Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
"Саломатлик" лойихаси

"СОҒЛОМ ҲАЁТГА ҚАДАМ БОС!" шиори остида соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик мавзусига бағишланган ахборот-таълим ойлиги бошланди

Аҳоли ўртасида юқумсиз касалликлар хавфли омилларининг олдини олиш ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида "Соғлом ҳаёт" лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда вилоят ҳокимликлари билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

"Соғлом ҳаёт" лойиҳаси доирасида Қашқадарё вилоятида 2017 йил 7 июлдан 7 августгача ва Фарғона вилоятида эса 14 июлдан 14 августгача соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик мавзусига бағишланган "Соғлом ҳаётга қадам бос!" шиори остида ахборот-таълим ойлиги ўтказилмоқда. Мазкур ахборот-таълим ойлиги соғлом овқатланиш ва жисмоний фаолликни тарғиб қилиш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган.

Аҳолининг хабардорлигини ошириш ва ўз саломатлигига эътиборини кучайтириш мақсадида Қарши, Фарғона вилоятлари ва Марғилон шаҳрининг йирик савдо мажмуаларида оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари томонидан "Саломатлик майдончаси" акциялари ўтказилмоқда. Бу жараёнда одамлар ўртасида сўровнома олиб борилиб, уларнинг қон босими, тана вазни, бел айланаси, бўйи ва тана вазни индекси ўлчанган ҳолда саломатлик кўрсаткичлари баҳоланади. Баҳолаш натижаларига асосланиб тиббиёт ходимлари акцияда қатнашган ҳар бир одамга мақсадли тавсиялар беришмоқда. Фарғона вилоятининг Ёзёвон тумани ва Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида "Саломатлик майдончаси" акциялари маҳаллаларда ҳам бўлиб ўтмоқда. Бундан ташқари, Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашлари фаоллари ёзги оромгоҳ ва маҳаллаларда "Саломатлик ўз қўлимизда!" шиори остида акциялар ўтказишмоқда. Ушбу акциялар давомида болалар ва ўсмирлар ўртасида интерактив машғулотлар орқали соғлом овқатланиш ҳамда жисмоний фаоллик тарғиб этилади.

"Саломатлик майдончаси" ҳамда "Саломатлик ўз қўлимизда!" акцияларини ташкил этиш услубияти бўйича тиббиёт ходимлари, Ёшлар иттифоқи аъзолари учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва "Саломатлик-3" лойиҳаси билан биргаликда ўқув машғулотлари ўтказилди.

"Соғлом ҳаётга қадам бос!" ахборот-таълим ойлигини самарали ўтказиш мақсадида маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик тамойиллари ҳамда соғлом муҳит, яъни соғлом овқатланиш ҳамда жисмоний фаоллик учун зарур шарт-шароитларни яратиш масалалари ҳақида маълумот ва янгиликлар бериб борилади.

Шунинг учун ушбу вилоятларда оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжуманлари ўтказилди. Унда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мутахассиси Елена Цой ҳамда Тошкент тиббиёт академияси "Болалар, ўсмирлар ва овқатланиш гигиенаси" кафедраси профессори Гули Шайхова, "Саломатлик-3" лойиҳасининг соғлом овқатланиш бўйича мутахассиси Аманқул Байкулов иштирок этиб, ташкил қилинган тидбирларда соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик юзасидан тавсиялар ҳамда соғлом танлов учун соғлом муҳит яратишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот беришди.

Соғлом овқатланиш қоидалари аҳолининг ундан хабардорлиги билан биргаликда истеъмол учун озиқ-овқат маҳсулотларини тўғри танлаш, соғлом озиқ-овқат маҳсулотларининг (яъни таркибида ёғ, туз ва қанд миқдори кам бўлган маҳсулотлар) мавжудлиги ва харид қилиш имконияти ҳамда қатор ижтимоий-маданий омилларга боғлиқ.

Шу боис, соғлом овқатланиш учун етарли шарт-шароитларни яратиш идоралараро ҳаракатга, хусусан, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, хусусий сектор ва кенг жамоатчилик назоратига боғлиқ. Шунингдек, бу жараёнда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, тайёр ва ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва уларни сотиш ҳолатлари ҳам муҳим роль ўйнайди.

Айнан шу масалаларни муҳокама этиш мақсадида Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари, вилоят стандартлаштириш ва метрология бошқармалари, давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари, умумий овқатланиш савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари уюшмаси, умумий овқатланиш корхоналари ва савдо объектлари, меҳмонхона вакиллари, Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институтининг вилоят бўлинмалари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Тошкент тиббиёт академияси ва "Саломатлик-3" лойиҳаси мутахассислари иштирокида давра суҳбати ўтказилди. "Соғлом ҳаётга қадам бос!" ахборот-таълим ойлиги давомида ушбу тадбирда кўриб чиқилган масалалар ва муаммоларни аҳолига етказиш, қолаверса аҳолида овқатланишга нисбатан тўғри муносабатни шакллантириш мақсадида маҳаллий телевидение орқали ток шоу ҳам бўлиб ўтди.

Феруза МАМАНАЗАРОВА, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси консультанти.

№ 29, 21.07.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.