), Купир инъекция учун эритма 0,15 фоиз 1 мл ("Ўзхимфарм" ОАЖ), фераск капсулалари ("Remedy Group" МЧЖ ҚК) ишлаб чиқарилмоқда.

Тошкент фармацевтика институти илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш ва илмий изланишлар олиб бориш бўйича бир қатор чет эл олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ишлари олиб бормоқда. Фармацевтика таълим сифатини таъминлаш, интеграция жараёнлари, жумладан, фан ва ишлаб чиқаришни такомиллаштириш учун институтда ҳар йили халқаро даражада илмий-амалий анжуман бўлиб ўтади. Анжуманнинг мақсади тажриба алмашиш, таълим сифати халқаро стандартларини муҳокама қилиш, мамлакатимизнинг фармацевтик саноати ишлаб чиқараётган инновацион маҳсулотлар билан ички бозорни таъминлаш ва экспортни кучайтиришдан иборатдир. Тадбирда мамлакатимиз мутахассислари қаторида хорижий давлатлардан ҳам олимлар иштирок этади. Институт 2008 йилдан бошлаб, доимий равишда "Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар" Республика ярмаркасида мунтазам равишда қатнашиб келмоқда. 2017 йил X Республика "Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар" ярмаркасида "Портулак (lot. Portulaca oleracea) ўсимлигидан қуруқ экстракт ва капсула дори шаклини олиш технологиясини ишлаб чиқиш ва стандартлаш", "Бош бармоқнинг нотўғри ривожланганлиги ҳамда болаларда ясси оёқлик касаллигининг олдини олиш ва даволаш учун ортопедик бириктиргичлар ва тагликлар" ва "Варикознет" гели – антитромбоген воситаси" билан ишланмалари ёш олим ва талабалар томонидан тақдим этилди. Ушбу ярмаркада фармацевтика корхоналари билан 604 млн. сўмлик шартномалар имзоланди. Фаол иштирок этган инновацион ишланмалар муаллифларидан 8 нафарига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фахрий ёрлиқлари, кўргазма иштирокчиларига диплом ва сертификатлар топширилди. 3-курс талабаси А. Мирхўжаев "Талабаларнинг энг яхши инновацион ғояси" номинацияси ғолиби бўлиб, фахрий ёрлиқ ва сертификатлар (3 млн. сўмлик ва 1 йил давомида интернет тармоғига бепул уланиш) билан тақдирланди.

Институт профессор-ўқитувчилари давлат грантлари асосида амалий илмий-техник ва инновация лойиҳалари устида изланишлар, бунинг баробарида айни вақтда институтда 5 та амалий, 3 та инновацион ва 1 та ёш олим лойиҳалари давлат грантлари доирасида умумий ҳажми 687,1 млн. сўмлик илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар.

Институтда таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграцияси магистрант ҳамда докторантларнинг илмий ишлари мавзуларини ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг талабларидан келиб чиқиб режалаштириш ҳозирги кун талаби бўлиб, олинган натижалар тизим амалиётига янги дори воситаларини татбиқ қилишда катта аҳамият касб этади.

Рустам ТУЛЯГАНОВ, институтнинг илмий ишлар бўйича проректори, биология фанлари доктори.

АСР БИЛАН ЮЗЛАШГАН ИЛК БИТИРУВЧИ

Бугун Тошкент фармацевтика институти ўзининг табаррук 80 йиллигини нишонлаш арафасида. Ўтган бир асрга яқин давр мобайнида институт томонидан минглаб соҳа мутахассислари етиштирилди. Таълим муассасаси бу вақт ичида юқори малакали, илмий даражали кадрлар тайёрлаш баробарида кўплаб оригинал дори воситалари яратиб, ўзининг ноёб тарихини кашф эта олди.

Институт 1937 йилда ҳозирги Тошкент тиббиёт академиясининг алоҳида кафедралари асосида ташкил этилган бўлиб, илк фаолиятини 1-босқичга қабул қилинган 63 нафар талаба билан бошлаган. Бу вақтда таълим даргоҳи таркибида 38 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритган. Олийгоҳнинг биринчи битирувчилари 37 нафарни ташкил этиб, улар орасида Хорра Шафикова ҳам бор эди. Х. Шафикова 1941 йил ўқишни муваффақиятли тамомлагач, меҳнат фаолиятини Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманидаги дорихонада бошлади. У Иккинчи жаҳон урушининг оғир дамларида фронт ортида меҳнат қилиб, жангчилар учун керакли дори-дармонларни ишлаб чиқаришга катта ҳисса қўшди. 1947 йилда оила қурганлиги муносабати билан асл Ватани Бошқирдистонга кетди. У ерда ҳам дорихоналарда иш юритди ва 1962 йилда яна Ўзбекистонга қайтиб келиб, Тошкент вилояти Дорихона бошқарувида ишлай бошлади. Мазкур даргоҳда 1973 йилгача фаолият олиб борди.

Тошкент фармацевтика институтининг 80 йиллиги арафасида Хорра Шафикова билан учрашиб, талабалик даври хусусида суҳбат уюштирилди. Суҳбат жараёнида институтда таҳсил олган вақтида ўз даврининг етук мутахассислари А. Генгринович, К. Иоффе, З. Манулкин, З. Уманский, Р. Хазановичлар дарс берганлигини эслаб, уларнинг фаолияти ва педагогик маҳоратлари, устоз-шогирд муносабатларини ёдга олди.

– Ҳар бир даврда инсон таълим олган масканига ўзгача меҳр-муҳаббат билан қарайди. Бу даргоҳда ҳаётимнинг унутилмас онларини кечириш асносида, соҳанинг етук мутахассиси бўлиш иштиёқи билан ёниб яшаганман. Мен институтнинг биринчи битирувчиларидан бири эканлигимдан чексиз фахрланаман, – дея ўз хотираларини баён қилган эди Хорра Шафикова.

Ҳа, бундай туйғулар олдида ҳар қандай инсон ҳам ўз ҳаяжонини яширолмайди. Бугун у 2 нафар фарзанд, 5 нафар набира, 5 нафар эвара ва 1 нафар чевара ардоғида. Хорра Шафикова бу йил ўзининг қутлуғ 100 ёшини қарши олади.

Н. САЛИМСАКОВА, Маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи, Н. АШУРОВА, Маънавият ва маърифат бўлими услубчиси.

КЎП ЙИЛЛИК МЕҲНАТЛАР МАҲСУЛИ

Профессор Зарифа Назарова 1963 йилда Тошкент фармацевтика институтини тамомлагач, 1973 йилда Грузия давлат тиббиёт университетида ўзининг "Соапсток маҳсулотларидан суртма асосининг олиниши" мавзусидаги номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади.

Фаолиятининг дастлабки йилларида дори турлари технологияси кафедрасида ассистент, катта ўқитувчи лавозимларида иш юритди. 1985 йилга келиб, институтнинг провизорлар малакасини ошириш факультети дори турлари технологияси ва фармакология кафедрасида доцент даражасини олди. 1989-2003 йиллар мобайнида кафедра мудири лавозимида фаолият кўрсатди. 2003 йилдан ҳозирга қадар "Дори турлари технологияси" кафедраси профессори ҳисобланади.

Зарифа Алимжановна 1996 йилда "Маҳаллий хом ашёларни қўллаб эмульсион ва гидрофил асослар яратиш ва улар ёрдамида суртма технологиясини такомиллаштириш" мавзусида докторлик диссертациясини ёқлаб, изланишларининг давоми натижасида 2000 йилда профессор унвонига сазовор бўлди. Профессор ўзининг узоқ йиллик фаолияти давомида суртмаларнинг коллоид-кимёвий ва технологик аспектларига асосланиб структураси, хоссалари ва таъсирини бошқариш йўналишини ривожлантирди. Хорижда ишлаб чиқарилган дори воситаларини маҳаллийлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1992 йил 17 февралдаги 95-сонли буйруғи асосида аҳолига гомеопатик дорилар билан ёрдам кўрсатиш масаласини бажаришда тажрибали мутахассис томонидан 50 дан ортиқ гомеопатия воситалари технологияси ишлаб чиқилди. З. Назарова айни пайтда 4 та дарслик, 10 та ўқув қўлланма, 1 та патент, 10 та ВФС ва 190 та илмий ишлар муаллифидир. Унинг раҳбарлигида 2 та фан доктори, 4 та фан номзоди, 12 та магистр ўз илмий ишларини ҳимоялаган. Мутахассис 6 йил давомида институт қошидаги ихтисослашган кенгаш илмий котиби ва 5 йил давомида ОАК эксперт комиссиясининг аъзоси бўлиб фаолият кўрсатган. Қолаверса, билим юртининг моддий-техник базасини ривожлантириш мақсадида бир қатор Давлат грант лойиҳаларида фаол иштирок этган.

Профессор З. Назарованинг соҳа тараққиётига қўшган салмоқли ҳиссаси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг фахрий ёрлиқлари билан мукофотланган.

ЭЛ-ЮРТ ВА ИНСТИТУТИМИЗ ИФТИХОРИ

Саъдулла Искандаров 1939 йилнинг 5 февралида Хоразм вилояти Боғот қишлоғида таваллуд топди. 1961 йилда Тошкент фармацевтика институтини муваффақиятли тугатиб, ўзининг кўп йиллик тажрибаси ҳамда илмий салоҳияти билан юқори ташкилот ва идораларда нуфузли лавозимларда фаолият юритди. Таниқли олим Ўзбекистон ФА мухбир аъзоси, академиги, шунингдек, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалик ФА академиги, кимё фанлари доктори, профессори ҳамда Тошкент фармацевтика институти ректори вазифаларида ҳам ишлади.

Олимнинг илмий ишлари ўсимликлар таркибидаги физиологик фаол моддаларни тадқиқ қилиш, ўсимликларнинг ўсиш жараёнини бошқариш, янги биоактив моддаларни синтез, таҳлил қилиш усулларини яратиш ва тиббиёт, қишлоқ хўжалиги учун юқори самарали препаратлар кашф этиш ҳамда янги технологиялар яратишга бағишланган. Мамлакатимиз ҳудудида кенг тарқалган леонтице, термопсис ўсимликларининг турларини тадқиқ этиб, ажратилган 24 та янги алкалоиднинг кимёвий тузилиши ва стереокимёсини аниқлаш давомида янги изланиш методларини яратган. Адабиётда маълум бўлмаган гетеро-ҳалқали алкалоидларнинг янги гуруҳи ҳамда хинолизидин алкалоидларининг бимолекуляр қатори мавжудлигини очган. Алкалоидларнинг стереокимёсини ўрганишда молекулаларнинг исталган С-Н боғлари ўрнига С-D боғларини алмаштириш усулларини ишлаб чиқиш, гетеро-ҳалқаларнинг турли атомларига изотоплар алмаштириб, уларнинг бир қатор изомерларига кучли электронлар тарами билан бомбардимон қилганда стерик эффект намоён бўлишини очган. Таркибида лактам, альфапиридон ҳалқаларини сақлаган алкалоидларнинг абсолют конфигурацияларини аниқлашнинг спектро-поляриметрия усулини яратган. Леонтице ва термопсис ўсимликлари турларидан ажратиб олинган алкалоидлар суммасидан бимолекуляр қаторга мансуб бўлган янги алкалоидлар ажратиб олиб, уларнинг тузилишини синтез йўли билан тасдиқлаб, алкалоидлар ўсимликлар ўсиши, ривожланиши жараёнида муҳим роль ўйнаши ва организмда фақатгина мономолекула ҳолидагина эмас, балки биополимерлар таркибида ҳам бўлиши мумкинлигини илгари сурган. Академик О. Содиқов мактабида ўрганилган гоебелин алкалоиди тузилиши ҳам кўпгина баҳсларга сабаб бўлсада, унинг бимолекуляр тузилишга мансуб эканлигини адабиётда маълум алкалоид софокарпиндан синтез қилиб, узил-кесил тасдиқлаган. Академик А. Орехов мактабида леонтидин алкалоиди 1930 йилларда ажратилган бўлиб, қарийб 40 йил давомида ўрганилиб, 6 та гипотетик кимёвий структура таклиф қилишган. Леонтидиннинг кимёвий тузилиши замонавий электрон, оптик, радиоспектроскопия усулларидан фойдаланиб, унинг табиий азобирикмалар янги гуруҳининг биринчи намунаси эканлигини аниқлаган ва учрашув синтезини амалга ошириб, леонтидин-1,3-конденсирлашган хинолизидо-индолизидин гуруҳининг дастлабки намояндаси эканлигини тасдиқлаган. 1980 йилдан бошлаб Иттифоқда биринчи бўлиб, пахтачиликда кимёлаштириш жараёнларини оптималлаштириш лабораториялар комплексини ташкил қилган, пахтанинг ўсиш, ривожланиш, ҳосил йиғилиши стимулятори А-1, Кетостим препаратлари, юқори самарали "Оптим", "Оптим-2" дефолиантлари ва пиллачиликда юқори самарали биостимуляторлар – "Барака", "Микрофит" препаратларини кашф этган ва қишлоқ хўжалигига фойдаланишга йўналтирган. 2005 йилдан пахтачилик ва дончиликда кенг миқёсда қўлланилаётган янги "Баҳор" препаратининг турли композициялари ҳамда 2010 йилда дончилик учун юқори самарали фунгицид "Қалқон" препаратини ихтиро қилган. Улар мамлакатимизда ишлатилаётган хорижий препаратлардан 4-6 баравар фаоллиги юқорилиги, кам заҳарлилиги, экологик хавфсизлиги, универсал функцияли таъсири устунлиги туфайли, кенг кўламда пахтачиликда ва дончиликда мунтазам қўлланилмоқда. Тиббиётда кенг кўламда ишлатилиб келинаётган левомицетин ва К, Е витаминларини ишлаб чиқаришда янги технологиялар учун зарур бўлган бир қанча ярим-тайёр маҳсулотлар: паранитроацетофенон, нафтахинон, моно, дихлорбензой кислоталарини Германия, Россия ва Украина буюртмалари бўйича ишлаб чиқариш технологияларини яратган. Мумиё субстанциясининг олиниш технологиясини биринчи бўлиб топишга ва шу асосда "Мумиё", "Стимусол" таблеткаларини тиббиётга жорий этишга муяссар бўлган. Халқ табобатида кенг ишлатиладиган куркума, софора, қизилмия ўсимликлари асосида оригинал препаратлар яратган: Ферулонг – бўғимлар яллиғланиши ҳамда подагра касалликларини даволовчи восита сифатида тиббиёт ва ишлаб чиқариш амалиётига татбиқ этган. Курцетин препарати кардиопротектор восита сифатида клиник синовлардан ўтмоқда ва Гепапрот-нео янги гепатопротектор сифатида таклиф этилди.

Илмий-педагогик фаолияти натижалари органик кимёдан 3 та дарслик, монография, 50 та муаллифлик гувоҳномаси, патентлар, 170 та илмий мақолаларда чоп этилган. 7 нафар фан номзодига раҳбарлик қилиб, 6 та докторлик диссертацияси ишига маслаҳатчи бўлган. Академик С. Искандаров томонидан охирги вақтда Курцетин, Ферулонг, Гепапрот-нео номли дори воситалари яратилган бўлиб, улар ишлаб чиқаришга ва тиббиёт амалиётида қўллашга тавсия этилган. Устоз томонидан таклиф қилинган "Баҳор" ва "Қалқон" номли препаратлар пахтачиликда, дончиликда экилаётган уруғларни дориловчи фунгицид ҳамда стимулятор сифатида қишлоқ хўжалигида кенг миқёсда ишлатилмоқда.

Ўз касбининг фидойиси, Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги Саъдулла Искандаров давлатимиз томонидан мустақиллигимизнинг йигирма олти йиллиги муносабати билан "Фидокорона хизматлари учун" ордени билан тақдирланди.

ЕТУК ОЛИМ, ҒАМХЎР УСТОЗ, ЖОНКУЯР ТАШКИЛОТЧИ

Шундай инсонлар борки, ўзининг иқтидори, касбга бўлган фидойилиги ҳамда камтарлиги билан эл назарига тушади. Собир Аминов ҳам мамлакатимизда фармацевтика соҳасини ривожлантиришда беқиёс ҳиссасини қўшган таниқли кимёгар олим, фармацевт-тадқиқотчидир.

Собир Аминовнинг меҳнат фаолияти Тошкент фармацевтика институти билан узвий боғлиқ. У мазкур илмий масканни имтиёзли диплом билан тугатгандан сўнг, бир йил давомида Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Гидроингео институтида кимёгар-катта муҳандис лавозимида фаолият олиб борди. Сўнгра танлов асосида Москвадаги Элементорганик бирикмалар институти (ИНЭОС) аспирантурасини муваффақиятли тугатиб, илмий кенгашда "Этиленнинг карбон кислоталар билан теломеризацияси. Эркин радикалларнинг теломеризация жараёнида водороднинг 1,5-миграцияси орқали қайта тақсимланиши" мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлади. Илмий изланишлари натижалари асосида Стерлатомакдаги "Каустик" ИЧБда юқори тармоқланган ёғ кислоталарини олиш технологияси ишлаб чиқаришга жорий этилган. Эркин радикалларнинг қайта тақсимланишига оид янги реакция дунё мутахассислари томонидан тан олинган. Малакали мутахассис Тошкентга қайтгач ЎзР ФА кимё институтида катта илмий ходим вазифасида ишлаб, маҳаллий хом ашёлар асосида ювувчи воситалар, гидротроп моддалар, флотореагентлар, нодир металлар учун экстрагентлар, антимикроб бирикмалар олишга муваффақ бўлди. У бошлаган илмий йўналишда ҳанузгача ЎзР ФА УНКИда ишлар давом эттирилмоқда. Шунингдек, у 1978 йилда Анорганик, аналитик, физик ва коллоид кимё кафедрасига мудир лавозимига тайинланиб, илмий тадқиқотларини ўқув услубий, таълим-тарбия ва педагогик фаолият билан узвий тарзда олиб борди. Кафедранинг ўқув-услубий, илмий, маънавий-маърифий ишлари юқори даражага кўтарилиб, чет эллик ҳамкасблари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Собир Аминов 1987 йилда Д. И. Менделеев номидаги Москва кимё технология институти (ҳозирги Д. Менделеев номидаги Россия кимё технология институти)да "Карбон, алкилфосфон ва алкиларилсульфо-кислоталарнинг сирт фаол ҳосилаларининг синтези ва коллоид-кимёвий хоссаси" мавзусида докторлик диссертациясини ёқлади. Машаққатли меҳнатлар ўз самарасини бериб, интеллектуал салоҳиятли олим катта илмий ходим, доцент, профессор каби илмий унвонларига сазовор бўлиб, 2007 йилда эса Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти томонидан "Ўзбекистон фан арбоби" унвони билан тақдирланди.

Профессор С. Аминов 1987-1994 йилларда Тошкент фармацевтика институтининг илмий ишлари бўйича проректори ҳамда ректор вазифаларида фаолият юритиб, 2012 йилдан шу кунга қадар Анорганик, аналитик, физик ва коллоид кимё кафедраси мудири лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўз касбининг моҳир устаси таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясига катта эътибор қаратиб, биринчилар қатори "Физик ва коллоид кимё" электрон дарслигини (ЭД) яратди ва 1461-сонли гувоҳнома орқали Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг грифини олиб, электрон дарслиги танловида "Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи" номинациясида биринчи ўринга сазовор бўлди.

Устознинг раҳбарлигида фармацевтика институти талабалари учун "Анорганик" ҳамда "Физик ва коллоид кимё" фанларидан дастур ишлаб чиқилди. Лотин алифбосида янги авлод дарсликлари, ўқув қўлланмалари ва бошқа ўқув адабиётлари нашр эттирилди. Замон талабларига мос илмий тадқиқот ишлари олиб боришда, айниқса, маҳаллий хом ашёлар асосида инновацион дори воситалари ишлаб чиқишда самарали ишларни амалиётга татбиқ этди. Унинг диагликон, диабенит, гарлспин, спэкгарлин, антитромоген хусусиятга эга "Варикознет", гликоинувит, гликоразмулин, мэкритин, стибио, йод-B-циклодекстрин, бир қатор олтингугурт сақлаган дори восталари, жумладан, антикоагулянт, антиагрегант хоссага эга бўлган Аллтромбосепин дори воситалари ишлаб чиқилди. Улардан мумиё субстанцияси ва капсула дори шакли, Аллтромбосепин ва капсула дори шакли, гликоразмулин субстанцияси ва диагликон капсулалари "Remedy Group" МЧЖ қўшма корхонасида, спекгарлин, мэкритин эса "Sorb-Tex" МЧЖда ишлаб чиқаришга қабул қилинган.

Профессор Собир Аминовнинг педагогик ғоя ва концепциясида таълим-тарбия, илм-фан, маънавий-маърифий ишлар ва ишлаб чиқариш интеграцияси, шунингдек, ҳар бир ишни кучли-мотивация билан асослаш марказий ўрин эгаллайди. Олимнинг фикрича ўқув-услубий ишларни илмий фаолият билан бирга олиб борган педагог ҳар доим фаол, илғор, талабалар ва ҳамкасблари орасида эътиборлироқ бўлиши керак. Бунинг исботи сифатида айтиш жоизки, илмий тадқиқот ишларига жалб этилган талаба ҳам яхши ўқийди, гуруҳда ўз-ўзидан лидерлик даражасига кўтарилиб, ҳаётда ҳам фаоллик позициясини эгаллайди. Устоз Собир Аминов сермаҳсул кимёгар-педагогдир. У 80 дан ортиқ илмий ихтиро, 500 га яқин илмий иш, 3 та монография, луғат, 4 та дарслик, 5 та ўқув қўлланма, ўнлаб ўқув-услубий кўлланмалар муаллифидир. Унинг раҳбарлигида 16 та фан номзоди ва 6 нафар фан доктори тайёрланган. Жумладан охирги уч йилда 5 та илмий ихтиро, 68 та илмий иш, 1 та дарслик, 1 та ўқув қўлланма ва 6 та ўқув-услубий қўлланма чоп этилиб, ҳозирги кунда С. Аминов "Фармацевтика журнали" бош муҳаррирининг ўринбосари, кўпгина илмий тўпламлар, дарсликлар ва монографиялар, илмий конференция материаллари унинг таҳрири остида нашр қилинган.

Илмий салоҳият эгаси нафақат мамлакатимиз, балки Гаага, Исроил, Барселона, Вена, Анқара, Таллин, Москва, Санкт-Петербург, Киев, Минск, Алмати ва бошқа давлатларда ўтказилган нуфузли анжуманларда ўз маърузалари билан иштирок этиб, Ўзбекистон фани ютуқларини тарғиб қилган. Эътирофлиси шундаки, таниқли олимнинг номи Россия Фанлар Академияси Коллоид кимё ва физик-кимёвий механика илмий кенгаши томонидан чоп этилган "Ведущие ученые-коллоидники стран СНГ" ва бир қатор кимё дарсликларига киритилган.

Дарҳақиқат, Тошкент фармацевтика институти 80 ёшни қарши олар экан, шу давр мобайнида эришилган ютуқларга ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган Ўзбекистон фан арбоби Собир Аминовнинг ҳам бу борадаги фидойилигини ҳурмат билан тилга олиб, табаррук айём билан қизғин қутлаб, келгусидаги ишларига муваффақиятлар тилаб, ёшларга ибрат мактабини яратишдек машаққатли фаолиятларига улкан зафарлар ёр бўлсин деб қоламиз.

Авез ШАРИПОВ, фармация фанлари доктори.

СУД КИМЁ ФАНИ АСОСЧИСИ

Латиф Икромовнинг соҳага бўлган қизиқиши унинг ҳаёт йўлларини Тошкент фармацевтика институти фаолияти билан умрбод боғлади. Сабаби, билим юртини имтиёзли диплом билан тамомлагач, ўқишни Москва фармацевтика институтининг "Суд кимё" кафедрасининг аспирантурасида давом эттирди. У ерда профессор Мария Швайкова раҳбарлигида "Кобальт бирикмаларини биологик объектлардан ажратиб олиш усуллари ва уларни суд кимё экспертизалар таҳлилида қўллаш" мавзусига бағишланган номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади.

Тошкентга қайтиб институтнинг "Суд кимё курси"да аввал ассистент, сўнгра "Фармацевтик кимё" кафедрасида катта ўқитувчи ва 1961 йилдан бошлаб "Суд кимё курси"да доцент бўлиб ишлади. У ўзининг педагогик-илмий фаолияти билан бир вақтда институт маъмуриятида ҳам иш юритди. 1959-1960 йилларда кундузги фармация факультети декани, 1964-1968 йилларда олийгоҳ илмий ишлари бўйича проректор, 1965-1973 йилларда илмий кенгаш котиби, 1980-1984, 1993-1996 йилларда институт касаба уюшмаси раиси вазифаларида хизмат қилди. Мутахассиснинг ташаббуси билан институтда 1966 йил Суд кимёгарлар Бутуниттифоқ ихтисослаштириш курси ташкил этилиб, токсикологик кимё курсига кафедра мақоми берилди ва унинг мудирлиги сайлов орқали Л. Икромовга топширилди. Сўнгги 25 йил давомида мазкур кафедрада 120 дан ортиқ шаҳардан 600 нафардан зиёд суд кимёгари ўз малакасини оширишга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, 1987 йили профессор наркотик ва гангитувчи моддалар таҳлилини ўрганишга мўлжалланган Республикалараро Марказий лабораторияга асос солди.

Латиф Икромов 1963 йилдан бошлаб республикамизда мутлақо янги илмий йўналиш – пахтачиликда фойдаланиладиган заҳарли кимёвий моддаларни токсикологик кимё жиҳатидан ўрганиш тизимини яратди. Бу йўналишда айни пайтгача бир неча ходимлар ўз диссертацияларини ёқлаб, илмий даражага эга бўлишди. Л. Икромовнинг илмий раҳбарлигида 15 нафар мамлакатимиз ва қозоғистонлик мутахассис фан номзоди, 2 нафар фармацевтика фанлари доктори етишиб чиққан. Профессор ўз мутахассислиги бўйича 300 га яқин илмий мақола ва китоблар чоп қилган, шулардан бештаси республикамизда токсикологик (суд) кимё фанидан биринчи марта ўзбек тилида ёзилган дарсликлардир. Айниқса, "Суд кимёсидан практикум" ва "Суд кимёси" номли китоблари барча суд-тиббий экспертиза лабораторияларининг кимёвий экспертиза олиб боришда асосий манба бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур дарслик 1967 йили Менделеев номидаги кимёгарлар жамиятининг "Фахрий ёрлиғи" ва I даражали дипломига сазовор бўлган. Профессор 14 жилдли Ўзбекистон ва Саломатлик Энциклопедияларининг доривор моддалар қисмининг муаллифларидан биридир. Л. Икромов собиқ Иттифоқнинг суд-тиббиёт илмий-текшириш институти билан ҳамкорликда одам аъзолари ва турли биологик объектларда заҳарли моддаларни аниқлашнинг 20 дан ортиқ усулини янгидан яратди ва МДҲ давлатлари соғлиқни сақлаш тизими орқали суд тиббий экспертизалари бюроларига тақдим этган. 2011 йил Латиф Икромов учун қувончли бўлди. Унинг Суд кимёси фанига бағишланган китоблари кафедра ходимлари иштирокида мукаммал ишланиб, фан янгиликлари киритилган ҳолда қайта нашр кўринишида чоп этилди. Кафедра олимларининг маслаҳатлари тўлиқ инобатга олинган "Токсикологик кимё" нашри Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликларининг "Истеъдод" жамғармаси иштирокида эълон қилинган "Йилнинг энг яхши дарслиги" танловида фахрий II ўринни олди.

Педагогик, илмий изланиш ва юқори даражали олимларни тайёрлашдаги улкан муваффақиятлари учун Латиф Икромов докторлик диссертациясини ёқламаган бўлсада, унга профессорлик унвони бундан 35 йил илгари берилган. Профессор Латиф Икромов ҳукуматимиз ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бир қанча мукофотлари билан муносиб тақдирланган ва бугун жонкуяр олим, фидойи мураббий, юксак маҳорати ва илмий-ижодкорлик қобилияти соҳиби сифатида республика фармация соҳаси зиёлилари орасида чуқур ҳурматга сазовордир.

ШОГИРДЛАРНИНГ СЕВИМЛИ УСТОЗИ

Тошкент фармацевтика институти Фармакология ва клиник фармация кафедраси профессори, уруш ва меҳнат фахрийси Минҳожи Махсумов 1928 йил 30 августда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1951 йилда Тошкент тиббиёт институти даволаш факультетини битириб, 1951 йилдан то 1958 йилгача собиқ Иттифоқ ҳарбий қўшинлар сафида ҳарбий врач лавозимида хизмат қилди.

Шу йили армия сафидан бўшагач, Ўзбекистон Фанлар Академияси Ўлка тиббиёт институтида фармакология фани бўйича аспирантурага кирди. Аспирантурани Ленинград экспериментал тиббиёт институтида академик С. Аничков раҳбарлигида ўтаб, 1962 йилда номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади. Сўнгра Ўлка тиббиёт институтида фаолият юритди. 1964 йилдан бошлаб Тошкент фармацевтика институтида катта ўқитувчи, доцент, фармакология курс раҳбари, 1978 йилдан то 1994 йилгача Фармакология кафедраси мудири вазифаларида меҳнат қилди.

Етук олим 1975 йили Ленинград тиббиёт институтида докторлик диссертациясини ёқлаб, тиббиёт фанлари доктори илмий даражасига, 1978 йили эса профессорлик унвонига сазовор бўлди. Шу йили Фармакология кафедраси ташкил қилиниб, унга мудир этиб тайинланди ва 1994 йилгача шу лавозимда фаолият олиб борди. Профессор Минҳожи Махсумов илк бор ўзбек тилида тиббиёт, фармацевтика институтлари, тиббиёт коллежлари талабалари учун фармакология ва фитотерапия фанлари бўйича 6 та дарслик яратди.

"Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи" республика танловида ғолиб деб топилиб, 3-даражали диплом билан тақдирланди. Бундан ташқари, 15 та услубий қўлланма ва маъруза матнлари чоп этилди. Устознинг раҳбарлигида микроэлемент сақланган ва доривор ўсимликлардан олинган биологик фаол моддаларнинг фармакологияси ўрганилиб, улардан 4 таси синовдан ўтказилган. Шу билан бирга, 3 та монография, 3 та маълумотнома, 2 та луғат ва 150 дан ортиқ илмий мақола, 7 та авторлик гувоҳномаси, 4 та рационал таклиф чоп этилди. Унинг раҳбарлигида 3 та номзодлик ва 1 та докторлик диссертацияси ёқланди.

Профессор Минҳожи Махсумовнинг кўп йиллик меҳнатлари муносиб тақдирланиб, давлатимизнинг юксак унвонларига сазовор бўлди.

Дарҳақиқат, кўп йиллик тажрибага эга, фармакология мактабини яратган устоз ўгитларидан баҳраманд бўлаётган шогирдлар уларни институтнинг 80 йиллик юбилейи билан самимий қутлаб, янада бардам бўлиб юришларини тилаб қолади.

ФИДОЙИ КАСБ ЭГАСИ

Михри Иргашеванинг катта ҳаётга қадам қўйиши 1941 йилнинг оғир дамларига тўғри келди. Дастлаб, республика сув таъминоти идорасида тақсимотчи, сўнгра, колхозда ишлади. У 1948 йилда Тошкент фармацевтика институтига лаборант лавозимига ишга қабул қилингач, фармацевтика соҳасига қизиқиши ортиб борди, натижада 1951 йилда ўзи фаолият юритаётган институтга ўқишга кирди. Соҳадаги илк ишини Наманган шаҳридаги дорихонада бошлади. Касбига меҳр ва шижоат билан ёндашиб, қисқа вақт мобайнида оддий ишчидан дорихона мудири, Республика марказий дорихоналар омборхонаси махсус бўлим мудири лавозимигача кўтарилди.

М. Иргашеванинг меҳнатсеварлик, ишбилармонлик ҳислатлари уни 1959 йилда яна Тошкент фармацевтика институтига етаклади. Энди у институтнинг кимё омборхонаси мудири вазифасига ишга таклиф этилди. Ушбу лавозимда нафақага чиққунча меҳнат қилди. Меҳнат фаолияти даврида М. Иргашева институтда ўқув ва илмий изланишлар жараёнларини моддий таъминлаш борасида фидойиларча ишлади. Бу йиллар давомида М. Иргашева институт кафедра ва лабораторияларини фақатгина кимёвий реактивлар билангина эмас, балки кимёвий таҳлил асбоб-ускуналари, идишлари ва мебеллари билан таъминлашда жонбозлик кўрсатди. У 1991 йилдан то 1993 йилгача физиология кафедраси катта лаборанти лавозимида хизмат қилди. М. Иргашеванинг институт фаолиятига қўшган 38 йиллик ҳиссаси бесамар кетмади. Фидокорона меҳнатлари давлатимиз ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бир қатор мукофотлари билан муносиб тақдирланди.

МЕҲНАТЛАРИ ТАҲСИНГА ЛОЙИҚ

Ўзининг кўп йиллик изланишлари ва тажрибаси билан эл назарига тушган инсон Зикир Назиров 1927 йили Тошкент вилоятининг Эркин қишлоғида таваллуд топди. У илмга чанқоқлиги туфайли 1946 йилда Тошкент фармацевтика институтига ўқишга кирди. Талабалик даврида илмий жамиятга аъзо бўлиб, ботаника, биологик кимё кафедраларида тадқиқотлар олиб борди ва институтни имтиёзли тугатиб, фармакогнозия кафедрасига аспирантурага кирди. Профессор Р. Хазанович раҳбарлигида илмий изланишлар олиб борди. Ўқиш даврида Абу Али ибн Сино беморларни даволашда қўллаган ва ҳозирда ҳам халқ табобатида сурги ва қайт қилувчи восита сифатида қўлланилиб келинаётган сутламалар оиласига мансуб ўсимликлар дунёсига қизиқиб, 1955 йилда Эстониянинг Тарту Давлат университетида "Зарафшон сутламасини фармакогностик текшириш" мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади.

Зикир Назиров 1954 йилдан бошлаб, меҳнат фаолиятининг охиригача Тошкент фармацевтика институти Дори турлари технологияси кафедрасида ассистент, катта илмий ходим, доцент, кафедра мудири лавозимларида фаолият юритиб келди. Олим ўз шогирдлари билан биргаликда Ўзбекистонда ўсадиган сутламалар оиласига мансуб 10 дан ортиқ ўсимликларнинг кимёвий таркибини ўрганди ва бу оилада ўрганилмаган қатор кимёвий моддалар борлиги аниқлади. Шунингдек, устоз ҳаммуаллифлар билан биргаликда мумиё ва прополиснинг физик-кимёвий таркибини ўрганиш, улардан дори шаклини яратиш, ишлаб чиқариш ва меъёрий-техник ҳужжатларни яратишда илмий изланишларни давом эттирди.

Зикир Назиров томонидан 170 дан ортиқ илмий мақола чоп этилган. Талабалар ва малака ошириш курслари тингловчилари учун 6 та дарслик, 21 та ўқув-услубий қўлланма яратилган бўлса, 1965 йилда биринчи марта ўзбек тилида Дори турлари технологияси фанидан дарслик чоп этилди. Бундан ташқари, "Гомеопатия" ўқув қўлланмаси, "Давлат фармакопеясининг қисқача тарихи", "Рецептларни тўғри ёзиш қоидаси ва дорини жиҳозлаб бериш", "Витаминларнинг хосиятлари", "Дорилардан тўғри фойдаланиш" сингари 10 дан ортиқ илмий-оммабоп китоблар нашр қилинди.

Ўз касбининг моҳир устаси раҳбарлигида 5 та номзодлик диссертацияси ёқланди. Зикир Назиров ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги 150-дорихона қошида биринчи марта ўқув ишлаб-чиқариш дорихонаси ташкил этилди. 1978-1980 йилларда Тошкент шаҳар Марказий дорихона биносидаги фармация музейини ташкил этиш, уни экспонатлар билан тўлдириш ва жиҳозлашда жонбозлик кўрсатди ва кафедрадаги етакчи олимлар билан ҳамкорликда дори турлари технологиясининг янги тармоқлари "Биофармация" ва "Гомеопатия" йўналишлари бўйича кўплаб илмий изланишлар олиб борди. Шунингдек, провизор-гомеопатлар малакасини ошириш курсларини ташкил этди. Олимнинг машаққатли меҳнатлари муносиб тақдирланиб, 2001 йилда "Ўзбекистон мустақиллигининг 10 йиллиги" эсдалик нишони, 2001 йилда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Фармонига кўра, "Эл юрт ҳурмати" ордени ва бир қанча юксак унвонларга сазовор бўлди.

ФАРМАЦЕВТИКА ИҚТИСОДИЁТИ ТАШАББУСКОРИ

Бугун Тошкент фармацевтика институтининг тараққиёт босқичлари хусусида сўз борганда институт талабалари ва тиббиёт коллежлари ўқувчилари учун мўлжалланган "Фармацевтика иқтисодиёти" ҳамда "Фармацевтика ишини ташкил қилиш ва иқтисодиёти" дарсликлари муаллифи Раҳим Зияев фаолияти алоҳида эътироф этилади.

Раҳим Зокирович 1957 йилда Тошкент фармацевтика институтининг имтиёзли дипломини қўлга киритди. У дастлабки фаолиятини Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳридаги дорихонада бир йиллик амалиёт билан бошлади. Сўнг институтда Фармацевтика ишини ташкил қилиш кафедрасида ассистент бўлиб ишлади. Бироқ, ёш, изланувчан ходим учун бунинг ўзи етарли эмас эди. Шу боис, аввал аспирантура, кейинчалик кечки университетнинг иқтисодиёт факультетида билимларини мустаҳкамлади. Раҳим Зияев ўзининг кўп йиллик фаолияти давомида катта ўқитувчи, кафедра мудири, декан муовини ҳамда факультет декани лавозимларида иш юритди. Мутахассиснинг "Доривор ўсимликлар хом ашёсини Ўзбекистон дорихона муассасалари шароитида сақлаш жараёнида унинг таъсир этувчи моддаларини ўзгариши" мавзусида ёқлаган илмий иши асосидаги тавсиянома Ўзбекистон Давлат дорихоналар бош бошқармасида татбиқ қилинган. Бундан ташқари, малака ошириш факультетида ўқув ишларини юқори савияга олиб чиқишда бир қанча йўналишлар бўйича ўқув режа ва дастурларини тузиш ҳамда тасдиқлашда, янги педагогик технологияларни қўллашда, масофавий таълим тизимини ташкил қилишда фаол иштирок этди.

Раҳим Зияев 2 та дарслик, 130 га яқин илмий мақола, 30 га яқин ўзбек ва рус тилларидаги ўқув-услубий қўлланмалар муаллифи ҳисобланади. Шунингдек, А. Мельниченконинг "Организация фармацевтического дело" дарслигини ўзбек тилига таржима қилди. "Фармация иктисодиёти" фани учун амалиёт яратишда ҳаммуаллиф сифатида фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшди. Р. Зияев раҳбарлигида 4 нафар ходим илмий, 10 нафар талаба диплом ишларини муваффақиятли ҳимоялади. Шуни алоҳида таъкидлаш муҳимки, Раҳим Зияевнинг самарали меҳнатлари давлатимиз ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан муносиб тақдирланди.

ИБРАТ ОЛСА АРЗИЙДИГАН ФАОЛИЯТ

Фармацевтика ривожида суд-кимё фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшган Босит Олимхонов 1932 йил 20 ноябрь куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Тошкент фармацевтика институтини 1957 йилда тугатиб, илк бор фармацевтик кимё кафедрасида ассистент, катта ўқитувчи ҳамда доцент лавозимларида фаолият кўрсатди.

1968 йилда Львов тиббиёт институти қошидаги ихтисослашган кенгашда "Суд-кимё амалиётида бутифос пестицидини биологик объектлардан ажратиб олиш ва таҳлили" мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаб, фармацевтика фанлари номзодига эга бўлди.

Ёш олим томонидан талабалар ва суд-тиббий экспертлари учун 20 та ўқув-услубий қўлланма яратилди. Шунингдек, суд-кимё кафедрасида профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда "Айрим токсикологик аҳамиятга эга бўлган дори воситалари ва пестицидларнинг кимё токсикологик тадқиқотлари" мавзусида илмий йўналиш бўйича изланишлар олиб борилди. Амалиётда қўллаш учун 3 та илмий услубий кўрсатма ва 90 та илмий мақола чоп этилиб, бунинг баробарида 22 та ўқув-услубий қўлланма ва 10 та ўқув дастури тайёрланди.

Доцент Босит Олимхонов институтда декан муовини ва декан лавозимларида фаолият кўрсатди. Унинг фидойи меҳнатлари инобатга олиниб, институт раҳбарияти, Соғлиқни сақлаш ва Таълим вазирликлари томонидан муносиб тақдирланди.

БИОЛОГИК КИМЁ ФАНИГА ҲИССА ҚЎШГАН ОЛИМ

Профессор Олим Обидов 1936 йилнинг 28 сентябрида Тошкент шаҳрида таваллуд топди.

1958 йили ҳозирги Тошкент тиббиёт академиясини имтиёзли тугатиб, Ленинград шаҳридаги И. Павлов номли эндокринология илмий-текшириш институти аспирантурасига ўқишга кирди. У ерда академик Е. Спиранская раҳбарлигида илмий ишини ниҳоясига етказиб, 1962 йили номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Тошкентга қайтгач, Ўлка тиббиёт илмий-текшириш институтида катта илмий ходим вазифасида фаолият бошлади. 1967 йилда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Биохимия институтида лаборатория мудири лавозимида меҳнат қилди. 1973 йилда докторлик диссертациясини ёқлаб, профессор унвонига сазовор бўлди. Тажрибали олим Кўкрак хирургиясига биохимия бўлими мудири, кейинчалик, ҳозирги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказига илмий ишлар бўйича директор муовини вазифаларида ибратли ишларни амалга оширди. Шунингдек, 1992-2004 йилларда Биологик кимё кафедраси мудири этиб тайинланди.

Профессор Олим Обидовнинг саъй-ҳаракатлари туфайли кафедра ўқув дастурига янги фармакологик биокимё фани киритилди ва рус, ўзбек тилларда ўқув қўлланмалари яратилди. Устоз ва уларнинг ўқувчилари томонидан ўзбек ва рус тилларида биологик кимё ва фармакологик биокимё фанларидан "Фармакологик биокимё" , "Биологик кимё лаборатория амалиёти", "Лабораторно-функциональная диагностика", "Биологик кимё" каби қўлланмалар органик кимё фанидан талабалар учун дастуриламал бўлиб келмоқда. Профессор Олим Обидов 27 нафар фан номзоди ҳамда 6 нафар фан доктори ишларига раҳбарлик қилди.

2014 йилдан буён ҳозирги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида профессор-маслаҳатчи вазифасида ишлаб келмоқда.

ЯРИМ АСРЛИК МЕҲНАТ МАҲСУЛИ

Тошкент фармацевтика институти "Фармакогнозия" кафедраси профессори Абдулла Ибрагимовнинг меҳнат фаолиятига 56 йил тўлди.

У 1939 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топди. 1961 йилда институтни муваффақиятли тугатиб, "Фармакогнозия" кафедрасида ассистент лавозимида фаолиятини бошлади. Талабчан, ёш педагог 1968 йилда Тарту давлат университетининг тиббиёт факультети илмий кенгашида 15.00.02-фармацевтик кимё ва фармакогнозия ихтисослиги бўйича "Осиё аломатчойи ўсимлигини фармакогностик ўрганиш" мавзусида номзодлик ишини ёқлади. Бунинг баробарида, илмий изланишларни давом эттириб, 1993 йил И. Сеченов номли Москва тиббиёт академиясида "Ўзбекистон доривор ўсимликлари захираларини ўрганиш, улардан оқилона фойдаланиш ва баъзиларини маданийлаштириш" мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.

Олимнинг салмоқли амалий аҳамиятга эга тавсияларидан яна бири Тошкент шаҳри ва унинг атрофида экилган япон сафорасининг хом ашёси фитокимёвий ўрганилиб, Тошкент фармацевтика заводига "рутин" препаратини олиш учун илмий томондан асослаб берилган. Республикамиз миқёсида кенг тарқалган Зарафшон арчаси меваларини фитокимёвий ўрганиш натижасида унга фармакопея мақоласи тасдиқланган. Булардан ташқари, унинг раҳбарлигида Россиядан келтирилган қора андиз ўсимлиги ўрнига маҳаллий сариқ андиз ўсимлиги тиббиёт амалиётига татбиқ этилган ва ҳозирги кунда кенг кўламда дорихоналарда балғам кўчирувчи восита сифатида ишлатилмоқда. Шунингдек, тоғ дастарбоши ўсимлиги ҳам фитокимёвий ўрганилиб, ундан турли дори шаклларини олиш устида шогирдлари билан илмий изланишларни давом эттирмоқда. Яна бир йўналишда – маҳаллий ўсимликлар асосида ўт ҳайдовчи йиғмалар тузиб, улардан қулай дори шаклларини олиш устида илмий изланишлар олиб бормоқда. Тадқиқотлар натижасига кўра, Ўзбекистон Республикаси патент идорасида 2 та патент, Ўзбекистон Республикаси Фармакопеяси қўмитасида 6 та фармакопея мақоласи ва 1 та техник шартлар тасдиқланган. Шулар билан бир қаторда, 200 дан ортиқ илмий мақола, қатор услубий қўлланмалар ва 3 та монография чоп этилган. Унинг раҳбарлигида 2 та номзодлик диссертацияси ҳимоя қилинган ва 1 та докторлик диссертациясига раҳбарлик қилиб қилмоқда.

Ўз касбининг фидойиси, моҳир педагог ва ғамхўр устоз Абдулла Ибрагимов Тошкент фармацевтика институтининг фармакогнозия кафедрасида 1961 йилдан бери ишлаб, ҳамкасблари ва талабаларнинг ҳурмати ҳамда доимий эъзозида бўлиб келмоқда.

ФАРМАКОЛОГИЯ РИВОЖИГА БАХШИДА УМР

Зукрулла Солихўжаев 1939 йилнинг 10 декабрида Тошкент шаҳрида туғилган. 1962 йилда Тошкент тиббиёт академиясини тугатиб, 1962-1966 йилларда Жиззах ва Тошкент вилоятларининг даволаш-профилактика муассасаларида шифокор вазифасида меҳнат қилди.

1967-1992 йилларда Тошкент фармацевтика институтида кичик илмий ходим, ассистент, катта илмий ходим, доцент лавозимларида ишлаб, фармакология фани бўйича талабаларга дарс бериш билан бир қаторда, ҳаётий зарур микроэлементларнинг биологик фаол моддалар билан координацион бирикмаларининг фармакологик фаоллигини ўрганиш ва улар асосида янги дори воситаларини яратиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борди. 1972 йилда "Кобальтнинг янги комплекс бирикмаларининг фармакологияси" мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаб, 1989 йилда "Айрим биометаллар координацион бирикмаларининг экспериментал атеросклерозга таъсири" мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.

Зукрулла Солихўжаев 100 дан ортиқ илмий мақола, 10 та илмий-услубий қўлланма муаллифи бўлиб, 2 нафар фан номзодини тайёрлаган.

У ўрганган гиполипидемик ва антиатеросклеротик пирацин препарати ишлаб чиқаришга жорий этилган ва тиббиёт амалиётида ишлатилмоқда.

ОЛИМ ИЗЛАНИШЛАРИ ҚИЗҒИН АМАЛИЁТДА

Тошкент фармацевтика институти "Анорганик, аналитик, физик ва коллоид кимё" кафедраси профессори Азатжан Шабилалов 1942 йил 8 январда Тошкент шаҳрида таваллуд топди. У 1964 йилда институтни имтиёзли диплом билан тугатди ва аналитик кимё кафедрасига стажёр-тадқиқотчи этиб тайинланди.

Институтда ассистент, катта илмий ходим, ишлаб чиқаришга жорий этиш сектори мудири, кафедра мудири, декан ва илмий ишлар бўйича проректор лавозимларида ишлади. 1972 йилда "Кобальт ва унга изохор бўлган қатор ионларнинг гетероциклик кислоталарнинг гидразидлари, амидлари ҳамда баъзи аминокислоталар билан комплекс бирикмалари" мавзудаги номзодлик диссертацияси ва 1992 йилда "3d-металларнинг баъзи "В" гуруҳи витаминлари, уларнинг изомер ва ҳосилалари билан биобирикмалари координацион кимёси (синтези, тузилиши, хусусияти, ишлатилиши)" мавзусидаги докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1993 йилда унга профессор илмий унвони берилди. Унинг раҳбарлиги остида 4 нафар фан номзоди тайёрланди. Профессор М. Азизов илмий мактабида вояга етган А. Шабилалов ҳозирда Ўзбекистондаги координацион бирикмалар илмий мактабининг дарғаларидан бири ҳисобланади. Фидойи инсон 200 дан ортиқ илмий асари, шу жумладан, 2 та дарслик, 7 та ўқув-услубий қўлланма ва 3 та ўқув дастури ва 20 та ихтиро муаллифидир. Унинг ҳаммуаллифликда чоп этган "Аналитик кимё" дарслиги 2009 йили "Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи" Республика танловида I даражали диплом билан тақдирланди. Ҳозирда А. Шабилалов раҳбарлигида тиббиёт амалиётига татбиқ қилиш учун янги биокомплекс дори препаратлари ишлаб чиқиш бўйича илмий-амалий изланишлар олиб бориш билан бирга, ихтиро этилган гиполипедемик ва антисклеротик "Пирацин" препарати тиббиёт амалиётида кенг қўлланилиб, саноат миқёсида ишлаб чиқарилмоқда.

Ишланган илмий ишланмалар асосида саноат татбиқи бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди ва унинг 12 та инновацион ва илмий-техникавий дастурлари самарали якунланди. Бу борадаги ишларни институт ҳамда республика миқёсида ривожлантириш учун замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган Дори воситаларини стандартлаш илмий маркази ташкил этилди. Натижада институтда яратилган 5 та оригинал дори препарати ва 10 дан ортиқ турли корхоналар билан ҳамкорликда яратилган препаратлар саноат ишлаб чиқарилишида йўлга қўйилди. Аспирантурага қабул ва диссертациялар ҳимояси 2000 йилга нисбатан ўртача 3,5 марта ортиб, 70 дан ортиқ диссертация ишлари ҳимоя қилинди. Ташкилотчилик, илмий ва педагогик фаолияти учун А. Шабилалов бир неча марта Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан фахрий ёрлиқлар ва "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланган.

КАСБГА ЭЪТИҚОД ВА МАСЪУЛИЯТ ҲИССИ

Ҳусан Мамедов Тошкент фармацевтика институтининг Ижтимоий фанлар кафедрасида 1979 йилдан ҳозирги кунгача фаолият юритиб келмоқда. У 1962-1967 йилларда Москвадаги Г. Плеханов номли халқ хўжалиги институтида таҳсил олди.

1967-1972 йилларда Ўзбекистон Республикаси маиший хизмат кўрсатиш вазирлигида катта иқтисодчи лавозимида фаолият юритди. 1972-1975 йилларда Москвадаги М. Ломоносов номидаги давлат университети аспиранти бўлиб, "Халққа маиший хизмат кўрсатишнинг иқтисодиёти ва уни режалаштириш" (Ўзбекистон мисолида) мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлади. 1989 йилда мазкур университетда "Иттифоқдош республикада халққа маиший хизмат кўрсатиш соҳасини режалаштиришни мукаммаллаштириш" (Ўзбекистон мисолида) мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Ҳ. Мамедов 1979 йилдан ҳозирги кунгача Тошкент фармацевтика институтининг ижтимоий фанлар кафедрасида катта ўқитувчи, 1991 йилдан кафедра мудири, 2010 йилдан ҳозирги кунгача ушбу кафедранинг профессори лавозимларида ишлаб келмоқда. У иқтисодиёт фани бўйича иккита монография ҳамда 400 дан ортиқ илмий мақола, 60 дан ортиқ услубий ишлар муаллифидир. Ҳозирги кунда "Иқтисодиёт назарияси" фанидан уч томдан иборат дарслик тайёрланиб, нашр этилиш арафасида. Жонкуяр педагог дарсларни юқори илмий-услубий савияда олиб боради, ўқув жараёнига янги ахборот ва педагогик технологиялар, фармацевтика фани ва амалиёти янгиликларини татбиқ этади.

Ҳусан Мамедов 2006 йилда "Ўзбекистон мустақиллигининг 15 йиллиги" кўкрак нишони билан тақдирланиб, Ўзбекистоннинг порлоқ келажаги учун ёш авлодни имонли, эътиқодли, миллий қадриятларимиз ва истиқлол мафкурасини улар қалбига сингдиришни, ватанпарварлик, инсонпарварлик, эл-юртга садоқатли инсон бўлиб вояга етиши ҳамда юқори малакали доришунослар тайёрлашда ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келмоқда.

ТАЖРИБА ВА ИХТИРОЛАР САМАРАСИ

Акмал Абзалов 1994 йилдан шу кунга қадар институтнинг "Экология ва микробиология" кафедраси профессори вазифасида ишлаб келмоқда. Тажрибали мутахассис 1962-1965 йилларда Тошкент давлат педагогика институти, 1965 йилдан 1994 йилгача Тошкент давлат аграр университетида фаолият юритган.

Акмал Абзалов 1972 йилда "Қишда вегетация қилувчи ўсимликларнинг физиологик-биокимёвий хусусиятлари" мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаган. 1979 йилда доцент илмий даражасига сазовор бўлган. 1973-1994 йилларда у "Ғўзанинг азот билан озиқланиши ва уни турли тупроқ шароитларида яхшилаш йўллари" мавзусида илмий-тадқиқот ишларини олиб борган. Илмий изланишлар натижасида А. Абзалов томонидан 2008 йили Тошкентда, 2013 йили эса Германияда шу мавзуда монографиялар чоп этилган. Бундан ташқари, ҳаммуаллифликда 3 та тавсия ишлаб чиқилган ва 2 та муаллифлик гувоҳномаси берилган. 2014 йилда Германияда ҳаммуаллифликда "Микробиология гнойных осложнений у больных сахарным диабетом" номли монографияcи нашр қилинган. Ҳозирги вақтда А. Абзалов доривор ўсимликлар хом ашёси таркибидаги биологик фаол моддаларнинг биосинтезини ошириш ва улар асосида самарали дори воситаларини яратишда катта аҳамиятга эга бўлган доривор ўсимликларни етиштириш технологияларини ишлаб чиқиш бўйича тадқиқот ишларини давом эттирмоқда.

Ушбу тадқиқот ишлари бўйича у Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологиялар ривожланишини мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан ҳар уч йилда ўтказиладиган илмий-амалий лойиҳалар танловларида муваффақиятли қатнашиб, турли мавзулардаги 4 та грант соҳиби бўлди. Доривор ўсимликларни етиштириш технологияларни ишлаб чиқиш ва бошқа мавзуларда олиб борилган тадқиқотлар асосида А. Абзалов томонидан ҳаммуаллифликда 4 та патент олинган, 32 та тавсиянома, хорижий давлат ва мамлакатимиз журналларида 72 та, турли илмий анжуманларнинг илмий тўпламларида 300 дан ортиқ илмий мақолалар ва тезислар чоп этилган. 2 та дарслик ва 2 та ўқув-қўлланмалари нашр қилинган. Унинг раҳбарлигида 4 та номзодлик диссертацияси муваффақиятли ёқланган.

2012 йилда у Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан соҳа бўйича ўтказилган танловда "Энг яхши фармацевт – ихтирочи" номинацияси бўйича 3-даражали диплом билан тақдирланган. Россия Табиатшунослик фанлари Академияси ихтирочилик соҳасидаги фаолияти учун уни Нобель мукофоти, Европанинг фан-саноат консорбциуми эса Германиянинг Мюнхен шаҳрида "Фан ва таълим чегарасиз" мавзусида 2016 йилда ўтказилган конференциядаги маърузаларини "Энг яхши маърузалардан" деб ҳисоблаб, у "Адам Смит" ва "Европа сифати" номли олтин медаллар билан тақдирланган. Олимнинг ибратли ишлари 1990 йилда "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ маорифи ходими" фахрий унвонига, Халқаро табиатшунослик академиясининг "Фахрли фан доктори" илмий даражасига, Россия табиатшунослик академиясининг профессор илмий даражаси ҳамда "Хизмат кўрсатган фан ва маориф ходими" мукофотига лойиқ деб топилган. Фидойилиги, меҳнатсеварлиги билан ҳамкасблари ва жамоа ўртасида ҳурмат қозонган Акмал Абзалов айни пайтда институтда фаолият юритиб, бўлажак фармацевтлар учун катта мактаб яратган десак, муболаға бўлмайди.

ФИДОЙИ ВА ФАОЛ АЁЛЛАР — ЖАМИЯТ ТАЯНЧИ

Тарих гувоҳ, ҳар қандай жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий мавқеини белгилашда аёлларга бўлган муносабатнинг ўрни беқиёс.

Шу маънода бугунги кун аёли ҳар соҳада фаоллашиб бормоқда. Замонавий ўзбек аёли деганда, кўз ўнгимизда, аввало, оқила, доно, замонамизнинг забардаст олимасию, тиниб-тинчимас жамоат арбобларининг сиймоси келади. Бу юксакликда Тошкент фармацевтика институти жамоаси аёл ходималарининг ҳам ўз ўрни бор. Соҳанинг ўзида ўнлаб фозила олималар, профессор ва етук мутахассислар етишиб чиққан. Жумладан, Фармацевтика ишини ташкил қилиш кафедраси мудири Ш. Умарова, Дори турлари технологияси кафедраси профессори З. Назарова, фармацевтлар малакасини ошириш факультети доценти А. Тўхтаева ва фармация факультети декани Г. Султоновалар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда кўрсатган фидокорона меҳнати ва мамлакатимиз тиббиётини юксалтиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан ҳамда хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси М. Саидова 2017 йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 25 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони ижросини таъминлашга қўшган ҳиссаси, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, аёллар ва оилаларнинг барча манфаатларини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар ривожи йўлидаги фидойи меҳнатлари учун "Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти" кўрик-танловининг Республика босқичи ғолиблигини қўлга киритиб, I даражали диплом билан тақдирланган. Институтимиз аёллари нафақат илмда, балки спорт ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, Миробод тумани олий таълим муассасалари ўртасида олиб борилган республика миқёсидаги спорт байрамларида қатнашиб, нуфузли ўринларни қўлга киритди. Олийгоҳ талаба қизлари Зулфия номидаги Давлат мукофоти кўрик-танлови бўйича туман, шаҳар ва республика босқичларида фаол қатнашиб, фахрий ёрлиқлар билан мукофотланганлар. Муассасанинг хотин-қизлар қўмитаси томонидан институт маънавият маркази ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкилоти билан ҳамкорликда талабалар ўртасида хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни, ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ маънавий-маърифий тадбирлар уюштирилмоқда.

Мамлакат САИДОВА, институт Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.

НАЗАРИЯ ВА АМАЛИЁТНИНГ УЗВИЙ БИРЛИГИ фармацевтлар малакасини оширишда муҳим аҳамият касб этади

Бугун мамлакатимиз том маънода ижтимоий ислоҳотлар майдонига айланди, десак муболаға бўлмайди. Бу жараёнда, айниқса, Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги Фармони асосида қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши – Ҳаракатлар стратегияси муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айтиш жоизки, мазкур ҳужжатда беш босқичда амалга оширилиши назарда тутилган устувор вазифалар қаторида фармацевтика соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Яъни, фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, аҳоли ва тиббиёт муассасаларининг арзон, сифатли дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминланишини яхшилаш, дори-дармонлар нархларининг асоссиз ўсишига йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб қўйилган. Ушбу вазифаларни амалга оширишда Тошкент фармацевтика институтининг Фармацевтлар малакасини ошириш факультети (ФМОФ) профессор-ўқитувчилари ҳам ўзларининг илмий салоҳияти ва моддий-техник имкониятларидан келиб чиқиб, изчил меҳнат қилиб келмоқдалар.

Институтимизнинг 80 йиллик тарихига назар ташлар эканмиз, бугунги кунда факультетимиз ривожи учун фидойиларча меҳнат қилиб, айни пайтда орамизда бўлмаган устозларимиз номларини ҳурмат билан тилга олиб, улар яратиб кетган мактабни давом эттираётганлигимиздан фахрланамиз. Тошкент фармацевтика институти қошида провизорлар малакасини ошириш факультети (ПМОФ) 1969 йил март ойида ташкил этилган бўлиб, унда тўрт, яъни провизор-ташкилотчи, провизор-технолог, провизор-аналитик ва химик-эксперт мутахассисликлари бўйича малака ошириш цикллари фаолият юрита бошлаган. Факультетнинг биринчи ташкилотчиси ва илк декани фармацевтика фанлари номзоди Т. Абралов таълим тизимини ривожлантириш ва зарурий шарт-шароитларни яратишга муносиб ҳисса қўшган. Бундан ташқари, доцент Н. Аҳмедхўжаева, профессор Э. Тошмуҳамедов, доцент О. Бондаренколар ҳам факультетнинг раҳбарлик лавозими билан бирга, ташкилий ва услубий ишларда фаол иштирок этган. Истиқлол йилларига келиб барча таълим муассасалари сингари институтимиз моддий-техник базаси ҳам янада яхшиланиб, таълим сифати ошди, илмий салоҳият йўлида ибратли ишлар амалга оширилди. Шу жараёнда малака ошириш факультетида иш олиб бораётган доцент Р. Зияев ва М. Миралимовлар раҳбарлигида етук фармацевтлар етишиб чиқди. Ҳозирги кунда факультетимизда ўз касбининг моҳир устаси, малакали устозлар ва профессорлар М. Тожиев, З. Салиходжаев, доцентлар А. Ганиев, А. Тухтаева, У. Акрамов, Г. Исмоилова, М. Исламова, Ш. Салямова, Н. Абдурахманова, Х. Бекчанов, У. Усманов ҳамда катта ўқитувчилар Н. Эсонова ва М. Турсуновалар фаолият кўрсатиб келишмоқда. Шунингдек, фармацевтика соҳасининг етакчи мутахассисларидан профессор. А. Юнусходжаев, И. Азизов, доцентлар С. Саидов, М. Ибрагимова, Э. Назаров ҳамда ф.ф.н. Г. Зуфаровалар астойдил меҳнатлари билан таълим жараёнини юқори босқичларга олиб чиқиб, талабаларга сабоқ бермоқдалар. 1994 йилда эса факультетимизда қўшимча равишда "Гомеопатия дори воситалари технологияси ва сифати" йўналиши, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 1995 йил 23 октябрдаги 501-сонли буйруғи провизорларнинг малакасини ошириш бўйича 3 та йўналиши ташкил этилиб, ўқиш муддати барча йўналишларда бир ой этиб белгиланган. Йўналишлар қуйидагилардан иборат: дорихона муассасалари иқтисодиёти ва фармациядаги долзарб муаммолар, дори тайёрлаш технологияси, дори сифатини назорат қилиш. Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруқлари асосида институт малака ошириш факультетида 2000-2001 ўқув йили тиббиёт билим юрти фармацевтика бўлими ўқитувчилари малакасини ошириш, Шифохона дорихонаси ишини ташкил қилиш, шунингдек, институт провизорлар малакасини ошириш факультетида суд-тиббиёт эксперт кимёгарлари учун 2001-2002 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштириш йўналиши фаолияти йўлга қўйилди. Малака ошириш йўналишлари дастурлари 144 соатлик ҳажм асосида белгилаб олинди. 2006-2007 ўқув йилида ФМОФда "Ўзфармсаноат" концерни фармацевтика корхоналари мутахассисларининг малакасини ошириш мақсадида чет эллик мутахассисларни жалб этган ҳолда Good manufacturing practice (GMP), Good pharmacy practice (GPP), Good storage practice (GSP) ва Good laboratory practice (GLP) стандартлари йўналиши бўйича ўқув семинарлари олиб борилди. Шунингдек, вазирликнинг 2010 йил 18 июндаги 191-сонли буйруғига асосан, шу йили факультетда 42 соатлик "Дорихона муассасаларидан аҳолига дори воситаларини рецепт асосида бериш тартиб-қоидалари" йўналиши ташкил этилди ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаларида тадбирлар ўтказилди. 1996 йилдан бошлаб фаолиятдаги фармация ходимларига яқиндан ёрдам бериш учун "Дори-дармон" АК ва институтнинг ҳудудий базалари ҳамда вилоят марказларида кўчма цикллар ташкил этилиб, машғулотлар қатъий режа асосида олиб борилмоқда. 1996 йилдан бошлаб ПМОФда ҳар йили 500 нафарга яқин мутахассис-провизор малака ошириш курсини ўтаган бўлса, 2005-2012 йилларда уларнинг сони 7 минг 111 нафарни ташкил этди. Истиқлолимиз шарофати билан таълим жараёнига қаратилган эътибор натижасида институтнинг интернет тармоғи орқали масофавий шаклда 550 нафар мутахассис ўз малакасини оширди. Ҳаракатлар стратегиясининг 4-банди ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган бўлиб, 2016 йил 22 мартда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг "Тиббиёт ходимлари малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида қуйидаги амалий фаолиятлар йўлга қўйилди. Айни пайтда ФМОФда қуйидаги йўналишлар мавжуд:

- "Дорихона муассасалари иқтисодиёти ва фармациядаги долзарб муаммолар";

- "Фармацевтика амалиётининг долзарб мавзулари";

- "Дори турлари технологияси";

- "Дори воситалари сифатини назорат қилиш";

- "Стерил дори тайёрлаш технологияси";

- "Доривор ўсимликлардан фармацевтика амалиётида фойдаланишнинг долзарб муаммолари";

- "Суд кимёгар-экспертларининг ихтисослашуви";

- "Тиббиёт коллежлари Фармация бўлими педагогларининг малакасини ошириш";

- "Дори воситаларининг саноат технологияси".

Шулардан, "Дори воситаларининг саноат технологияси" йўналиши 2015-2016 ўқув йилида ташкил этилиб, биринчи малака ошириш йўналиши 2016 йилнинг февраль ойидан фаолият бошлади. Бундан ташқари, факультетда "Даволаш-профилактика муассасалари ва дорихоналарда фитобарлар фаолиятини ташкил этиш" ва "Дори воситалари ва тиббий буюмлар улгуржи савдоси" йўналишларини ташкил этиш режалаштирилган. Таълим жараёнларида компьютер дастурини қўллашга катта эътибор қаратилиб, ўқув қўлланмалари ва электрон дарсликлар яратилган. Амалиётга масофадан ўқитиш усули татбиқ этилган. www.farmatsevt.uz сайти очилиб, унга барча йўналишлар бўйича электрон ахборот таълим ресурслари жойлаштирилган бўлиб, масофадан ўқитиш тизими йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда сайт таркибида "Электрон деканат" (Е-деканат) функциясини ишга тушириш жараёни амалга оширилмоқда. Унинг афзаллиги шундаки, барча мурожаатлар электрон тарзда амалга оширилади.

Факультетда fmoflib-Intranet электрон кутубхона базаси яратилган. Электрон манбалар – 62 та, шундан, электрон дарслик ва қўлланмалар 52 та, ўқув адабиётларининг маъруза матнлари – 43 та, электрон ўқув-услубий мажмуалар – 4 та, тақдимотлар эса 39 тани ташкил этади. Ягона локал тармоғига уланган барча компьютерлардан фойдаланиш имконияти мавжуд. Факультетда ўқув жараёнига жалб этилган педагоглар малака ошириш давомида олган сабоқларини ўз иш фаолиятларида қўллаб, маъруза матнлари, услубий қўлланма ва мультимедиалар тузишда фойдаланишмоқда. Халқаро ҳамкорлик борасида факультет Қозоғистон, Россия, Туркия, Дания каби хорижий давлатларнинг фармацевтик таълим муассасалари билан тажриба алмашиш алоқалари ўрнатилган. Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсам, давлатимиз томонидан биз педагог, ўқитувчи-профессорлар ҳамда тингловчи ва талабалар учун кенг имкониятлар яратилган экан, янгиликлар сари интилиш, шунингдек, илмий салоҳият йўлида бундан-да кўплаб ишларни амалга оширишимиз зарур. Шундай экан, жамоа ходимлари билан соҳага оид чиқарилаётган барча меъёрий ҳужжатларни амалиётга татбиқ қилиш асосий вазифаларимиздан бири эканлигини чуқур ҳис этган ҳолда мамлакатимизда фармацевтика равнақини янада юксалтириш ҳамда етук кадрларни тайёрлашда бор куч ва имкониятимизни аямаймиз.

Ҳикматилла ЗАЙНУТДИНОВ, Фармацевтлар малакасини ошириш факультети декани, профессор.

ИЛМИЙ САЛОҲИЯТНИНГ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Тошкент фармацевтика институтининг фармакология кафедраси ўзининг бой тарихига эга. Мустақиллик йилларида фармакология фанини ўқитиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, 1990 йилдан бошлаб кафедра қошида фармакотерапия курси ташкил қилиниб, клиник фармация фанини ўрганиш йўлга қўйилди. 1997 йилдан фармакокинетика, фармацевтик ёрдам, фитотерапия фанлари алоҳида дарс сифатида киритилди. Бу борада кафедрада яқин йилларгача ишлаган профессорлар М. Махсумов, Х. Алиев, доцентлар М. Маликов, Ш. Музрабеков, Т. Раҳимовларнинг ҳиссаси катта. Улар яратган илмий мактаб иши бугун иқтидорли ёшлар томонидан давом эттириб келинмоқда. Ҳозирги кунда фармация факультетида алоҳида клиник фармация йўналиши мавжуд бўлиб, талабалар ички касалликлар, фармакотерапия, пропедевтика каби клиник фанларни Тошкент тиббиёт академиясининг 3-клиникаси қошидаги базада ўзлаштирмоқдалар.

2010 йилдан бошлаб кафедрада т.ф.д., доцент С. Саидов раҳбарлигида фармакология бўлимида илғор педагогик ва ахборот технологияларни ўқув жараёнига киритиш, хорижий ва республикамизнинг турдош олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш борасида салмоқли натижаларга эришилди. Кафедра ходимлари малакасини мунтазам ошириб бориш йўлга қўйилган ва улар ўзлаштирган билимларини инновацион, хорижий педагогик технологиялар ёрдамида ўқув жараёнига татбиқ этиб келишмоқда. Бундан ташқари, ўқув жараёни кафедранинг кутубхонаси, электрон маълумотлар базаси, айниқса, амалий лаборатория фаолияти билан бойитиб борилмоқда. Назарий билимлар экспериментал тадқиқотлар, видеороликлар, анимацион-виртуал презентациялар билан олиб борилади. Шунингдек, фармакология фанига оид дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг янги авлодини яратиш устида иш йўлга қўйилмоқда. Хусусан, М. Махсумов ва М. Маликовларнинг қайта нашр этилган "Фармакология" дарслиги фикримиз далилидир. Сўнгги йилларда кафедрада М. Махсумов, Х. Алиев, С. Саидов, Ш. Махсумовлар муаллифлигида "Фитотерапия", М. Махсумов, Х. Алиев, Б. Тулаганов муаллифлигида "Фармакокинетика", Х. Алиев, М. Аллаевалар муаллифлигида "Клиник фармация", тиббиёт коллежлари учун М. Махсумов, Х. Алиев ва ҳаммуаллифлар иштирокида "Фармакология асослари" дарсликлари, кўплаб ўқув қўлланмалар яратилди.

Айни пайтда Фармакология ва клиник фармация кафедраси ходимлари томонидан – Ўсимликлардан олинган БАМлар ва улар асосида яратилган препаратлар фармакологиясини ўрганиш ҳамда Микроэлемент ва кимёвий моддалар сақловчи БАМлар фармакологиясини ўрганиш йўналиши бўйича илмий ишлар давом эттирилмоқда. Шу билан бирга, устозларнинг бошлаган илмий йўналишларини доцентлар З. Файзиева, Н. Шильцова, катта ўқитувчилар Д. Юсупова Ф. Сайдалиева, Б. Тулаганов, З. Усманова, Р. Султоновалар, ассистентлар Ш. Абзалов, С. Туйчиев каби фидойи касб эгалари давом эттирмоқдалар.

Сўнгги йилларда кафедра ходимлари бир қатор амалий, инновацион грантларда иштирок этиб, хўжалик шартномалари асосида илмий тадқиқот ишларини олиб бордилар. Бунинг натижасида 200 дан ортиқ мақола ва бир қатор монографиялар чоп этилди, патент ва муаллифлик гувоҳномалари олинди. Кафедрада биологик фаол моддалар ҳамда доривор ўсимликлар препаратлари устида фармако-токсикологик тадқиқотлар олиб борилиб, 30 дан ортиқ препаратни тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат олинди. Шулардан "Шарқ табиби бальзами", "Фитопассит", "Фераск", "Мумиё асил", "Кобальт-30" ва бошқаларни мисол қилиш мумкин. Шу билан бирга, ОАКнинг классификаторига киритилган 14.00.17-Фармакология ва клиник фармакология йўналиши бўйича олий малакали илмий-педагогик кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор берилмоқда. 3 та докторлик ва бир қатор номзодлик диссертациялари ёқ-ланди. Хозирда кафедра тадқиқотчиларидан А. Ражапов, Р. Султонова, А. Ахмаджонув, З. Усмановаларнинг диссертация ишлари ёқлашга тайёрланди.

Саидамир САИДОВ, Фармакология ва клиник фармация кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори. Зиёда ФАЙЗИЕВА, тиббиёт фанлари доктори.

УСТОЗ-ШОГИРД АНЪАНАСИ БАРДАВОМ

Ҳожиасрор Комилов 1969 йилда Тошкент фармацевтика институтини муваффақиятли тугатиб, 1969-1980 йилларда Ўзбекистон Фанлар Академияси Ўсимлик моддалари кимёси институтида кичик илмий ходим вазифасида фаолият юритди. 1974 йил "Феруланинг уч тури кумаринлари ва фенолгликозидларини ўрганиш" мавзусидаги номзодлик диссертациясини ёқлади. 1980-1982 йилларда Тошкент шаҳридаги 7-дорихонада провизор-технолог, 1982-1984 йилларда Бутуниттифоқ Тиббиёт ва микробиология саноати вазирлигининг кимё-технология илмий-текшириш институтининг катта илмий ходими лавозимларида меҳнат қилди. 1984 йилдан Тошкент фармацевтика институти фармакогнозия кафедрасида ассистент, сўнгра катта ўқитувчи, доцент, 1994 йилдан 2011 йилгача шу кафедранинг мудири, 2011 йилдан буён фармакогнозия кафедраси профессори вазифасида ишлаб келмоқда. 1992 йилда И. Сеченов номидаги Москва тиббиёт академиясида "Ўрта Осиёнинг сельдердошлар оиласи ўсимликлари ва исириқни доривор препаратлар олиш мақсадида фитокимёвий ўрганиш" мавзусидаги докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, 1995 йилда профессор илмий унвонига сазовор бўлди. Унинг кимё ва фармацевтика фанини ривожлантиришда, маҳаллий ўсимликлар ичида ноёб фармакологик хусусият – антикоагулянт таъсирига эга бўлган кумарин бирикмаларнинг манбаларини излаб топиш, уларни ажратиб олиш, кимёвий тузилишларини аниқлаш ва тиббиётга жорий қилишда юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш, Ўзбекистон фани шуҳратини кўтаришда хизмати катта. Ҳожиасрор Комилов раҳбарлигида фармакогнозия кафедрасида Ўзбекистон флораси истиқболли ўсимликларни ўрганиш, улар асосида янги самарали импорт ўрнини босувчи дори воситаларини яратиш ва тиббиёт амалиётига татбиқ этиш бўйича мақсадли изланишлар йўлга қўйилган. Олиб борилган тадқиқотлар натижасида 30 дан ортиқ янги доривор ўсимлик воситалари тиббиёт амалиётига тавсия этилган ва улардан фойдаланишга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рухсати олинган. Шунингдек, устоз 300 дан ортиқ илмий мақола, 3 та муаллифлик гувоҳномаси ва патентлар, 30 та фармакопея мақоласи (ўрганилган 30 та доривор ўсимликлар ҳозирги кунда илмий тиббиётда дори воситаси сифатида қўлланилмоқда), 2 та фармакогнозия фанидан (кирил ва лотин алифбосида) маъруза матнлари ва уларнинг электрон кўриниши (профессор-ўқитувчилар томонидан маъруза ўқишда ва талабалар мустақил тайёрланишларида фойдаланадилар), 1 та саноат тажриба регламенти муаллифидир. У Туркия, Исроил, Россия каби мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро илмий анжуманларда маърузалари билан қатнашган.

Республика олий таълим муассасалари икки босқичли таълим тизимига ўтиши муносабати билан Ҳ. Комилов бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун янги авлод Давлат стандартлари ва дастурларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этган. У дарсларни юқори илмий-услубий савияда олиб боради, ўқув жараёнига янги ахборот ва педагогик технологиялар, фармацевтика фани ва амалиёти янгиликларини татбиқ қилади. Ҳожиасрор Комилов илмий-ташкилий ва жамоа ишларида доимий фаол қатнашиб келади. 1989-1991 йилларда институт касаба уюшмасининг раиси вазифасини бажарган. 1994-1996 йилларда у институт қошида ташкил этилган ихтисослашган кенгашнинг илмий котиби, 1993 йилдан буён "Фармацевтика журнали" таҳрир ҳайъати аъзоси бўлган. Ҳозирги кунда институт қошидаги Муаммолар комиссияси раиси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги "Фармация ва фармакология" мувофиқлаштириш кенгаши ҳамда Биорганик кимё институти ва Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги фан доктори илмий даражасини берувчи 16.07.2013.К/В/Т.13.01 рақамли Илмий кенгаш қошидаги илмий семинар аъзоси. У кўплаб фан докторлари ва номзодлари диссертациялари ҳимоясида оппонентлик қилган.

Ҳожиасрор Комилов ёш олимлар мураббийси сифатида илмий-педагогик кадрларни тайёрлашга катта эътибор қаратади. Унинг раҳбарлигида 10 та магистрлик, 3 та номзодлик ва 1 та докторлик диссертациялари ҳимоя қилинди. Ҳозирги кунда унинг раҳбарлигида 4 та докторлик диссертацияси ҳимояга тайёрланмоқда. У бир неча марта Фан ва технология маркази эълон қилган илмий-техникавий лойиҳалар танловлари ғолиби бўлган. Ҳ. Комилов илм, фан ва тарбиявий соҳадаги фидокорона меҳнати учун 1998 йилда Ўзбекистон Республикасининг тиббиёт аълочиси нишондори бўлган ва бир неча марта Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва "Ўзфармсаноат" ДАКнинг ташаккурномалари билан тақдирланган.

МАЛАКАЛИ МУТАХАССИС ТАЙЁРЛАШ — ДАВР ТАЛАБИ

Бугун мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида барча соҳалар қатори аҳолини самарали ва безарар дори воситалари билан таъминлаш мақсадида фармацевтика саноати ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада асосий мақсад клиник таъсирни таъминловчи юқори сифат ва биологик фаолликка эга бўлган дори воситаларини ишлаб чиқаришга йўналтирилмоқда.

Дори воситалари ўзига хос маҳсулот бўлиб, бунда хавфсизлик ва сифатни таъминлашдек талаблар муҳим саналади. Мазкур соҳада сифат тушунчаси илмий-амалий асослардан келиб чиқиб, дори воситаларининг ҳаётий даври давомида, яъни лойиҳалаш, тадқиқотлар ўтказиш, ишлаб чиқариш, сотиш ҳамда сақлаш каби жараёнлар билан чамбарчас ва бу ўз ўрнида боғлиқ маҳсулотнинг ишлатиш учун яроқлилигини белгилайди. Шунингдек, яроқлилик муддати, қабул қилиш учун қулайлиги, эстетик жиҳатлари каби бир қатор кўрсаткичлар келтирилган информацион материаллар киритилиши шарт. Шу боис, ушбу соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонуни ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури" ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги 2909-сонли "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори муҳим аҳамият касб этади. Ушбу меъёрий ҳужжатлар соҳа билимларининг замонавий қирраларини чуқур эгаллаган, ўз касбининг устаси ва рақобатбардош мутахассисларни тайёрлашда дастуриламал вазифасини ўтайди.

Тошкент фармацевтика институтида шу мақсад йўлида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, фармацевтика олий таълимини илм-фан ва амалиёт талаблари асосида интеграллаш, мутахассислар квалификациясининг замон талабларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида фармация факультетининг ихтисослашган гуруҳларига "Дори воситалари сифатини таъминлаш", "Дори воситаларини ишлаб чиқариш валидацияси" ҳамда "GLP асослари" фанлари киритилди. Фанлар хусусиятига тўхталганда шуни таъкидлаш жоизки, юқори малакали доришунос-мутахассисларни тайёрлашда – фармацевтик кимё фанининг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Сабаби, дори воситаларини ишлаб чиқаришнинг асосий усуллари, таркиби, физик-кимёвий хусусиятлари, доривор моддаларни таснифлаш, улар молекулаларининг тузилиши ва инсон организмига таъсири, органик, ноорганик, биологик фаол моддалар ҳамда уларни сақлаш вақтида юз берадиган ўзгаришлар, шунингдек, фармацевтика маҳсулотларини тартибга солувчи асосий қоидалар, шу билан бирга, улар билан боғлиқ ҳужжатлар сифатини назорат қилиш ва таъминлаш усулларини айни шу фан ўрганади. Ёш мутахассис, фармациянинг қайси соҳасида ишлашидан қатъи назар, у албатта, дори воситаларининг физикавий ва кимёвий хоссаларини мукаммал билган ҳолда, уларнинг сифат назорати, қадоқлаш, сақлаш ва манзилга етказиш каби шарт-шароитларга доир масалаларни тўғри ва тез ҳал қилиши лозим. Мазкур билимлар эса институтнинг фармацевтик кимё кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан бериб борилади.

1939 йилда ташкил этилган кафедрада ҳозирга қадар 7 нафар фан доктори, 40 нафар фан номзоди ва 40 нафар магистрант тайёрланган. Бугунги кунда ана шундай юқори малакали кадрларни етиштиришда кафедрада 3 нафар профессор, 8 нафар доцент, 1 нафар фан доктори, 7 нафар фан номзоди ҳамда 6 нафар ассистент астойдил фаолият юритмоқда. Улар томонидан фармация, касб таълими, космецевтика, саноат ва клиник фармацияси йуналишларида 3, 4 ва 5-курс талабалари учун маъруза ва лаборатория машғулотлари олиб борилмоқда. 2015 йилдан бошлаб кадрлар тайёрлашда буюртмачиларнинг талаблари инобатга олиниб, "Фармацевтик таҳлил", "Метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти" йўналиши талабалари учун янги фанлар ўқитила бошланди. Масалан, "Дори воситаларининг замонавий таҳлил усуллари", "Дори воситаларини стандартлаш ва сертификатлаш", "Дори воситаларининг сифатини таъминлаш", "Дори воситалари физико-кимёвий таҳлил усуллари", "Дори воситаларини ишлаб чиқариш валидацияси" шулар жумласидандир. Кафедра хоналари замонавий асбоб-ускуналар, проекторлар, компьютер ва энг сўнгги русумдаги лаборатория жиҳозлари билан таъминланди. Маъруза ва лаборатория машғулотлари халқаро стандартлар асосида янгича усуллар, педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда мультимедия имкониятларидан фойдаланган ҳолда олиб борилмоқда. Кафедрада профессор-ўқитувчиларнинг илмий-педагогик малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу борада Туркия (Ҳожитепа университети), Чехия, Венгрия, Дания, Португалия, Япония, Хитой, Россия, Украина, Германия ("Charite" клиникасида), Бельгия (Гент университети), Ҳиндистон (Миллий Фармацевтика институтида (NIPER, Punjab), Малайзия, Миср каби хорижий давлатларнинг университет ва клиникалари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

Илмий изланишлар натижасида кафедра мутахассислари томонгидан янги ўқув адабиётларини яратиш борасида ҳам кўламли ишлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Хусусан, 2006 йилда "Фармацевтик кимё" ўқув қўлланмаси, 2010 йилда илк бор "Дори воситаларининг замонавий таҳлил усуллари" дарслиги ва "Фармацевтик кимёдан маълумотномалар", 2011 йилда эса икки жилдлик "Фармацевтик кимё" дарслигининг қайта ишланган ва тўлдирилган кўриниши нашр қилинди. Ўтган икки йил давомида эса "Фармацевтик кимё фанидан масалалар тўплами", "Дори воситаларининг физика-кимёвий таҳлил усуллари", "Современные аспекты контроля качества лекарственных средств" (2017), "Дори воситаларининг сифатини таъминлаш", "Дори воситаларини ишлаб чиқариш валидацияси" (2017) дарслиги ва "Портулак огородный" (2016), "Дори воситалари синтезининг замонавий усуллари" (2016) ва "Modern aspects of the synthesis of drugs" (2016) номли монография ҳамда 100 дан ортиқ ўқув-услубий қўлланмалар чоп этилди. Бундан ташқари, 2005 йилда кафедра қошида "Фармацевтик кимё ва фармакогнозия" мутахассислиги бўйича магистратура йўналиши фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозирда кафедранинг иқтидорли магистрантларидан бири Ш. Азизов халқаро танлов ғолиби сифатида Корея Республикасининг Чанг Вонг миллий университетида докторантурани ўтамоқда. Бугунги кунда кафедра ходимлари изланишлари маҳсули бўлган 9 та препарат Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси томонидан рўйхатдан ўтказилган ва тиббиётда ишлатишга рухсат этилган. Кафедрада "Ёш тадқиқотчи" тўгараги фаолияти ташкил қилинган бўлиб, талабалар ўз тадқиқотлари натижалари ҳақида ҳар йили институтда ўтказиладиган талабалар илмий жамиятининг анъанавий ҳамда ҳалқаро илмий анжуманларида маърузалар билан қанашадилар. Шунингдек, кафедранинг ёш мутахассислари ўзларининг фалсафа доктори (PhD) (3), докторлик диссертациялари (3) устида ишлар олиб бормоқдлар.

Ҳа, бугунги кунда малакали кадрлар тайёрлаш давр талабига айланган энг масъулиятли вазифалардан биридир. Кафедра ходимлари эса бу борадаги хизматларини сидқидилдан бажариб келмоқдалар. Уларнинг бундай фидокорона меҳнатлари ҳукуматимиз ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан муносиб тақдирланмоқда.

Вилоят АБДУЛЛАБЕКОВА, Қудратилла УБАЙДУЛЛАЕВ, Фармацевтик кимё кафедраси профессорлари.

ИЛМ ИЗЛАГАНГА ИМКОН БУ ДАРГОҲ

Тошкент фармацевтика институтида 2008 йилда магистратура бўлими ташкил қилиниб, унга фармацевтика фанлари номзоди, дори турлари технологияси кафедраси доценти Яйра Назирова раҳбар этиб тайинланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 10 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимида магистратура фаолиятини такомиллаштириш, унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бўйича тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. 2012 йилдан эса бўлимга ДТТ кафедрасининг доценти, ф.ф.д. Ш. Искандарова раҳбарлик қилмоқда.

Бугун бўлим ўз фаолиятини Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 27 июлдаги "Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорлари асосида такомиллаштирмоқда. Жумладан, малака талаблари ва ўқув режадаги фанлар таркиби қайтадан кўриб чиқилди. Айни пайтда институтимизда магистратура мутахассисликлари 4 та – 5А510502-фармация ишини ташкил қилиш ва бошқариш, 5А510501-фармацевтик кимё ва фармакогнозия, 5А510603-дориларнинг саноат технологияси, 5А510602-иммунобиологик ва микробиологик препаратлар технологияси каби йўналишлари мавжуд бўлиб, уларда 62 нафар талаба таҳсил олмоқда. Бундан ташқари, мазкур бўлимда таълим сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, хорижий давлатлар олий таълим муассасаларида фармацевт кадрларни тайёрлаш жараёни таҳлил қилиниб, олинган натижаларга таянган ҳолда янгидан такомиллаштирилган ДТС, ўқув-режалар тузилиб, барча мутахассислик кафедраларида ишлаб чиқариш, илм-фан ва таълим интеграциясини чуқурлаштириш учун комплекслар таркибидаги вазирликлар ҳамда идораларга қарашли тармоқларни илмий-техник жиҳатдан ривожлантириш йўналишлари муаммоларига бағишланган мавзулар базаси шакллантирилди. Қолаверса, ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотларининг мутахассислар тайёрлаш сифатига бўлган талабларни бевосита таълим мазмунини шакллантириш билан шуғулланадиган олий таълим муассасалари профиль кафедраларининг профессор-ўқитувчилари томонидан тизимли ўрганиб борилишини ташкил этиш мақсадида мутахассислик кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчиларнинг стажировкалари жорий қилиниб, мутахассислик кафедраларининг филиаллари очилди.

Диққатга сазовор ишлардан яна бири институтда магистратура таълим тизимида халқаро интеграция бўйича бир қатор хорижий давлатлар билан ҳамкорликлар йўлга қўйилган. Россия, Жанубий Корея, Украина сингари давлатлар шулар жумласидандир. Ҳозирги кунда 2 нафар магистратура битирувчиси Жанубий Кореянинг Чунгбук Миллий университетида PhD илмий даражасини эгаллаш учун таълим олишмоқда. 2017-2021 йилларда олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури лойиҳасига тегишли таклифларни тайёрлаш мақсадида магистратура талабаларидан 3 нафари чет эл олий таълим муассасаларида PhD илмий даражасини эгаллаш учун ўқишга жўнатилиши тавсия қилинди. Бундан ташқари, Давлат тест маркази ҳамкорлигида 2015 йилдан буён магистратура тизими фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар асосида магистратура мутахассисликлари талабалари ва уларни тайёрлашга йўналтирилган педагог кадрларнинг малака даражасини баҳолашга оид тест синовлари мунтазам ўтказиб келинади. Ушбу синовларда институтимиз доимо юқори кўрсаткичларга эришмоқда. Масалан, 2015 йилда 1-ўрин қўлга киритилган бўлса, 2016 йилнинг ноябрь ойида ўтказилган синовлар натижасида мутахассислик фанидан институт талабалари кўрсаткичи 100 фоизни ташкил қилди. Шунингдек, институтда бажарилган магистрлик диссертациялари бўйича илмий мақола ва тезислар чоп этилган.

Хулоса қилиб айтганда, институтнинг магистратура бўлимида таҳсил олаётган талабалар ўз илмий тадқиқотлари натижалари билан мамлакатимиз фармацевтика соҳаси тараққиётига муносиб ҳисса қўшишларига ишонамиз.

Ш. ИСКАНДАРОВА, ф.ф.д., магистратура бўлими бошлиғи.

ЁШ ОЛИМНИНГ ТАДҚИҚОТЛАРИ САМАРАСИ

Фармацевтика фаолиятини ривожлантиришда ёш, изланувчан олимларнинг ўрни ва аҳамияти катта. Ана шундай ёшлардан бири Авез Шарипов 1985 йилда таваллуд топган. У Тошкент фармацевтика институтини тамомлаб, илк меҳнат фаолиятини олий даргоҳнинг ўзида катта лаборант лавозимидан бошлади. Ёш олим ўз изланишларини маҳаллий хом ашёлар асосида олтингугурт сақлаган дори воситаларини олиш, улар сифатини назорат қилиш усулларини ишлаб чиқиш ҳамда тиббиёт амалиётига жорий этишга бағишлади.

Тадқиқотлари юзасидан 43 та илмий иш, шундан 20 та мақоласи илмий, 4 таси хорижий журналларда ва 2 та тезиси халқаро илмий конференция материаллари тўпламида нашр қилинди. У 4 та ихтиро патенти муаллифи ҳамдир. А. Шарипов 4 та давлат гранти (АТСС 34,5 (№ 238), АДСС 15.28.1, A11-ФҚ-0-10525-А11-020, И-СС-2014-8) асосида илмий изланишлар олиб борди. Унинг раҳбарлигида битта ёш олимнинг гранти бажарилмоқда (МУЗ-2015-807063625, 2016-2017 й.). Тадқиқотларнинг мақсади маҳаллий ўсимлик хом ашёси – ош пиёз (Allium cepa L.) асосида гемореологик хоссага эга дори субстанцияси ва шаклларини яратиш, тозаланган олтингугурт субстанцияси ва дори шаклларини олиш ҳамда стандартлаш усулларини ишлаб чиқишдан иборатдир.

– Тадқиқотларим натижаларини қуйидаги илмий янгиликлар билан изоҳлаш мумкин, – дейди ёш олим Авез Шарипов. – Яъни биринчи марта Ўзбекистонда ўсадиган пиёз (Allium cepa L.) навларининг кимёвий таркиби, жумладан, олтингугурт сақлаган органик бирикмалари, уларнинг тўпланиш динамикаси аниқланган. Махсус ферментациялаш усули ва шароити яратилиб, пиёз навларидан "Аллтромбосепин" деб номланган антиагрегант, антикоагулянт дори воситаси ишлаб чиқилган. Олтингугурт сақловчи хом ашё ва дори воситаларининг сифатини назорат қилиш учун спектрофотометрик таҳлил усули жорий этилган. Тозаланган олтингугуртнинг "мезбон-меҳмон" тизими бўйича a- ва B-циклодекстринлар билан супрамолекуляр бирикмалари синтезланган. Шунингдек, тозаланган олтингугурт сирт фаол моддалар таъсирида юқори дисперс ҳолатига келтирилиб, унинг таъсирини ошириш мумкинлиги тажрибаларда аниқланган.

Авез Шарипов томонидан ишлаб чиқилган препаратлар Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси рўйхатига олинган ("Аллтромбосепин" № DV/M 00913/07/16; "Аллтромбосепин капсулалари" № DV/M 00914/07/16) бўлиб, унинг натижасида олинган дори воситаси юрак ишемик касалликларининг олдини олиш ва даволаш имконини берган. Аллтромбосепин субс-танцияси ва капсулаларини "Remedy Group" қўшма корхонасида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. "Аллтромбосепин 100 мг капсулалари"ни ишлаб чиқариш хориждан импорт қилинадиган антиагрегант дори препаратларининг ўрнини босади.

Дарҳақиқат, иқтидор эгаси Ибн Сино давлат мукофоти стипендианти ҳисобланади. У "Ўзбекистон мустақиллигининг 15 йиллиги" кўкрак нишони билан тақдирланган. 2014-2015 йилларда талабалар республика кимё фан олимпиадаси ҳайъати аъзоси бўлган. Турли даражадаги илмий семинарлар ва конференцияларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Ана шундай ноёб иқтидор эгасидан яна кўплаб инсон ҳаёти учун зарур дори препаратларини ишлаб чиқиш ва амалиётда самарали қўллаш ишларига улкан зафарлар тилаб қоламиз.

Тошкент фармацевтика институтининг 80 йиллигига бағишланган материаллар институт профессори Собир Аминов, биология фанлари доктори Рустам Туляганов ҳамда таҳририят ходимлари ҳамкорлигида тайёрланди.

№ 46, 10.11.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.