Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Хотира

ЎЗБЕКИСТОНЛИК ХАЛОСКОРЛАР ЖАСОРАТИ ВА МАТОНАТИ УНУТИЛМАСДИР!

Кишилик жамияти пайдо бўлибдики, унинг бошига сон-саноқсиз оғир кулфатлар, қолаверса, ҳаётнинг турли синовлари тушиши табиий. Бироқ, 1941-1945 йиллардаги даҳшатли уруш сингари мудҳиш йўқотишлар тарихда асло бўлмаган! Дунё миқёсида бу уруш оқибатида қурбон бўлганлар ҳақида ҳар хил рақамларни айтишади. Бизнинг назаримизда бу рақам 100 миллиондан кам эмас. Инсоният ақл бовар қилмайдиган аянчли кўргиликларни бошидан кечириб, ашаддий ёвузликларга дуч келиб, уларни мардонавор енгган. Ўзбекистонлик халоскорлар жасорати унутилмасдир.

Расмий ҳужжатларга қараганда, Иккинчи жаҳон урушига биргина Ўзбекистонимиздан 1 миллион 433 минг 230 нафар эркак, 500 га яқин хотин-қизлар сафарбар қилинган. Агар 1941 йилда республика аҳолиси 6,5 миллион кишини ташкил этган бўлса, гўдак ва болалар, қариялар ва аёлларни ҳисобга олмаганда, халқимизнинг 40 фоиздан кўпроғи қўлига қурол олиб, ҳаёт-мамот жангларида тенгсиз мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатишган ва муносиб тақдирланишган.

Энг ачинарлиси шундаки, 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтган. Шунингдек, 500 минг нафар юртдошимиз, яъни урушда қатнашганларнинг 30 фоизи жангларда қаҳрамонларча ҳалок бўлиб, уларнинг ҳоки бегона юрт тупроқларида қолиб кетган. Ахир улар азиз ва муқаддас, қутлуғ макон – Ўзбекистонда туғилиб, униб-ўсган эдилар-ку! Афсуски, уларнинг кўпчилиги 18-20 ёшли навқирон йигитлар эди. Республикамизнинг турли шаҳар ва қишлоқларида ҳали-ҳануз умр йўлдоши, отаси, акаси, амакиси, тоғасини интизорлик билан кутаётганлар озми? Уларнинг порлоқ хотираси шаҳар ва қишлоқларда тикланган ёдгорликлар, мангу олов шуълалари, қабрлар тошига битилган дил сўзлари, қариндош-уруғ, дўст-биродарлари қалбида битмас дард-алам ва фироқ билан сақланмоқда. Ўша мудҳиш Иккинчи жаҳон уруши йилларида халқимиз ғалабани яқинлаштириш учун фронт ортида ҳам мардонавор меҳнат қилди. Бундай оғир шароитларда минглаб тиббиёт ходимлари ҳам мардлик, бурчга садоқат намуналарини кўрсатдилар. Улар ярадор ва беморларни мумкин қадар қисқа фурсатларда ҳаётга қайтариш, ҳарбий ва фуқаролар орасида юқумли хасталикларнинг тарқалишига йўл қўймаслик каби ўта муҳим ва жанговар вазифаларни шараф билан адо этишди. Биласизми, уруш давомида собиқ Иттифоқда бир миллиондан зиёд, шу жумладан, Ўзбекистонда 115 та эвакуацион, кўчма госпиталлар ташкил этилиб, унда ўзбекистонлик шифокорларнинг фаол иштироки билан ярадор ва беморлардан 54 минг 252 киши жанговар сафга ва 70 мингдан зиёди тинч меҳнат қучоғига қайтарилган, уларни даволашда зарурий шароитлардан фойдаланган ҳолда мураккаб жарроҳлик операциялари амалга оширилган. Эвакуацион госпиталларни озиқ-овқатлар билан таъминлаш, уларга маданий-маиший хизмат кўрсатишни республикамизнинг 750 дан ортиқ турли ташкилот, корхона ва муассасалари, давлат ва жамоа хўжаликлари оталиққа олдилар. Ўзлари ниҳоятда оғир шароитларда яшашлари ва ишлашларига қарамай, ярадор ва беморлар учун, шунингдек, уруш туфайли Ўзбекистонга эвакуация қилинган 200 мингга яқин етим болалар, қарияларни ўз бағрига олган… Афсуски, бешафқат ҳаёт тақозоси билан уруш йиллари жанглар ва мамлакат ортида фидойилик намуналарини кўрсатган халоскорларимизнинг кўпчилиги бугунги тинч, фаровон кунларимизда сафимизда йўқ. Аммо, уларнинг исми ва жисми доимо тилимиз ва дилимиздадир. Улар босиб ўтган шарафли йўл авлодлар учун улкан жасорат, матонат мактаби, ёрқин хотира китобидир.

Жорий йилнинг апрель ойига нисбатан олинган расмий маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда ўзбекистонлик уруш қатнашчилари, ногиронлари сони 1050 нафарга яқин. Уруш орти фахрийлари эса, 45 мингдан ортиқроқдир. Албатта, бу азиз ва табаррук отахону онахонларимиз бизнинг фахр-ифтихоримиздир. Шундай экан, нафақат уруш йиллари жанг майдонларида ҳалок бўлган юртдошларимизнинг руҳларини доимо хотирлашимиз, балки айни пайтда барҳаёт эркимиз, озодлигимиз, тинч, осойишта ва фаровон ҳаётимиз йўлида фидойилик кўрсатган ва кўрсатаётган турли касб эгаларини эъзозлаш, уларнинг ҳурмат ва иззатини жойига қўйишимиз барчамизнинг инсонийлик бурчимиздир. Шунга кўра, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1999 йилдан буён 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида нишонланаётганлиги чуқур мазмун ва моҳиятга эга. Чунки инсон, халқ ва миллат тарихий хотира ва қадр билан тирикдир. Гапимизнинг исботи учун қуйидаги далилни келтирайлик. Пойтахтимиз марказида бунёд этилган Хотира майдонида ярим миллионга яқин ватандошимизнинг аниқ исм-шарифлари, манзиллари, дафн этилган жойлари мармар тошларга зарҳал ҳарфлар билан ўчмас қилиб ёзиб қўйилган. Эндиликда бу майдон муқаддас зиёратгоҳлардан бирига айланди. Бундан ташқари, республика "Нуроний" жамғармаси ҳомийлигида 34 жилддан иборат "Хотира китоби" нашр қилинди. Бу китобларда 430 мингдан ортиқ ватандошимиз тақдири ҳақида тегишли маълумотлар жамланган. Кейинчалик бу хайрли ва савобли иш янада изчиллик билан давом эттирилиб, "Хотира китоби"нинг қўшимча уч жилди ҳам нашр қилинди. Буларда китобга кирмаган 16 мингга яқин ватандош-халоскорларимиз номи қайд этилган. Бу инсонни хотирлаш, қадрлаш эмасми?!

Донолардан бири: "Ҳар бир жангчидан икки оғиз бўлса ҳам эсдалик, хотира йиғиш керак", деган экан. Бу жиҳатдан олиб қараганда, уруш ва меҳнат фахрийларининг жанггоҳлар ва мамлакат ичкарисида кўрсатган қаҳрамонликларини акс эттирувчи тўлақонли, ҳужжатли бадиий асарларимиз бармоқ билан санарли, холос. Уруш қатнашчилари, ногиронлари, меҳнат фахрийларимизнинг сони тобора камайиб кетаётган экан, бундай хайрли ва савобли ишларни уларнинг тириклик чоғларида амалга оширишимиз ҳам фарзимиз, ҳам қарзимиздир.

Дарҳақиқат устоз шоир Мақсуд Шайхзода қуйидаги шеърий мисраларни бежизга келтирмаган:

Дўстлар, тирикларни

авайланг, сақланг!

Салом деган сўзнинг

салмоғин оқланг!

Ўлганида юз соат

йиғлаб тургандан,

Тириклик чоғида бир

соат йўқланг!

Энг муҳими, хотира бизга келажак йўлларимизни ёритиб, яхшиликдан сабоқ беради, огоҳлик, ҳушёрликка даъват этади, янги-янги бунёдкорликлар сари етаклайди.

Буни Президентимиз Шавкат Мирзиеёвнинг 2017 йил 4 апрелдаги "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги Фармони ҳамда "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори ўзининг ҳаётийлиги, долзарблиги, ҳаққонийлиги, эл-юрт дилидаги айни муддао эканлиги билан ҳам тўла тасдиқлаб турибди.

Шунга кўра, истиқлол шарофати билан юртимиз тинчлиги, равнақи йўлида жон фидо қилган, мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган аждодларимизни хотирлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш, шунингдек, сабр-бардош ила катта қийинчиликларни енгиб ўтган, ҳаётий тажрибаси ва ўгитлари билан бугун ёшларимизни ҳар томонлама етук инсонлар этиб тарбиялашга ўз ҳиссасини қўшаётган табаррук отахону онахонларимиз ҳурматини жойига қўйиш халқимизга хос бебаҳо фазилатлардан саналади.

Демоқчимизки, Хотира ва қадрлаш куни ҳали бирорта давлатда ўзининг ўхшашини топгани йўқ. Ўзбекистон инсонийлик бобида ҳам мисли чинордек бўй чўзиб турибди. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бу эзгу фазилатларнинг мужассамлиги фикримизнинг ёрқин далилидир.

Мухтасар қилиб айтганда, кексалари эъзоз топган юртнинг қадри баланд, келажаги буюк бўлади. Истиқлолимиз, бахтимиз учун курашган инсонлар, юртдошларимиз жасоратини эсга олиш ва уни қадрлаш бебаҳо маънавий бойлик, ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган қадриятларимиздан биридир. Шунинг учун ҳам мустақиллигимизни кўз қорачиғидек авайлаб-асрашимиз муҳим. Ўзбекистонимизнинг янада гуллаб-яшнаши учун эса барчамиз масъулмиз.

Искандар РАҲМОН, Қуролли Кучлар фахрийси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

№ 18, 05.05.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.