Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Эътироф

АЁЛГА ҲУРМАТ ВА ЭҲТИРОМ РАМЗИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 март кунидаги "8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан мукофотлаш тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизимида самарали меҳнат қилаётган бир гуруҳ хотин-қизларга давлат мукофотлари топширилди. Улар орасида мамлакатимиз тиббиёт тизимида меҳнат қилаётган аёлларимизнинг борлиги ҳам барчамизни хушнуд этди. Давлатимиз раҳбарининг бундай эътибор ва ғамхўрлигидан мамнун бўлган мукофот соҳибалари ўзларининг дил истакларини қуйидагича эътироф этдилар:

Гўзал ТОХТАЕВА,

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Республика Кенгаши раиси ўринбосари "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси:

– Мана, юртимизга баҳор фасли ҳам кириб келди. Куни кеча қалбларимизга шодлик ва қувонч бахш этган фаслнинг илк байрами бўлган 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунини ниҳоятда кўтаринки кайфиятда кутиб олдик. Фахрланарлиси шундаки, баҳор фаслини аёл гўзаллиги ва унинг мафтункорлигига қиёслашади. Эътироф этишим жоизки, бугун қайси бир соҳага қарамайлик, у ерда аёлнинг ўрни беқиёс эканлигининг гувоҳи бўламиз. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчиларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Шулардан, 1 минг 400 га яқин опа-сингилларимиз раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда. Улардан 17 нафари сенатор, 16 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлиб, 1 минг 75 нафари эса халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари таркибида иш олиб бормоқда. Дарҳақиқат, соғлиқни сақлаш тизимида ҳам кўплаб хотин-қизларимиз меҳнат қилаётганликларини ҳурмат билан тилга оламан. Айниқса, халқимиз саломатлигини асрашда уларнинг меҳнати нечоғлиқ шарафли ва масъулиятли эканлигига тан бермай иложимиз йўқ. Бугунги кунда ҳар қандай жамиятнинг асосий кўзгуси хотин-қизлар эканлиги шубҳасиздир. Халқимиз орасида "Аёл бир қўли билан бешикни, иккинчи қўли билан дунёни тебратади", деган нақл бежиз айтилмаган. Буюк аждодларимиз, миллатимиз тарихидан маълумки, ўзбек аёли, ўзбек оналари нафақат ўз элимиз, балки дунё ҳамжамияти, умумбашарият тараққиётига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган машҳур, жасур ва доно фарзандларни дунёга келтиришган.

Дунёда икки муқаддас нарса бор – у ҳам бўлса, Она ва Ватан. Бизга нақадар азиз ҳамда қадрли бўлган ана шу иккала сўз аслида ягона маънони, яъни Онани англатади. Қалбимиз тўридан мустаҳкам ва муносиб жой эгаллаган ушбу сўзларнинг ўхшашлиги тасодифий ҳол эмас, дунёда онаданда эъзозли ва эҳтиромга лойиқ инсон, Ватандан азиз ва қимматли замин бўлиши ҳам мумкин эмас. Шундай экан, мустақиллигимизнинг илк йилларидан бошлаб мамлакатимизда аёл қадр-қимматини янада кўтариш, оила фаровонлигини таъминлаш долзарб вазифалардан бирига айланди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов аёлларни ниҳоятда улуғлаш ва эъзозлашга чақириб, "Аёл, аввало, оналаримиз, опа-сингилларимиз, умр йўлдошимиз, қизларимизнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини янада ошириш, иззат-икромини жойига қўйиш, уларнинг оғирини енгил қилиш – давлатимиз, ҳукуматимиз, жойлардаги ҳокимликлар ва кенг жамоатчиликнинг асосий вазифаси бўлмоғи лозим", деган эдилар. Зеро, ушбу пурмаъно сўзларнинг қанчалик қимматга эга эканлигини 2018 йилнинг 7 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувдаги нутқлари ҳамда тадбирда иштирок этган хотин-қизларимизга топширган нуфузли мукофотларини қабул қилиш чоғида, бу айни ҳақиқат эканлигини яна бир бор чин юракдан ҳис этдим. Менинг ҳам камтарона меҳнатимни қадрлаб, "Меҳнат шухрати" орденига муносиб кўрган Давлатимиз раҳбарига ташаккуримни билдираман. Улар юксак мукофотни ўз қўллари билан топширар экан, қалбимдан қуйидаги фикрлар ўтди. Ишончим комилки, дунёнинг ҳеч бир мамлакатида аёлларга бу қадар ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилмайди.

Наталья НАДИРХАНОВА,

Бухоро вилояти перинатал маркази директори,

II даражали "Соғлом авлод учун"

ордени соҳибаси:

– Ҳозирги кунда мамлакатимизда аёл сиймосига бўлган эҳтиром ҳар қачонгидан ҳам юксак даражага кўтарилди, десам муболаға бўлмайди. Боиси, бугуннинг аёли нафақат оилада, балки жамиятда ҳам ўзининг муносиб ўрнига эга. Албатта, бу жараён ўз-ўзидан содир бўлгани йўқ, Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган одилона сиёсат натижасидир. Ўз ўрнида аёлларимиз ҳам бу борада яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ҳар бир соҳада ўз иқтидори, салоҳияти ва фидойилигини кўрсатмоқда. Бошқача айтганда, мамлакатимиз аёллари чинакам жаннатмонанд юртда яшамоқда. Қолаверса, бирор бир соҳа йўқки, Президентимиз эътиборидан четда қолаётган бўлса. Хусусан, биргина тиббиёт тизимини олайлик, узоққа боришнинг ҳожати йўқ. Ўтган қисқа фурсат ичида соҳа фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилувчи қанчадан-қанча меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Уларнинг ижроси таъминланиши натижасида мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш том маънода янги босқичга олиб чиқилаётганлигининг гувоҳи бўлаяпмиз. Аҳамиятлиси шундаки, мазкур ислоҳотларнинг барчаси мамлакатимизда, энг аввало, инсон манфаатларининг устуворлигини таъминлашга қаратилгандир. Баркамол авлод – юрт келажаги, деб бежиз айтилмаган. Шу маънода олиб қарайдиган бўлсак, Президентимиз томонидан қабул қилинган меъёрий ҳужжатларнинг дастлабкиси 2016-2020 йилларда мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирларига бағишланганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу эса оналар ва болалар саломатлиги муҳофазасини таъминлаш ва бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Айтишим керакки, мазкур йўналишдаги эзгу фаолиятларда бевосита иштирок этаётганлигим ва мутахассис сифатида бироз бўлсада, ҳисса қўшаётганлигимдан беҳад мамнунман. Айниқса, касбини севувчи инсон сифатида болалар билан ишлашни аёллик бахтим, деб ҳисоблайман. Улар юзидаги қувонч эса меҳнатинг баҳосидир. Мана, ўлкамизга яна баҳор фасли кириб келди ва бутун олам яшаришга чоғланмоқда. Айтишни истардимки, аёл ўз қалбини айни шу фаслда кўпроқ ҳис этади. Чунки бу фаслда байрамлар айёмларга уланиб кетади, улар шукуҳи эса қалбларга кўчиб киради. Бу йилги баҳор менинг ҳаётимга ўзгача файз билан кириб келди. Сабаби, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан давлатимизнинг юксак мукофотига лойиқ кўрилдим ва уни шахсан Юртбошимизнинг ўзларидан қабул қилиб олишга муяссар бўлдим. Очиғини айтсам, ҳанузгача ушбу кун таассуротлари билан яшаяпман. Билдирилган ишонч учун самимий миннатдорлик билдираман ва бундан кейин ҳам фидойиларча ишлашга барча имкониятларимни сафарбар этаман. Яқинлашиб келаётган Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин.

Муътабар ЖАЛИЛОВА,

Тошкент шаҳридаги "Мурувват" ногирон болалар

учун 2-интернат уйи тарбиячиси,

"Шуҳрат" медали соҳибаси:

– Ёшлигимда кекса онахонларимизнинг "Инсоннинг қадр-қимматини унинг умри мобайнида бажарган эзгу амаллари белгилаб беради", деган сўзларини кўп эшитганман. Аммо, очиғини айтсам унинг мазмуни ҳақида айни пайтгача чуқур мулоҳаза юритмаган эдим. Холбуки, ана шу бахтни бугун ўзимда туйдим. 17 йилдирки, имконияти чекланган, ярим кўнгил болаларга қувонч улашишга ҳаракат қиламан. Бунинг уддасидан қанчалик чиқа олдим билмадиму, шу камтарона меҳнатимга 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Президентимиз томонидан юксак баҳо берилди. "Шуҳрат" медали билан тақдирландим. Табиийки бу мен учун кутилмаган ҳол бўлди. Ҳозирга қадар рағбатнома ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фахрий ёрлиқларига сазовор бўлсамда, уларнинг давомини шу даражада тасаввур қилмаган эдим. Шундай экан ушбу мукофотни бир мен эмас, устозларим ва Онахон Отабековна раҳбарлигидаги кўп сонли жамоамиз меҳнатининг эътирофи, деб биламан. Фаолиятим давомида болалар тарбиясининг барча гуруҳлари билан ишлаб кўрдим. Бу борада устозларим – Наима опа, айниқса, Нигора Муродовнанинг ўгитлари мен учун мактаб вазифасини ўтади. Бунинг учун улардан миннатдорман.

Тиббиётдаги ислоҳатларни қаранг, бугунги соғлиқни сақлаш тизими кечагидан кескин фарқ қилади. Соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар эса халқимизнинг тиббиётга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда. Яратилаётган имкониятларни кўриб, фақат ишлашимиз кераклигини ўзимиз ҳам англаб етаяпмиз. Касбимга оилам ва фарзандларимнинг ҳурмати баланд. Умр йўлдошим билан 3 нафар фарзандимиз тарбиясига жиддий қараймиз. Қизим ҳам тиббиёт соҳасини танлади. Икки нафар набирамиз эса оиламиз қувончи. Уларга қараб умрнинг шиддат билан одимлаётганлигини ҳис этаману, ҳаётда олдимга қўйган мақсадларимнинг қанчасига эришганимни сарҳисоб қиламан. Юртбошимизнинг эътирофи эса бу борадаги саволларимнинг барчасига самимий жавоб бўлди. Мен учун энг ҳаяжонли ва ҳайратланарлиси Президентимиз мукофотни топшириш асносида ҳар биримизни қутлар экан, бутун бир мамлакат ташвиши билан яшаётган олижаноб инсон ўша икки сониялик лаҳзада ҳам хонадонимизга тинчлик тилаб, "Мукофот билан меҳнат жамоангиз ва оила аъзоларингизни ҳам менинг номимдан табриклаб қўйинг", деганлари бўлди. Биласизми, назаримда бугунги дориломон кунларда дунё бўйича энг бахтли аёллар – бу ҳеч шубҳасиз ўзбек аёллари бўлса керак. Сабаби, аёл шаънига бу қадар ҳурмат-эҳтиром кўрсатувчи юрт, Юртбоши бошқа ҳеч қаерда топилмайди. Шу боис ҳам бугун дунё аёллари ўзбек аёлларига ҳавас қилса арзийди. Мен пурмаъно сўзларни кўп билмайман, аммо ташқарида қандай фасл ҳукм сураётганидан қатъий назар, ҳар бир аёл ўз хонадонининг баҳоридир. Фурсатдан фойдаланиб, барча тиббиёт ходимлари ва улар оиласини яқинлашиб келаётган баҳор айёми – Наврўзи олам билан самимий муборакбод этаман.

Мукофот соҳибалари билан Ибодат СОАТОВА,

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ суҳбатлашди.

№ 10, 16.03.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.