Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
"Саломатлик" лойихаси

ДАВР ТАЛАБИ: ТЕЗ ВА СИФАТЛИ ТИББИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизимида ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, кўпгина тиббиёт муассасалари реконструкция қилинди, янгилари қурилиб, фойдаланишга топширилди, улар энг сўнгги русумдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Босқичма-босқич амалга оширилиб келинаётган ана шундай ислоҳотлар аҳолига тўлақонли, тез ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатишга хизмат қилмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Маълумки, бир неча йиллардан буён Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда "Саломатлик-3" лойиҳасининг бундай эзгу ишлари инсон манфаатлари йўлида хизмат қилмоқда. Давлатимизнинг бирламчи бўғиндаги даволаш-профилактика муассасаларида аҳолига мақсадли ва юқори технологияларга асосланган тиббий хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари тасарруфидаги бўлимлар ҳамда кўп тармоқли марказий поликлиникаларни замонавий ва юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, соҳа мутахассисларининг назарий ва амалий кўникмаларини бойитиш мақсадида уларни қайта тайёрлаш, қисқа муддатли ўқув курсларида узлуксиз касбий таълимга ўқитиш каби масалаларга доир қабул қилган меъёрий-қонуний ҳужжатлари асосида устувор вазифалар белгиланиб, қатор ишлар олиб бориляпти. Тошкент шаҳар Бектемир тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли шифо масканларида амалга оширилаётган мазкур жараён билан яқиндан танишиш мақсадида туман кўп тармоқли марказий поликлиникасига йўл олдик.

Мазкур шифо масканида малакали мутахассислар томонидан кўп сонли аҳолига тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Муассасага "Саломатлик-3" лойиҳасидан тақдим этилган стоматологик жамланмалар, УТТ, центрафуга, дистиллятор, автоклав, рақамли рентген аппаратлари, гастрофизроскоп, авторефрактометр, лаборатория учун зарур жиҳозларнинг берилганлиги ҳудуд аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда, шунингдек, шифокорнинг иш самарадорлигини оширишда қўл келмоқда.

– Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасига берилаётган эътибор ҳар бир соҳа мутахассисини янада масъулият билан ишлашга ундайди, – дейди Бектемир тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Азиз Азизов. – Муассасамизнинг 17 нафар умумий амалиёт шифокори ҳамда 38 нафар ҳамшираси 32 минг 104 нафар аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2007 йил 2 октябрдаги "Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорига мувофиқ "Саломатлик" лойиҳалари доирасида тиббиёт муассасаларида қурилиш, реконструкция ҳамда энг сўнгги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Шу ўринда айтиш жоизки, поликлиникамиз "Саломатлик-3" лойиҳаси томонидан ўтган йиллар мобайнида 75 турдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Лаборатория бўлими учун центрафуга, автоклав, дистиллятор ҳамда УТТ, ЭКГ, замонавий рақамли рентген аппаратлари, стоматологик жамланмалар берилгани аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда қулайликлар яратмоқда. Бу албатта, давлатимиз томонидан, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда "Саломатлик" лойиҳаларининг ҳамкорликдаги фаолиятларининг кенг имкониятларидандир.

Тиббиёт муассасаларига ана шундай энг сўнгги русумдаги тиббиёт жиҳозлари берилаётгани соҳа ходимларига қулайлик яратиш баробарида аҳолига ҳам енгиллик туғдирмоқда.

– Шифокор ва ҳамшираларнинг кўрсатаётган тиббий хизматлари, айниқса, патронаж тизими бўйича хонадонимизга бориб, саломатлигимизни кўздан кечириб, мунтазам хабар олиб туриши биз кексаларнинг кўнглимизни кўтармоқда. Вақтида тиббий кўрикдан ўтказишади, баъзан поликлиникага чиқолмасак, шифокорларнинг ўзлари керакли тиббий техникалари, ҳатто ЭКГ, УТТни ҳам олиб келиб, текширувдан ўтказишади. Кўрсатилаётган ана шундай сифатли хизматлардан беҳад мамнунмиз, – дейди "Бектемир" маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Олимжон Холматов.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, "Саломатлик-3" лойиҳаси томонидан берилаётган мазкур тиббий жиҳозлардан оқилона фойдаланишда шифокорлар билим ва кўникмасини ошириб бориши талаб этилади. Бектемир кўп тармоқли марказий поликлиникасида ҳам шифокор ва ҳамширалар учун семинар машғулотлари ўтказилмоқда. Хусусан, муассаса билан яқиндан танишиш чоғида офтальмолог Муҳаббат Собирова кўз касалликларида тўғри ташхис қўйиш, даволаш ҳамда олдини олишда янги, замонавий офтальмологик асбоб-ускуналар, авторефракторларни ишлатиш борасида умумий амалиёт шифокорларига маҳорат дарсини ўтказаётганининг гувоҳи бўлдик.

– Тиббиёт шундай соҳаки унда фаолият юритаётган мутахассислар ўз малакасини доимий ошириб бориш билан бир қаторда узлуксиз касбий таълим жараёнини ҳам ўзлаштириши керак. "Саломатлик-3" лойиҳаси асосида берилган жиҳозлардан самарали фойдаланиш учун ўқув курслари ташкил этилиб, соҳаси бўйича мутахассислар малака ошириб келишмоқда. Бу эса давлатимиз томонидан тиббиёт ривожига қаратилаётган эътибор самарасидир. Муассасамизда умумий амалиёт шифокорлари учун ҳар йили узлуксиз касбий таълим бўйича, ўқув дастури ишлаб чиқилиб, тасдиқланган режа асосида шифокор ва ҳамширалар учун семинар ташкил қилинди. Шифокорлар 9 та, ҳамширалар эса 6 та йўналиш бўйича ўқитилди. Шунингдек, мазкур ўқув машғулотларини ўтказиш учун "Саломатлик-3" лойиҳаси томонидан маҳаллий тренерлар тайёрланди. Уларга ўқув ва тарқатма материаллари, DVD дискига туширилган тақдимотлар берилди. 2017 йил давомида шифокорларга уч йўналиш (аренатал парвариш, УАШ амалиётида хирургия ҳамда офтальмологиянинг долзарб масалалари) бўйича ўқитилиши режалаштирилган. Семинар ўтказилгандан сўнг иштирокчиларга сертификатлар берилади. 2016 йилда 4 нафар умумий амалиёт шифокори узлуксиз касбий таълим бўйича таҳсил олиб, сертификатларга эга бўлишди. Айни пайтда ҳар бир УАШ хонасида офтальмоскоп, отоскоп жамланмаси мавжуд бўлиб, улар ушбу тиббий асбоб-ускуналарда мукаммал ишлай оладилар. Туманда фаолият юритаётган ҳамшираларнинг 131 нафаридан 38 нафари умумий амалиёт ҳамшираларидир. Ўрта тиббиёт ходимлари орасида ҳам "Саломатлик-3" лойиҳаси бўйича режа асосида 6 та йўналишда семинар машғулотларида шахслараро мулоқотни шакллантириш, деонтология қоидаларига риоя қилиш борасида ҳам тушунтириш берилади. Шу билан бирга, тиббий асбоб-ускуналарни самарали ишлатиш ва унинг мониторингини олиб бориш бўйича 25 дона клиник инженер паспорти олинган бўлиб, ҳар ҳафта назоратини олиб борамиз. Агар носозлик кузатилса, "Саломатлик-3" лойиҳасининг шаҳар бюросига хабар берилади. Ҳозирги кунга қадар олинган 75 турдаги тиббий асбоб-ускуналарнинг барчаси ишчи ҳолатида, – дейди "Саломатлик-3" лойиҳаси туман координатори Умида Давронова.

Тиббиёт муассасаси фаолияти билан яқиндан танишар эканмиз, стоматологик жамланмадан унумли фойдаланаётган шифокор-стоматолог Инъомжон Тўрахонов бемор Альфия Юлдашеванинг тишларини кўздан кечириб, пульпит, нерв яллиғланиши каби ташхис қўйиб, тиш пломбасини алмаштириши зарурлиги, бу эса поликлиника томонидан бепул амалга оширилишини айтаётганининг гувоҳи бўлдик. Ва шифокор иш жараёнида мазкур янги стоматологик жамланма ўзининг кўпгина қўшимча имкониятларига эга эканини таъкидлаб, эски аппаратларда ишлашда тез-тез юзага келувчи носозлик ҳолатлари ва асосий ишлаш қисмида қизиб кетиш каби айрим муаммолар учраб, тишнинг юмшоқ тўқималарига зарар етиши ҳақида ҳам гапириб ўтди. Шунингдек, бугунги жамланмалар эса ишлаш учун ҳар томонлама қулай, ортиқча вақт талаб этмаслигини таъкидлади.

– Тўғриси, бу каби шароит ва имкониятлар ҳар бир соҳа ходимининг ўз ишига бўлган меҳрини ошириб, шижоат билан ишлашга ундайди, – дейди офтальмолог Муҳаббат Собирова. – Тиббиётнинг барча йўналишларида замонавий асбоб-ускуналарнинг берилаётгани фаолиятимизда бир неча қулайликларни туғдирмоқда. Муҳими, аҳоли малакали мутахассислар ва келтирилган ускуналардан фойдаланиб, жойида керакли даво муолажаларини олмоқда. Мана, кўриб турганингиздек, "Саломатлик-3" лойиҳаси томонидан берилган авторефрактометр ускунасида 85 ёшли Робия ая Йўлдошеванинг кўзларини текширувдан ўтказдик ва керакли ташхисни қўйиб, даво чораларини кўришни айтдим.

Ҳа, бундай эзгу ишларнинг бардавомлиги аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш баробарида халқ манфаатларига хизмат қилиб, жамият ривожига ҳисса қўшишига ишончимиз комил.

№ 17, 28.04.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.