Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Хотира

АЖДОДЛАРИМИЗ ЖАСОРАТИ ВА ҚАҲРАМОНЛИГИ ХОТИРАМИЗДА МАНГУ ҚОЛАЖАК

Халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини ҳимоя қилиш, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиш, уларнинг эзгу ишларини давом эттириш биз учун азалий қадриятдир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ана шундай эзгу тамойиллар мужассам.

Ушбу айёмда бугунги тинч-осойишта ҳаётга қандай оғир синов ва машаққатлар эвазига эришилганини чуқур ҳис этамиз. Бу йўлда қурбон бўлган юртдошларимиз хотирасига таъзим қиламиз. Бизга насиб этган мустақиллик, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини янада теран англаймиз. Давлатимиз томонидан кекса авлод, жумладан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти хизматчиларининг кўнглини кўтариш, саломатлигини мустаҳкамлаш, улар учун қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 16 апрелдаги "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармони ҳамда "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олиш, юрт тинчлиги ва озодлиги йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасини ёд этишдек эзгу мақсадлар ифодасини топган.

Ушбу ҳужжатларга мувофиқ Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига Президентимиз табрикномаси, 5 миллион сўмдан пул мукофоти ва байрам совғалари тантанали равишда топширилди.

Уларнинг ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, Бадиий академия, Маънавият ва маърифат маркази, "Нуроний" жамғармаси ва "Маҳалла" хайрия жамоат фонди бошқа ташкилотлар билан биргаликда Ватанимиз озодлиги ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маърифий-бадиий кечалар ўтказмоқда.

9 май. Пойтахтимиздаги Хотира майдони ҳар қачонгидан гавжум. Бу ерга сенаторлар ва депутатлар, ҳукумат аъзолари, ҳарбийлар келган.

Соат 9:00. Майдонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кириб келди.

Давлатимиз раҳбари Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди – ҳарбий оркестр садолари остида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

Шу куни Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 73 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардан уруш ва меҳнат фахрийлари таклиф этилди. Боғ ичидаги майдонда уруш йилларидаги муҳит акс этган. Қўмондонлик штаби, окоп ва блиндажлар, тиббиёт пункти, дала ошхонаси қурилган, Иккинчи жаҳон уруши давридаги ҳарбий техника, қурол-аслаҳа намуналари жойлаштирилган. Жанг майдонларида аскарларимиз кўрсатган мардлик ва жасорат, урушдан қайтмаган минглаб юртдошларимизнинг муқаддас хотираси, ота-боболаримизнинг фронт орти меҳнат фаолияти акс этган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу ерга йиғилганларни, бутун халқимизни 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 73 йиллиги муносабати билан табриклади.

Жанггоҳларда мардлик кўрсатган, фронт ортида меҳнат қилиб, бугун ҳаётимизга файз бағишлаб юрган фахрийларимиз олдида барчамиз бош эгиб таъзим қилишимиз, айни вақтда Ватанимиз озодлиги, эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган жасур юртдошларимизнинг номларини ҳам ҳурмат-эҳтиром билан эсга олиш, уларнинг оила аъзолари, фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз, деб билишимиз зарурлигини таъкидлади. Бутун дунёда миллионлаб инсонлар умрига зомин бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини ҳеч ким унутмайди. Уруш арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли яшаган. Унда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлгани, яна қанча-қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, қанчаси бедарак йўқолгани ҳисобга олинадиган бўлса, бу ғалаба халқимиз учун нақадар қимматга тушгани яққол намоён бўлади. Халқимизнинг уруш йилларидаги чинакам матонат ва жасорати бутун инсоният учун ибратдир. Ўзбек халқи жанг майдонларидан юртимизга эвакуация қилинган бир миллионга яқин кишига ўз уйидан жой берди. Улар орасидаги 200 минг болани юзлаб ўзбек оилалари "Сен етим эмассан", деб ўз паноҳига олган, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган. Тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласи 14 нафар, каттақўрғонлик Самадовлар оиласи 12 нафар бухоролик Жўраев ва Ашурхўжаевлар оиласи 8 нафардан болани ўз бағрига олган. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Хотира ва қадрлаш куни нишонланаётган шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимиздаги Халқлар дўстлиги майдонига тошкентлик темирчи Шомаҳмудовлар оиласи хотирасига ҳурмат сифатида барпо этилган ҳайкал қайта ўрнатилгани бу бағрикенгликнинг намунасидир. Шунингдек, генерал Собир Раҳимов ҳайкали Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокимлиги қаршисидаги эски ўрнига қайтарилгани 1941-1945 йилларда Иккинчи жаҳон уруши фронтида матонат кўрсатган юртдошларимиз хотирасини улуғлаш йўлидаги яна бир эзгу қадам бўлди.

– 1943 йил урушга кетдим, иккинчи Украина фронтида хизмат қилдим, – дейди Самарқанд вилояти Пайариқ туманида яшовчи Маҳмадали ота Сиддиқов. – 1946 йилда юртга қайтиб келдим. У даврларни эслаш биз учун азоб. Ғалабага ҳисса қўшган ўнлаб қуролдош дўстларимиз хоки бегона юртларда қолиб кетди. Урушдан сўнг Самарқанд ўқитувчилар тайёрлаш мактабини тамомлаб, узоқ йиллар ёшларга дарс бердим. Ёшим 96 да, тўрт фарзанд, қирқдан зиёд невара-чевара кўрдим. Бугунги байрам, Президентимизнинг эътибори кўнглимизни тоғдек кўтарди. Шундай кунларга етказганига шукр. Илоҳим, элимиздан меҳр-оқибат, аҳиллик аримасин. Юртимиз ҳамиша тинч, халқимиз омон бўлсин!

– Бугунги тадбир юртингизда фахрийларга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиромнинг ёрқин намунаси бўлди, – дейди Америка Қўшма Штатларининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен хоним. – Байрамга Ўзбекистоннинг барча ҳудудидан нуронийлар таклиф этилган, ҳарбий либос кийган йигит-қизлар уларга хизмат кўрсатмоқда. Кексаларга иззат-ҳурматли, меҳр-оқибатли бўлиш халқингизга хос юксак фазилатдир. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида бугунги тинч-осойишта, бахтли-саодатли кунларни таъминлашга ҳисса қўшган фахрийларнинг ҳурматини жойига қўйиш ва ҳаётини мазмунан бойитиш йўлидаги бу ҳаракатлар таҳсинга лойиқ.

– Ўзбекистонда Хотира ва қадрлаш куни нишонланаётгани замирида жуда катта маъно-мазмун бор, – дейди Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ито Нобуаки. – Иккинчи жаҳон уруши ўтганига анча бўлди, лекин ундан чиқариладиган сабоқ, хулосалар ҳали тугагани йўқ. Бу эса ғалабанинг қадр-қимматини оширади. Ўзбек халқи ана шу улкан ғалабага муносиб ҳисса қўшгани билан фахрланади. Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг хотирасини ёд этиш, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтириш зарурлигини таъкидлади. Дар-ҳақиқат, хотира бугунги авлодни тинчликни қадрлашга ўргатади. Президентингиз, шунингдек, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлиги бундан буён ҳам мустаҳкамланиб боришини қайд этди. Биз бу муносабатларни ғоят қадрлаймиз. Ўзаро ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам изчил тараққий этаверишига ишонамиз.

Уруш йилларининг аянчли хотиралари, бугунги тинч-осойишта ҳаёт қадри акс эттирилган бадиий дастур қатнашчиларда унутилмас таассурот қолдирди.

ЎзА.

№ 19, 11.05.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.