Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Депутат минбари

ИЛМ-ФАН РИВОЖИДАГИ МАШАҚҚАТЛИ УМР

Орамизда шундай инсонлар борки, уларнинг босиб ўтган ҳаёт йўли бугунги авлод учун ибрат мактаби вазифасини ўтайди. Халқимизда "Ҳалоллик – мартабани безайди" деган ҳикмат бор. Бу сўз замирида нечоғлик ҳақиқат яширин эканлигини, яхшилик ва эзгулик йўли қалбларда мангу қолишини устоз-шифокор, академик Шaриф Турсунович Отaбоевнинг илмий-амалий фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Инсонлар дуосини олишдек савобли касбда меҳнат қилишни ҳам фахр, ҳам бурчга садоқат деб билган тиббиёт фaнлaри доктори, Хaлқaро экология вa хaвфсизлик фaнлaри aкaдемияси aкaдемиги, Беруний номидaги дaвлaт мукофоти совриндори, профессор Шaриф Отaбоев бу йил 80 ёшни қарши олдилар. Ушбу қутлуғ сана ва босиб ўтилган улкан довонлар устознинг ибратли ҳаёт йўлидан далолат беради десак, муболаға бўлмайди.

Устоз Шaриф Турсунович Отaбоев 80 ёшга тўлган бўлсада, ҳамон тиббиётимизнинг энг долзарб йўналиши – гигиена ва экология соҳасида самарали хизмат қилиб келмоқда. У 1954 йили Тошкент Давлат тиббиёт институтининг (ҳозирги ТТА) даволаш факультетини тамомлаб, тўрт йил давомида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги йўлланмаси билан Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани, Тошкент вилояти Ангрен шаҳарларида оддий шифокор, бўлим бошлиғи, туман ва шаҳар шифохоналарининг бош шифокори лавозимларида меҳнат қилди.

Илмга чанқоқ, деҳқон оиласида таваллуд топган фидойи инсон вазирликнинг Санитария-гигиена ва касб касалликлари илмий-текшириш институтига кичик илмий ходим бўлиб ишга қабул қилинди. Ўз меҳнати, билими, қобилияти ва шижоати билан 9 йил ичида фан номзоди, фан доктори, профессор унвонига эришди. 1967 йилдан бошлаб 13 йил давомида мазкур институтнинг директори лавозимида фаолият юритди. Олим устозлари, профессор Абдулла Зоҳидов, Қаюм Зоировлардан тиббиётнинг сиру синоатларини мукаммал ўрганди ва улар ишини давом эттирди. Устозларининг тавсияси билан касалликнинг олдини олиш, қишлоқ жойларида соғлом турмуш тарзини ташкил этиш бўйича кўпгина ишларни амалга оширди, республикамизнинг барча туманларида бўлиб, институт ходимлари ва шогирдлари иштирокида илмий-амалий анжуманлар, семинарлар ташкил этди. У 1960 йили институтда "Заҳарли химикатлар лабораторияси"ни очди ва унинг фаолиятини бошқарди. Лабораторияга институт директори, профессор А. Зоҳидов, Қ. Зоиров томонидан берилган амалий ёрдам ҳам ўз натижасини берди. Лаборатория ходимлари Ш. Отабоев бошчилигида заҳарли химикатларни ишлатиш, ташиш ва омборларда сақлаш бўйича, хусусан, 60-йиллари пахтачиликда ҳаддан ташқари кўп ишлатиладиган заҳарли химикатлар таъсирини ўргандилар. Шогирдлари – профессор Т. Искандаров, И. Илинский, Ю. Ҳасанов ва бошқалар билан қилинган ишлар натижасида қишлоқ аҳолисининг соғлигига зарар етказаётган метил-меркафтофос, бутифос каби ўта заҳарли дефолиантларни ишлатмаслик лозимлиги асослаб берилди ва оқибатда Ўзбекистон пахтачилигида бундай заҳарли химикатларни ишлатиш мутлақ тақиқланди ҳамда бу илм-фаннинг катта ютуғи сифатида тан олинди.

Лабораторияда ишлаётган ходимларнинг 5 нафари олим раҳбарлигида номзодлик диссертациясини ёқлади. 1968 йили Ш. Отабоев собиқ Иттифоқ тиббий фанлар академиясида докторлик диссертациясини ёқлади. Унинг фаол иш қобилияти, айниқса, институтга 1967 йили директор бўлиб тайинлангандан сўнг кўрина бошлади. Унинг 13 йиллик раҳбарлик фаолиятида 100 дан ортиқ фан докторлари ва номзодлик диссертациялари ёқланди, илмий даража ва унвонлар берилди. Институт қошида 200 ўринли "Касб касалликлари клиникаси" очилди, илмий-амалий фаолият кўрсатувчи лабораториялар сони 18 тага етди ва ўша даврларда эътиборли, кўзга кўринган ва катта илмий-амалий салоҳиятга эга бўлган институт қиёфасини олди. Шу йиллар давомида Ангрен, Самарқанд, Хоразм, Фарғона, Наманган, Нукус ва Термиз шаҳарларида республика илмий-амалий анжуманлари ўтказилди. Профессор Ш. Отабоев ёшларнинг баркамол инсонлар бўлиб етишишига катта эътибор қаратиб, улар жамият равнақида ўз йўлларини топиб олишлари учун етарли шарт-шароит яратиб берар эди. Институтда 20 дан ортиқ илмий, анжуманлардаги маърузалар тўпламлари чоп этилиб, барча вилоятларга тарқатилар эди. Айниқса, илмий асарларни ўзбек тилида чоп этиш масалаларига олим алоҳида эътибор билан қаради. 1969 йили нашрдан чиққан "Заҳарли химикатлар гигиенаси ва токсикологияси" китоби 1979 йилда янги далиллар билан бойитилиб, иккинчи нашри чоп этилди. "Инсон ва биосфера" ўқув қўлланмаси ўзбек тилида тайёрланди. 1978 йили "Қишлоқда меҳнат ва турмуш маданияти" китоби нашрдан чиқди. "Коммунал гигиена"га бағишланган дарслик 1995 ва 2000 йиллари ўзбек тилида чоп этилди. Шу китобнинг лотин алифбосидаги нашри 2008 йилда тайёрланди. Шунингдек, унинг экология, атмосфера ва инсон саломатлиги гигиенасига бағишланган бир қанча илмий-амалий асарлари, ўқув қўлланмалари ва китоблари яратилди. Айни кунларда устоз тиниб-тинчимай янги дарсликлар устида изланишлар олиб бормоқда. Айниқса, у "Урбанизация, индустрилизация, экология, жисмоний тарбия ва саломатлик муаммолари", "Ўзбекистонда сув ҳавзалари экологияси ва саломатликни асраш муаммолари" китобларини чоп этишга тайёрламоқда. Профессор Ш. Отабоевга шаҳар сувларини тозалашнинг янги усулларини ишлаб чиққанлиги учун 1977 йилда Ўзбекистон Республикасининг Беруний Давлат мукофоти берилди. Унинг раҳбарлигида 7 та олим докторлик, 34 олим номзодлик диссертацияларини ёқлади. У 13 йил давомида Ўзбекистон Республикаси гигиенистлари ва санитария врачлари жамиятининг раиси, 10 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Илмий кенгаши аъзоси бўлиб келди. Олимнинг чоп этилган илмий мақолалари, монографиялари, дарсликлари, ўқув қўлланмалари 280 тадан ошиқни ташкил этади. У Тошкент Давлат тиббиёт институтининг Коммунал гигиена кафедраси мудири ҳамда Ишлаб чиқариш амалиёти ва интернатура декани лавозимида ишлаб таълим-тарбия соҳаси ва жамоат ишларига катта эътибор қаратди. 1995 йилда эса Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида "Умумий гигиена ва тиббиёт экологияси" кафедрасига мудир сифатида тайинланиб, ўқув цикллари сонини кўпайтирди, ўқитувчилар ва ўқувчиларга нисбатан талабни ошириб, янги ўқитиш услубларини амалиётга жорий этди, ўқитиш тизимига янги технологик усулларни қўллади ҳамда ўқитиш режасига давра суҳбатлари ва очиқ дарсларни киритди. Ҳозирда экология ва гигиена фани интеграциялашув даврида фақатгина врачларни эмас, балки педагог-ўқитувчилар, Тошкент Давлат маданият институти талабаларига ҳам табиатни асраш, касалликнинг олдини олиш борасида фаол дарс бериб, экологик маданият ва маънавият ғояларини ёшлар онгига сингдириб келмоқда.

Олим ўзининг кўп қиррали билими, қобилияти, ташкилотчилиги ва моҳирлиги билан тиббиёт фани соҳасида гигиена мактабини ярата олди. Устознинг замондошлари уни виждонли инсон, моҳир педагог-домла ва ёш авлод учун ибратли шахс сифатида эътироф этадилар. Зийнатли ва ибратли умр кечираётган азиз устозимизга янада боқий умр тилаб, соғу саломат юришларини истаб қоламиз. Тўлқин Искандаров, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги. Эркин Турсунов, Хaлқaро экология вa хaвфсизлик фaнлaри aкaдемиясининг aкaдемиги.

№ 8, 25.02.2011 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.