Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Мутахассис билан сухбат

Она бўлишга маҳкум қилинган норасидалар

Уйингизга совчилар келяптими? Кўнглингизнинг бир четидаги ширин орзуларни эслаб, энтикиб қўймоқдасиз, ҳойнаҳой? Ҳа, ота-она учун фарзандининг бахтини кўришдан-да, улкан қувонч йўқ. Аммо ўйлаб кўрдингизми ўзи, қизингиз турмушга чиқишга тайёрми? Қўлида бирор касби, ҳунари борми? Кўп ўтмай, она бўла оладими қизингиз?.. Саволлар кўп. Уларга жавоб бермасликка ўзингизни мажбурлаяпсиз, баҳона қидиряпсиз. "Жойи чиқувди...", "Тенги экан..." Афсус... Ногирон фарзандни дунёга келтирган ёки бир умрлик ногиронга айланган қизингиз қайтиб келди... Эссиз... Ҳа, ота-она учун фарзандининг бахтсизлигини кўришдан-да, оғир азоб йўқ. Балоғатга етмаган ёшлар ўртасидаги никоҳнинг аянчли оқибати қанча оилалар, қанча одамлар умрини барбод қилади. Бу масала жамиятнинг долзарб ва оғриқли муаммоларидан биридир. Бу муаммо ҳақида биламиз, баъзан гувоҳ ҳам бўляпмиз, аммо унга қарши туришга, курашишга келганда лоқайдмиз. Хўш, нега? Нега ҳали-ҳамон вояга етмаганлар ўртасида никоҳ баъзан бўлса-да, учраб турибди. Бунинг салбий таъсири, ижтимоий оқибатларини нега англамаяпмиз? Эрта никоҳга қандай омиллар йўл очмоқда?

– Ҳурматли Анвар Валиевич! Мамлакатимизда хотин-қизлар ҳамда она ва бола саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилаётган улкан эътибор юксак самаралар бермоқда. Бинобарин, соғлом ва баркамол авлод тўрт мучаси соғ онадан дунёга келади, маънавий пок оиладагина шаклланади. Шу маънода, соғлом она, соғлом оила қандай яратилиши керак?

– Соғлом авлодни шакллантириш бир-икки йилда амалга ошириладиган иш эмас. Бунинг учун бир-бири билан боғлиқ кўплаб вазифаларни ҳал этиш лозим. Президентимиз Ислом Каримов аввалбошданоқ мана шу жиддий масалани кун тартибига қўйди. Ўзбекистон мустақилликка эришганининг дастлабки кунлариданоқ баркамол авлодни вояга етказиш энг эзгу мақсадга айланди. Бунинг улкан самарасини ҳар қадамда кўряпмиз, гувоҳ бўляпмиз. Эндигина 14 ёшга кирган бола 2-3 та хорижий тилда бемалол сўзлашиши, 10 ёшли қизалоқнинг жаҳон саҳнасида бадиий гимнастика бўйича ғолиб бўлиши, эндигина мактабни битирган боланинг кураш бўйича чемпионга айланиши – буларнинг бари ана шу улуғвор мақсад ижобатидир.

Соғлом она, соғлом бола, соғлом оила баркамол авлод дунёга келишининг пойдеворидир. Бугун мамлакатимизнинг бу борадаги кўрсаткичлари дунёнинг манаман деган ривожланган давлатлариникидан кам эмас.

Оилада соғлом фарзанд дунёга келиши, унинг бекаму кўст ўсиб-улғайиши бир неча омиллар билан чамбарчас боғлиқ. Бунинг учун, энг аввало, бир нарсани унутмаслик зарур: соғлом фарзанд соғлом ота-онадан дунёга келади. Хўш, "Соғлом ота-она" деганда нимани тушунамиз?

Бунинг асоси айнан оила қуриш, никоҳ пайтида қўйилади. "Соғлом ота-она бўлишга тайёрми?" – икки инсон оила қуриш олдидан уларнинг ўзи ҳам, ота-она ҳам бунга ишонч ҳосил қилиши лозим. Никоҳ ёшига етиш, тиббий кўрикдан ўтиш, оналикка тайёргарлик, туғуруқлар орасидаги муддатни сақлаш каби масалалар ҳам шунга бевосита боғлиқдир. Бинобарин, соғлом ота-она учун нафақат икки инсоннинг саломатлиги, балки келажакда улар ҳаётига хавф туғдириши мумкин бўлган жиҳатлар ҳам албатта, эътиборга олинади.

Мисол учун, мутахассис-шифокорлар оила қураётганларга тиббий кўрикдан ўтиш асносида тегишли кўрсатма, тавсия ва маслаҳатларни беришади. Ана шундай пайтда ўз вақтида зарурий муолажаларни олган, бу жараёнда ўзбошимчалик билан йўл тутмасдан, албатта, малакали шифокорлар ёрдамидан фойдаланган йигит-қиздан эртага соғлом оила бунёд бўлади, соғлом фарзандлар дунёга келади.

Организми тўлиқ тайёр бўлгандагина турмушга чиққан қиз соғлом она бўла олади. Тиббиёт нуқтаи назаридан соғлом она деганда, соғлом ҳаёт тартибига риоя қиладиган, шахсий гигиена ва атроф-муҳит озодалигига алоҳида аҳамият берадиган, жисмоний машқлар билан шуғулланадиган, ўзи учун зарурий тиббий билимга эга, зарарли одатлардан ҳоли аёл кўзда тутилади. Бундай она дунёга келтирган ва тарбиялаётган фарзандни соғлом бола, деб айта оламиз.

– Қизларнинг эрта турмушга узатилаётгани оқибатида келиб чиқадиган нохуш ҳолатлар ҳамон долзарблигича қолмоқда. Бу иллатнинг катта хавфи саломатлик билан боғлиқ. Сизнингча, қизлар эрта турмушга узатилаётганига ким айбдор ва бу қандай оқибатларга олиб келяпти?

– Бу, энг аввало, ота-оналарнинг бепарволиги, лоқайдлиги туфайлидир. Қизини тезроқ келинлик либосида кўришни истаган, бошқача қилиб айтганда "Тенги чиққанда – текинга бер" қабилида иш тутган ота-оналар ўз қўллари билан фарзандини чоҳга ирғитганини, афсуски, жуда кеч англаб етмоқда. Энг ачинарлиси, ён-атрофида ана шундай аянчли воқеага ўзи шоҳид бўлади-ю, ўз фарзандига келганда ҳаммасини унутади.

Эрта ёшдаги оналикда ҳомиладорлик ва туғуруқ асоратининг ўлим эҳтимоли жуда юқорилиги ҳақида, афсуски, кўпчилик ёш қизлар ҳам, уларнинг ота-оналари ҳам ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Ҳомиладорлик ёш қизнинг нафақат саломатлигига салбий таъсир кўрсатади, балки унинг таълим олишида, жамиятда ўз ўрнини топишида тўсиқ бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси "Болалар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунининг 3-моддасида 18 ёшга тўлгунга қадар бўлган шахс бола ҳисобланиши белгиланган. Демак, 18 ёшга етмай турмуш қураётган ва она бўлаётган ўсмир қизлар қонун бўйича ҳам ҳали бола ҳисобланади. Болани эса турмушга бериш, она бўлишига маҳкум қилиш (!) қайси қонун-қоидага тўғри келади?!

Орзу-ҳавас деймиз, фарзандларимиз камолини тезроқ кўргимиз келади. Лекин обдон ўйлаб кўрайлик: фарзандларимизни 17-18 ёшга кирар-кирмас, уйлантириб қўйсак ёки узатиб юборсак, улар оила ҳақида қандай тасаввурда бўлади? Ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотмаган, қўлида тайинли бирор касб-кори, ҳунари бўлмаган, она сути оғзидан кетмаган болалар оила аталмиш муқаддас тушунчанинг моҳиятини англаб етдими ўзи? Улар эртага қандай фарзанд кўради? Болаларига қандай тарбия беради? Буларни, аввало, ким ўйлаши керак? Ахир, уйлантирамиз, оила қурасан, фарзанд кўрасан, деб орзу қилиб турганимиз – йигитча ва қизчанинг ўзи ҳали бола-ку?!

Афсуски, бундай саволларни бўй етган ўғил-қизи бор ҳамма ота-она ҳам ўзига беравермайди. Маслаҳату насиҳат қилганларни эса унча хушлайвермайди. Шунинг учун ҳам, статистик маълумотларга кўра, 18 ёшгача бўлган ўсмирларнинг турмуш қуришидан бунёд бўлган оилаларнинг аксарияти ҳаётининг иккинчи ёки учинчи йилидаёқ барбод бўляпти. Бу алал-оқибат кимга фойда бўлади?!

Эрта никоҳ ва туғуруқлар ўсмирлар саломатлигининг умрбод заиф бўлиб қолишига, келажакда яна фарзанд кўра олиш имкониятини йўқотишга, ҳатто, ёш онанинг майиб-мажруҳ бўлиб қолишига олиб келаётганини кўра-била туриб, шунга йўл қўяётган эканмиз, бу жиддий муаммонинг ечимини ҳар бир оиладан излашимиз керак, назаримда. Ҳар бир ота-она шахсий ҳою ҳавасларини бир четга қўйиб, соғлом ақл билан узоқни ўйлаб иш тутиши зарур.

Узун туманидан Бахтигул опа Чориева шундай савол йўллаган:

"Уч ўғил, икки қизни ўқимишли, эсли-ҳушли қилиб тарбиялаганмиз. Шунданми, қизим, ҳали коллежнинг биринчи курслигидаёқ, уйимизга совчилар кела бошлади. Ҳеч қўйишмагач, коллежни битиришини кутиш шарти билан улардан бирига розилик бердик. Бироқ фотиҳадан ҳеч қанча ўтмасдан қуда томон қўярда-қўймай, тўйни тезлатишди. Ҳозир жуда афсусдамиз. Гап шундаки, тўйга етти йил бўлдики, қизим фарзанд кўролгани йўқ.

Дўхтирларнинг айтишича, бу эрта турмуш қуриш оқибати эмиш. Ростдан ҳам шундайми? Тиббий нуқтаи назардан эрта турмуш қуриш туғилажак фарзандлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатадими?"

– Ҳали мурғак вужуд учун ҳомиладорлик жуда оғирлик қилади. Оқибатда, ёш она организмида ҳамда ҳомиланинг ўзида жиддий хавф пайдо бўлади. Айниқса, бундай ҳолатлар сурункали касалликлари бўлган, жисмоний ва жинсий ривожланишдан орқада қолган қизлар орасида учрайди.

Ёш организм ҳомиладорликни кўтара олмайди ва бола тушиши, чала туғилиши, она қорнида нобуд бўлиши ҳолатлари кузатилади. Оқибатда, аборт, жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Бу кўп ҳолларда келгусида фарзанд кўра олмасликка олиб келади. Маълумотларга кўра, кўп ҳолатларда ёш турмуш қурган аёллар 25-26 ёшдаёқ кўп туғувчилар гуруҳига киритиляпти. Бу эса, ўз навбатида, ўзининг ва оиласининг саломатлиги заифлашишига сабаб бўлиши мумкин. Тиббий нуқтаи назардан эса, аёллар учун фарзанд кўришнинг энг мақбул даври 20-30 ёш оралиғи ҳисобланади. Ана шу даврда аёл организми тўлиқ шаклланган, ўзининг ҳаётий билими ҳам оила қуришга, фарзанд кўришга ва болаларини тарбиялашга тайёр бўлади.

Савол йўллаган опамиз сингари нохуш ҳолатга тушиб қолиб, кейин афсус-надомат чекмаслик учун ота-оналар қизининг саломатлиги, тақдири ҳақида олдинроқ қайғуриши мақсадга мувофиқдир. Агар ёш она жисмонан, маънан ҳамда руҳан оилага, оналик масъулиятига тайёр бўлмаса, бу борада қандай қилиб фикр юритиши мумкин?

Назаримда, ўрта таълим муассасаларида ўқиётган фарзандларимиз орасида оиланинг муқаддаслиги, ота-оналик масъулияти, эрта ҳомиладорлик ва унинг асоратлари, соғлом насл ҳақида жуда таъсирчан воситалар ёрдамида узлуксиз тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боришимиз керак.

– Фарзандим соғлом туғилиб, вояга етсин деган инсон неча ёшда оила қургани маъқул? Неча ёшда қизларимиз организми фарзанд кўришга тўлиқ тайёр бўлади?

– Психолог ва олимларнинг фикрича, турмуш қуриш учун энг мақбул ёш: қиз болалар учун 22-25, ўғил болалар учун эса 24-30 ёш. Бу даврда, юқорида айтганимиздек, инсон организми фарзанд кўриш учун тўла етилган бўлади.

Қолаверса, айни шу ёшга етган қиз ҳам, ўғил бола ҳам ўсмирлик пайтидаги турли руҳий ўзгаришлар жараёнидан ўтган, ҳаётга теран кўз билан қарай оладиган, умуман, шахс сифатида камолга етган бўлади. Мамлакатимиз таълим тизими ҳам айни жараён билан уйғун бўлиб, бунгача фарзандларимиз муайян билим ва касб-ҳунарни эгаллайди, оила масъулиятини елкасига олади, уни моддий жиҳатдан ҳам таъминлашга қурби етади.

Буни статистик маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Касб-ҳунар коллежини тугатган ёки олий маълумотни эгаллаб, турмуш остонасига қадам қўйган 97-98 фоиз ёшлар оиласи мустаҳкам ва намунали бўлган.

– Барвақт оила қурганларга қандай чоралар кўрилади ва салбий оқибатлардан сақланиш учун қандай тавсиялар берилади?

– Вояга етмасдан оила қурганларга қонунда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади. Лекин масала бу билан ҳал бўлиб қолмайди. Эрта турмушнинг аянчли оқибатидан азият чеккан киши ўз ҳолатини ҳеч кимга билдирмаса ҳам шифокор ёрдамига муҳтож бўлади.

Аммо унутмаслик зарур, шифокор инсонларга ҳаёт туҳфа қила олмайди, у фақат беморнинг саломатлигида олдини олиш мумкин бўлган муаммоларни бартараф этишга ёрдамлашади, холос. Эрта турмуш қуриб, аллақачон ҳомиладор бўлгач, аҳволи оғирлашгач эса, шифокордан ёрдам сўраш кутилган натижани бермаслиги мумкин. Аввало, "ғишт қолипдан кўчишига" йўл қўймаган маъқул.

Тўғри, ҳар қандай ҳолатда шифокор бемор саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган зарарли омилларни бартараф этишга ҳаракат қилади. Уни соғлом ҳаётга қайтариш учун барча муолажаларни қўллайди. Бу борадаги тавсиялар ҳар бир шифокор томонидан беморнинг индивидуал ҳолатидан келиб чиқиб берилади.

– Айрим жойларда авж олаётган ҳолатлардан бири – яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ ҳисобланади. Айтинг-чи, қариндошлар орасидаги қиз олди-бердилар насл ва миллат генофондига қай даражада таъсир кўрсатади? Бунинг ижтимоий оқибатлари нималарда намоён бўлади?

– Ҳақли савол, қариндошлар орасида қайд этиладиган никоҳлар ҳам ўзининг салбий оқибатларини кўрсатиб келяпти. Мамлакатимизда қариндошлар ўртасида қиз олиш, қиз бериш ҳолатлари учраётгани жуда ташвишли ҳол, албатта. Ўрганилган маълумотларга кўра, яқин қариндошлар орасида бунёд бўлган оилаларда туғма нуқсонли болалар туғилиши ўзаро қариндош бўлмаган ота-оналардан туғилганларга нисбатан икки баробарга ортиши аниқланган.

Ўзаро қариндош эр-хотин соғлом бўлиши мумкин, аммо уларнинг наслида ирсий касалликлар қўзғалиш хавфи юқори. Чунки гўдакка геннинг ярми онадан, ярми эса отадан ўтади. Баъзи ирсий касалликлар генлардаги яширин (рецессив) зарарланиш ўчоқлари оқибатида юзага келади. Шундай ўчоқлари мавжуд генга эга қариндошларнинг ўзаро никоҳи натижасида ушбу касаллик белгиларининг юзага чиқиш "имконият"и ортади ва оқибатда ногирон, майиб-мажруҳ бола дунёга келади.

Генлардаги ўзгаришларнинг барчасини ҳам ўз вақтида аниқлаш ва даволашнинг имкони йўқ. Шу сабабли фарзандларнинг соғ-саломат дунёга келиши ва баркамол вояга етиши учун қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш лозим.

Онадаги камқонлик натижасида организмга темир моддасининг етишмаслиги, шу сабабли соч тўкилиши ва суякларнинг мўртлашуви, ҳомиладорликнинг оғир кечиши, кўп қон йўқотиш, ҳомила тушиши, гўдакнинг ўлик, ногирон ёки нимжон туғилиши яқин қариндошлар орасидаги никоҳнинг аянчли оқибатларидандир. Бундай ҳолларда она ҳам, гўдак ҳам жабр кўради, умрбод ногирон бўлиб қолиши ҳам мумкин.

Фақат яқин қариндошларигагина қиз бериб-қиз оладиган одамлар йўқ эмас. Улар йиллар давомида ўз уруғининг "удум"ларига асосланиб, шундай йўл тутишади. Аммо ўзимиз ўйлаб топган ана шу "удум"лар неча-неча оилаларнинг барбод бўлишига, қариндошларнинг юзкўрмас бўлиб кетишига олиб келаётганини, қанча мурғак гўдак елкасига умрбод ногиронликни юклаётганини унутмайлик!

Яқин қариндошлар орасидаги никоҳни ёқловчилар ҳам йўқ эмас. Бироқ бир жиҳатни зинҳор унутмаслик лозим: ген билан боғлиқ айрим касалликларнинг яширин даври икки-уч авлод ўтиб ҳам юзага чиқиши тиббиётда ўз исботини топган. Натижада, бобою бувисининг "арзимас" хатоси туфайли соғлом ота-онанинг бир дилбанди ногирон туғилади. Энг ачинарлиси, бундай фарзандлар кўпинча ўз ота-онаси бағрида эмас, Меҳрибонлик уйларидан қўним топади.

Болажон халқмиз. Ҳар бир ота-онанинг бурчи, вазифаси, айни пайтда эзгу мақсади соғлом ва баркамол авлодни дунёга келтириш, улғайтириш, жамият корига ярайдиган инсонлар этиб тарбиялашдир. Шундай экан, ўғил-қизларимизни эрта узатиб, уйлантириб, нафақат уларнинг, балки дунёга келажак невараларимизнинг ҳам ҳаётини била туриб хатарга қўйишга ҳеч биримизнинг ҳақимиз йўқ.

Президентимиз Ислом Каримов яқинда Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида: "... аёл бахтли бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, бутун жамият бахтлидир", дея таъкидладилар. Аёлнинг бахти унинг ўзи, фарзандлари ва оиласининг саломатлиги билан боғлиқ. Соғлом фарзандни дунёга келтирган онадан ҳам бахтлироқ инсон йўқ, назаримда.

Қонунан жавобгарлик белгиланган

– Вояга етмаган шахсларнинг никоҳ муносабатларига киришгани учун қонунчиликда қандай чора қўлланилади?

– Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси янги 1251-модда билан тўлдирилди.

Унга кўра, никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, шунингдек, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, белгиланган тартибда жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради. Яъни, турли ҳолатларда энг кам иш ҳақининг йигирма баробаридан юз баробаригача жарима ёки бир йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ёхуд уч ойдан олти ойгача қамоқ билан жазоланади.

Қонунчиликка мазкур моддани киритишдан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 14-моддасида белгиланган талабларга қатъий риоя қилишдир. Ушбу моддада никоҳ тузиш ихтиёрий экани, никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши ва никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланиши белгиланган.

Айрим ота-оналарнинг фарзандлари никоҳ ёшига етмасдан тўй маросимларини ўтказиши жамият учун инсон саломатлиги, ахлоқи, ижтимоий ҳуқуқларнинг чекланиши билан боғлиқ салбий ҳолатларни келтириб чиқармоқда. Ҳали жисмонан тўлиқ шаклланмаган йигит ва қиз (бундай никоҳлар, албатта, тиббий кўрикдан ўтмай амалга оширилиши натижасида) эрта ота ва она бўлиб, яъни мустақил оёққа турмай, ҳаётда учрайдиган тўсиқларни енга олмайди, натижада қонуний никоҳ қурмай туриб ажралиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай никоҳлардан фарзандларнинг туғилишини қайд этишда ҳам айрим муаммоларга дуч келинмоқда.

Ҳасан НАСИМОВ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари бошқармаси бош маслаҳатчиси.

"Оила даврасида" мухбири Ғуломжон БОБОЖОНОВ суҳбатлашди. ("Оила даврасида" газетасининг 20-сонидан).

№ 28, 19.07.2013 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.