Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Эътироф

ҚАЛБЛАРДАГИ ШУКРОНАЛИК

Дамин АСАДОВ,

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти Соғлиқни сақлашни ташкил қиилиш, молиялаштириш ва бошқариш кафедраси мудири, профессор, "Меҳнат шуҳрати"

ордени соҳиби:

– Мукофот бу йиллар давомида фидойилик ва шижоат ҳамда инсонийликка хос эзгу фазилатлар билан меҳнат қилиб, эл назарига тушиш ва касбга бўлган садоқатга берилган баҳо, деб биламан. Мана, 54 йилдирки, халқимиз саломатлиги йўлида меҳнат қилиб келяпман. Ўтган йиллар давомида мамлакатимиз тиббиёти ўзининг кўплаб ютуқларига эришди. Қолаверса, жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлди. Айниқса, истиқлолнинг илк кунлариданоқ, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан инсонлар саломатлигига катта эътибор қаратилиб, тизим давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланди. Айни пайтда соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш, аҳоли соғлиғи ва унинг турмуш фаровонлигини яхшилаш, эзгу ғояларни амалга оширишда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев олиб бораётган изчил фаолият ҳам ўз самарасини бераётганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда халқ ғайрат, шижоат ва матонат билан ишламоқда. Жумладан, Юртбошимизнинг тиббиётга янада назар солаётгани бу албатта, соҳа ходимларининг меҳнатига бўлган ҳурмат деб биламан. Бунинг исботи сифатида куни кеча Президентимизнинг фармонларига кўра, давлатимизнинг юксак мукофотлари – фахрий унвонлар, орден ва медаллар кўпсонли тиббиёт ходимларига берилганлигини айтиш мумкин. Улар орасида мен ҳам "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланганим, бу албатта, юртимиз тиббиётида эришилган ютуқларимизнинг маҳсули деб биламан. 2017 йил мен учун бахтли йил келди, десам хато бўлмайди. Жорий йилнинг 5 январида соғлиқни сақлаш соҳасининг етакчилари билан ўтказилган видеоселекторда Президентимиз Шавкат Мирзиёев тиббиётдаги ютуқ ва истиқболдаги режалар хусусида гапириб, мени фаолиятимга эътибор қаратиб, "Мен сизни соғлиқни сақлашнинг ташкилотчиси деб биламан" деган эдилар. Бу албатта, менга бўлган катта ишонч, деб ҳисоблайман. Шундай экан, шиддат билан ўтаётган бир даврда янада ҳамжиҳатликда ишлашимиз лозимлигини вақтнинг ўзи кўрсатмоқда. Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида Юртбошимиз томонидан берилган юксак мукофотни кўриб, кўзларимга қувонч ёшлари келди. Ва "Бу Ватанда азиздир инсон" деган пурмаъно фикр хаёлимдан ўтди. Мана шундай эътибор ва ҳурматга лойиқ кўрган Президентимиз Шавкат Мирзиёевга кўпсонли тиббиёт ходимлари номидан ташаккуримни изҳор этаман.

Шаригул ОМАРБАЕВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак тумани тиббиёт бирлашмаси неонатолог шифокори,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими:

– Ўзбекистондек жаннатмакон юртда яшаш ҳамда севган касбингдан фахрланиб, эл назарига тушишдан ортиқ бахт бўлмаса керак. 43 йилдан буён Қораўзак тумани тиббиёт бирлашмасининг туғруқ мажмуасида фаолият юритиб келаяпман. Эндигина дунёга келган чақалоқларни соғ-саломат ота-она бағрига топшириш менинг энг асосий вазифаларимдан бири бўлган. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов оналик ва болаликни муҳофаза қилишни биринчи ўринга қўйиб, келажак авлодга бўлган эътибор ва ғамхўрликни эзгу мақсад деб билган эдилар. Мана, бугунга келиб уларнинг эзгу ғояларини давом эттираётган Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ёшларга катта эътибор қаратиб, "Камолот" ЁИҲнинг V қурултойида қатнашиб, мамлакатимизда 30 июнь – Ёшлар куни деб эълон қилдилар. Демак, бунинг замирида фарзандларимизга бўлган юксак ишонч ётади. Мутахассис сифатида айтмоқчиманки, дунёга келаётган ҳар бир зурриёт соғлом ва баркамол бўлиши учун тиббиёт ходимларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Бугунги кунда республикамизнинг қайси бир тиббиёт муассасасида бўлмайлик, болаларимиз саломатлиги учун янгича қиёфа кашф этаётган туғруқ мажмуалари, шифо масканлари ва уларнинг замонавий тиббий асбоб-ускуналар ҳамда малакали кадрлар билан таъминланганлиги боис, кейинги йилларда мамлакатимизда она ва бола ўлими кескин камайиб, самарали натижалар қўлга киритилди. Бунинг исботи сифатида айтмоқчиманки, куни кеча Президентимизнинг фармонларига мувофиқ соҳа вакилларининг бир гуруҳи давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлди. Шулар орасида менга "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими" унвонининг берилганлигини кўриб, беҳад қувондим. Менинг мана шундай камтарона меҳнатимни, оила ва жамиятдаги ўрнимни ҳурмат қилиб, юксак мукофотга лозим кўрган Юртбошимизга миннатдорлигимни билдираман. Бу ютуқдан фахрланган турмуш ўртоғим терапевт-шифокор Бахтжон Ажимурадов ҳамда олти нафар фарзандим ва набираларимнинг, айниқса, ота-она касбини улуғлаётган қизларим Венера ҳамда Муҳаббатларнинг чексиз қувончларини айтмайсизми? Ҳа, бундай ютуқларга эришаётган ҳар бир ҳамкасбимни ҳам юксак мукофотлари ҳамда Истиқлолимизнинг 26 йиллиги билан самимий қутлаб қоламан.

Темирқул РАҲМОНОВ,

Сурхондарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази

жароҳат оқибатлари ва ортопедия бўлими бошлиғи,

"Шуҳрат" медали соҳиби:

– Бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз томонидан тиббиёт тизимига қаратилаётган эътибор ва тизим фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати яхшиланмоқда. Бирламчи тиббий-санитария тизими қайта кўриб чиқилди. Айниқса, тор соҳа мутахассислари бириктирилган қишлоқ оилавий поликлиникаларининг ташкил қилиниши, шошилинч тиббий ёрдам хизмати фаолиятининг замонавий босқичга олиб чиқилаётгани, кадрлар салоҳиятини ошириш, фаолиятга жаҳон тажрибаларини жорий қилиш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз сингари биз тиббиёт ходимларини ҳам мамнун этмоқда. Бундан ташқари, халқимиз ва соҳа ходимлари учун яратилаётган шароит ва имкониятларни айтмайсизми? Эътиборлиси, мазкур ислоҳотлар натижасида чекка ҳудудларга ҳам ихтисослаштирилган тиббий хизматлар яқинлаштирилмоқда. Пойтахтимиздаги нуфузли тиббиёт марказларининг вилоятларда ҳудудий филиаллари йўлга қўйилиши аҳолининг узоғини яқин, мушкулини осон қилди. Назарда тутилган мақсадлар эса одамларнинг кўнглидаги иш бўлди. Эндиликда марказий тиббиёт муассасалари фаолиятида оддий ҳисобланган жарроҳлик амалиётлари учун пойтахтга боришнинг ҳожати қолмайди. Шундай экан, ушбу фаолиятларни ҳеч иккиланмасдан мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллик тўйига муносиб туҳфа дейиш мумкин.

Айтиш керакки, жорий йилги байрам шукуҳи менинг ҳаётимда ҳар йилгидан ҳам ўзгача келди. Сабаби, қўшалоқ айёмлар арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан соҳадаги камтарона фаолиятим давлатимизнинг юксак мукофотига лойиқ кўрилди. Очиғи, кутилмаган бу муваффақиятдан ҳанузгача ҳаяжондаман. Ушбу хабарни эшитгач, энг аввало, дастлабки йиллардан бошлаб, ҳозиргача бўлган 35 йиллик фаолиятимни кўз олдимдан ўтказдим... Қилган меҳнатларим чиндан ҳам бундай эътирофга муносибми? Оиламиз шифокорлар оиласи бўлганлиги боис, яқинларим ҳам мен сингари завқ туйишди. Ҳамкасбларим қутлашганда эса эгнимдаги оқ либос ва танлаган касбимдан бениҳоя фахрландим. Аминманки, бу эътироф бир менинг эмас, бутун жамоамиз фаолиятига берилган юксак баҳодир. Табиийки, мазкур мукофот зиммамизга янада улкан масъулият юклайди ва бу ишончни оқлаш, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, одамларни тиббиётдан рози қилиш учун бундан кейин ҳам халқимиз саломатлигини асраш йўлида ўз меҳнатларимизни аямаймиз.

Мастура ЭРГАШЕВА,

Бухоро вилояти Болалар уйи катта ҳамшираси,

"Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси:

– Фаолиятим давомида кексаларимизнинг "Ҳақиқий бахт машаққатли меҳнат ортидан келади" деганини кўп бора ёдга оламан. Ҳатто шиоримга ҳам айланган десам, хато бўлмайди. Оқ халат, шифохона, беморлардан ҳол сўраш, уларнинг соғайишига қўлингдан келганча ўз ҳиссангни қўшиш, мен умрим давомида излаган бахтимни айни шулардан топганман. 32 йилдирки, ана шу бахт мен билан бирга, яъни шунча йилдан буён тиббиёт тизимида фаолият юритаман. Кейинги 14 йил давомида Бухоро вилояти Болалар уйида чақалоқлар ва болажонлар билан ишлаб келаяпман. Муассасамизда ногирон болалар ҳам тарбияланади, аммо йиғлаётган боланинг бегонаси бўлмас экан. Ҳатто, уларга шу даражада ўрганиб қоламизки, фарзандликка кетаётганлари билан хайрлашишимиз осон кечмайди. Имкони бўлса мен бундай болажонлар билан алоқани буткул узиб юбормайман. Баъзилари билан кўришиб, айримлари билан эса мунтазам қўнғироқлашиб турамиз. Улар мени устоз, меҳрибон опа санайди. Айтингчи, шундай болажонларни ўз болангдан кам кўроласанми, йўқ албатта. Одатда, шифокор сифатида беморни қийнаётган шифоси бор дарддан халос этиш бир қадар осон, бироқ ярим кўнгилни тўлдириш қийин.

Шу болажонлар саломатлиги ва тарбиясига қўшган кичкина ҳиссам давлатимиз раҳбари томонидан юксак қадрланиб, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибасига айландим. Бундан эса шодлигим чексиз. Бунинг учун меҳнатимни шундай мукофотга муносиб кўрган Президентимизга, ҳукуматимизга ўз миннатдорлигимни билдираман. Ҳаётимдаги қувончли лаҳзаларнинг, айниқса, энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллигимизнинг 26 йиллик шодёнасига тўғри келгани мени янада ҳаяжонлантирди. Қизим Нозима Ҳамроева ҳам менинг изимдан бормоқда. Демак, шу касб билан оилам меҳрини қозониб, эл назарига тушдим. Шундай экан, ҳам бахтли она, ҳам шарафли касб эгасиман. Албатта, ушбу ютуқ жамоамиз меҳнати маҳсулидир. Келажакдаги фаолиятларимизда ҳам бугунги муваффақият ва билдирилган ишончга муносиб жавоб қайтаришга астойдил ҳаракат қиламиз. Зеро, тиббиёт тизимида амалга оширилаётган бугунги кенг кўламли ислоҳотлар биз соҳа ходимларидан айни шу мақсадни талаб этади. Фурсатдан фойдаланиб тизимдаги устоз ва ҳамкасбларим, улар орқали юртдошларимизни Истиқлолимизнинг 26 йиллиги ва Қурбон ҳайити билан чин дилдан самимий муборакбод этаман. Халқимиз соғлиги мустаҳкам, осмонимиз мусаффо, тинчлигимиз абадий бўлсин.

Мукофот соҳиблари билан Ибодат СОАТОВА ва Ҳасан АБДУҒАНИЕВ суҳбатлашди.

№ 36, 01.09.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.