Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
"Саломатлик" лойихаси

МАҚСАД: ҲАМЖИҲАТЛИКДА МУАММОНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

2016 йилнинг 10 декабрь куни Қарши шаҳрида "Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва юқумсиз касалликларнинг олдини олиш масалалари"га бағишланган Қашқадарё вилояти мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокимлигининг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича котибияти, мутасадди ва нодавлат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, "Саломатлик-3" лойиҳасини амалга ошириш марказий бюроси мутахассислари қатнашдилар.

Кун тартибидан юқумсиз касалликларнинг хавфли омиллари профилактикаси ва аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг замонавий ёндашувлар бўйича Тошкент шаҳрида ўтказилган ўқув курсида қатнашган иштирокчилар томонидан ишлаб чиқилган қўшма иш режаси, Қашқадарё вилоятида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва юқумсиз касалликларнинг олдини олиш бўйича 2016 йил 2- ва 3-чоракларида бажарилган ишлар ҳисоботи, "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижросини таъминлаш мақсадида 2016 йилда қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, "Алкоголь ва тамаки ва маҳсулотларини сотиш қоидаларига риоя қилиниши, сотувни рағбатлантирилишининг олдини олиш ҳамда тамакисиз ҳудуд яратиш бўйича мониторинг ўтказиш тартиби" лойиҳаси масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидлаб ўтиш муҳимки, Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланишини таъминлаш Концепциясини ва чора-тадбирлар комплексини тасдиқлаш тўғрисида"ги 2015 йил 29 августдаги 251-сонли қарорига асосан, Қашқадарё вилоятида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва юқумсиз касалликларнинг олдини олиш бўйича тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Йиғилишда вилоят хотин-қизлар қўмитаси котибият мудири М. Очилова жорий йилнинг 31 октябрь – 3 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида "Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўмагида "Юқумсиз касалликларнинг хавфли омиллари профилактикаси ва аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг замонавий ёндашувлари" мавзусига бағишланган ўқув курсида Қашқадарё вилоятининг 12 нафар масъул ходими томонидан ишлаб чиқилган қўшма иш режасини тақдим этди. Шунингдек, 2017 йилда Қарши шаҳри ва Қарши туманида соғлом муҳит яратишга қаратилган тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилганлигини алоҳида таъкидлади. Сўнгра Республика саломатлик ва тиббий статистика институтининг вилоят филиали директори Ш. Набиева аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва юқумсиз касалликларнинг олдини олиш бўйича 2016 йил 2- ва 3-чоракларида бажарилган ишлар ҳақида ҳисобот берди. Жумладан, Қарши шаҳрининг 6-сон оилавий поликлиникаси ҳамда Қарши туманининг "Қарши", "Каманди" ва "Ўзбекистон мустақиллиги" ҚВПлари артериал гипертония ва қандли дибает бўйича клиник протокол асосида 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли ўртасида юрак қон-томир касалликлари хавфини баҳолаш, артериал гипертония ва қандли диабетнинг II турига чалинган беморларни даволаш ҳамда хавфли омилларни камайтириш юзасидан маслаҳат бериш ишларининг самарали кечаётганлигини қайд этиб ўтди. Иштирокчилар томонидан танлаб олинган тиббиёт муассасаларида мазкур касалликлар бўйича клиник протокол жорий этилиши қандай натижалар бераётганлиги, шунингдек, бу тўғрисида зарурий маълумотлар билан таништириб бориш лозимлиги ҳақида таклифлар билдирилди. Бундан ташқари, вилоятда тамакисиз муҳит яратишга қаратилган тадбирлар, яъни иш ва жамоат жойлари, жумладан, умумий овқатланиш корхоналари ҳамда жамоат транспортларида вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган тамаки маҳсулоти истеъмол қилинишига йўл қўйилмайдиган огоҳлантирувчи белгилар жойлаштирилиши тўғрисида ҳам айтиб ўтилди. Буларнинг жойлаштирилиши билан биргаликда унга амал қилиниши устидан назорат ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди.

"Саломатлик-3" лойиҳасини амалга ошириш марказий бюроси координатори Ш. Шукуров "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида ўз фикрларини билдирди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларининг 60-бандига қуйидаги қўшимчалар киритилганлигига алоҳида эътибор қаратди.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини:

- болалар ўйинчоқлари, конфетлар ёки болалар ассортиментининг бошқа товарлари кўринишида;

- сотиш жойларида алкоголли ичимликлар йигирма ёшга тўлмаган шахсларга сотилмаслиги, шунингдек, алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотларининг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисида огоҳлантирувчи ёзувлар бўлмаганда;

- алкоголли маҳсулот идишида ёки тамаки маҳсулоти қутисида (ўрамида) алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги матн ва (ёки) расм шаклидаги тиббий огоҳлантириш мавжуд бўлмаганда сотиш тақиқланади".

Йигирма ёшга тўлмаган шахсларга алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотилишининг олдини олиш мақсадида чакана савдо қоидаларига қуйидаги мазмундаги 60-1-банд қўшилди:

- "60-1. Алкоголли маҳсулотларни ва тамаки маҳсулотларини сотаётган сотувчи кўриниши йигирма ёшдан кичик кўринган харидордан унинг ёшини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса алкоголли маҳсулотларни ва тамаки маҳсулотларини сотишни рад этиши шарт".

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 10 июндаги 199-сон ҳамда 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарорлари билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларига ҳам қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, 19-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинди:

- "Умумий овқатланиш корхоналарида хизмат кўрсатиш жараёнида тайёр маҳсулотлар ва харид қилинган товарлар истеъмолчининг хоҳишига кўра тегишли идишда ва ўрамда олиб чиқиб кетилиши мумкин, алкоголли ичимликлар бундан мустасно. Алкоголли ичимликларни олиб чиқиб кетиш учун сотишга йўл қўйилмайди".

20-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилди:

- "Алкоголли маҳсулотларни сотиш жойларида уларнинг йигирма ёшга тўлмаган шахсларга сотилмаслиги, шунингдек, алкоголли маҳсулотларнинг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзув бўлиши лозим".

Йигирма ёшга тўлмаган шахсларга алкоголь маҳсулотлари сотилишининг олдини олиш мақсадида чакана савдо қоидаларига қуйидаги мазмундаги 20-1-банд қўшилди:

20-1. Алкоголли маҳсулотларни:

- савдо автоматлари орқали;

- болалар ўйинчоқлари, конфетлар ёки болалар ассортиментининг бошқа товарлари кўринишида;

- сотиш жойларида алкоголли ичимликлар йигирма ёшга тўлмаган шахсларга сотилмаслиги, шунингдек, алкоголли маҳсулотларнинг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзувлар бўлмаганда;

- алкоголли маҳсулот идишида алкоголли маҳсулотларни истеъмол қилиш инсон соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши тўғрисидаги матн ва (ёки) расм шаклидаги тиббий огоҳлантириш мавжуд бўлмаганда;

- йигирма ёшга тўлмаган шахсларга сотиш тақиқланади.

Алкоголли маҳсулотларни сотаётган сотувчи кўриниши йигирма ёшдан кичик кўринган харидордан унинг ёшини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса алкоголли маҳсулотларни сотишни рад этиши шарт.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 16 сентябрдаги 2597-сон Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг "Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2007 йил 16 мартдаги 605-сон қарорига ҳам шундай ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

"Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 56-1-, 122- ва 187-моддаларининг ижро механизми сифатида Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 30 ноябрда 2840-сон билан рўйхатдан ўтказилган Соғлиқни сақлаш вазирининг 2016 йил 7 ноябрдаги 70-сон буйруғига асосан "Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилинишига йўл қўйилмайдиган огоҳлантирувчи ҳамда тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жой ва (ёки) хона ҳақида ахборот берувчи белгиларни тайёрлаш ҳамда уларни жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низом" тасдиқланди.

Мазкур низом алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилинишига йўл қўйилмайдиган огоҳлантирувчи ҳамда тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жой ёки хона ҳақида ахборот берувчи белгиларни тайёрлаш ҳамда уларни жойлаштириш тартибини белгилайди.

Шундай қилиб, жорий йилнинг май ойида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан синов тариқасида қабул қилинган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини жамоат жойлари ҳамда транспортларида истеъмол қилишни чеклашга қаратилган белгилар келгуси йилнинг март ойидан бошлаб бутун республика бўйича оммалаштирилади. Лекин юқорида келтирилган қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига қарамай, белгиланган қоидаларнинг бузилиш ҳолатларини республиканинг барча жойларида кузатиш мумкин. Хусусан, ташкилотлар, умумий овқатланиш корхоналари ёпиқ бинолари, жамоат транспортларида тамаки истеъмол қилиниши кузатилмоқда. Баъзи умумий овқатланиш корхоналари тушумни кўпайтириш мақсадида "кальян" (чилим) тасвирини бинонинг ташқи қисмига жойлаштирганлар. Кўпчилик савдо объектларида сигареталар махсус доскалар кўринадиган жойга осиб қўйилган. Сигаретани доналаб сотиш, тамаки маҳсулотларини йигирма ёшга тўлмаган харидорларга ёшини тасдиқловчи ҳужжатни сўрамасдан сотиш ҳолатлари учрамоқда. Таълим ва спорт-соғломлаштириш муассасалари атрофида жисмоний шахслар томонидан тамаки маҳсулотлари, жумладан, носвой бемалол сотилмоқда.

Йиғилишда Қашқадарё вилоятида бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва соғлом муҳит яратиш мақсадида вилоят ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган "Алкоголь ва тамаки ва маҳсулотларини сотиш қоидаларига риоя қилиниши, сотувни рағбатлантирилишининг олдини олиш ҳамда тамакисиз ҳудуд яратиш бўйича мониторинг ўтказиш тартиби" лойиҳаси муҳокама қилинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2006 йил 6 майда 1573-сон билан рўйхатга олинган Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши томонидан 2006 йил 11 мартдаги 06-01-01-сон қарори билан тасдиқланган "Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган, тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида низом" билан мувофиқлаштириш лозимлиги ҳақида таклифлар берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидан келиб чиққан ҳолда вилоятда жамоатчилик фаоллигини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда соғлом муҳит яратиш бўйича мониторингни жамоатчилик назорати остида амалга ошириш, унинг мақсад ва вазифалари, мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилишини таъминлаш асосий ўрин тутади. Жамоатчилик назоратини олиб боришда хотин-қизлар, маҳалла, ёшлар, нодавлат ташкилотлари ва кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки, албатта, кутилаётган натижаларни бериши шубҳасиз.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиққан ҳолда, "Алкоголь ва тамаки ва маҳсулотларини сотиш қоидаларига риоя қилиниши, сотувни рағбатлантирилишининг олдини олиш ҳамда тамакисиз ҳудуд яратиш бўйича жамоатчилик назорати тартиби"ни ишлаб чиқиш зарурлиги ҳақида таклифлар ҳам билдирилди. Бу ҳужжат жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантиришда зарур воситалардан бири бўлиб хизмат қилади.

Кун тартибида кўриб чиқилган асосий масалалар бўйича иштирокчилар таклиф ва мулоҳазаларни ўртага ташлаб, тегишли қарор қабул қилдилар.

Хулоса ўрнида

Таҳририятимиз қарийб 17 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлигида "Саломатлик – 1, 2, 3" лойиҳалари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Шу кунга қадар мазкур лойиҳа доирасида эришилаётган ютуқлар қаторида ўз ечимини кутаётган муаммолар тўғрисида мақолалар тайёрланиб, газетамиз саҳифаларида мунтазам ёритиб келинмоқда. Журналист нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, жаҳон кредити маблағлари томонидан харид қилинаётган ноёб аппаратуралар ҳамда тиббий асбоб-ускуналар, жиҳозлар бирламчи тизимдаги барча тиббиёт муассасаларига етказилмоқда. Мутахассислар эса лойиҳанинг компонентлари бўйича ўз билим ва малакаларини мунтазам ошириб бормоқдалар. Маълумки, аппаратураларда мукаммал ишлай олиши учун ҳудудий ўқув марказлари ташкил қилинди. Тиббиётнинг барча йўналишлари бўйича узлуксиз касбий таълим ўқув-семинарлари олиб борилмоқда. Хизмат сафарлари давомида юқорида тилга олинган фаолиятлар билан танишиш чоғида жойларда бўлганимизда тажрибали тренерлар, тингловчилар, янги технологияларда ишлаётган соҳа мутахассислари ҳамда аҳоли билан суҳбатлашганимизда лойиҳа доирасида самарали ўзгаришлар бўлаётганлигига амин бўлдик. Албатта, бу каби муваффақиятлар бор жойда айрим муаммо ва камчиликлар мавжудлигига ҳам кўзимиз тушди. Бугунги тезкор давр хато ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этишни ва уларга эътиборли бўлишимизни, қолаверса давлатимиз мулкини кўз қорачиғидек асрашимиз муҳимлигини талаб этмоқда. Бундан ташқари, ҳар биримиз учун бебаҳо бўлган инсонлар саломатлигини муҳофаза қилишдек эзгу мақсадли ишларда ҳамжиҳатлик билан фаолият юритишимиз мақсадга мувофиқдир.

№ 49, 16.12.2016 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.