Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Эътироф

ИБРАТГА АЙЛАНГАН ҲАЁТ ЙЎЛИ

Ҳар бир касбнинг ўз масъуллиги бўлганидек, соғлиқни сақлаш тизимининг барча йўналишларида ўзига хос мактаб яратиб, машаққатли меҳнатлари ортидан эл орасида ҳурмат-эътибор топаётган тиббиётимиз фидойилари билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Уларнинг босиб ўтган ҳаёт йўллари кўпчиликка ўрнак бўлиб, тиббиёт фанини ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссалари, сидқидилдан қилган ҳалол меҳнатлари бугунги кунда ўз мевасини бераётганидан халқимиз мамнун.

Ана шундай соҳа йўналишида ўзининг кўп йиллик фао¬лияти, қолаверса ҳаёти қил устида турган беморларга умр бахш этиб келаётган фидойи инсонлардан бири академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази қизилўнгач ва ош¬қозон-ичак хирургияси бўлими мудири, профессор, Ўзбекистон Қаҳрамони Зайниддин Низомходжаевдир.

Дарҳақиқат, халқимизда "Ҳа¬лоллик – мартабани безайди" деган ҳикмат бор. Бу сўз замирида нечоғлик ҳақиқат яширин эканлигини Ўзбекистон Қаҳрамони Зайниддин Низомходжаевнинг илмий-амалий фао¬лияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Инсонлар дуосини олишдек са¬вобли касбда меҳнат қилишни ҳам фахр, ҳам бурчга садоқат деб билган камтарин инсоннинг тиббиёт илми ривожига қўшган ҳиссасини қанчалик эътироф этсакда, камлик қилади.

– Зайниддин Маҳаматович, авваламбор юксак мукофот муборак бўлсин! Ана шундай нуфузли мукофотнинг сизга тақдим этилиши ҳаммамизни хушнуд қилди.

– Менга бундай юксак мукофот берилишини кутмаган эдим. Албатта, шундай эътирофга сазовор бўлиш мен учун катта бахт. Аввало, Президентимиз камтарона меҳнатларимни юқори баҳолаб, "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвонига муносиб кўрган эканлар, чексиз ташаккуримни билдираман. Бу биргина менга эмас, республика соғлиқни сақлаш тизимида меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларига берилгани энг юксак мукофотдир.

Айниқса, ушбу мукофотни давлатимиз раҳбарининг қўлларидан олаётган лаҳзамда халқимиз саломатлиги йўлида қилган меҳнатларим бесамар кетмаганлиги, тиббиёт фани ривожига ҳиссам қўшилганидан ва Ўзбекистон фарзанди эканлигимдан янада фахрланиб кетдим.

– Анъанавий саволга келадиган бўлсак, нима учун шифокорлик касбини танладингиз? Илк меҳнат фаолия¬тингизни қандай бошлагансиз?

– Шифокорлик касбини ёшлигимдан орзу қилганман. Шу боис, 1972 йилда Тошкент тиббиёт академиясининг даволаш факультети талабаси бўлдим ва 1978 йилда имтиёзли диплом билан тамомладим. 1978-1980 йилларда академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия марказининг "Госпиталь хирургия" кафедрасида клиник ординатор бўлиб ўз фаолиятимни бошладим. 1980-84-йиллар ушбу марказда врач-хирург лавозимида ишлаб, 1984-87-йилларда аспирантурада таҳсил олдим. 1987-94-йилларда Тошкент тиббиёт академиясининг "Хирургик касалликлар кафедраси"да ассис¬тент бўлиб хизмат қилдим. 1994 йилда академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия марказининг қизилўнгач ва ошқозон-ичак хирургияси бўлими катта илмий ҳамда бош илмий ходим лавозимига қабул қи¬линдим.

2003 йилга қадар мазкур бўлимда катта илмий ва бош илмий ходим вазифасини ҳам бажардим. 2003 йилдан шу кунга қадар мазкур бўлимга раҳбарлик қилиб келмоқдаман.

– Зайниддин Маҳаматович, меҳнат фаолиятингиздан кўриниб турибдики, ўз касбингизни севиб-ардоқлаб, унинг сир-синоатларини мукаммал эгаллаган ҳолда илмий салоҳият йў¬лида ҳам катта муваффақиятларга эришган экансиз.

– Илмий салоҳият йўлига кириб келгунимча устозларим, марҳум академик Восит Воҳидов, профессорлар Лев Хачиев, Феруз Назиров ва Абдуҳаким Хаджибаевлардан хирургия соҳаси нечоғлиқ машаққатли эканлиги ҳамда инсон ички аъзоларидан бўлган қизилўнгач, ошқозон-ичак касалликларини тўғри ташхислаш, ўз вақтида даволаш ва ижобий натижаларга эришишни чуқур ўргандим. 1987 йилда устозим, академик Восит Воҳидов раҳбарлигида номзодлик диссертациямни муваффақиятли ёқладим. 1999 йилда эса тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдуҳаким Хаджибаев раҳбарлигида докторлик ишимни тугатдим. Илмий ишларимнинг асосий мавзуси жарроҳликнинг энг долзарб масалаларидан бири бўлган қизилўнгач ва ошқозон-ичак тизими касалликлари диагностикаси ва жарроҳлик йўли билан даволаш усулларини такомиллаштириш, операциядан кейинги натижаларни яхшилашга бағишланган. Албатта, илмий даражага етгунимча кўп изланишимга тўғри келди. Илмий тад¬қиқотларим мавзусида 300 та илмий ишим чоп этилди. Жумладан: битта монография, тўртта услубий қўлланма, 50 та илмий иш диссертация ҳимоясидан кейин, шундан журналларда 40 та, хорижий илмий журналларда 12 та илмий мақолам нашр қилинди.

– Устозингиз марҳум Восит Воҳидов ҳақида тўлқинланиб гапирдингиз. Уларнинг сизга ибрат бўлган хислатлари тўғрисида ҳам тўх¬тал¬сангиз.

– Агар мен устозим Восит Воҳидовнинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида тўхталадиган бўлсам, уларнинг меҳнатларини таърифлашга сўз бойлигим ожизлик қилади. Улар қи¬зилўнгач касаллиги бўйича катта мактаб яратиб кетдилар, десам муболаға бўл¬майди. Аввало, у кишидан инсонийлик, касбга меҳр қўйиш, эътиқод, қаттиққўллик, доимий изланиш, камтарлик ва фидойилик фазилатларини ўргандим. Айниқса, устозим беморга энг яқин инсонинг сифатида қарашни, меҳрибонлик ва хушмуомалалик билан ишонч туйғусини ўйғота олиш кераклигини доимий такрорлар эдилар. Бундан ташқари, ҳар бир бемор билан индивидуал муомалада бўлиш муҳимлигини ҳам алоҳида уқтирардилар. Устозимнинг диққатга молик жиҳатларидан яна бири қизилўнгач ва ошқозон-ичак касаллиги билан келган беморнинг фақат шу хасталигини эмас, балки тананинг бошқа ички аъзолари ҳолатини ҳам инобатга олиш зарурлигини, шу билан бирга, ҳар бир беморга психологик ёндошиш кераклигини таъкидлардилар. Меҳнат фаолиятим давомида устозим билан ёнма-ён ишлаб, айниқса операция жараёнларида у кишининг ҳушёрлик, чуқур билим ва эътиқод соҳиби эканликларига, қолаверса, фидойиликларига тан берган эдим. Менга ана шундай инсон устозлик қилганидан фахр¬ланаман. Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги арафасида менга Президентимиз томонидан "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвонининг берилишида устозларим, академик Восит Воҳидов, профессорлар Лев Хачиев, Феруз Назиров ва Абдуҳаким Хаджибаевларнинг ҳиссалари беқиёсдир.

ҚАҲРАМОНИМИЗ ҲАҚИДА Иш фаолияти: умумий меҳнат стажи 36 йил, илмий ва педагогик фаолияти – 30 йил. Илмий соҳаси: хирургия. Илмий-тадқиқот грантларидаги иштироки: грант раҳбари лавозимида, учта давлат грантлари асосида илмий тадқиқотлар олиб борган. Илмий фаолиятдан олган натижалари: илмий ва амалий фаолият давомида ишлаб чиққан янги турдаги қизилўнгач касалликларини жарроҳлик усули билан даволашнинг 6 та муаллифлик патенти билан Республика патент идораси томонидан ихтиро сифатида тан олинган. Патент ихтиролардан бири республика миқёсида ўтказилган анъанавий III "Инновацион ғоялари, технологиялари ва лойиҳалар" ярмаркасида "Эзофагопластика ҳолатида ошқозондан трансплантантни шакллантириш усули" лойиҳаси учун "Тиббиёт ва фармакология соҳасида энг яхши лойиҳа" деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланган. Илмий тадқиқотлари асосида амалиётга татбиқ қилинган янги турдаги операциялар туфайли, илгари маълум бўлган қизилўнгачда бажариладиган кўп босқичли операциялар бир босқичда бажариш имкониятига эга бўлди. Шогирдлари: илмий педагогик фаолияти давомида уч нафар фан номзоди етиштирган ва айни кунда уч нафар фан докторини тайёрламоқда. Илмий жамоатчилик фаолияти: Ўзбекистон жарроҳлар илмий жамияти, академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази илмий кенгаши, илмий муаммолар комиссияси ва мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоси. Бутун дунё хирургларининг ассоциацияси ва Россия Федерацияси гастроэнтеролог-хирурглари ассоциацияси аъзоси.

Устозга эҳтиром Олимжон ҒУЛОМОВ, қизилўнгач ва ошқозон-ичак касалликлари хирургияси бўлими шифокори, тиббиёт фанлари номзоди: – Устоз отангдек улуғ, деган ҳикматли сўзда чуқур маъно борлигини касб фаолиятим давомида англаб етдим. Зайниддин Маҳаматовичдаги барча эзгу фазилатларни ҳурмат қиламан. У кишидан касбимга бўлган иштиёқни, янгиликлар сари изланишни, ҳушёрликни ва шижоатни ўргандим. Айниқса, операция жараёнларида устозимнинг синчковлик билан ўтказаётган амалиётлари, бор билим ва маҳоратларини ишга солишлари хирургия соҳасида мукаммал ишлай олишимга катта имконият бермоқда. Зайниддин Маҳаматовичнинг яна бир хислати беморлар билан илиқ муносабатда бўлиб, уларга руҳий мадад беришларининг ўзи дардманд қалбларни хасталикдан фориғ этади. Фан номзоди бўлиб етишишимда Зайниддин Маҳаматовичнинг ҳиссалари жуда катта. Устозимнинг бундай нуфузли мукофотга муносиб кўрилганлиги биз шогирдлар учун фахр бўлди. Албатта, бундай юксак унвонга сазовор бўлиш осон эмас. Бу устозимнинг машаққатли меҳнатларининг маҳсули деб биламан ва уларни "Ўзбекистон Қаҳрамони" бўлганликлари билан самимий қутлайман. Руслан ЛИГАЙ, қизилўнгач ва ошқозон-ичак касалликлари хирургияси бўлими катта илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди: – Устозимизга берилган нуфузли унвон барча қатори мени ҳам мамнун қилди. Зайниддин Низомходжаевдаги оддийлик, камтарлик, фидойилик, чаққонлик, шижоат ва касбга бўлган муҳаббатини ҳурмат қиламан. Иш ва операция жараёнларида учраб турадиган мураккаб вазиятлардан бизни зукколик билан олиб чиқиб кетадилар. Шунингдек, ёш мутахассислар меҳнатини қўллаб-қувватлаб, ёрдамларини аямайдилар. Айни пайтда устозим докторлик диссертациямга раҳбарлик қилмоқдалар. Зайниддин Маҳаматович сазовор бўлган давлатимизнинг юксак мукофоти марказ жамоаси учун катта ютуқ бўлди. Шу ўринда мен ҳам устозимни унвон билан қутлаб, кириб келаётган янги йил барчамиз учун омадли бўлишига тилакдошман.

– Бугунги кунда республикамиз тиббиёт тизимида, шу билан бирга жумладан, қи¬зилўнгач, ошқозон-ичак хирургияси касалликлари бўйича қандай ютуқларга эришилмоқда?

– Истиқлол туфайли юртимиз тиббиёт тизимида туб ўзгаришлар рўй берди. Бу албатта, Юрт¬бошимизнинг соҳа равнақига бўлган эътибор ва ғамхўрликлари туфайлидир. Пойтахтимиз, қолаверса, Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ва вилоятларда замонавий тиббиёт муассасаларининг янгидан қад кўтарганлиги, энг сўнгги русумдаги аппаратуралар ҳамда малакали кадрлар билан таъминланаётганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир. Айниқса, Перинатал, она ва бола скрининг, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказлари ва уларнинг вилоят филиаллари, ихтисослаштирилган марказлар ва 3 мингга яқин қишлоқ врачлик пунктларининг аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келаётганлиги ҳам ютуқларимиздан биридир.

Марказимиз республикамизнинг энг етакчи клиникаларидан бири ҳисобланиб, барча зарурий шароит ва имкониятлар, қолаверса, ноёб технологияларнинг мавжудлиги, салоҳиятли кадрлар билан таъминланганлиги касалликларнинг олдини олиш ва уни даволашда катта аҳамият касб этиб келмоқда. Қизилўнгач ва ошқозон-ичак касалликлари хирургияси бўлимида ҳам беморлар учун етарли шароитлар яратилган бўлиб, малакали мутахассисларимиз томонидан мураккаб операция жараёнлари амалга оширилмоқда. Олдинлари қизилўнгач ва ошқозон-ичак касалликлари операциялари уч-тўрт босқичда ўтказилар эди. Эндиликда эса янги технология¬лар асосида операция бир бос¬қичда бажарилмоқда. Ноёб аппаратураларнинг афзаллиги шундаки, уч-тўрт босқичда беморнинг саломатлиги учун ўртача 80-100 кун вақт кетар эди. Бир босқичда ўтказиладиган операция жараёнларида эса бемор саломатлиги 10-12 кунда тикланади. Буларнинг барчаси истиқлолнинг бизга берган неъматидир.

– Зайниддин Маҳаматович, ҳар бир ота-онанинг орзуси фарзандлар камолини кўриш. Шундай экан, сизга насиб этган юксак унвон волидаи муҳтарамангиз Саломат ая учун катта бахт эканлигини ҳар биримиз юракдан ҳис қилиб турибмиз.

– Умрни оқар сувга, ҳаётни эса синов майдонига қиёс қиладилар. Зеро, инсон бу фоний дунёга синов учун келади. Ва ўзидан ўзгалар эслагудек ҳамда ҳайрли ишлар қолдириш мақсадида деярли бутун умрини меҳнатга бахшида қилади. Қаранга, бир шоира шундай деган экан: "Дунёда ажойиб, илоҳий сўзлар борки, уларни эшитганимизда етмиш икки томиримиздан қон бирла нур оқади, руҳимизда эса жаннат сувларининг ороми қалбларни мавжлантиради. Бу – Она, аёл, муҳаббат деган улуғвор сўзлардир". Юқоридаги фикрларимни баён қиляпману, айни пайтда 91 ёшни қарши олган онажонимнинг қу¬вонч кўзёшларини янада дилдан ҳис этдим. Юксак унвонга сазовор бўлган куним онажоним қўлларини дуога очиб, Юртбошимизга ўз мамнунликларини билдириб, истиқлолимизга шукроналар келтирдилар.

Эътироф этиш жоизки, Зайниддин Низомходжаев мамлакатимиз ва бир қанча хорижий давлатларда ўтказилган нуфузли конгресс, съезд ва конфе¬рен¬ция¬ларда қизилўнгач ва ошқозон-ичак касалликлари бўйича маърузалар қилган. Шунингдек, мазкур долзарб мавзу бўйича у киши раҳбарлигидаги жамоа мутахассисларининг материаллари хорижий давлатлардаги матбуот нашрларида чоп этиб келинмоқда. Фидойи инсоннинг кўп йиллик меҳнатлари Ўзбекистон Республикаси Соғ¬лиқни сақлаш вазирлиги томонидан инобатга олиниб, 2012 йилда "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланган. Суҳбатимизга якун ясар эканмиз, Зайниддин Маҳаматович аввало тиббиёт ходимлари меҳнатини қўллаб-қувватлаб, самарали фаолият учун барча шароитларни яратиб берган ва мустақиллигимизнинг 23 йиллиги арафасида унга "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони ва олий нишон – "Олтин юлдуз" кўкрак нишонини тақдим этган Президентимизга яна бир бор ўзининг чексиз миннатдорлигини билдирди.

Биз қаҳрамонимизнинг йиллар давомидаги машаққатли меҳнатларининг бир қисминигина ёритдик, холос. Айни кунда Зайниддин Низомходжаев турмуш ўртоғи – стоматолог Ҳамидахон билан уч нафар фарзандни тарбиялаб, воя¬га етказишди. Ўғиллари Шарофиддин офтальмолог, Шамсиддин эса пластик жарроҳлик бўйича мутахассис. Улар ҳам ота-оналари каби халқимиз саломатлиги йўлида хизмат қилиб келмоқдалар.

Суҳбатимиз якунида Зайниддин Маҳаматович барча тиббиёт аҳлини кириб келаётган янги йил билан қутлаб, уларга оилавий хотиржамлик ва яхши кайфият ёр бўлишини тилаб қолди.

Суҳбатдош Ибодат СОАТОВА. Суратлар муаллифи Анвар САМАТХОДЖАЕВ.

№ 52, 26.12.2014 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.