Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
"Саломатлик" лойихаси

ЗАРАРСИЗЛАНТИРИШ: ИНСОН САЛОМАТЛИГИ КАФОЛАТИ

Бугун мамлакатимиз тиббиёт тизмида рўй бераётган ўзгариш, эришилган ютуқ ва муваффақиятларга йиллар мобайнида амалга оширилган тиббий ислоҳотлар, босқичма-босқич олиб борилаётган чора-тадбирлар туфайли эришилди. Бунинг натижасида халқимиз саломатлиги мустаҳкамланиб, аҳолининг тиббий маданияти ортиб, оилаларда соғлом турмуш тарзи шаклланиб бораётганига барчамиз гувоҳмиз. Шу ўринда айтиш жоизки, мазкур жараёнда биргина тиббиёт муассасаларигина эмас, эл-юрт саломатлиги йўлида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларининг ҳам ўрни беқиёс бўлиб, уларнинг билим ва тажрибаси, касбий салоҳияти эътиборга молик масалалардан бири ҳисобланади.

Шу жиҳатдан ушбу вазифаларга мамлакатимизда давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, мутахассис кадрларни узлуксиз касбий таълимга жалб этиш ҳамда улар ижросининг таъминланиш масаласи қонун ва қарорлар билан мустаҳкамлаб қўйилгани фикримиз тасдиғидир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2011 йил 7 сентябрдаги Жаҳон банкининг халқаро тараққиёт уюшмаси билан молиявий ҳамкорликда "Соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш (Саломатлик-3) лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида", 2014 йил 29 майдаги ушбу қарор ижросини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Қарорлари ва Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 18 декабрдаги "Тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори ҳамда шуларга биноан Соғлиқни сақлаш вазирининг 2015 йил 24 августдаги "Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказлари қошида ҳудудий ўқув марказларини ташкил этиш тўғрисида"ги буйруғи ва унга 2016 йил 27 январда киритилган ўзгартишлар шулар жумласидандир. Қувонарлиси, мазкур қарорларнинг амалдаги ижросини бугун республикамиз ҳудудидаги барча вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказлари қошида иш бошлаган соҳа ходимларининг малакасини оширишга мўлжалланган ҳудудий ўқув марказлари фаолияти мисолида кўриб турибмиз. Жумладан, Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази қошида ташкил этилган ҳудудий ўқув марказида ҳам фаолиятлар яхши йўлга қўйилган бўлиб, навбатдаги семинар мавзуси – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда "Саломатлик-3" лойиҳаси ҳамкорлигида белгиланган "Тиббий чиқиндиларни утилизация қилиш" чора-тадбирларига бағишланган. Ўқув-семинарига Зангиота, Паркент, Юқори Чирчиқ, Қибрай, шунингдек, Янгийўл туманларидаги тиббиёт муассасаларидан 5 нафардан мутахассис ходим қамраб олинган. Булар даволаш ишлари бўйича бош шифокор ўринбосарлари, зарарсизлантириш бўлимида фаолият юритадиган ҳамширалар, шаҳар ва туманлардаги давлат санитария-эпидемиология марказлари эпидемиологлари ва қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи координаторлардан иборат бўлиб, улар зиммасига чиқиндилар зарарсизлантирилишини таъминлаш ва унинг ижросини назорат қилиш фаолияти бўйича ҳудудларда тарғибот ишларини йўлга қўйиш вазифаси юклатилади. Шу ўринда айтиш керакки, ўқув марказлари фаолияти бевосита муассаса раҳбариятига боғлиқ бўлиб, бу масалага ҳам ижобий ёндашиб келинмоқда.

– Белгиланган дастурлар асосида ташкил этилган ўқув марказлари фаолияти тиббиёт -ходимлари касбий салоҳиятини юксалтиришда муҳим ўрин -тутмоқда, – дейди Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори, профессор Бахтиёр Қосимов. – Шундай экан, марказ фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ўқув хоналари ажратиб, таълим жараёнида талаб этиладиган зарурий жиҳозлар билан таъминлаб бердик. Сабаби, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётган тиббиёт ходимининг орттирган билими, бу орқали эришган ҳар қандай ютуқлари бизни ҳам қувонтиради.

– Бугунги семинар мавзуси ҳам шу даражада долзарбки, бу ҳукуматимиз ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўз вақтида олиб чиқилган масала, яъни тиббий чиқиндиларни зарарсиз йўқ қилиш чора-тадбирларига қаратилгандир, – дейди Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази қошидаги ҳудудий ўқув маркази директори Низом Абдуллаев. – Тиббий чиқиндилар ва уларнинг хавфли, зарарли оқибатлари дейилганда, хирургик йўналишдаги касалликлар билан хасталанган беморларга ишлатиладиган бир марталик шприц, система, ҳар хил турдаги зонт ва дренажларни зарарсиз йўқ қилиш тушунилади. Ваҳоланки, ушбу муаммони ижобий ҳал этиш йўлларини излаб топиш масаласи бир неча йилдан бери илгари сурилган ва айрим ҳудудлардаги муассасаларда чиқиндиларни сақлаш ҳудудлари ҳамда ёқиш йўли билан ҳал қилишга мўлжалланган мосламалар билан таъминланган бўлсада, мазкур тадбирлар ўзининг меъёрий тартибга солинган ечимини топмаган эди. Тўғри, айрим тиббий муассасалар қатори марказимизда ҳам хориждан келтирилган энсиринатор, яъни тиббий чиқиндиларни ёқишга мўлжалланган аппаратура билан таъминланган бўлса ҳам, улар билан ишлайдиган мутахассислар етишмовчилиги мавжуд. Шу боис ҳам ўқув-семинарининг мазмун-моҳияти бу каби муаммоларни бартараф этишда муҳим роль ўйнайди. Ўқув марказимиз фаолияти хусусида тўхталадиган бўлсак, ҳозирга қадар марказимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси ҳамда бевосита кўмаги билан шифокорлар ўртасида 12 та, ҳамширалар фаолиятига қаратилган 2 та, яъни "Бемор болаларни парвариш қилиш асослари" ҳамда "Оилавий поликлиника ва туман кўп тармоқли марказий поликлиника ҳамшираларининг касбий малакасини узлуксиз ошириш бўйича маҳаллий тренерларни тайёрлаш" мавзуларида ўқув-семинарлари ўтказилиб, бунинг натижасида эндокринология, кардиология ҳамда гастроэнтерология бўйича клиник қўлланмаларни татбиқ этиш мавзусида туман ва тиббиёт бирлашмаларининг 90 нафардан ортиқ терапевтлари малакаси оширилиб, сертификатлар топширилди. Айтиш жоизки, ушбу семинарлардан кўзланган мақсад, аввало, касалликларни аниқлаш, тўғри ташхис қўйиш ва уларни даволаш ишлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг халқаро стандартлари асосида олиб борилишини таъминлаш, шу билан бирга, мамлакатимиз тиббиёт тизимининг ривожланиш асосларини белгилаб бераётган, яъни аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган муассасаларга босқичма-босқич етказилаётган илғор технологияли замонавий аппаратуралар билан ишлайдиган кадрлар салоҳиятини ошириш масаласини ҳал этиш мақсад қилинган. Эътиборлиси, мазкур семинарлар, биринчидан, қисқа муддатлилиги, иккинчидан, замон талабларига асосланган ҳолда ташкил этилаётганлиги билан аҳамиятлидир.

Ўқув-семинари давомида мавжуд масала юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан чиқарилган кўрсатма хатида тиббий чиқиндиларни санитария-эпидемиологик жиҳатдан аҳоли ва инсон организмига бўлган зарарли таъсири, шунингдек, экологияга ва ўз вақтида йўқ қилинмаганда шифохона ҳудудида ички инфекцияларнинг тарқалишига сабаб бўлиши, қолаверса, чиқиндиларни зарарсизлантириш билан шуғулланувчи ходимлар жароҳат олганда уларнинг профилактикаси борасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

– Аҳамият берган бўлсангиз, мазкур ўқув-семинарига жойлардаги муассасалардан айнан танланган ходимлар эмас, мавзу доирасида талаб этиладиган ходимлар жалб қилинган, – дейди Тошкент врачлар малакасини ошириш институти эпидемиология кафедраси ўқитувчиси Нигора Зоирова. – Яъни, раҳбар ходимлар, катта ҳамширалар ҳамда бевосита тиббий чиқиндилар билан ишлайдиган ходимлар иштирок этмоқда. Бундан кўзланган ягона мақсад, чиқиндиларни ажратишда у маъмурият бўлимидан, муолажа хоналаридан ва ошхона чиқиндилари бўлиши мумкин. Шу боис, уларни алоҳида-алоҳида саралаш талаб этилади. Савол туғилиши мумкин, хўш улар қай тарзда ажратилади ва қайта аралашиб кетмаслиги қандай таъминланади? Айтиш муҳимки, ўқув дастурининг иш режасида бу борада ҳам бандлар киритилган бўлиб, фарқланган тиббий чиқиндилар хавфлилик даражасига қараб ҳар хил рангдаги қоп ёки идишга жойланган тартибда кўрсатилган белгилар қўйилиб, сақлаш ҳудудларига қай тарзда олиб борилади, бу иш билан шуғулланувчи ходимлардан қандай функционал мажбуриятлар талаб этилади каби вазифаларни ҳужжатларда кўрсатилган меъёрлар асосида тўғри бажарилишигача бўлган масалаларга тўхталиб ўтилган. Бундан ташқари, чиқиндиларни йиғиш ҳудуди муассаса ҳажмига қараб белгиланиши зарур. Сақлаш жараёнида ҳам оралиқ масофалар инобатга олинган ҳолда хоналар ажратилиши лозим. Шу билан бирга, ҳамширалар бевосита беморлар билан ишлашини ҳисобга олиб, улар ўзларининг хавфсизликларини таъминлашлари ўта муҳим ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, белгиланган мавзу тадбир доирасида бу борадаги билим ва тушунчаларини мустаҳкамлаётган иштирокчиларни ҳам бефарқ қолдирмаётганини уларнинг фикридан ҳам англаш мумкин.

– Семинарнинг мазмунли жиҳати шундан иборатки, биз гуруҳларга бўлинган ҳолда ҳар бир тиббиёт муассасасида зарур бўлган тиббий чиқиндиларни йўқ қилиш ҳудудлари ва воситаларининг шифохона ҳудудидаги жойлашуви ва уларда ишлаш жараёнини ўзлаштирган билимларимиз асосидаги таклифларимизни ёзма равишда тақдим этиш каби мисоллар билан олиб бораётганлигимиздир, – дейди Паркент тумани тиббиёт бирлашмаси координатори Ҳайитбой Мирзаев. – Боиси, чиқиндилар турларига кўра, зарарли, яъни ёқиб юборилиши талаб этиладиган ёки хавфсиз – қайта ишлашга йўналтирилиши мумкин бўлган турларга ажратиш билан боғлиқ ҳолатлар мавжуд. Бу борада қулайликлар яратиш, имкони борича зарарланиш ва шу орқали хавфли касалликлар тарқалишининг олдини олиш долзарб масалалардан биридир.

Семинар моҳияти, унда ўрганиб чиқилаётган масалалар бўйича умумий қарашлар бир хил бўлсада, белгиланган вазифалар ижроси юзасидан иштирокчиларда туғилган турли саволлар, таклиф ва мулоҳазалар билан қизғин тарзда давом эттирилмоқда.

– Ўқув-семинарининг иш дастурида илгари сурилаётган масала ҳақиқатан ҳам муаммоли ҳолатларни келтириб чиқараётган вазиятларга боғлиқ бўлгани учун шу бўйича ўзимизни қизиқтирган кўпгина саволларимизга жавоб топаяпмиз, – дейди Қибрай тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Хушнуда Юсупова. – Масалан, авваллари чиқиндиларнинг атроф-муҳит ва экологияга салбий таъсири ҳақидаги тушунчаларимиз умумий хулосалардан иборат эди. Семинарда эса уларнинг қайси турдагиси айнан қандай оқибатларга олиб келиши, умуман, нима учун турга ажратилиши бўйича фикрларимиз янада бойиди. Яна бир аҳамиятли томони, тор -доирада бўлсада, ушбуга оид кадрлар масаласи ҳам ўрганиб чиқилмоқда. Бунда муассасаларнинг таркибий тузилишига қараб, иш ўрни билан таъминланиши мақсадга мувофиқлиги таклиф сифатида киритилмоқда. Сабаби, беморлар билан мулоқотда бўладиган ходимларда мазкур хизмат тури бўйича шуғулланиш хавфи юқори ҳисобланади.

№ 45, 25.11.2016 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.