Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Хотира

ЭЗГУЛИККА БАХШИДА УМР

Шукрлар бўлсинки, ана шундай жаннатмонанд юртнинг фарзандлари ҳамда ўзининг меҳмондўстлиги, меҳр-оқибати билан дунёга танилган ўзбек халқига мансуб эканлигимиздан ҳақли равишда фахрланамиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раис-лигида 2018 йил 17 январь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш бўйича тайёргарлик ишларини самарали олиб бориш ва ушбу санани ҳар томонлама юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, видеоконференция алоқа тизими орқали вилоят ҳокимлари, олий ўқув юртлари ректорлари, "Нуроний" жамғармаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи ва бошқа жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда фаоллари иштирок этди.

Маълумки, шу йилнинг 30 январь куни мустақил давлатимиз асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланади. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрда қабул қилинган қарори асосида юртимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов мақбара мажмуаси, Қарши шаҳрида эса Биринчи Президентимиз хотирасига бағишлаб ҳайкал бунёд этилмоқда.

Шу билан бирга, Ислом Каримовнинг ғоят серқирра ҳаёти ва фаолиятини кенг тарғиб этиш бўйича кўплаб маданий-маърифий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, "Ўзбеккино" миллий агентлиги томонидан айни шу мавзуга бағишланган ҳужжатли фильм суратга олинмоқда. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан бир қанча илмий-оммабоп китоблар, жумладан, Ислом Каримовнинг "Юксак маънавият – енгилмас куч" асари нашр этилмоқда. Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ва Ислом Каримов хайрия жамоат фонди томонидан ҳам бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Шунингдек, март ойида Самарқанд шаҳрида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб халқаро илмий конференция ўтказиш ва бошқа муҳим тадбирлар бўйича кенг кўламли ишлар йўлга қўйилган. Тинчлик, адолат, ватанпарварлик, болажонлик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, бағрикенглик – ўзбегимнинг бу каби юзлаб ажойиб хислатларининг замирида эзгулик ётганини кўрамиз. Инсонни қадрлаш, ёши улуғларни ҳурмат қилиш, ўтганларнинг яхшиликларини эслаш ҳам ана шундай миллий қадриятларимиздан биридир.

Халқимизнинг ана шу гўзал қадрияти бугун яна бир бор намоён бўлмоқда. Истиқлолимиз раҳнамоси, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов вафот этганидан буён у кишининг қабрларига зиёратга бориб, дуо қилаётганларнинг кети узилмаяпти. Ҳар куни мамлакатимизнинг турли бурчакларидан, хорижий давлатлардан зиёратчилар келиб, азиз Юртбошимиз хотирасига ўз ҳурмат-эҳтиромларини билдирмоқда. Кўплаб давлатлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари ушбу масканга ташриф буюриб, биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътибор қозонган буюк сиёсатчи бўлганини таъкидламоқда. Умуман, бугун Самарқандга келаётган ҳар бир инсон зиёратни ушбу маскандан бошламоқда. Марҳум Юртбошимизнинг халқ, эл-юрт фаровонлиги учун қилган ҳар бир хайрли иши эътироф этилиб, миннатдорлик билан ёдга олинмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги Қарори барча ватандошларимизни қувонтирди. Юртимиздаги кўплаб муассаса, ташкилот, масжид, иншоот ва кўчаларнинг азиз инсон номи билан аталиши ҳам халқимизнинг у кишига бўлган чексиз ҳурматидир. Зеро, юрт фарзанди учун энг улуғ хотира – халқнинг қалбидан ўрин олиш, тарихда яхши ном қолдиришдир. Давлат арбоби ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, қатъияти ва матонати, олижаноб инсоний фазилатлари билан мустақил Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирди, ёрқин буюк шахс сифатида нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳон ҳамжамиятида ҳам юксак ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлди.

"Яхшидан боғ қолади", дейди доно халқимиз. Мустақилликнинг чорак асрлик солномаси минг-минглаб бино ва иншоотлар, янги йўллар, кўприклар ҳамда бошқа кўплаб қурилиш объектлари билан тўлиб-тошди. Шу қисқа муддат ичида Ўзбекистон Республикаси дунёда иқтисодиёти энг жадал суръатлар билан ривожланаётган бешта давлат қаторидан жой олди, юрт ободлиги, Ватан сарҳадларининг дахлсизлиги, халқ ҳаётининг тинчлиги, турмуш фаровонлиги таъминланди. Шу йиллар давомида Мустақил Ўзбекистон Республикаси тинчликпарвар, халқпарвар ташқи сиёсат олиб борувчи, барқарорликни, ҳар қандай можароларни фақат тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканлиги билан кучли давлат сифатида ўз нуфузига эга бўлди.

Истиқлолимиз раҳнамоси – миллий-маънавий қадриятларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, муқаддас динимиз, урф-одатларимиз, бебаҳо тарихий меросимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришни давлат сиёсати даражасига кўтарди. Азиз авлиё ва уламоларимизнинг бой меросини теран ўрганиш, уларнинг қадамжоларини обод қилиш, тарихий обидаларни асраб-авайлаш йўлида беқиёс ишлар амалга оширилди. Хусусан, Абдухолиқ Ғиждувоний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Ҳазрати Имом мажмуалари сингари табаррук масканларда олиб борилган катта ҳажмдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари натижасида бундай обидалар диёримизнинг гўзал, файзли масканларига айланди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг номи ўзбек халқининг хотирасида, аввало, истиқлол меъмори сифатида сақланиб қолади. Ватанимизнинг ҳар бир фарзанди бу номни умрини юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги учун сарфлаган муҳтарам инсон сифатида эслайди, барча эзгу ишлари учун миннатдор бўлиб келмоқда.

Мустақиллигимизнинг асосчиси, халқимизнинг ғамхўр отаси бўлган муҳтарам Ислом Каримовнинг хотиралари қалбимизда мангу барҳаётдир.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ, Юнусобод тумани бош имомхатиби, Тошкент Ислом институти ўқитувчиси.

№ 4, 26.01.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.