Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Мутахассис билан сухбат

ИХЛОСДАН ДАВОЛАНГАН ДАРД

Она – буюк қалб соҳибаси. Унинг меҳр тафти қуёшни куйдиришга қодир. Ана шундай дилбанди учун жонини фидо айлайдиган Маҳмуда опа ҳам тақдир зарбаларига сабру қаноати ва иродасини қарши қўйиб, ўғли Асрорни тенгдошларидан кам қилмай вояга етказди. Унинг йиллар давомида чеккан азобли кунлари ортда қолиб, энди ҳаёт ташвишларидан қутулдим, ўғлимнинг бахтини кўраман, деганида онани тақдирнинг яна бир синови кутмоқда эди.

"Жияним ўртоқларидан кам бўлмасин, дадам йўқ деб кўнгли ўксимасин", деган ниятда Асрорнинг тоғаси туғилган кунида унга велосипед сов¬ға қилди. Қайси бола болаликнинг қувноқ шўхлигини хоҳламайди, дейсиз. Кунларнинг бирида Асрор онасининг олдига йиғлаб келди.

– Кел, болам, нега йиғлаяпсан. Сени ким хафа қилди? – она ташвишланиб ўғлига қаради.

– Ҳеч ким, – деди Асрор.

– Унда нега йиғлаяпсан? – ўғлидан тайинли жавоб олмаган Маҳмуда опанинг шубҳа-гумонлари ортиб борарди.

– Йиқилиб тушдим, – деди кўзидаги ёшини артиб Асрор.

– Бошингга ёмон тегмадими, болам, – деди унинг қаеридир оғриётганини кўрган она.

– Йўқ, қорним, ойи, қорним….

– Қани, қорнингни кўрай-чи, – дея она безовталаниб, ўғлининг қорнини сийпалай бошлади.

– Йўўқ… қорнимнинг пастки қисми оғриб кетяпти, – деди Асрор.

Маҳмуда опа ўғлининг аҳволидан астойдил хавотирга тушиб, уни шифохонага етаклади.

Ана шу воқеадан сўнг Асрор вилоят шифохоналаридан бирида даволанди. Лекин бутунлай соғайиб кетмади. Унга шифохонада буйрак-тош касаллиги ташхиси қўйилиб, буюрилган муолажаларни олди. Аммо кутилган натижа чиқмади. Маҳмуда опани бу ҳолат жуда ташвишга солар, фарзандининг саломатлиги тикланмаётганлигидан дилбандига Оллоҳдан шифо тиларди. Шу боис, онаи¬зор ҳар бир шифокордан нажот истаб, ўғлини такрор-такрор даволатишга ҳаракат қиларди. Шифокорлар болада ўзгариш бўлавермагач, Маҳмуда опага уни Республика урология марказида даволатишни тавсия қилдилар.

Онаизорга шифокорнинг биргина сўзи ҳам нажот бағишлайди. У ўғлини Республика урология марказига олиб келди. Асрор бир қатор текширувлардан ўтгач, унга буйракларнинг яллиғланиши – нефрит ташхиси билан болалар нефрологининг маслаҳати буюрилди. Бироқ Маҳмуда опанинг кўнгли ғаш. У ўғлининг соғлом тенгқурлари қаторига қайтишини истарди. "Излаган имкон топади", деганларидек, шифо топган беморлардан суриштириб, профессор Жуманазар Бекназаровнинг қабулида бўлди.

– Нима гап экан? – доктор онанинг ҳар бир сўзини диққат билан тинглади.

– Ўғлимнинг пешоби қизариб кетган. Кўрсатмаган докторимиз қолмади. Сизнинг олдингизга нажот излаб келдим, – Маҳмуда опа профессорга ўтинч билан қаради.

– Нега пешоби қизаради? Сабаби бордир. Бирон ҳодиса юз бермаганмиди?

– Уч ой олдин велосипеддан йиқилган эди. Шундан бери аҳволи ёмонлашиб боряпти.

Домла бир хўрсиниб олдида, текширув хулосаларини синчковлик билан кўриб чиқди ва болани яна бир бор текширувдан ўтказиш кераклигини айтди.

– Яна қандай текширув? – дея онаизор эътироз билдирди.

– Цистоскопия. Қовуқнинг ичини кўз билан кўрадиган асбобда текшириш зарур. Ана шуни аниқласак, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади, – хотиржамлик билан жавоб берди домла.

– Ўғлимни даволаб берсангиз бўлди, – деди Маҳмуда опа кўзида ёш билан.

"Онажон, нега йиғлайсиз. Йиғламанг, мен албатта соғайиб кетаман", дея онасини қучоқлаб дардига малҳам истаётган Асрорнинг нолалари ҳар бир инсоннинг қалбини жунбушга соларди. Онаи¬зор эса бошқа сўз айтишга журъат қила олмай кўзида ёш билан хонадан чиқиб кетди.

Профессорнинг тавсиясига кўра, бемор цистоскопияга тайёрланди. Текширув мураккаб ҳисобланмасада, жарроҳдан катта масъулиятни талаб қиларди. Чунки текширув беморнинг қон сийиши сабабини аниқлаб бериши лозим эди.

Мен эса бундай ҳолатдаги бемор билан илк бора юзма-юз келиб турибман. Цистоскопия жараёнини амалга ошириб келаётганимга икки йилдан ошди. Шу вақт мобайнида 100 га яқин беморни текширган бўлсамда, бундай ҳолат биринчиси эди. Ўзимни имтиҳон қилиб, саволларимга жавоб излардим.

Бемор қачон қизил сияди? Қандай ҳолатда? Нима сабабдан? Хаёлимдан бирма-бир касаллик белгиларини ўтказардим:

1. Буйрак-тош касаллиги: белда ва қоринда оғриқ, кўнгил айнаши, тана ҳарорати кўтарилиши, сийишда безовталик, уль¬тратовуш ва рентген хулосаларида тошга хос белгилар бўлиши керак. Демак, бу эмас.

2. Гломерелонефрит: умумий пешоб таҳлилида оқсил, ўзгарган эритроцитлар бўлиши керак. Беморнинг кўриниши бу хасталика ўхшамайди. Лекин хасталикнинг соғайган (ремиссия) даври бўлиши ҳам мумкин. Демак, гумон бор.

3. Қовуқда ўсма, полип бўлса, қонаб, пешобни қизартиради. Бўлиши мумкин.

Юқорида санаб ўтилган ташхисларни бир-бирига солиштириб, қайси бири беморни бу аҳволга солганлигини аниқлаш учун бор билимим ва тажрибамни ишга солиб, мукаммал текширув олиб бордим. Бироқ шуниси ҳам борки, доктор ҳар қанча ҳаракатда бўлмасин, бемор суст¬кашликка йўл қўйса, билингки, кўзланган мақсадга эришиш қийин. Аксинча, беморнинг руҳий жиҳатдан кучлилиги, умиди, ишончи докторга янада қувват бағишлайди. Бемор операциядан сўнг соғайиб кетаман, деб ўзини руҳан ишонтира олиши ҳам соғайишга қаратилган биринчи қадам ҳи¬собланади. Агар бемор шунга ўзини ишонтира олса, унинг организмида касалликдан ҳимоя қилувчи биологик фаол моддалар синтези куч¬айиб, иммун тизими жадаллашади ва касалликни енгади. Агар бемор: "Мен барибир соғайиб кетмайман..." дея тушкунликка тушса, ҳаттоки операция қилиб даволаса бўладиган хасталик зўрайиб кетиши мумкин.

Маҳмуда опанинг жигарбанди Асрор эса операциядан сўнг соғайиб кетишига нафақат ўзини, балки онасини ҳам ишонтиришга ҳаракат қилар эди. Асрорнинг ёлғиз, отасиз катта бўлганлиги унинг бу қадар собитқадам, бардошли бўлишига сабабдир балки… Иродаси мустаҳкам бу боланинг: "Сизлардан илтимос, онамнинг олдида укол қилманглар, кўрсалар йиғлайдилар. Операция хонасига кирганимда ухлатинглар. Онам бу ҳолатимни кўрмасинлар", дея айтган сўзлари менинг ҳам кўзларимни ёшлатди.

Операция столи устида ким ҳам қўрқувга тушмайди, дейсиз. Лекин ҳар ким ҳам шундай кўтаринки сўзларни айтишга ўзида куч топа олмайди.

Асрор операция столига яқинлашаётган чоғида уни бир оз қўрқув босди. "Муҳсин ака, оғ¬риқни сезмаймана?" деб ўзини тинчлантиришга уриниб, менга савол ҳам бериб қўярди у.

– Ҳозир қўлингга битта укол қилинса ухлайсан. Ҳеч қандай оғриқ бўлмайди. Битта уколга чидасанг бўлди. Ҳаммасидан қутуласан, – юрагим эзилиб турган бўлсада, унинг дардига малҳам бўлишга уринардим.

– Укол қилаётганларингизда қўлингиздан ушлаб турай. Қўр¬қиб кетаяпман, Муҳсин ака, – титраб-тираб сўзларди Асрор.

– Бўлди, келишдик. Қўлимни маҳкам сиқиб турасан, – унинг мунгли кўзларига қараб, зўрға жилмайишга уринаман. Унга дадил-дадил гапириб, кучли бўлишини тайинлайман. – Бармоқларингни тез-тез ишлатгинда, мушт қилиб тур. Сен ўғил боласанку, ахир.

Асрор хўп дегандай бошини қимирлатиб, қўлимни маҳкам сиқиб, икки кўзини юмганича уйқуга кетди. Ўша лаҳзада юрагим шу қадар тўлиб кетдики, операция жараёнида бўлмасам, кўнг¬лимни бир бўшатиб олар эдим.

Аммо операция хонасининг эшигига суяниб, соат милларидан кўз узмай фарзандининг эсон-омон чиқишини кутаётган онаизорни ўйласам, қалбимни янада титроқ босарди.

Хуллас, текширув давомида беморнинг қовуғида бир ярим, икки сантиметрлик полип борлиги аниқланди. Полипнинг оёқчаси бўлиб, шу жойидан кесиб олиб ташланди. Полипни гистологик текширувга юбордик. Чунки ке¬йинги даво чоралари унинг яхши ёки ёмон сифатли эканлигига боғлиқ бўлади. Беморимизнинг дарди сизга тушунарли бўлгандир. Унинг қовуғида полип бўлиб, у гоҳ-гоҳи қонаб туради. Шу сабабли пешоб қизаради. Қовуқ полипи – қовуқ шиллиқ қаватидан чиққан ўсмасимон ҳосиладир. Полип ўлчами катта бўлиб, сийган маҳалида пешоб чиқариш каналига тиқилиб, безовталик кузатилади, кичик ўлчамдагиси эса ўзига хос белгиларни намоён қилмайди. Фақат тиббий кўрик вақтида ультратовуш текшируви ёки пешоб қизарганда, яъни полипдан қон кетиш кузатилганда аниқланади. У 90-95 фоиз бўлса яхши сифатли, 5-10 фоизда эса ёмон сифатли ҳисобланади. Операция қилиб олиб ташланса, 100 бемордан 5-10 нафарида қайталаниши мумкин. Ташхис бевосита УТТ ва цистоскопия хулосаси билан аниқланади.

Тиббиётда ушбу касалликдан даволанишнинг икки хил усули мавжуд: биринчиси, цистоскопик операция усули. Бунда полипнинг ўлчами кичик бўл¬са, унинг оёқчасидан боғлаб олиб ташланади. Усулнинг афзаллиги бемор териси кесилмайди, яъни чандиқ бўл¬майди.

Иккинчиси, очиқ операция усули. Полип ўлчами катта бўлганда, қовуқ очилиб, асосидан кесиб олиниб, ўрни махсус ип билан тикилади.

Дарҳақиқат, бундай мураккаб касалликларни ўз вақтида аниқлаб, чора кўриш соҳа мутахассисларининг билим, тажриба ва ўз устида мукаммал ишлашига боғлиқлигини унутмаслигимиз керак. Шу билан бирга фарзанди соғлигини ўйлаб, шифокорга ўз вақтида мурожаат қиладиган оналар келажакка муносиб пойдевор қўядилар.

Мухсинжон АЛИМОВ, Тошкент шаҳар 2-болалар клиник шифохонаси врачи.

№ 8, 26.02.2016 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.