Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Хотира

ЭЗГУЛИККА БАХШИДА УМР

Ҳаёт йўллари ҳар доим ҳам текис, равон бўлавермайди. Бироқ, инсон бу кўҳна оламда яшар экан, аввало, эзгулик сари интилади. Шу мақсад уни янги-янги кашфиётлар яратишга ундайверади. Бу ҳақиқатни англаганлар эса эл-юрт манфаати учун астойдил хизмат қилишни ўзига инсонийлик бурч деб билади. Бундай инсонларнинг ҳаёти ҳам барчага ибратли, ҳавас қилса арзигуликдир. …Саидмаъруф Аъзамхўжаев ҳам умрининг ҳар бир лаҳзасини эзгуликка бахшида этган инсонлар сирасига киради.

Саидмаъруф Аъзамхўжаев 1917 йилнинг 5 ноябрида Тошкент шаҳрида таваллуд топди. 1936 йилда Тошкент тиббиёт билим юртини битиргач, бир йил давомида доришунос бўлиб ишлади. 1941 йилда Тошкент тиббиёт олий билим юртини тамомлаб, умумий жарроҳлик кафедрасида клиник ординатор лавозимида ишлай бошлади. У кафедрадаги фаолияти давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор Содиқ Маъсумов раҳбарлигида 1951 йилда "Йирингли ва йирингли септик касалликларда меъданинг секретор ва экскретор фаолияти" мавзусидаги номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади. 1953 йилда эса Тошкент тиббиёт институти даволаш факультети госпиталь жарроҳлик кафедраси доценти этиб тайинланди.

Тадқиқотчилик ва ижодий изланишга интилиш С. Аъзамхўжаевни "Жигар циррозида портал гипертензия диагностикаси ва жарроҳлик усули билан даволаш" мавзусидаги докторлик диссертацияси устида ишлашга ундади. Унинг илмий ишида Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Восит Воҳидов маслаҳатлари алоҳида аҳамият касб этди. Ниҳоят у 1975 йили докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлагач, профессор унвонига сазовор бўлиб, ҳозирги Тошкент тиббиёт академиясининг санитария-гигиена факультети жарроҳлик касалликлари кафедраси мудири лавозимида фаолият бошлади. Профессорнинг ярим асрлик илмий тадқиқотлари асосини йирингли ва йирингли септик ҳолатлар, шунингдек, тананинг куйиш касаллигида меъданинг функционал ўзгаришларини ўрганиш ташкил этади. Бундан ташқари, у шошилинч, тезкор жарроҳликнинг муҳим масалалари билан ҳам фаол шуғулланди. Таъкидлаш жоизки, олимнинг шошилинч тиббий ёрдам клиник шифохонасида 1941-1960 йиллар давомида олиб борган илмий-тадқиқот ишлари фаолиятининг энг салмоқли даври ҳисобланади. Бу пайтда профессор С. Маъсумов бошчилигида қорин бўшлиғи аъзоларининг турли хасталик ҳолатларида зудлик билан бажариладиган жарроҳлик амалиётлари пухта ўрганилган ва бу С. Аъзамхўжаевнинг "Ўткир қорин синдроми"да жарроҳлик усулларига бағишланган илмий изланишларининг асосини ташкил этади.

Бугун мамлакатимиз тиббиётида узун найсимон суяклар синишини даволаш ва сон суяги синганда металлоостеосинтезни қўллаш борасида олиб борилган илмий тадқиқотлар профессор номи билан бирга ёдга олинади. 1991-1992 йилларда С. Аъзамхўжаев раҳбарлигида Ўзбекистон вилоятларида жигар циррози касалликларининг келиб чиқишини аниқлаш бўйича илмий экспедициялар амалга оширилди. Мавзуга оид экспериментал текширувлар ҳам ўтказилди. Улар асосан муаллиф таклиф этган портал гипертензияли жигар циррозини жарроҳлик йўли билан даволаш усули асосини ташкил қилди. Шу билан бирга, у ўпка силини жарроҳлик йўли билан даволашнинг мамлакатимиздаги асосчиси ҳисобланади. Шу боис, портал гипертензия ва жигар циррози ҳамда гепатобилиар тизими хасталанган беморларни текшириш ва даволаш олим ҳаёти ва фаолиятида муҳим босқич бўлди. Олим биргина бу ютуқлар билан чекланмади, аксинча устози, профессор С. Маъсумов бошлаган ўпка патологиясини ўрганиш, қалқонсимон без касалликлари ва эпидемик буқоқни текшириш ишларини юргизди. Шунингдек, йўғон ичак касалликларини даволашда Пётр Фокич Боровский таълимотини давом эттириб, номахсус ярали колитнинг диагностикаси ва уни жарроҳлик йўли билан даволаш усулларини ишлаб чиқди. Бундан ташқари, ўпка, жигар, қорин бўшлиғи эхиноккокози бўйича қилинган операцияларда ишлов беришнинг бир неча самарали усулларини амалиётга киритди.

Энг муҳими, у ўзининг илмий-мураббийлик фаолиятини жамоатчилик, ташкилотчилик ишлари билан бирга олиб борди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғига мувофиқ, 1967 йили вазирлик бош жарроҳи этиб тайинланди, бу лавозимда 1970 йилгача изчил ва жўшқин фаолият кўрсатди. Шундан кейин у 1970-1978 йилларда Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги 4-бошқармаси тасарруфидаги марказий клиник шифохона бош шифокори сифатида ўзининг ажойиб шифокорлик, ташкилотчилик қобилиятини намоён қилди. Беморларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этишда катта жонбозлик кўрсатди. Масалан, ўша пайтдаги энг замонавий, илғор усуллардан: поликардиография, реография, энцефалографияни амалиётга кенг жорий этиш, қўллаш учун зарур бўлган шарт-шароитларни тўла-тўкис муҳайё қилишга эришди. Беморларни даволашда амалиётга магнит ва лазер терапияси усулларини киритиш, шунингдек, ошқозон, ичак йўллари, қорин бўшлиғидаги турли аъзоларнинг носпецифик хасталикларини жарроҳлик йўли билан моҳирона даволашда янги-янги ихтиролар қилиш, жумладан, кейинчалик тиббиёт тарихига "Аъзамхўжаевча чок усули" деган ном билан кирган усулни қўллаш муваффақиятли амалга оширилди.

Профессор Саидмаъруф Аъзамхўжаев 1979-1985 йилларда институт Санитария-гигиена факультети жарроҳлик кафедраси мудири бўлиши билан бирга, Тошкент тиббиёт академияси ректорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари, Марказий Тиббий Ҳайъати ва ихтисослаштирилган Кенгаш раиси, Талабалар илмий жамияти раҳбари бўлиб ишлади. У ўзининг илмий, мураббийлик фаолиятида 4 та фан доктори, 20 га яқин фан номзодини етиштирди, 5 та рисола, 500 дан зиёд илмий мақола, 100 га яқин услубий қўлланмалар яратди, кўплаб халқаро илмий-тиббий анжуманларда қатнашди, маърузалар қилди.

Олимнинг халқ соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлаш, малакали тиббий ходимлар тайёрлаш борасидаги узоқ йиллик фидокорона меҳнатлари зое кетмади. У "Ўзбекистон Республикаси фан арбоби", "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор" унвонларига сазовор бўлди, кўплаб эсдалик нишонлари, фахрий ёрлиқлар билан мукофотланди...

Унинг ёрқин сиймоси оила аъзолари, қадрдон дўсту биродарлари, ҳамкасблари ва шогирдлари қалбида мангу барҳаётдир.

Искандар РАҲМОН.

№ 45, 03.11.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.