Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Эътироф

"БЕМОРГА МЕҲР БЕРИНГ!"

У ўз болалик дамларини яхши эслайди. Ўсмирлик даврида ота-онаси уни Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида жойлашган оромгоҳларга юбориш олдидан ўрнатилган тартибга мувофиқ, Юқори Чирчиқ туманининг Янгибозор қишлоғида жойлашган амбулатория шифокорларига олиб борар, бу ерда мактаб ўқувчиларига тиббий маълумтонома тайёрлаб бериларди. Ўсмир Зайдулла оқ халат соҳибларининг хатти-ҳаракатларини ажабланиб кузатар, келиб-кетувчилар билан самимий ва илиқ муносабатда бўлишларига ҳаваси келарди. Эҳтимол, бугун кўпчиликнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлган ревматолог Зайдулла Еримбетовда шифокорлик касбига нисбатан уйғонган ихлос ва ҳавас унинг болалик дамларида қолган ўша хотираларга бориб тақалар.

Орадан йиллар ўтиб, ўша ўсмирнинг собиқ Тошкент Давлат тиббиёт институти даволаш факультетига ҳужжат топшириши, талабалик даврида инсон ҳаётига хавф солувчи турли хас¬таликларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиши, касалликка ташхис қўйиши, беморнинг аҳволи билан танишиши, лаборатория таҳлилларини ўтказиши, врачлик этикаси, касбий салоҳиятни ҳар томонлама эгаллаши йўлидаги интилиш ва саъй-ҳаракатлари маҳсули – малакали ва тажрибали мутахассис билан бугунги кунда ҳамкасб¬лари, шогирдлари фахрланишмоқда. Эл назарида бўлиш, беморлар раҳмати ва дуосини эшитиш, ҳамкасблари орасида ўз ўрни ва нуфузини топа билишдек бахт Зайдулла Еримбетовга насиб этди…

Тошкент тиббиёт академиясининг 3-клиникасига қарашли "Ички касалликлар пропедевтикаси, гематология, ҲДТ ва лаборатория иши" кафедраси ревматологи, олий тоифали шифокор Зайдулла ака уйда нонуштани наридан-бери қиладию, талабалик давридан ҳозирга қадар қадр¬дон бўлиб қолган ишхонасига шошилади. Эрталаб соат 7 да ўз иш жойига кириб келган шифокорни жамоасидагилар қарши олишади, шифокор учун бу ерда даволанаётган беморларнинг аҳволини билиш сув билан ҳаводек муҳим. Кафедра қошидаги ревматология, яъни бод касалликлари бўлими 35 ўринга мўлжалланган бўлиб, даволаш жараёни ўрнатилган тартибга мувофиқ амалга оширилмоқда.

– Бўлимда 25 нафар тиббиёт ходими меҳнат қилади, шундан 13 нафари кафедра таркибида бўлиб, ҳам илмий, ҳам амалий жараён билан шуғулланади. Тиббиётнинг қайси йўналишини олиб қарамайлик, беморни қийнаётган дарднинг келиб чиқиш сабаблари у яшаётган муҳит, унга таъсир этувчи ички ва ташқи омиллар билан боғлиқ ҳолда ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан ўрганилади. Бўлимда даволанаётган беморлар ревматизм, ревматоид артрит, деформацияланган артроз, системали қизил югурдак (СКВ), подагра, Бектеров касалликлари билан оғриб, уларни даволаш жараё¬нида шифокор ва тадқиқотчилар организмда кечадиган бошқа сурункали хасталиклар билан боғлиқ эканлигини аниқ¬лай¬дилар. Бизда қарор топган ва шакл¬ланган кўп йиллик анъаналардан биттаси ҳар бир шифокор ва ўрта тиббиёт ходими қалбида акс садо бериб турувчи "Беморга меҳр беринг" деган шиордир. Чунки беморнинг қалбига йўл топа олмасак, даволаш жараёни туман ичида қолган йўловчининг ўз манзилини топишидек мураккаб ишга айланади, – дейди Зайдулла Еримбетов.

Кунда, кунаро учрашиб турган кишилар бир-бирларини яқинроқдан биладилар. Гарчанд улар иш юзасидан бир-бирлари билан мулоқотда бўлишса ҳам, бу аснода кимнинг қандай билим ва тажрибага эгалиги, нимага қодирлиги, ҳаттоки, ички дунё¬си ҳам намоён бўлади. 1976 йилдан буён ана шу даргоҳни тарк этмай фаолият кўрсатиб келаётган шифокор жуда кўп кишилар билан ишлади, турфа феъл-атворли ҳамкасблар даврасида юриб, улардан ўрганди, айни пайт¬да ўзи ҳам устозга айланди. Таъкидлаганимиздек, Зайдулла Еримбетов салкам қирқ йиллик ўз меҳнат фаолияти давомида ҳамкасбларида ўзига нисбатан меҳр-муҳаббат ва ҳурмат уйғота олди. Аслида, ҳамманинг қалбидан жой олиш, ҳар бир кишига инсоний хислатлари билан ёқишдек бахт камдан-кам одамга насиб этади.

Маъруф КАРИМОВ,

тиббиёт фанлари доктори, профессор:

– Бўлимга жойлашиб даво¬ланаётган беморларнинг 65-67 фоизи таянч ҳаракат системасида асосий роль ўйновчи суяк тизими билан боғлиқ касалликларга учраганини кузатамиз. Бу ерда улар шошилинч тез тиббий ёрдам, ордер ҳамда хўжалик ҳисобига маблағ ўтказиш йўли билан қабул қилиниб, 10-12 кунлик даволаш жараёнига жалб этилади. Бўлимда нафақат даволаш жараёни, балки ҳужжатларнинг юритилиши, ташкилий хўжалик ишлари ҳам намунали йўлга қўйилган. Клиниканинг бошқа бўлимларидан у киши юритаётган иш ҳужжатларини ўрганиб, намуна олиб кетишади. Бўлимда ҳар куни Зайдулла ака бошчилигида эрталаб беш, ўн дақиқалик йиғилиш ўтказилади. Даволанаётган беморлар тўғрисидаги ахборот берилгач, шифокор ва ҳамшираларга кундалик вазифа уқтирилади. Аҳволи анча жиддий бемор қабул қилинса, зудлик билан клиник консилиум чақирамиз. Бундай пайтда Зайдулла аканинг ревматологик касалликлар бўйича жуда катта тажрибага эга шифокор эканлиги кўзга ташланади. Эл саломатлиги йўлида ўз билимини, ақл-заковатини сарфлаб келаётган Зайдулла акани 1990 йилдан бери меҳрибон шифокор, доимий равишда ўз билим тажрибаларини бойитиб борувчи ҳамкасб, оиласида эса рафиқаси ва фарзандларига чинакам ғам¬хўрлик кўрсатувчи ота сифатида биламиз. Беморлар яшаш тарзи, фикрлаши, ҳаётга муносабати билан бир-биридан фарқланса ҳам, Зайдулла ака уларнинг барчасига бирдек назар билан ёндашади. У киши ҳаётда кўп қийинчиликларга учраган беморнинг қалбига ҳар томонлама кириб борсам, дейди. Ҳақиқий шифокорнинг маънавий қиёфаси аслида бундан бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас.

Киши қайси касбда ишламасин, унинг касбий салоҳияти йиллар мобайнида сайқалланади, ҳаётда рўй берган ва бераётган воқеа-ҳодисалардан хулоса чиқаради, ён-атрофидаги сафдошлари, замондошлари билан мулоқот қилиб, уларга "нимадир" беради, улардан ҳам "нимадир" олади. Шу жиҳатдан олганда, Зайдулла Еримбетовнинг ёш мутахассислар билан иш жараёнида ўрнатган муносабати ҳақида уларнинг ўзларидан фикр тинглаш мақсадга мувофиқдир.

Робия СУВОНОВА, бемор, 53 ёш: – Сира иккиланмай Зайдулла акани қалби соф ва тоза ниятларга тўлиқ шифокор, деб биламан. Дарднинг қандай ва қачон сизга илакишганини билмай қолар экансиз. Дастлаб қон томирлари функциясининг бузилиши билан боғлиқ ҳолда келиб чиқадиган синдром бора-бора менда системали склеродермия касаллигининг ривожланишига имкон яратган. 2007 йилда илк бора бу ерга келганимда оёғим шишиб кетган, юришга қийналардим. Шифокор Зайдулла ака барча беморлар қаторида мени синчковлик билан текшириб, тўғри ташхис қўйди. Шукрки, ҳозир аҳволим яхши. Бир йилда икки маротаба – баҳор ва кузда шу ерга келаман. Баъзан ордер билан, баъзан ўз ҳисобимдан даволанаман.

Нигора ТЎХТАЕВА,

ассистент:

– Касаллик тарихи, беморни текшириш усуллари бўйича аввал бошқа бўлимда эгаллаган билим ва тажрибаларимни бу ерда Зайдулла Еримбетов кўмагида яна ҳам такомиллаштирмоқдаман. Баъзан беморнинг умумий аҳволига қараб у киши рентген эмас, магнитли резонанс текшируви ёки компьютер томография¬сини тавсия қилади. Бу бежизга эмас, демак, бемор организмида кечаётган клиник ҳолат анча мураккаб, бунда энг замонавий технологиялар ёрдамига таяниш даволаш жараёнини осонлаштиради. Бўлимда 4 нафар клиник ординатор, 2 нафар ассистент, 1 нафар ординатор фаолият кўрсатаётган бўлса, устоз шифокор Зайдулла ака кўрсатма ва тавсиялари асосида беморни даволашнинг барча имкониятларидан фойдаланяпмиз. Ёш шифокорни иш жараё¬нида кичкина ютуғи учун маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ёки йўл қўйган камчилигини такрорламаслиги учун ётиғи билан тушунтириш Зайдулла акадаги энг ижобий хислатлардан.

Халқимизда "Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб" деган нақл бор ва у фақат шифокорлар даврасида эмас, бошқа касб эгалари томонидан ҳам тез-тез тилга олинади. Маъноси шундаки, касалликни бошидан ўтказмаган, ҳис қилмаган киши табиблик қила олмаслиги мумкин, балки унинг оғриқларидан азоб чеккан, танасига бундан зарар етаётганини ҳар дафъада сезиб турган киши табибликнинг машаққатини чуқурроқ англайди. Ревматология бўлимига келиб даволанувчиларнинг кети узилмайди, улар турли ёшдаги юртдошларимиз бўлиб, ҳар хил сабабларга кўра, ревматологик касалликларга чалинишган. Улар билан суҳбатлашган киши чеҳрасида акс этган миннатдорлик даволовчи шифокоргагина тааллуқли эканлигига тан беради. Таъбир жоиз бўлса, шифокор ва бемор ўртасидаги меҳр риштаси кўпроқ даволанувчи кишининг юз-кўзида намоёндир. Бошқача айтганда, шифокорнинг бемордан миннатдорлиги эмас, бетоб бўлиб, дард¬дан фориғ бўлган ёки бў¬лаёт¬ган кишининг табибдан мамнунлиги муҳимроқдир. Буюк ватандошимиз Абу Али ибн Сино таълимотида илгари сурилган бу ғоя бизнинг давримизга келиб янада кучайди ва ҳеч қачон ўз аҳамия¬тини йўқотмайдиган ушбу фикрнинг нафақат шифокорлар даврасида, балки беморлар суҳбатида ҳам эътироф этилиши, ишора қилиниши абадий ҳа¬қиқатдир. Ревматология бўлимида даволанаётган беморлар билан бир лаҳзага учрашган киши ана шу ҳақиқатни юракдан ҳис қилади.

Дарҳақиқат, киши бир жойда мунтазам ишласа, бу ернинг паст-баландини билиб ва ўрганибгина қолмай, ўз умрининг ортида қолган йилларга, воқеаларга тез-тез разм солади, кўнглидан ўтказади. Битта даргоҳда узлуксиз ишлаб келаётган Зайдулла Еримбетов шифокорлик касбини танлаб адашмаганига ҳамиша иқрорлик келтиради, ҳаттоки фахрланади, ғурурланади. "Шифокорлик касби орқасидан нима топдингиз?" деган саволга у киши учта ҳолатнинг изоҳини келтиради:

– Обрў-эътиборга эришдим. Танишлар ёки нотанишлар даврасида врач эканлигингизни билишса, тиббиётга доир саволлар бериб, сиздан нималарнидир билишга интилишади. Шунда шифокор бўлганимдан фахр-ланаман. Даволаган беморларимдан уч нафари менга ҳавас қилиб, ўз фарзандларига Зайдулла исмини қўйишган. Адашларим кўпаяёт¬ганидан ғурурланаман. Қайсидир йили шифокорлар даврасида ёш йигит мен билан саломлашиб, "Сиз мени эслолмайсиз, онамни даволагансиз, ўшанда уларни кўргани бориб, сизга ўхшаб шифокор бўлиш орзусини дилимга тукканман. Ният холис бўлса, ижобатини берар экан. Мана, Тошкент тиббиёт академиясини битирдим, шифокорман" деб қолса бўладими? Ҳақиқатан ҳам мен бу йигитни эслолмадим, аммо унинг илиқ ва самимий гапларидан мамнун бўлдим.

Инсоннинг умр йўлини қисмат, тақдир дейдилар. Агар унинг шаънига фақат илиқ фикр¬лар айтилса, билингки, ўша инсон бунга ўзида шаклланган мукаммал тарбия орқали эришган. У қандай вазиятда бўлмасин, яхшилик қилиш учун шошилади ва бунинг савобини Аллоҳ йўлига бахшида этади. Бунинг мукофоти кўп, тинч ва осойишта оилавий ҳаёт, ҳамкасблар орасидаги ҳурмат-эътибор, энг муҳими, ўз касбидан ва тақдиридан розилик. Тошкент тиббиёт академияси қошидаги 3-клиниканинг ўз касбига масъулият билан қарайдиган, ҳар дақиқада бемор учун жонини қалқон қиладиган олий тоифали шифокори Зайдулла Еримбетов ана шу даражага эришган замондошларимиздан бири. Буни у кишининг иш жараёни билан ҳали танишмасдан туриб таъриф-тавсия берган клиника бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Жасур Ризаевнинг қу¬йидаги эътирофи яна бир карра тасдиқласа, ажаб эмас:

– Ревматология бўлимида баъзан фавқулодда ҳолатлар бўлиб туради. Айрим беморларнинг аҳволи қийинлашади, шундай кезда тажрибали шифокорларнинг уйига қўнғироқ қиламиз. Оғринмасдан, малоллик сезмасдан биринчи бўлиб етиб келадиган шифокорлардан биттаси Зайдулла ака бўлади. Ишга нисбатан масъулият билан қараш, бугунги ишни эртага қолдирмаслик, беморнинг дилини ҳеч қачон оғритмаслик бу шифокорнинг ҳаётий шиоридир. Шунинг учун ҳам бу ерда ўқув жараёнини амалга ошираётган талаба ва магистрантлар, даволанувчи беморлар устоз шифокорнинг худди шу сифатларини эътироф этишади.

Беморга меҳр бермоқ, унинг дардини тинглаш, қўлидан келган ёрдамини дариғ тутмаслик, кўнглини кўтариш, таскин ва далда... шифокор учун энг зарурий сифат бўлиши керак, шундагина у Зайдулла Еримбетов каби беморлар, ҳамкасб¬лар, шогирдлар қалбини забт эта олади.

Ҳулкар КУЗМЕТОВА. Сурат муаллифи Анвар САМАТХОДЖАЕВ.

№ 44, 07.11.2014 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.