Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Хотира

ИБРАТГА АЙЛАНГАН ҲАЁТ ЙЎЛИ

Атоқли олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган врач, соғлиқни сақлаш ташкилотчиси, моҳир устоз, мураббий, тиббиёт фанлари доктори, профессор Башир Магзумов 1917 йил 1 октябрь куни Тошкент шаҳрининг "Шофайз" маҳалласида, хизматчи оиласида дунёга келган. Ушбу инсон бутун умрини тиббиётга бағишлаб яшаган десак, муболаға бўлмайди. Унинг сермазмун ҳаётини жуда кўп турли тарихий саналар билан ифодалаб беришимиз мумкин.

Башир Магзумов ўқувчилик давридаёқ, билимга чанқоқлиги, ташаббускорлиги, зеҳни ўткирлиги билан тенгдошлари орасида ажралиб турар эди. Мактабни аъло баҳолар билан тугатгач, 1936 йилда Тошкент тиббиёт институтига ўқишга кирди. У тиббиётга бўлган қизиқиши туфайли талабалик давридаёқ, Тошкент шаҳридаги 4-сонли болалар поликлиникасида ишлай бошлади. Институтни муваффақиятли тугатган етук мутахассис Сирдарё вилоятига йўлланма олди. Афсуски, шу йили Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, унинг икки акаси кетма-кет урушга кетишди. Башир Магзумов эса кекса ота-онаси, кичик укаларига бош бўлиб, меҳнат фаолиятини Сирдарё вилоятининг Боёвут кишлоғидаги шифохонада давом эттирди. Ўз касбига сидқидилдан ёндашган ёш шифокор институтда олган билимларини амалиётга татбиқ қилган ҳолда ҳамкасблари билан биргаликда Боёвут тумани қишлоқларида кенг тарқалган безгак, ичкетар, қўтир, терлама ва гижжа касалликларига қарши курашиб, профилактика ишларини изчиллик билан олиб борди. Унинг меҳнатсеварлиги ҳамда билим ва иқтидорини инобатга олган раҳбарият мазкур касалхонага бош шифокор этиб тайинлади. Башир Магзумов ёш бўлишига қарамасдан ўзининг қаттиққўллиги, ташкилотчилиги ва масъуллиги билан аҳоли орасида кенг тарқалиб бораётган касалликларни бартараф этиш ҳамда ишларни тўғри йўлга қўйишда шижоат билан меҳнат қилди. Ундаги ташаббускорлик ва касбига бўлган садоқатни кўрган маъмурият Сирдарё туман соғлиқни сақлаш бошқармасига бошлиқ лавозимига муносиб кўрди. Ёш мутахассис бор билим ва куч-ғайратини аямай янги шифо масканларини қуришда, кадрлар таъминотини яхшилашда, шу билан бирга, туман аҳолисини безгак, болаларни эса қизамиқ, чечакка қарши эмлаш, қишлоқларда санитария-эпидемиология хизматини йўлга қўйишда жонбозлик кўрсатди. Маҳоратли раҳбарнинг амалдаги фаолиятлари инобатга олиниб, Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи вазифасига тайинланиб, ушбу лавозимда саккиз йил давомида фаолият юритди. Малакали мутахассис кейинчалик Республика сил касаллигига қарши кураш диспансерида бош шифокор вазифасини ўташ билан бирга "Ичак сили" мавзуси бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Услубий-илмий йўналишда тажрибага эга бўлган Башир Магзумов Санитария, гигиена ва касб касалликлари, Тошкент зардоб ва вакцина тайёрлаш илмий-текшириш институтларида ҳам директор лавозимларида фаолият юритиб, тиббиёт соҳасидаги жаҳон ютуқлари, тажрибаларини ўрганиб уларни институт фаолиятида, ўтказилаётган илмий изланишларда қўллашга интилди. Фидойи инсоннинг соҳа тараққиётига қўшган ҳиссаси юқори баҳоланиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари ва бир йилдан кейин вазир этиб тайинланди.

Башир Магзумов Соғлиқни сақлаш вазирлигида ишлаган йиллари республика аҳолисига тиббий ёрдам кўрсатишни яхшилаш, даволаш-профилактика ишларини такомиллаштириш, тизимда кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, илмий изланишлар ҳамда тадқиқотларни чуқурлаштириш, кўпгина хорижий давлатлардаги олимлар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ишларига катта эътибор берди. Ўша йилларда соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базаси деярли талабга жавоб бермас, даволаш-профилактика муассасалари, айниқса, вилоят ва туманларда, кадрлар тайёрлайдиган билим юртлари, илмий-текшириш институтлари аксарияти мослаштирилган биноларда жойлашган эди. Ушбу муаммоларни бартараф этишда тизим базасини мустаҳкамлаш учун режалар тузиб, Ўзбекистонда Иттифоқлар-аро экспериментал жарроҳлик институтининг филиалини, Тошкент шаҳрида Эпидемиология илмий-текшириш институти, Андижонда 500 ўринли вилоят касалхонаси, Наманганда силга қарши кураш диспансери, Тошкентда шаҳар касалхонаси, Тошкент давлат тиббиёт институтининг морфология корпуси ва бир қатор даволаш муассасалари, санаторий-профилакторий бинолари қурилишига катта ҳиссасини қўшган.

Шу ўринда таъкидлаш муҳимки, Башир Магзумов Қорақалпоғистон Республикасида соҳани янада ривожлантириш билан бирга, ҳудудда ўша даврда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш талаб даражасида эмаслиги, юқумли, қолаверса, ўта хавфли касалликлар кенг тарқалганлиги боис, фаолиятлар изчиллигини йўлга қўйди. Унинг раҳбарлигида Нукус шаҳрида лепра (мохов)ни ўрганишга қаратилган Дерматовенерология илмий-тадқиқот институтининг филиали ташкил этилиб, олиб борилган изланишлар республика ҳудудида моховни бартараф этишга имкон берди. Шунингдек, 1965 йилда Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида вабо эпидемияси билан курашиш учун ташкил этилган штабнинг бошлиғи вазифасида астойдил ишлаб, касалликни йўқ қилишда бевосита иштирок этди.

1966-1968 йилларда Башир Магзумов Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти директори, кейинчалик илмий ишлар бўйича директор муовини вазифасини бажариб келди. Унинг бевосита раҳбарлиги остида инсон саломатлигини яхшилашга қаратилган санитария-гигиеник изланишлар жадаллаштирилиб, ушбу изланишларнинг натижалари номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳамда илмий, илмий-амалий, услубий йўриқномаларда ўз ифодасини топди. Илмий салоҳият йўлидаги изланишлари боис, 1967 йилда "Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятларида вабо тарқалишини бартараф этиш тажрибаси" мавзуси бўйича докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.

Шунингдек, устозимиз ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси "Ижтимоий гигиена ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш" кафедраси мудири вазифасида фаолият юритиб, минглаб талабаларга назарий ва амалий билим берди.

Башир Магзумов нафақат моҳир бошқарувчи, ташкилотчи, балки "Ижтимоий гигиена ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш" йўналиши бўйича илм-фанни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшган билимдон олим эди. Унинг раҳбарлигида 5 та докторлик ва 23 та номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди. Илмий салоҳият эгаси мингдан ортиқ илмий мақолалар, 120 дан ортиқ илмий, илмий-амалий, ўқув-услубий рисолалар, шунингдек, 2 та монография муаллифи бўлган.

Ўзининг фидойи меҳнатлари билан эътибор қозонган Башир Магзумовнинг тиббиёт равнақига қўшган хизматлари инобатга олиниб, ҳукуматимиз томонидан кўплаб орден ва медаллар билан тақдирланган.

Бугунги кунда устозимиз Башир Магзумов яратган тиббиёт мактаби барчамиз учун ибрат бўлиб келмоқда. Шундай экан, у кишининг ёрқин хотираси биз шогирдлар қалбида мангу барҳаётдир.

Ҳамида РУСТАМОВА, Тошкент тиббиёт академияси Жамоат саломатлиги, соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва бошқариш кафедраси мудири, профессор.

№ 43, 20.10.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.