Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Хотира

БУЮК АЖДОДЛАРИМИЗ МЕРОСИ

Шу кунларда ўзбек адабий тили тараққиёти асосчиси, буюк шоир ва мутафаккир олим Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллиги юртимизда кенг нишонланмоқда. Унинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси, қолдирган нодир асарлари замирида ҳам барча йўналишлар қатори табобат илми алоҳида аҳамият ва эътиборга эга. Табобат тараққиётининг кўп йиллик тарихи ўрта асрлардаги Шарқ уламолари номлари билан боғлиқки, бунда Алишер Навоийнинг табобат тарғиботчиси сифатида тутган ўрнига алоҳида тўхталиб ўтмоқчимиз.

Тарихдан маълумки, Алишер Навоий ўз фаолияти давомида табиблик ишини ривожлантириш ва беморлар соғлигини тиклаш мақсадида махсус шифохона қурдиради. Унинг номи Хондамир таъбири билан айтганда "Доруш-шифо" дея аталади. Энг муҳим жиҳатлардан бири, шифохона таркибида каттагина дорихона ҳам бўлган. Хондамир мазкур шифохона ҳақида: "Кишилар зарур дори-дармонларни ҳамма вақт ўша жойдан топиб келадилар", деб ёзади. Навоий ўрта аср Шарқ табобатининг қуёши Абу Али ибн Синони ўзининг "Ҳайратул Аброр" асарида ақл рамзи, яъни "Алийи фикрат" деб улуғлайди. У табобат намоёндаларини қўллаб-қувватлабгина қолмай, балки уларнинг ёрдамга муҳтож халққа хайрли хизмат кўрсатиши учун ҳам қулай шарт-шароит яратиб берган. Навоий Ҳиротда алоҳида жамоа шифохонаси ташкил этиб, унда табиблар беморларни даволаш ва талабаларга тиббиёт илмидан дарс бериш билан ҳам машғул бўлган.

Алишер Навоий инояти билан ўша даврда Мавлоно Низомиддин Абдулҳай табиб, Мавлоно Муъин, Мавлоно Ғиёсиддин Муҳаммад табиб Сабзаворий, Мавлоно Дарвишали табиб ва Мавлоно Абдулҳай Туний каби машҳур табиблар етишиб чиққанки, улар тиббиёт илмини ривожлантиришда ушбу "Шифоия"да узоқ вақт фаолият кўрсатганлар. Таъкидлаш жоизки, Ҳиротда Навоий даврида ва унга қадар ҳам халқ саломатлиги йўлида ҳурматга лойиқ бўлган хайрли ишлар бажарилган.

Ҳазрат Навоий ўзининг "Маҳбуб ул-қулуб" асарида: "Табиб-шифокор ўзининг асл илмини яхши билмоғи, табиатан ҳам, муомалада ҳам раҳм-шафқатли бўлмоғи лозим. Устозлари сўзига риоя қилмоғи, уларга эргашмоғи даркор. Мулойим сўз билан бемор кўнглини кўтариб, муолажага киришмоғи керак", деб ёзади. Лекин шу ўринда Навоийнинг яна бир фикри эътиборимизни ўзига жалб этади: "Табиб ўз касбига моҳир бўлсада, бунинг баробарида бадфеъл, лоқайд ва қўполлик билан беморни ҳар қанча даволаса ҳам нажот кутган инсон соғлигида ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди", деган эди.

Ёки шоирнинг мана бу байтига эътибор беринг:

Агар ҳикматга бўлса

илтифотинг,

Ки бўлсин Нуҳ умрича

ҳаётинг.

Ёки

Ва локин тиббу ҳикмат ҳам

эрур кўп,

Ки сиҳатдир киши

жисмида матлуб.

Демак, Навоий тиббу ҳикматни киши жисмида саломатликни сақлаш заруриятларидан бири, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, киши саломат бўлиши учун биринчи галда ўз мижозини билиши ва мўътадил тутиши керак. Мижознинг бузилиши касалликни пайдо қилади. Киши соғлом бўлиши учун аввало тўғри овқатланишни билиши зарур. Зарарли нарсаларни ейиш ва ичишдан доимо тийилиш керак. Навоий еб-ичишнинг қандай бўлиши ва бу соҳада энг тўғри йўл қайси эканини ажойиб мисралар орқали баён қилади. Яъни, овқатланиш қоидаси шуки, киши роса тўйиб қолмасдан ейишни бас қилиши, еган таоми ҳазм бўлмасдан устига овқат емаслиги лозим.

Бундан ташқари, Навоий табиб қандай бўлиши кераклиги, одамлар саломатлигини муҳофаза қилиш қандай ташкил этилиши лозимлиги ҳақида ҳам кўплаб асарларида мухтасар фикрларни билдирган. Фақат табобат тўғрисида фикрлар билдириб қолмасдан амалда бу борада катта ишларни ҳам бажариб, улуғ инсонийлик намунасини кўрсатган.

Инсоннинг хулқ-атвори, руҳий олами тадқиқига бағишланган адабиётларга кўра, одамзотда 128 та яхши хислат ҳамда 76 та ёмон хулқ мавжуд. Навоий шунча хислат ичида инсонийликнинг биринчи шарти сифатида сабрни қайд этади. Одатда, сабр деганда, мушкул вазиятларда бардошли бўлиш тушунилади. Аммо сабрнинг маъно қамрови ниҳоятда кенг бўлиб, нафс қутқусига учмаслик, яхши ҳоллар шукронаси, ёмонликлардан изтироб чекмаслик ва умидсизланмаслик унинг асосий хусусиятлари ҳисобланади.

Ҳаётда фаолиятсизлик, қадр-қиммат ва ҳақ-ҳуқуқлар оёқости қилинишига лоқайд қараш, қўр-қув ва журъатсизлик ҳолатлари ҳам учраб туради. Сабр – мутелик ва қарамликнинг бир кўриниши эмас. Сабр – муайян воқеа-ҳодиса натижасида бир-бири билан ихтилофда бўлган туйғу ва кечинмалардан юзага келадиган инсоний фазилат. Бир умр ҳақиқат йўлида курашган Алишер Навоий ҳам бу йўлнинг машаққатлари, эзгу мақсад-муддаоларга эришишнинг қийинчиликлари, нафс деган ашаддий душмани бор кўнгил ҳамма вақт ҳам бу қийинчиликларга бардош беролмай маҳзун бўлиши ва ҳатто айрим ҳолларда ирода заифлик қилиб, виждонга хилоф иш тутиш ҳолатларига ҳам дуч келган. Шоир ҳар қандай ҳолатда эзгулик йўлидан чекинмаслик, шу орқали сабр – кўнгилнинг изтироб ва умидсизликдан ҳоли бўлиши, мақсадга етиш йўлида ҳар қандай мусибат ва кулфатларга бардош бериши, охир-оқибат, бахт ва шодликка эришиш лозимлиги, бу йўл оғир бўлганига қарамасдан, эзгулик ва саодат манзили эканини ўз ғазалларида ифода этган.

Инсонийликнинг иккинчи шарти – ҳар инсон қалбида шукроналик туйғусининг устувор бўлишидир. Навоий башарият тараққиёти учун шукроналик туйғуси нечоғли аҳамият касб этишини теран англаган зотлардан эди. Унинг талқинича, тинчлик, саломатлик, барқарорлик каби бебаҳо неъматларнинг қадрига етмаслик жамиятда носоғлом муҳитни вужудга келтириб, ривожланиш ва тараққиётга хавф солади. Шукроналик туйғуси барқарор бўлган жамият ҳам моддий фаровонлик, ҳам маънавий тараққиёт марраларини забт эта олади.

Демак, Навоий том маънода табобатнинг ҳақиқий тарғиботчиси ва моҳир билимдони эди. Маърифатпарвар шоир, сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг табобат ва табиблар ҳақида ёзган байт, доно фикр ва мулоҳазалари замондошларимизгагина эмас, балки кейинги авлодлар учун ҳам бой мерос бўлиб қолади.

Намоз ТОЛИПОВ.

№ 6, 10.02.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.