Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Эътироф

ҚАЛБИДА ШИЖОАТ, МАТОНАТ ВА ИЖОДКОРЛИК МУЖАССАМ

Дунёда шундай инсонлар борки, ўзининг хушмуомалалиги, касбига бўлган меҳри, меҳнатсеварлиги ҳамда истеъдодга бойлиги билан ҳамкасблари, қолаверса, яқинлари орасида ҳурматга сазовор бўлади. Бу каби эзгу фазилатларни ўзида мужассам этган устозимиз Искандар Раҳмон айни кунда 80 ёшни қарши олаётган бўлсаларда, улардаги шижоат, матонат ҳамда ижодкорликни айтмайсизми...

Искандар Раҳмон 1937 йилнинг 20 октябрида Тошкент шаҳрининг зиёли оиласида таваллуд топди. Бошланғич ва ўрта маълумотни Тошкент вилояти, Оҳангарон туманидаги Облиқ қишлоғида олди. 1955-1961 йилларда Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси)да таҳсил олди. 1961-1987 йилларда Қуролли Кучлар сафида ҳарбий шифокор, невропатолог-психиатр сифатида хизмат қилди. Истеъфодаги тиббий хизмат подполковниги, соғлиқни сақлаш аълочиси, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар ижодий уюшмалари аъзоси, Турон Фанлар академияси академиги, шунингдек, ўз касбининг моҳир устаси бўлган ҳарбий шифокор иккинчи истеъдод эгаси сифатида олтмиш икки йилдан буён бадиий ижод билан шуғулланиб келади. Ижодкорнинг дастлабки "Меҳрибонлар" номли ҳикояси 1958 йилда "Гулхан" журналида чоп этилгач, катта шов-шувга сабаб бўлган. Кейинчалик бу асар 1962 йили ҳисса шаклида "Гулхан" журналининг бир неча сонларида эълон қилинган. Ўша йили мазкур асар Ўзбекистон ёш ёзувчиларининг семинарида таниқли адиблар Шуҳрат, Пиримқул Қодиров, Саида Зуннунова, Ҳабиб Нўъмон, Носир Фозилов, Шомил Алядинларнинг чуқур эътиборига сазовор бўлган. Жумладан, устозлар томонидан асарнинг тили равон, ҳаётий деталларга бойлиги алоҳида таъкидланган ва бироз тўлдирилган, кенгайтирилган ҳолатда нашриётда босиб чиқаришга тавсия этилган. Бироқ, муаллиф узоқ муддатли ҳарбий хизматга сафарбар этилгани боис, ўз орзусини вақтида рўёбга чиқара олмади. Лекин бир умр оловли ёшлик йилларидаги бу мавзу унга сира тинчлик бермади. Орадан олтмиш йил ўтгач, 2015 йилда ҳозирги давр нуқтаи назаридан қайта ишланган "Тандирвой – оловли йиллар боласи" номли воқеий қиссаси чоп этилди.

Мустақиллик шарофати билан ҳарбий-ватанпарварлик мавзусида, жанговар сафларда мардонавор куй, қўшиқ, маршлар яратишга катта аҳамият бериб келинмоқда. Бундан асосий мақсад – Ватанимиз посбонлари қалбида она юртга меҳр-муҳаббат, бурчга садоқат фазилатларини чуқурлаштириш, мардлик, душманга чексиз қаҳр-нафрат туйғуларини шакллантириш, айни пайтда миллий армиямиз куч-қудрати, салоҳиятини янада юксакликка кўтариш, унинг жасур ва баҳодир ҳимоячилари жасоратини улуғлаш, армия ва халқ бирлигини мустаҳкамлаш, ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги қўшиқларнинг тарғиботи ва ташвиқоти таъсирчанлигини оширишдир. Зеро, ҳарбий-ватанпарварлик ғоялари биргина сиёсий-ижтимоий ҳаётимиздагина эмас, балки маданий-маърифий, ахлоқий, маънавий камолотимизда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу борада ҳар томонлама етук, соғ-лом ва баркамол авлодни вояга етказиш учун Ватан тушунчасини чуқур англаш, она юртни астойдил севиш, ардоқлаш, унинг тинчлиги, осойишталиги, сарҳадлари дахлсизлигини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, мардонавор ҳимоя қилишга даъват этадиган энг қудратли, таъсирчан ва яшовчан восита – ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги шеър, қўшиқ, маршлардан унумли фойдаланиш зарур эди, албатта.

Мустақиллик йилларининг дастлабки кунлариданоқ, ўзбек адабиётида ҳарбий-ватанпарварлик мавзусида фаол қалам тебратган таниқли шоирлар: Назармат, Жуманиёз Жабборов, Нормурод Нарзуллаев, шунингдек, айни пайтда ижод қилаётган Ўзбекистон халқ шоирлари Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзо, Хуршид Даврон, Маҳмуд Тоир, Анвар Обиджон билан бир қаторда устозимиз Искандар Раҳмоннинг борлиги ҳам қувонарлидир. Ўзбекистон халқ шоири Пўлат Мўмин ибораси билан айтганда, Искандар Раҳмон ҳарбийлар шифокори ва серқирра ижодкордир.

Ўтган давр мобайнида у кўплаб насрий ва назмий асарлар ёзиб, қаламини чархлади. Шунингдек, Искандар Раҳмон "Тиббиётимиз фидойилари" туркумига кирувчи: "Умр зарварақлари", "Асолат юлдузи", "Шонли йўл сабоқлари", "Насафлик дўхтирбобо", "Эзгуликка бахшида умр", "Умр сабоқлари", "Ўзбекистон нуронийлари", "Яхшилар ёди", "Ассалом, улуғ юрт, қутлуғ армиям!", "Ҳарбий шифокор, ижодкор сабоқлари" ва "Эътироф ва эҳтиром" асарларини эълон қилди.

Яхши қўшиқнинг куйи унинг мағзида бўлади, дейишади. Ана шунда унинг оҳангдорлиги, мусиқийлиги, самимий ва бошқача қилиб айтганда, Искандар Раҳмон шеърлари табиий ҳолда ўз мусиқаси билан туғилади, уларда ўзбекларга хос мардлик фазилатлари жаранглаб туради. Шунинг учун ҳам унинг қаламига мансуб элликдан зиёд шеърларига куйлар басталаниб, машҳур ҳофизлар, ёш хонандалар, кўплаб бадиий жамоалар дастуридан мустаҳкам ўрин олиб, санъатсевар халқимизнинг маънавий мулкига айланган. Ижодкорнинг кўплаб жанговар қўшиқ, маршлари "Ўзбекистон – Ватаним маним", "Аскар қўшиқлари" кўрик-танловлар совринларига сазовор бўлган. Бу қўшиқлар истиқлолимиз ҳамда Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлиги муносабати билан турли йилларда ўтказилган нуфузли байрам тантаналарида ижро этилмоқда. Унинг Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар ижодий уюшмалари томонидан турли йилларда ўтказилган танловларда муносиб тақдирланганлиги фикримиз исботидир.

Ҳозирги кунда у Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси бошқаруви ҳузуридаги "Ёшлар билан ишлаш гуруҳи" ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фахрийлар ташкилоти аъзоси сифатида жамоатчилик асосида қизғин фаолият олиб бормоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзини ҳамон жанговар сафда ҳис этаётган серғайрат ижодкор Искандар Раҳмоннинг 2017 йилда "Посбониман муқаддас юртнинг" ва "Йилнинг энг фаол журналисти" танловлари ғолиби бўлгани ҳамда табаррук 80 ёши билан самимий қутлаймиз. У кишига мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат, ижодий парвозлар тилаймиз. Улардан ёшларимизни ватанпарварлик руҳидаги фидойилик, мардлик, жасорат, матонатга даъват қилувчи кўплаб янги асарлар кутиб қоламиз.

Ибодат СОАТОВА.

№ 43, 20.10.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.