Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Эътироф

ДАВЛАТ МИҚЁСИДАГИ ЮКСАК ЭЪТИРОФ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини бериш тўғрисида"ги Фармони билан энг улуғ, энг азиз байрам — Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик тантаналари арафасида тиббиёт соҳасининг бир гуруҳ етакчи олимлари тақдирланди.

Эътирофлиси шундаки, биринчи даражали Давлат мукофотлари билан тақдирланганлар орасида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази илмий бўлим раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Флора Иноятова, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Дилором Аҳмедова, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази профессори, ТошПТИ кафедра мудири ва тиббиёт фанлари доктори Шавкат Амоновларнинг эришган ютуқлари тиббиёт соҳасининг яна бир муваффақияти бўлди.

Ҳар бир мукофотнинг машаққатли меҳнат ортидаги самараси бўлади деганларидек, марказ олимларининг янгиликлар сари изланиши, илмий салоҳият йўлидаги тадқиқотларининг кўп йиллик натижаси ушбу юксак даражадаги мукофотни қўлга киритишда сабаб бўлди. Ушбу нуфузли мукофот "Оғир эшитиш заифлиги ва карлиги бўлган болаларнинг реабилитацияси" амалий тадқиқоти учун берилди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу юксак эътирофи муассасанинг бу борада олиб бораётган изланишларига берилган юқори баҳо бўлди.

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида яратилган барча шароит ва имкониятлар фаолиятлар самарадорлигини оширишда, беморларга тиббий хизмат кўрсатишда кенг қулайликлар яратмоқда. Марказ қошида 40 ўринга мўлжалланган махсус "Туғма ва орттирилган ЛОР аъзолари касалликлари" янги бўлими ишга туширилди, у замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди ҳамда маҳаллий ёш шифокорлар Россия, Австрия, Франция, Польша, Словакия, Италия, Украина каби давлатларнинг етакчи клиникаларида таҳсил олиб, малакаларини бойитиб қайтишди.

Шу ўринда айтиш муҳимки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳар 1000 нафар чақалоқдан 1 нафари кар бўлиб туғилади ва бола 1-2 ёшга тўлганда бу кўрсаткич 2 бараварга кучаяди. 2014 йилгача оғир эшитиш заифлиги ва карлик мавжуд бўлган болалар кохлеар имплантация учун чет элларга боришга мажбур бўлиб, бу албатта, катта молиявий сарф-харажатларни талаб қилар, шунингдек, оворагарчиликларга сабаб бўлар эди. Негаки, имплантация қилинган ўғил-қизларда операциядан кейинги реабилитация тадбирлари ўтказилмас, натижада жарроҳлик амалиёти самараси сезилмасди. Шу боис, марказ олимларининг тадқиқотлари ушбу муаммо ечимига қаратилган бўлиб, бу борада тинимсиз изланишлар олиб борилди. 2014-2016 йилларда энг замонавий эшитиш имплантлари қўлланилиши асосида 300 нафар болада кохлеар имплантация операцияси ўтказилиши режалаштирилиб, давлатимиз томонидан барча шароит яратиб берилди.

Шунингдек, ишлар самарадорлигини янада такомиллаштириш, фаолиятлар узвийлигини мустаҳкамлаш мақсадида марказ олимлари томонидан "Оғир эшитиш заифлиги ва карлиги бўлган болалар реабилитацияси (ўзбек модели)" илмий-амалий дастури доирасида 4000 дан ортиқ ўғил-қиз тиббий текширувлардан ўтказилди. 5 ёшгача бўлган 300 нафар кичкинтойга давлат бюджети ҳисобидан, 54 нафарига имплант ишлаб чиқарувчи компаниянинг мурувват ёрдами ва 5 ёшдан катта бўлган 29 нафар болада имтиёзли кредит ҳисобидан кохлеар имплантация амалиёти бажарилди. Зеро, тиббиётимизнинг бу каби ютуқлари соҳа ходимларининг билим ва тажрибаси нечоғлик юқори эканлигини кўрсата олди десак, муболаға бўлмайди. Албатта, олимларимизнинг оғир эшитиш заифлиги ва карлиги бўлган болаларнинг реабилитациясига бағишланган тадқиқоти биринчи даражали Давлат мукофотига муносиб кўрилгани юртимизда ушбу долзарб масалага катта эътибор қаратилаётганлигининг исботидир.

Имплантация қилинган болалар саломатлиги бўйича ўтказилган мониторингни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз. Жумладан, кузатув натижалари 90 фоиз ижобий, яъни бемор болаларнинг эшитиш қобилияти тикланиб, гапира бошлади. 7 ёшга кирганлари эса умумтаълим мактабларида ўз тенгқурлари қаторида таҳсил олишаётганлиги ҳамда кўрик-танловларда фаол иштирок этиб, турли совринларга сазовор бўлаётганликлари олимларимиз томонидан амалга оширилган тадқиқотлар рағбатининг ёрқин ифодасидир.

Юксак мукофот соҳиблари билан суҳбатлашар эканмиз, улар Президентимизнинг бугунги ишончи катта масъулият юклашини, билдирилган ишончни оқлаш, болалар саломатлиги йўлидаги изланиш ва тадқиқотларни янада изчиллик билан давом эттириш, фан-техника ютуқларини изчил ривожлантириш, энг муҳими, халқимизни тиббиётдан рози қилиш йўлида бор илм ҳамда шижоатини аямасликларини билдиришди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар қандай фидойи меҳнат ўз маҳсулини бермай қолмайди. Бунинг исботи сифатида имплантация қилинган болалар саломатлиги бўйича ўтказилган мониторингни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз. Жумладан, кузатув натижалари 90 фоиз ижобий, яъни бемор болаларнинг эшитиш қобилияти тикланиб, гапира бошлади. 7 ёшга кирганлари эса умумтаълим мактабларида ўз тенгқурлари қаторида таҳсил олишаётганлиги ҳамда кўрик-танловларда фаол иштирок этиб, турли совринларга сазовор бўлаётганликлари олимларимиз томонидан амалга оширилган тадқиқотларнинг ёрқин ифодасидир.

Бундай эътирофга молик ишларга юксак баҳо бераётган халқаро экспертлар Ўзбекистон тиббиётининг жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга эканлигининг яққол гувоҳи бўлмоқдалар.

Жаннатмонанд юртимизнинг кундан-кунга равнақ топиб бораётганлиги ва ҳар бир соҳадаги туб ўзгаришлар қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдириб, янада шижоат билан ишлашга ундамоқда. Айниқса, Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган фаолият кўлами кенгайиб бораётганлиги халқимизнинг турмуш фаровонлиги яхшиланишида муҳим аҳамият касб этаётганлиги қувонарлидир. Шундай экан, ҳар йилги эзгу анъанага кўра, Мустақиллик байрами арафасида кўп йиллардан буён фидокорона ва самарали меҳнат қилиб, ибратли натижаларга эришиб келаётган юртдошларимизнинг кўпчилиги мамлакатимиз Президенти фармонига биноан Ватанимизнинг юксак мукофотлари – фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланади.

Айтиш керакки, жорий йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини бериш тўғрисида"ги Фармонига асосан мукофотланган соҳа вакиллари орасида тиббиёт фанлари доктори, профессор Мирзағолиб Тиллашайхов, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош фтизиатри, тиббиёт фанлари доктори Наргиза Парпиева, тиббиёт фанлари номзоди Вера Белоцерковец "Ўзбекистон Республикасида аҳолига кўрсатиладиган силга қарши хизматни такомиллаштиришнинг фундаментал асосини яратиш" амалий тадқиқоти учун фан ва техника соҳасида иккинчи даражали Давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Бутун дунё олимларини ташвишга солаётган сил касаллигининг тарқалиши катта ижтимоий аҳамият касб этиб, барча давлат ва ҳамкор ташкилотларнинг диққат-эътиборида бўлиб келмоқда. Шундай экан, ушбу глобал муаммо тусини олган мазкур касаллик мамлакатимиз тиббиёт мутахассисларининг ҳам янгича ёндашув ва даволаш тизими асосида иш тутишларини тақозо этмоқда.

– Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, йилига 8,6 миллион киши ушбу хасталикка чалиниб, 1,43 миллион бемор силнинг турли асоратлари туфайли вафот этади, – дейди тиббиёт фанлари доктори Наргиза Парпиева. – Юртимизда сил касаллигининг олдини олиш, ташхислаш, даволаш ва эпидемиологик кузатув тадбирларини такомиллаштириш босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиб келинмоқда. Илгари марказимизда ҳафтасига 4 дона жарроҳлик йўли билан даволаш усули ўтказилар эди. Бу рақам мавжуд эҳтиёжга нисбатан жуда кам бўлиб, ҳозирги кунга келиб эса илмий марказ клиникасида ҳафтасига 30 дан ортиқ жарроҳлик амалиёти қўлланилмоқда. Амалга оширилаётган жарроҳлик усулларининг 60 фоиздан зиёдини юқори технологияли даволаш усуллари ташкил қилаётгани айниқса эътиборга моликдир. Бунинг натижасида 2016 йил якунига келиб, силнинг асосий эпидемиологик кўрсаткичлари ҳисобланган касалланиш ва ўлим кўрсаткичлари 100 минг аҳолига нисбатан 2 ва 3,5 баробар камайди. Аммо бу рақам биз кўзлаган натижа эмас. Олдимизда бажарилиши лозим бўлган вазифалар борлигини кўрсатиб турибди. Айниқса вилоятлар, чекка туманлар кесимида бажариладиган даволаш-профилактика ишлари сифатини оширишим лозим.

– Ҳамкасбларимиз билан аҳолига кўрсатиладиган силга қарши хизматни такомиллаштиришнинг фундаментал асосини яратиш бўйича олиб борган амалий тадқиқотимиз бугун дунё тиббиётини ўйлантираётган долзарб муаммолар ечимига қаратилган, – дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Мирзағолиб Тиллашайхов. – Ушбу илмий иш Президентимиз томонидан юқори баҳоланиб, Давлат мукофотига лойиқ кўрилгани бизга билдирилган катта ишонч деб биламан. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда сил касалликларини даволаш бўйича юқори натижалар қайд этилмоқда. Хусусан, даволаш самарадорлиги бугун 87 фоизга етказилди. Дунёда ушбу кўрсаткич 85 фоиз эканини инобатга олсак, натижа кўлами яхшиланганлигини кўрсатади. Яна бир эътироф этишга арзирли ютуғимиз, ЖССТ маълумотига кўра, силга қарши олиб борилган тадбирларнинг натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси фтизиатрия хизматининг Европа ҳудудидаги 53 та мамлакат орасида кучли учталикдан ўрин олгани бўлди. Мамлакатимизда халқ саломатлиги йўлида чин юракдан меҳнат қилган шифокор эл назарида, Президентимиз эътиборида эканлигига бугун яна бир карра гувоҳи бўлдик. Ўз фаолиятимизни ушбу масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда давом эттирамиз.

Халқимиз турмуш даражасини яхшилаш, ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлаш йўлида олиб борилаётган амалий ҳаракатлар самарасини юртимиздаги ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўзининг кундалик ҳаёт тарзи мисолида кўрмоқда.

Давлатимизнинг бу каби юксак мукофотларини қўлга киритишнинг ўзи бўлмайди. Кўп йиллик машаққатли меҳнат, айниқса, тиббиёт соҳасида жонкуярлик ва фидойилик билан ишлаб, тунларни тонгларга улаб, бемор ёнида парвона бўлиб унга нажот бахш этувчи шифокорнинг ютуғи ана шундадир. Шундай экан, юксак мукофот эгалари бўлган олимларимизни энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида эришган ютуқлари билан самимий қутлаб, мартабалари бундан-да баланд бўлишини тилаб қоламиз.

Саҳифа материалларини Ибодат СОАТОВА тайёрлади.

Жасур ЖАЛИЛОВ олган суратлар.

№ 36, 01.09.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.