Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Мутахассис билан сухбат

КЎЗ СИЛИ — ДАВОСИ БОР КАСАЛЛИК

Соҳага оид манбаларда қайд этилишича, сил касаллигини келтириб чиқарувчи бактериялар 1882 йил 24 мартда немис олими Роберт Кох томонидан кашф этилган. Унинг фикрига кўра, хасталикда сил таёқчаларининг дориларга чидамли тури (L-формаси, МЛУ, ШЛУ) пайдо бўлиши мумкин. Касалликни сил таёқчалари (Кох бактерияси) келтириб чиқаради ва у юқумли ҳисобланиб, бошқа хасталиклардан ўзига хос равишда сурункали тўлқинсимон тарзда кечиши билан ажралиб туради. Хасталик қўзғатувчилари нафас олиш ва ҳазм қилиш системаси орқали организмга тушиб, асосан ўпка тизимини шикастлайди. Хавфли томони шундаки, касаллик соч ва тирноқдан бошқа барча орган ва тўқималар, яъни ўпка, бош мия, кўз, тери, суяк, бўғимлар, лимфа безлари, ичак, буйрак ва жинсий аъзоларни ҳам зарарлайди. Шу боис, бугунги суҳбатимизда кўриш аъзолари, яъни кўзда учрайдиган сил касаллигининг таснифи, турлари ва уни даволаш тартиби хусусида газетхонларни қизиқтирган саволлар билан Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия маркази Хоразм вилояти филиали офтальмолог-шифокори Одилбек Курязовга мурожаат қилдик.

– Айтингчи, кўз сили ўзи қандай касаллик ҳисобланади?

– Фанда кўз сили, яъни организмнинг умумий инфекцион касаллиги ҳисобланувчи ушбу касаллик бактериал табиатга эга бўлиб, узоқ давом этиши ва тез-тез қайталаниб туриш билан кўриш қобилиятининг пасайиши, айрим ҳолатларда бутунлай йўқолишига олиб келади. Ҳозирги пайтда кўз сили ўпкадан ташқари мазкур хасталиклар турига кирувчи касалликлар ичида олтинчи ўринда бўлиб, 5-16 фоизни ташкил қилади. Тиббиётда мазкур касалликнинг асосан 3 та йўл билан ривожланиши кузатилган. Биринчи йўл – гематолимфоген бўлиб, гематоген диссеминацияда сил микобактериялари кўз тўқималарига организмнинг бошқа сил ўчоқларидан ўтади ва айни шу йўл энг кўп учрайди. Иккинчи йўл – экзоген деб номланиб, кўз шиллиқ қавати бўшлиғи орқали ривожланади. Учинчи йўл эса контакт йўл – бунда касаллик кўзга тарқалиб, юз териси, кўз косаси остеомиелити ва бурун бўшлиғи орқали ривожланади.

– Хасталикнинг таснифи ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

– Кўз сили касаллиги асосан 3 та клиник тур билан изоҳланади:

1. Гематоген увеитлар. Яъни, уларнинг олдинги (ирит, циклит, иридоциклит) ва орқа увеитларга (хориоидит, хориоритинит) бўлиниши;

2. Кўз олди тўқималари силининг пайдо бўлиши;

3. Кўз сили – аллергик касалликлари. Ўз ўрнида улар ўткир бошланиши, қисқа давом этиши ва тез-тез қайталаниб туриши билан таърифланади.

Бундан ташқари, 1956 йил A. C. Woods касалликнинг клиник-морфологик тартибига асосланиб, қуйидаги таснифни илгари сурган. Гранулёматоз ва ногранулематоз. Гранулёматоз – касаллик пайдо қилувчи (патоген) микро-организмлар, гематогенли метастаз натижасида томирли парда қаватида перифокал яллиғланишга эга гранулёма ҳосил қилади. Ногранулематоз – яллиғланиш жараёни носпецифик кечиб, кўз тўқималарининг ҳар хил аллергенларга қарши сенсибилизацияланган реакцияси билан намоён бўлади.

– Демак, касаллик турларга ҳам ажралади?

– Албатта, тиббиётда кўз силининг бир қанча турлари аниқланган. Улар кўриш аъзоси атрофи тўқималари, кўз олд ва орқа қисмининг сил касаллигидан иборат. Ўз навбатида мазкур турлар ҳам бир неча гуруҳларга бўлинади. Айтайлик, кўз атрофи тўқималари билан боғлиқ гуруҳга кўз қовоқлари териси сили, кўз косасининг сил остеомиелити, сил дакриоцистити, сил дакриоаденити, конъюнктива (шиллиқ қават) сили ва эпибульбар сил касалликлари киради. Шундан, сил дакриоцистити кўпинча болалар ва ўсмирларда кузатилиб, ушбу турда инфекция гематоген ёки конъюнктива орқали кўзёш йўлидан ўтиб кўз ёши халтачасида ривожланади.

Кўзнинг олд қисми сили – аллергик зарарланиш, сил кератитлари, сил склеритлари ва сил иридоциклити (олдинги увеитлар) билан гуруҳланади. Масалан, аллергик зарарланишда касалликнинг ўткир бошланиши, ёруғликдан қўрқиш, кўзёш оқиши, блефароспазм, даво таъсирида жараённинг тез камайиши ва тез-тез қайталаниш ҳолатлари кузатилади.

Кўз орқа қисми сили эса тарқалган хориоретинит, конглобирланган туберкула, диффуз сил хориоретинити, хориоидеянинг миллиар сили, периферик увеит, йенсен юкстапапиляр хориоидити ва сил перифлебитини ўз ичига қамраб олади ва уларнинг ривожланиш турлари ҳар хил. Хусусан, диффуз сил хориоретинити касаллигини олайлик, у асосан томирли қаватнинг орқа, яъни хусусий томирли қават қисмидаги жараён тўр парданинг шишиши ва инфильтрацияси билан кечади. Хориоидеянинг миллиар сили бугунги кунда жуда кам учрайди. У кўпинча болалар ва ўсмирлардаги сил менингити ва иммунитетнинг сусайиши, сил диссеминацияси жараёнларида кузатилади. Касалликнинг сил перифлебити тури эса рецидивланувчи характерга эга бўлиб, кўпинча эркакларнинг иккала кўзида кузатилади.

– Касалликка ташхис қандай қўйилади?

– Очиғини айтсам бу жараён бирмунча қийинчиликлар туғдиради ва беморни комплекс равишда текширишни талаб қилади.

Москва шаҳридаги кўз сили марказида беморларни текшириш учун қуйидаги схема қабул қилинган:

– анамнезни мақсадга мувофиқ ойдинлаштириш (сил касаллиги билан контакт борлиги, илгари кўз силини ўтказганлиги ва бошқалар);

– кўкрак қафаси флюорографияси, кўрсатма бўлганда, кўкрак ички лимфа безларида ва ўпкадаги сил ўзгаришларининг фаоллигини аниқлаш мақсадида рентгенологик текширув ўтказилади;

– ўпка, томир олди лимфа тугунлар, аниқланган суякли ўзгаришлар фаоллигини рентгенологик аниқлаб бўлмаса, томография текшируви ўтказилади;

– томир олди лимфа безларининг катталашуви ва катта петрификатларни аниқлашда бронхоскопия текшируви ўтказилади;

– териферик лимфа тугунлари ҳолатини текшириш;

– кўрсатма бўлганида, қорин бўшлиғининг рентгенологик текшируви, уролог ва гинеколог маслаҳатлари;

– сийдик ва бронхлар чайиндиси, сил бактерияларини аниқлаш учун балғамни экиш;

– бошқа сурункали инфекцияларни бартараф этиш: захм (сифилис), токсоплазмоз, бруцеллёз, ревматизм, саркоидоз, вирусли касалликлар;

– иммундиагностика, in vitro ўтказилиб, бемор қонида туберкулинга нисбатан гуморал ва ҳужайравий антитанани аниқлашга асосланган;

– туберкулин-диагностика. Кератит, склерит, увеитлар этиологиясини аниқлашда катта аҳамиятга эга. Кўз силини аниқлашда терида туберкулин синовлари ўтказилади: тери ичи Манту синамаси, Градуирланган Манту синамаси, тезлаштирилган Манту реакцияси;

– синовчи даволаш (тест-терапия). Бундай даволашни ноаниқ этиологияли увеитларда қўллаш маслаҳат берилади. Туберкулостатик препаратлар бир ой давомида қўлланилади. Даволаш самарали бўлганда увеитнинг сил этиологиялилиги тахмин аниқланади.

– Даволашда асосан нималарга эътибор берилади, қандай муолажалар қўлланилади?

– Кўз сили касалликларини даволаш нафақат кўриш функцияларини иложи борича асл ҳолига келтириш ёки сақлаб қолиш, кўз олмасидаги яллиғланиш жараёнларини бартараф этиш, балки сил таёқчаларининг фаоллигини сусайтиришга, организм ҳимоя кучларини оширишга ҳам қаратилган бўлиши лозим.

Фтизиатриянинг умумий тамойилларига кўра, антибактериал кимётерапия, давонинг асосий қисми касалликнинг шакли ва оғирлигига қараб ўтказилади. Жараённинг оғир даражасида даволаш икки даврда олиб борилади. Биринчи давр уч хил препарат таъсирига қараб икки-уч ой давомида олиб борилади. Иккинчи даврда икки хил препарат уч ой давомида берилади. Қон қуйилишлар билан кечувчи геморрагик хориоретинит ва перифлебитларда бирданига кимётерапия қўлланилмайди, чунки силга қарши препаратлар қон- томир деворларини кучсизлантиради. Шунинг учун 2-3 ҳафта давомида ангиопротекторлар қўллаш даво терапияси ўтказилади. Шундан кейин изониазидни кичик дозадан секин-аста ўрта терапевтик дозагача буюрилади. ПАСК суткасига 6-9 граммдан ошмаслиги керак. Иккинчи гуруҳ препаратларидан этоксид, этионамид ва циклосерин буюрилади. Тибон қўллаш мумкин эмас.

Суст кечувчи, сурункали жараёнларда стрептомицин самара бермайди. Бундай шаклдаги кўз силини изониазид, рифампицин ёки ПАСК ва иккинчи гуруҳ препаратлари билан туберкулин, гормон, носпецифик воситалар қўлланилади. Сўнгги 15 йил ичида лазерли коагуляция муваффақият билан қўлланилмоқда. Кўрув функцияларини сақлаб қолишнинг шартларидан бири кўз сили асоратларининг олдини олиш ва ўз вақтида даволашдан иборатдир.

Суҳбатимиздан маълум бўлдики, кўз сили касаллиги ҳам ушбу тур хасталикларининг бошқа кўринишлари каби инсоният билан бирга яшаб, унинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирадиган юқумли касалликлардан биридир. Шундай экан, ҳар бир инсон нафақат ўз саломатлиги учун, балки соғлом турмуш тарзи ва жамият соғлиги йўлида вақтида тиббий кўрикдан ўтиб туриши, шифокор назоратида ва соғлиги учун эътиборли бўлиши лозим.

Суҳбатдош Дилрабо ЖУМАТОВА, журналист.

№ 12, 24.03.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.