Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
"Саломатлик" лойихаси

СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШГА ЯНГИЧА ЁНДАШУВ

Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари

Кейинги йилларда дунё миқёсида аҳолининг юқумсиз касалликлардан азият чекаётганлиги соҳа мутахассисларини ташвишга солмоқда. Шунинг учун асосий эътибор 30-70 ёшдаги барвақт ўлим ва ногиронликнинг асосий сабабчиси бўлган юрак қон-томир, қандли диабет, саратон, нафас олиш аъзолари каби касалликлар ва уларнинг хавфли омилларини олдини олишга қаратилган.

Шу ўринда таъкидлаш муҳимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 29 августдаги "2015-2020 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлари тўғрисида"ги 251-сонли қарорининг қабул қилинганлиги, бу албатта, аҳоли саломатлиги ва унинг манфаатларига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Саломатлик-3" лойиҳаси (Жаҳон банки) доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда изчил фаолиятлар йўлга қўйилмоқда.

Жумладан, мазкур касалликларнинг олдини олиш мақсадида "Соғлом ҳаёт" дастури доирасида Қашқадарё ва Фарғона вилоятларидаги айрим қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар ҳамда умумтаълим мактаблари тажриба сифатида қамраб олиниб, ушбу муассасаларда 2015 йилдан буён муайян ишлар амалга оширилиб, шу кунга қадар ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Айтиш жоизки, амалдаги фаолиятлар бўйича газетамизнинг ўтган сонларида туркум мақолалар чоп этилди. Босқичма-босқич олиб борилаётган ишлар ўз режасига эга бўлиб, жорий йилнинг 5-7 июль кунлари Қашқадарё вилоятида, 12-14 июль кунлари эса Фарғона вилоятида "Соғлом ҳаётга қадам бос!" шиори остида "Соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик" ахборот-таълим ойлигига бағишланган давра суҳбатлари бўлиб ўтди.

Ушбу кампания доирасида вилоят ҳокимликлари, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бўлимлари, вилоят стандартлаштириш ва метрология бошқармалари, давлат санитария-эпидемиология марказлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари уюшмаси, умумий овқатланиш корхоналари ва савдо объектлари, меҳмонхона вакиллари, Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институтининг вилоят бўлинмалари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Тошкент тиббиёт академияси ва "Саломатлик-3" лойиҳаси мутахассислари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтган давра суҳбатларида қатнашган мутахассислар соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик тўғрисида ўз фикрларини билдирдилар. Йиғилишни Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Умида Газиева кириш сўзи билан очиб, бу борадаги фаолиятларга алоҳида урғу қаратар экан, тажриба сифатида олинган аҳоли ўртасида юқумсиз касалликлар бўйича мониторинг қилинганда натижалар ижобий томонга ўзгариб бораётганлигини тилга олди.

Қашқадарё вилоятида ўтказилган тадбирда "Саломатлик-3" лойиҳасининг овқатланиш бўйича мутахассиси Амонқул Байкулов ўз маърузасида, аввало, ҳар бир инсон тўғри овқатланиш ва жисмоний фаолликка эътибор қаратсагина, юқорида таъкидлаб ўтилган юқумсиз касалликларнинг хавфли омилларига чек қўйиши, шу билан бирга, турли зарарли одатлардан воз кечиши танлаб олинган лойиҳанинг мақсадли ва манзилли эканлиги тўғрисида батафсил маълумот берди. Жумладан, ҳар куни 400 граммдан кам бўлмаган (5 порция, 2:1 нисбатда) сабзавот ҳамда меваларни истеъмол қилиш, ҳафта давомида жисмоний фаол бўлиш муҳимлигини, бунинг баробарида эса таркибида туз миқдори кўп, ширинлик ёки шакар қўшилган, ёғли гўшт, сариёғ, таркибида мол, пальма, кокос ёки трансёғлар бўлган озиқ-овқатларни тез-тез ва меъёридан ортиқ истеъмол қилмаслик, шу билан бирга, тамаки, носвой, чилим ва алкоголь маҳсулотларидан воз кечиш зарурлиги борасида атрофлича тўхталди. Бу борадаги фаолиятлар нафақат биргина фуқаро, тиббиёт ходими зиммасида, балки кенг жамоатчилик олдида турган муҳим вазифалардан бири эканлигига алоҳида урғу қаратди.

Фарғона вилоятида ўтказилган тадбирда эса Тошкент тиббиёт академияси "Болалар, ўсмирлар ва овқатланиш гигиенаси" кафедраси профессори Гули Шайхова ҳам соғлом овқатланиш ва жисмоний фаолликнинг асосий тамойилларига тўхталиб, бугунги кунда аҳоли орасида овқатланиш рационига тўлиқ риоя қилинмаётганлиги ва унинг натижасида вазн ортиши, юқумсиз касалликлар оқибатида келиб чиқаётган оғир хасталиклар инсон ҳаётига хавф солаётганлигини таъкидлади. Бунинг учун аҳоли истеъмол қилаётган озиқ-овқатларнинг сифатига дахлдор бўлган маҳсулот ишлаб чиқарувчи шахслар ҳам ўз фаолиятларига жиддий ёндашишлари зарурлигини алоҳида тилга олди. Йиғилишда иштирок этган оммавий ахборот воситалари ходимлари, қолаверса, масъул ходимларга тушунтириш берар экан, бу каби муҳокамали маълумотларни халқ оммасига етказиш давр талаби эканлигини билдириб ўтди.

Шунингдек, вилоят ҳокимлигининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича бош мутахассиси Даврон Тешабоев ҳокимлик томонидан мазкур йўналишдаги ишлар жадал олиб борилишига қарамасдан айрим муаммо ва камчиликлар мавжудлигини тилга олди. Албатта, бу каби масалаларга ечим топишда кенг жамоатчиликнинг ёрдами муҳим эканлиги, "Соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик" ахборот-таълим ойлиги катта аудиторияни қамраб олиши, шунингдек, соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик учун шарт-шароит яратишга масъул бўлган идора ва корхона раҳбарлари ва ваколатли органларнинг ҳамжиҳатлиги зарур эканлигига алоҳида эътибор қаратди.

Қарши шаҳридаги "Ўзбек озиқ-овқат холдинг" компанияси масъул ходими Отамурод Хўжанов мавзу доирасидан келиб чиққан ҳолда инсон саломатлиги учун ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, ишлаб чиқариш муддатлари, унинг таркибидаги моддалар тўғрисида истеъмолчи маълумотга эга бўлиши ва сотувчидан харид қилганда, албатта, ушбу жиҳатларга эътибор қаратиши лозимлигини таъкидлади.

Вилоят стандартлаштириш ва метрология бошқармаси "Синов ва сетификатлаш" марказининг сифат тизимини жорий этиш бўлим бошлиғи Бахтиёр Қосимов мавзуга эътибор қаратар экан, албатта, инсон саломатлиги ва унинг манфаати давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлаб, мазкур йўналишда барча бирдек масъул бўлмаса, соғлом овқатланиш ва жисмоний фаолликка эриша олмасликни, бунинг учун ваколатли ташкилотлар томонидан сифат назоратини кучайтириш зарурлиги борасида ўз таклифини берди.

Фарғона вилояти умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари уюшмаси раиси ўринбосари Аҳад Йўлдошев бугунги кунда фаолият юритаётган умумий овқатланиш жойларида, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида масъул шахслар томонидан олиб келинаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатсизлиги, яроқлилик муддати ўтганлиги хусусида сўз юритиб, аксарият ҳолларда бундай ҳолатларга сотувчи ҳамда истеъмолчи ҳам бепарво бўлаётганлигини айтиб ўтди. Бунинг баробарида умумий овқатланиш масканларида ошпазлик маълумотига эга бўлган мутахассислар фаолият юритиши мақсадга мувофиқ эканлигини ҳам алоҳида таъкидлади.

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Умида Газиева Фарғона вилоятида ўтказилган мазкур тадбирларда иштирок этиб, аввало, мутасадди ташкилотлар томонидан тажриба сифатида танлаб олинган иккала ҳудудда амалга оширилаётган ишларга тўхталар экан, айни пайтда аҳоли орасида "Соғлом ҳаёт" лойиҳаси доирасида тарғибот ва соғлом муҳит яратиш бўйича ишлар кучайтирилганлигини таъкидлади.

– Биз кўпроқ бу эътиборни катта ёшдагиларга қаратяпмиз. Шу ўринда савол туғиладики, юқумсиз касалликлар инсон организмида қачондан ривожлана бошлайди? Тиббиёт нуқтаи назаридан айтадиган бўлсак, хасталиклар ва асоратлар ёши катталарда яққол кўринади, лекин хавфли омиллар сари етакловчи хулқ-атвор болаликдан аста-секинлик билан шаклланиб боради. Ёш улғайгандан кейин шаклланган хулқ-атворни ўзгартириш жуда қийин. Шунинг учун бугунги кунда болалар рационида озиқ-овқатлар таркибида тўйинган ва трансёғлар бўлган, қайта ишланган маҳсулотлар, шу билан бирга, ширинлик, турли ширин ичимлик, колбаса, сосиска ҳамда чипслар истеъмолини камайтириш керак. Лекин фарзандларимиз ширинлик ва турли ичимликларни жуда яхши кўришади. Шундай экан, юқумсиз касалликларнинг олдини олиш, яъни лойиҳани татбиқ этишни мактабгача таълим муассасаларида олиб боришимиз муҳим. Сабаби, ушбу масканларда болаларга қандай озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, эрталабки нонуштада нон билан сариёғнинг қайси турини бераётганлигини ким кафолатлай олади? Ёки тушликдаги таомномада кўрсатилган овқатлар сифати талабга жавоб бера оладими? Бунинг учун жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз зарурати сезилмоқда. Биргина таълим муассасасида эмас, балки оиладаги муҳитни ҳам инобатга олишимиз зарур. Катта ёшдагилар масаласига келадиган бўлсак, алкоголь ичимликлари, тамаки, чилим каби зарарли одатларнинг ҳамон давом этаётганлигининг гувоҳи бўламиз. Биз бу билан озиқ-овқат турларини чеклаб қўйиш эмас, балки меъёрида истеъмол қилиш инсон саломатлигини мустаҳкамлаш ва умр давомийлигини узайтиришдаги энг муҳим омиллардан бири эканлигини чуқур англаб етишимиз зарур. Ўйлайманки, давом этаётган ушбу лойиҳа аста-секинлик билан ўз натижасини беради. Фақат назарий фикрлар эмас, балки амалий фаолиятларга кўпроқ эътибор қаратиш зарур, – дейди Умида Газиева.

Вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази мутахассиси Бобомурод Турғунов лойиҳада белгилаб олинган вазифалар хусусида тўхталиб, ўз эътиборини озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлик масаласига қаратди.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш учун марказ ходимлари доимий текширув олиб боролмайдилар, чунки ваколат доирасида иш кўрадилар. Шу ўринда жамоатчилик назорати маҳсулотнинг хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Бундан ташқари, истеъмолчилар маҳсулотни харид қилишдан олдин унинг ёрлиғи ва сақланиш муддати ҳамда таркибига эътибор қаратишлари зарур.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, тадбирда кўтарилган муаммоларни бартараф этиш учун ҳамжиҳатликда фаолият юритиш асосий омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Шундай экан, бу эзгу мақсадлар аҳоли орасида соғлом овқатланиш учун шарт-шароитлар яратишда муҳим аҳамият касб этади.

№ 29, 21.07.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.