Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Мутахассис билан сухбат

ОИТСга ЧАЛИНГАНЛАР ИЖТИМОИЙ НАФАҚА ОЛАДИ(МИ)?!

Республикамиз тиббиёт тизимида аҳолига кўрсатилаётган эътиборнинг амалий ифодасини "Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мисолида ҳам кўриш мумкин. Хабарингиз бор, қонун 2013 йил 23 сентябрдан бошлаб расман кучга кирди. Аҳолининг мазкур қонун мазмун-моҳияти ва унинг ижтимоий аҳамия¬тини билишга бўлган қизиқиши ортмоқда.

Албатта, ижтимоий касалликлар қаторида ОИВ/ОИТС хасталиги тобора авж олиб бораётган глобал муаммолардан бири ҳисобланади. ОИТС аҳолининг меҳнатга қобилиятли қисмини зарарлаши, касалликка чалинганларни ижти¬моий ҳимоя қилиш мажбурияти ва унга кетадиган сарф-харажатларнинг катталиги, шунингдек мамлакатнинг демографик ҳолатига таъсир қилиши баробарида иқтисодий тараққиётга хавф туғдиради, миллий тараққиёт ва бар¬қарорликка ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Мазкур Қонун 5 боб ва 28-моддадан иборат.

– Қонунда Республика комиссиясининг фаолияти ҳақидаги норма келтирилган. Буни ташкил этиш ва амалиётга киритишдан мақсад нима? Уларга яна қандай вазифалар юклатилган?

Ҳасан БАХТИЁРОВ, ўқитувчи.

– Қонуннинг 10-моддасида айнан ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашишга доир тадбирларни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг вазифалари кўрсатилган. Комиссия ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги Давлат дастурларини ишлаб чиқади ва уларнинг амалга оширилишини таъминлайди, аҳоли ўртасида профилактик масалалар бўйича ахборот-тушунтириш ишларини ўтказади, хасталикка қарши курашишга доир тадбирлар мониторингини олиб боради, жараёнга баҳо беради. Бундан таш-қари, комиссия республикадаги барча ОИТСга қарши курашиш марказларининг ОИВ инфекциясига ташҳис қўйиш лабораториялари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш ва уларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга кўмаклашади. Инсон соғлиғи учун хавфсиз бўлган усулларни амалиётга жорий этиш чора-тадбирларини кўради.

– Агар беморда ОИВ инфекцияси борлиги аниқланса...

– Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, у билан кейинги маслаҳатлашув ўтказилади ҳамда у диспансер ҳисобига қўйилади, у ўзгаларга ОИВ инфекциясини юқтирганлик учун жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида ёзма равишда огоҳлантирилиши керак. Вояга етмаганларда ва муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган шахсларда ОИВ аниқланган тақдирда, тиббий муассаса ходимлари бу ҳақда уларнинг қонуний вакилларини ҳамда улар меҳнат қилаётган, ўқиётган муассаса раҳбарини хабардор қилади.

Бундай шахсларнинг қон, биологик суюқликлар донори бўлишига йўл қўйилмайди. Текширувдан ўтаётган шахснинг илтимосига кўра, ОИВ мавжуд эмаслиги тўғрисида сертификат берилиши мумкин. ОИВ мавжуд эмаслиги тўғрисида сертификат бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, фақат ОИТСга қарши курашиш марказларида тўлов эвазига амалга оширилади.

– Кимлар мажбурий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказилади?

Анвар САЛИМОВ,

тадбиркор.

Қон, биологик суюқлик топширувчи донорлар, эллик ёшгача бўлган никоҳланувчи шахслар, ҳомиладор аёллар, инъекция орқали гиёҳвандлик воситаларини истеъмол этишда гумон қилинаётган шахслар, ОИВни юқтириб олган оналардан туғилган болалар, ўз фаолиятида қон, биологик суюқлик, одам органлари ва тўқималари билан ишловчи тиббиёт ходимлари, жинсий шеригида ОИВ аниқланган шахслар мажбурий равишда тиббий кўрикдан ўтказилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Соғ¬лиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишувига кўра, рўйхатга киритилган айрим касбларда ишловчи ходимлар ишга кираётганда, дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтаётганда мажбурий равишда ОИВга тиббий текширувга жалб қилинади.

– ОИВни юқтириб олганларга қачондан бошлаб тиббий ёрдам кўрсатилади?

Сардор ЯШИНОВ,

ҳайдовчи.

– ОИВни юқтириб олганларга ОИТСга қарши курашиш марказларида ва даволаш-профилактика муассасаларида яшаш жойи бўйича диспансер ҳисобига қўйилганидан кейингина тиббий ёрдам кўрсатилади. Тиббий ёрдам кўрсатиш жараёни бу касалликлар ривожланишининг олдини олиш, уларга ташҳис қўйиш ҳамда даволашни ўз ичига олади. Даволаш бепул амалга оширилади.

– Ўз хизмат вазифаларини бажараётганда ОИВ инфекция¬сини юқтириб олган тиббиёт ходимларининг ижтимоий муҳофазаси қонунда қандай белгиланган?

Нигора САЙДАЛИЕВА,

умумий амалиёт

шифокори.

– Қонуннинг 18-моддасига биноан, тиббиёт ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажараётганда уларга ОИВ инфекцияси юқтириши касб касалликлари тоифасига киради. Уларга таш¬ҳис қўйиш ва даволаш бўйича ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатувчи, шунингдек профилактик ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга оширишни таъминловчи тиббиёт ходимларига қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёз берилади.

– Бир танишимнинг фарзанди 16 ёшда. Аммо у бахтсиз тасодиф туфайли ОИВ инфекциясини юқтириб олган. Унга ойлик нафақа тайинланиши керакми?

Салима ҲАЙДАРОВА,

уй бекаси.

– Албатта, Қонуннинг 20-моддаси "ОИВни юқтириб олганларни ижтимоий муҳофаза қилиш", деб номланади. Унга мувофиқ, ОИВни юқтириб олганлар бепул махсус даволанади. Ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВни юқтириб олганлар, касаллик бос¬қичидан қатъи назар, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳар ойлик ижтимоий нафақа ва ногирон болалар учун белгиланадиган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Унинг ота-онаси ёки улар ўрнини босувчи шахслар ишдан вақтинча озод қилинган ва вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини олган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз болалари билан бирга даволаш-профилактика муассасасида бирга бўлиш ҳуқуқига эга.

– Меҳнат фаолияти юритаётган фуқароларда ОИВ инфекцияси аниқланса, бу ташкилот улар билан меҳнат шарт¬номасини бекор қилиши мумкинми?

Дурдона ҲАЛИМОВА,

иқтисодчи.

– Қонунда ОИВни юқтириб олганларнинг ҳуқуқлари чекланишига йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланган. Яъни уларнинг касаллигини асос қилиб, улар билан меҳнат шартномасини бекор қилишга, уларни ишга қабул қилишни рад этишга, (бундан Ўзбекистон Республикаси Соғ¬лиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхатда назарда тутилган айрим касбий фаолият турлари мустасно), таълим муассасаларига, бундан таълим муассасаларининг қонун ҳужжатларида белгиланган айрим турлари мустасно ва тиббий ёрдам кўрсатувчи муассасаларга қабул қилишни рад этишга, шунингдек уларнинг бошқа ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини чеклашга, шунингдек, улар оила аъзоларининг тураржой ҳуқуқ¬ларини, бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чеклашга йўл қўйилмайди, деб ёзилган.

Изоҳ: янги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 19 августда қабул қилинган "Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишининг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғ¬рисида"ги Қонуни ўз кучини йўқотган, деб топилди.

7-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Соғ¬лиқни сақлаш вазирлиги:

ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги даволаш-профилактика муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларнинг ўзаро алоқаларини таъминлайди;

ОИВ инфекцияси тарқалиши устидан эпидемиологик назоратни амалга оширади;

ОИВни юқтириб олганларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайди;

даволаш-профилактика муассасалари фаолиятига ОИВ инфекцияси профилактикасига доир замонавий чора-тадбирлар, ОИВни юқтириб олганларга ташҳис қўйиш, уларни даволаш ҳамда парваришлаш усуллари жорий этилишини таъминлайди;

ОИВ инфекцияси бўйича эпидемик вазиятни ҳамда ОИВ инфекциясига ташҳис қўйиш ва уни даволаш борасида қўлланилаётган усуллар самарадорлигини баҳолашга доир тадқиқотларни ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика ОИТСга қарши курашиш маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Соғ¬лиқни сақлаш вазирлигининг ОИТСга қарши курашиш маркази, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг ОИТСга қар¬ши курашиш марказлари, шунингдек туманлараро ОИВ инфекциясига ташҳис қўйиш лабораториялари замонавий даволаш-ташҳис қўйиш асбоб-ускуналари билан жиҳозланишини таъминлайди;

ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашишда қатнашадиган тиббиёт ходимларини ва бошқа ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлашни ҳамда уларнинг малакаси оширилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Намоз ТОЛИПОВ тайёрлади.

№ 11, 14.03.2014 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.