Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Хотира

БОБУРИЙЛАР ДАВРИ ТАБОБАТ ИЛМИ

Айни кунларда буюк давлат арбоби, моҳир саркарда ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишлаб турли тадбирлар, адабий кечалар ва учрашувлар бўлиб ўтмоқда.

Эътироф этиш жоизки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон ва Эрон халқлари тарихи, географияси, этнографиясига оид қимматли маълумотларни ўз ичига олган "Бобурнома", "Мубайин", "Туркий девон" каби асарлари билан ўзбек мумтоз адабиёти ва адабий тили ривожига муносиб ҳисса қўшган. Хусусан, унинг нодир "Бобурнома" асари кўп йиллар давомида тўпланиб бориб, 1525-1530 йилларда китоб қилингани, аруз назариясига оид мураккаб "Мухтасар" асари икки йилдан ҳам қисқа фурсат ичида дунё юзини кўргани фикримизнинг исботидир. Тарихдан маълумки, Бобурга шеърият мулкининг султони Алишер Навоий билан учрашиш, суҳбат қуриш бахти насиб этмаган, аммо шунга қарамай, улар бир-бирининг ижодига ҳурмат ва эҳтиром билан ёндашишган. Шу боис, Бобур умр бўйи буюк Навоий даҳосига эҳтирому таъзимда яшади. Навоий шунинг учун ҳам Бобур назарида бадиият ва илм уммонининг буюк дарғасига айланиб қолди. Бу эътирофни у "Бобурнома" асарида ҳам бир неча бор баён этган. Навоийнинг ижоди ва шахсига берилган "Алишербек назири йўқ киши эрди. Туркий тил била то шеър айтибтурлар, ҳеч ким онча кўб ва хўб айтқон эмас" деган ажойиб таъриф Бобур тилида меҳр ва ҳурмат, самимият билан жаранглайди. Шубҳасиз, у Навоийни ўзига устоз сифатида эътироф этиб, яратган ғазал ва рубоийларининг ҳар бир сатри, мисрасида талабчан Навоийнинг ғойибона нигоҳи ва нафаси борлигини ҳис этиб турган. Бобур бу билан ҳам кифояланмай, "Мезон-ул-авзон"га жавобан "Мухтасар" асарини битади ва аруз назарияси бобида ҳатто устози билан ижодий баҳсга киришади.

Асрлар оша ижодлари эъзозланиб, ўрганилиб келаётган мумтоз адабиётнинг асосчилари ҳисобланмиш бу иккала мўътабар ижодкор бутун умрлари давомида Ватанга муҳаббат, тенглик, дўстлик ва тотувлик учун курашдилар, севги ҳамда вафодорлик мадҳи орқали турли халқларнинг биродарлигини, уларни наслу насабига қараб эмас, балки инсоний фазилатларига қараб қадрлаш кераклигини айтиб келдилар.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, Бобур мирзо ўз даврида табобат илмига ниҳоятга чуқур эътибор билан қарайди. Табибларга фаолият кўрсатиши, инсонлар дардига дармон бўлишлари учун бор имконият ва шароитларни яратиб беради, шифохоналар қурдиради. Шу сабабли Бобур саройида кўплаб табиблар хизмат қилишган, аммо улар орасида Юсуфийнинг ўрни алоҳида бўлган. Бобур уни ҳурмат қилган ва ҳар бир ишини қадрлаган.

Бобурнинг хос табиби ҳақида гапирар эканмиз, унинг "Бобурнома" асарида ҳам бу ҳақда кўплаб фикрларга дуч келамиз. Юсуф ибн Муҳаммад ибн Юсуф ат-Табиб ал-Харевий ХV аср охирида Хуросоннинг Хаф шаҳрида таваллуд топган. Унинг отаси Муҳаммад ибн Юсуф ўз даврининг етук олими ва табиби бўлган. Шу боис, Юсуфий табобат сирларини отасидан ўрганган.

Бобур мирзо Афғонистонда турган пайтда бошқа машҳур кишилар қатори Юсуфий билан ҳам учрашиб, унинг иқтидори, ақл-заковати, хуш фазилати ва инсоний хислатларига қойил қолади. Ўз даврида Ҳиротдаги адабий муҳит таъсири уни шоир сифатида шакллантиради. У шеърий асарларини Юсуфий тахаллуси билан ёзган. Табиб сифатида замондошлари унга қуйидагича таъриф беришади: "Хушхулқ, жаҳонгашта, суҳбат қурган киши анинг ақлу заковати, муомала маданияти юқори эканига амин бўлур эди".

Бу ҳақда Бобурнинг "Бобурнома" асарида: "Мавлоно Юсуф табибким, томур кўрмоқ, ташхис қилмоқ анинг иши эрди", деб маълумот бериб ўтган.

Табиб Юсуфий ота юрти Хиротнинг нотинчлиги сабаб, Бобурнинг таклифига кўра Ҳиндистонга кетади. Ҳиротдаги даврида тиббиётга оид 14 та назмий ва насрий, этикага оид 2 та асар ёзган. Бу асарлар дунёнинг турли кутубхоналарида сақланмоқда. 1509-1520 йилларда рубоий жанри воситасида ёзган "Касалликлар давоси" асари машҳур бўлган.

Мухтасар қилиб айтганда, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бой илмий-маънавий мероси келгуси авлодлар учун туганмас хазина бўлибгина қолмай, уларнинг маънавий-маърифий дунёлари бойишига ҳам хизмат қилади.

Намоз ТОЛИПОВ.

№ 6, 10.02.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.