Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
"Саломатлик" лойихаси

ЗАРАРЛИ ОДАТЛАРГА ҚАРШИ КУРАШ иштирокчиларни баҳс-мунозара ва мушоҳадага чорлади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш оқибатида дунё бўйича ҳар йили 6 миллион нафар одам ҳаётдан кўз юммоқда. Ачинарлиси, ушбу заҳарли модда инсон умрига зомин бўлмаганда ҳам жиддий касаллик ёки саломатлик учун хавфли бошқа оқибатларни келтириб чиқаради. Хусусан, саратон ва юрак қон-томир касалликлари ёки тиббиётга кам маълум бўлган бошқа тур хасталикларга чалиниш эҳтимолини кучайтиради. Бироқ мутахассисларнинг фикрича, тамаки ер юзида ўлим ва оғир касалликларга олиб келувчи омиллар ичида олдини олиш мумкин бўлган ягона сабабдир.

Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатимизда ҳам бу борада изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда "Саломатлик-3" лойиҳаси иштирокида тамаки маҳсулотларининг истеъмолига чек қўйиш, бу орқали юқумсиз касалликларнинг олдини олиш мақсадида тамаки ҳамда унинг зарарли оқибатлари бўйича аҳоли ўртасида кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Масалан, тамаки ва саратон, чекишнинг юрак қон-томир, нафас йўли, ҳатто айрим юқумли касалликларнинг келиб чиқиши ва ривожланишидаги таъсири ҳақида асосли маълумотлар берилмоқда. Шундай бўлсада, мазкур жараёнда кўзланган мақсадларга эришиш учун тизимли ишлар самарадорлигини ошириш талаб этилмоқда. 31 май – Бутунжаҳон тамаки чекишга қарши кураш куни муносабати билан ташкил этилган идоралараро давра суҳбатида мамлакатимизда тамакига қарши сиёсатнинг ютуқлари ва уни амалга ошириш муаммолари каби масалаларга эътибор қаратилди.

Давра суҳбатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари, нуфузли бошқарув идоралари масъуллари, фаолият учун танлаб олинган Фарғона ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари, жамоатчилик ташкилотлари ҳамда мазкур ҳудудлардаги оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирни Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти директори Зулхумор Муталова кириш сўзи билан очди ва мавзуга доир ўз фикрларини баён этди. Айниқса, шу масалада мамлакатимизда юритилаётган ислоҳотлар тўғри йўлда эканлигини таъкидлаб, олдинда турган вазифаларга янада жиддий ёндашиш зарурлигини айтиб ўтди. Йиғилишда ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошлиғи Лианн Куппенс ҳам иштирок этиб, айни масалага оид жаҳон тажрибаси хусусида сўз юритди. Шундан сўнг мавжуд ҳолат, эришилган натижа ва тўпланган тажрибалар, шунингдек, эътибор қаратилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама этилди. Таъкидландики, мамлакатимизда тамакининг аҳоли саломатлиги ва давлат иқтисодиётига салбий таъсирини ҳисобга олган ҳолда, 2011 йилда "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинган, бундан ташқари, 2012 йилда "Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида"ги Қонун ҳам имзоланган. Конвенцияга мувофиқ ҳамкорликда кўплаб ишлар бажарилмоқда. Хусусан, конвенциянинг 8-моддасида белгилаб берилганидек, одамларни тамаки тутуни таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳаракатлар асосида фаолиятлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тамаки тутунидан ҳоли жамоат жойларини ташкил этиш, чекмайдиган одамларни иккиламчи тамаки тутуни таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича тарғибот, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Лианн КУППЕНС,

ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошлиғи:

– Жаҳондаги вазият тамаки чекишга қарши кураш борасида самарадор идоралараро зудлик билан кескин чоралар кўриш заруратини туғдирмоқда. Негаки, тўпланган маълумотларга кўра тамаки истеъмол қилиш натижасида дунё бўйича ҳар йили 6 миллион нафарга яқин инсон ҳаётдан кўз юммоқда. Эътиборлиси, вақтида тегишли чоралар кўрилмаса, 2030 йилга бориб ушбу кўрсаткич 8 миллион нафардан ортиши билан боғлиқ тахминлар бор. Олдимизда қай даражадаги хавф турганлигини яхшироқ англашимиз учун айтишим керакки, тамаки чекиш жинс, ирқ, миллат, маданият ва маълумот танламайдиган иллатга айланиб улгурган. Бу иллат оилалар бюджети ва миллий иқтисодиётга зарар етказибгина қолмай, ўз ортидан барвақт касаллик ва ўлим ҳолатларини олиб келади. Гувоҳи бўлганимдек, мамлакатингизда эътирофли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳоли ўртасида тамаки чекишни камайтириш, тамаки маҳсулотларига мўлжалланган акциз солиқларнинг мунтазам ошириб борилиши, унинг реклама ва маркетингини тақиқлаш ҳамда жойларда тамакисиз ҳудуд ташкил қилиш бўйича катта ишлар амалга оширилганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бироқ, кўзланган мақсадларга эришиш учун ушбу жараён доимий ҳаракатда бўлмоғи лозим. Бугунги давра суҳбати эса кўпгина савол ва фикрларнинг жавобини топиб берди, дейишим мумкин. Амалга ошириб келинаётган ишлар ҳам бизнинг қарашларимизга тамомила мос келади ва бу, албатта, ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мақсадимиз, даҳшатли рақамлар кўрсаткичини шунчаки пасайтириш эмас, биринчи навбатда инсон саломатлигини тамаки тутунидан ишончли муҳофазалашдир.

Елена ЦОЙ,

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси юқумсиз касалликлар бўйича мутахассиси:

– Таъкидлаш муҳимки, бугунги кунда дунё миқёсида глобал муаммога айланиб бораётган юқумсиз касалликлар барча мутахассисларни ташвишга солмоқда. Мазкур касалликлар бўйича Ўзбекистонда ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда "Саломатлик-3" лойиҳаси ҳамкорлигида бу борадаги фаолиятлар йўлга қўйилиб, қарийб икки йилдирки, тажриба сифатида олинган Фарғона ва Қашқадарё вилоятларининг айрим бирламчи тизимидаги тиббиёт муассасалари ҳамда умумтаълим мактабларида ишлар самарали давом этмоқда. Шунингдек, юқумсиз касалликларнинг олдини олиш ишлари республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ қилинмоқда. Бугунги идоралараро давра суҳбати асосан, тамакига қарши курашга бағишланиши бежиз эмас. Маълумки, чекиш инсон саломатлигига таҳдид солувчи салбий оқибатларга олиб келади. Айниқса, бу зарарли одат саратон, юрак қон-томир, нафас йўли касалликларини янада ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди. Кўп йиллар давомида тамаки чекиш одам танасининг деярли барча аъзоларига зарар етказиши, шунингдек, у саратоннинг камида 15 турига сабабчи эканлиги маълум бўлган. Шундай экан, тамакининг ўзи саратон билан боғлиқ ўлимларнинг 30 фоизини ташкил этади. Унинг тутунида 40 дан зиёд кимёвий моддалар қайд қилинган бўлиб, улар саратонга олиб келади.

Чекиш юрак қон-томир касалликлари ривожланишининг кенг тарқалган омилларидан бири ҳисобланади. у юрак уришини тезлаштиради, қон босимини оширади ҳамда гипертония ва артерияларнинг тўсилиб қолиш хавфини кучайтиради. Бундай ҳолатлар юрак хуружлари ва инсультга олиб келади.

Тамакининг нафас йўли касалликларида таъсири жуда кучли. Унинг тутунидаги заҳарлар оғиз ва бурундан кириб бориши билан организмни зарарлайди, ўпкага етиб бориш йўлида учраган ҳужайра ва тўқималарга зиён етказади. Сигарета тутунидаги кимёвий моддалар ичига тортиш воситасида ўпкага сўрилиб, оқибатда бу нафас йўлларининг жиддий касалланишига олиб келади. Шу билан бирга ўпканинг эмфизема ва бронхит каби ўпка касалликлари хавфини оширади, ўпканинг сурункали обс-труктив касаллигининг юзага келишига сабабчи бўлади. Кашандаларда респиратор инфекция юқиш хавфи ортади. Бу борада кўплаб мисоллар келтиришимиз ва гапиришимиз мумкин. Лекин унинг олдини олиш ва унга қарши кураш бугуннинг долзарб вазифаларидан бирига айланган бўлиб, ҳукуматимиз томонидан алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш чора-тадбирлари бўйича қабул қилинган қонуннинг амалдаги ижроси тўлиқ амалга оширилмаяпти. Афсуски, қонунда сотилиши тақиқланган жойларда сигарет ва носвойларнинг 20 ёшга тўлмаган ўсмирларга сотилаётганлиги, якка тадбиркорлик билан шуғулланаётган фуқароларнинг қонунга зид равишда иш олиб боришлари ачинарли ҳолдир. Ўтказилган йиғилишда ушбу муаммоларга катта эътибор қаратилди. Хулоса қилиб айтганда, бу каби хато ва камчиликларни бартараф этиш кенг жамоатчилик томонидан назоратга олиниши зарур.

Давра суҳбатида иштирок этган соҳа мутахассислари томонидан киритилган таклифлар ўртага ташланди ва бу бўйича йиғилишнинг тегишли қарори қабул қилиниб, ҳамкорликда фаолият юритиши зарур бўлган ваколатли органларга тақдим этилиши режалаштирилди.

– Айтишимиз керакки, мамлакатимизда тамаки маҳсулоти сотишни чекловчи қонун қабул қилинган кундан ҳозирга қадар бир қатор ишлар амалга оширилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кў-маклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қў-митасининг Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини назорат қилиш бош-қармаси бошлиғи Дилшод Азимов. – Хусусан, биринчи нав-батда ушбу маҳсулот рекламаси билан боғлиқ масалалар қаттиқ назоратга олинди. Аммо бугунги кунда тамаки маҳсулотлари дейилганда, носвой ва кальян (чилим) ҳам назарда тутилади. Таъкидлаш жоиз, айни пайтда уларнинг истеъмолини тар-ғиб қилувчи очиқ рекламалар йўқ. Лекин шундай бўлсада бевосита яширин тарғиботларга кўзимиз тушади. Яъни умумий овқатланиш жойлари, кафе ва ресторанларда кальян истеъмолига рухсат берилмоқда. Бу эса давра суҳбатида давлат қонуни унутиб қўйилаётгани, унга мурожаат қилиб иш кўриш сезиларли даражада камайиб кетганлигини билдиради. Шу боис, давлат рақобат қўмитаси томонидан барча турдаги оммавий ахборот воситалари, маҳаллий ҳоки-мият идораларига мазкур қонуннинг мавжудлиги ва унга кўра турли савдо шохобчалари ҳамда жа-моат жойларида ушбу маҳсулотлар рекламасига рухсат берилмаслиги ҳақида яна бир бор эслатма билан мурожаат қилдик. Аммо жойларда ўтказилган мониторинглар натижасида аниқландики, айрим савдо шохобчалари эгалари назорат вақтидагина реклама воситаларини олиб қўйишади. Айтаверсак муаммолар тугамайди. Демак, олдимизда қиладиган ишларимиз кўп. Мана, ҳозир давра суҳбати давомида бир қанча таклифлар билдирилди. Уларни бажариш, ҳаётимизга жорий қилишимиз зарур ва уни биринчи навбатда, албатта, ўзимиздан бошлашимиз керак, деб ҳисоблайман. Яна бир гапни айтишни истардимки, ҳеч кимга сир эмас кейинги пайтларда ёш қизлар, ҳатто ҳомиладор аёлларимизнинг ҳам тамаки маҳсулотини истеъмол қилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Тан олишимиз керак, бундай ҳолатлар баркамол авлод тарбиячиси бўлган биз ўзбек халқи учун аянчли бир фожиадир.

Фикримизни яна қонун жиҳатидан давом эттирадиган бўлсак, ўринли бир савол туғилади. Яъни нега биз наркотик моддалар етиштирадиган ёки улар савдоси билан шуғулланадиганларга жиноий жазо чораларини кўрамиз-у, айнан носвой тайёрловчи ва сотувчи шахсларга маъмурий жавобгарлик қўлламаймиз? Лекин ўша инсоннинг фарзанди ёки турмуш ўртоғи, ҳеч бўлмаганда бирор яқин кишисини аста-секин ўлдирувчи қотилга рўбарў қилаётганини ҳар доим ҳам хаёлига келавермайди.

Давра суҳбати давомида "Саломатлик-3" лойиҳаси томонидан олиб борилаётган фаолиятлар самарадорлигини таҳлилий жиҳатдан кўриб чиқиш ва келгусидаги вазифалар нималардан иборат эканлигини аниқлаш мақсадида танлаб олинган ҳудудлар Фарғона ва Қашқадарё вилоятлари вакилларининг бажарилган ишлари натижаси хусусидаги ахбороти эшитилди.

Манзура ОЧИЛОВА, Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси котибият мудири:

– Қашқадарё вилоятида амалга оширилаётган "Соғлом ҳаёт сари" дастурининг асосий мақсади вилоятда соғлом муҳит яратиш, жумладан аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмолини камайтиришга қаратилган. Шундай экан, бу борада профилактик ишларни кучайтириш зарурати туғилмоқда. Албатта, бунинг учун иш ва жамоат жойлари, транспортлари, чакана савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарида алкоголь ҳамда тамаки истеъмолини чеклаш, савдо қоидаларига риоя қилиш, сотувни рағбатлантиришнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтиришнинг асосий омилларига эътибор қаратишимиз муҳим. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, аввало, соғлом муҳитни яратишда жамоатчилик назорати ва фаоллиги алоҳида ўрин эгаллайди. Ушбу "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш қоидаларига риоя қилиниши, тамаки маҳсулотлари сотувини рағбатлантирилишининг олдини олиш ҳамда тамакисиз ҳудуд яратиш бўйича мониторинг ўтказиш тартиби" жамоатчилик мониторингини олиб боришда асосий воситалардан бири бўлиб хизмат қилади. Мазкур тадбирларни амалга оширишда вилоят ҳокимлигининг "Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва юқумсиз касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини такомиллаштириш ҳақида"ги қўшма чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва вилоят мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ташкил этилди, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва юқумсиз касалликларни олдини олишнинг самарали моделини яратиш мақсадида тажриба сифатида Қарши шаҳри ва туманлари танлаб олинди ҳамда 2015 йилда "Қарши шаҳри ва тумани аҳолисининг саломатлигини мустаҳкамлаш ва юқумсиз касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирлар режаси" Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланди. Вилоятда "Соғлом ҳаёт" дастури доирасида 2017 йилга режалаштирилган асосий чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, ижрога йўналтирилди. Жумладан, йил давомида белгилаб олинган график асосида юқумсиз касалликларнинг хавфли омилларини олдини олиш ва соғ-лом турмуш тарғиботини вилоятдаги барча маҳалла ва ўқув муассасаларида давра суҳбатлари ва ўқув семинарлар тарзида ўтказиб бориш, аҳолининг тамаки маҳсулотлари истеъмол қилишини чеклаш мақсадида "Тамакига қарши кураш ойлиги"ни ўтказиш – апрель-май, аҳоли соғлом овқатланиши ва жисмоний фаоллигини ошириш мақсадида "Соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик ойлиги"ни ўтказиш – июль-август, аҳолини алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилишини камайтириш мақсадида "Алкоголга қарши кураш ойлиги"ни ўтказиш – сентябрь-октябрь ойларида, "Соғлом маҳалла" кўрик-танловини ўтказиш – май-декабрь, "Саломатлик мактаби" дастурини амалга ошириш – май-декабрь ойларида, аҳолини спортга жалб этиш, турли спорт мусобақалари ташкил этиш, тажриба сифатида танлаб олинган БТСЁ муассасаларида 40 ва ундан катта ёшдаги аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, юрак-қон томир касалликлари ва қандли диабетнинг 2-турига чалинган беморларни даволаш ва уларнинг хавфли омилларини камайтириш юзасидан маслаҳатлар бериш режалари белгилаб олинди. Айни пайтда бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда. Жорий йил 20 апрелдан 20 майгача тамакининг зарари ва уни истеъмол қилиш оқибатлари, уларни сотиш ва жамоат жойларда чекишни чекловчи мавжуд давлат меъёрлари ва қоидаларидан хабардорлигини ошириш мақсадида ўтказилган "Тамакига қарши кураш" ойлиги доирасида вилоят бўйича 373 та давра суҳбати ва учрашувлар ўтказилиб, унда 8 минг 378 нафар аҳоли иштирок этди. Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, соғлом муҳитни яратишда жамоатчилик назорати ва унинг фаоллиги алоҳида ўрин эгаллайди. Шундай экан, жамоатчилик мониторинги маъмурий жавобгарликка тортиш ёки жарима солиш эмас, асосан, тарғибот ишларига қаратилган бўлиб, унинг самарали натижасига эришиш кўзда тутилган. Мониторинг ўтказиладиган объектлар рўйхати жамланиб, имкониятдан келиб чиққан ҳолда, тасодифий усулда кўриб чиқиладиган жойларнинг рўйхати ва жадвали тузилди. Унинг тартиби қуйидагилардан иборат, яъни иш, жамоат жойлари ва транспортларида тамакисиз муҳит яратиш, бундан ташқари, умумий овқатланиш корхоналарида тамаки ва алкоголь маҳсулотларини сотиш қоидаларига риоя қилиниши каби долзарб масалалар кенг қамраб олинган. Тўққизта чакана савдо объекти, тўртта умумий овқатланиш корхонаси, еттита муассаса, ташкилот, жамоат жойлари, учта йўналиш бўйича жамоат транспортларида мониторинг олиб борилди. Унинг натижасида Қарши шаҳридаги 23 ва 34-умумтаълим мактаблари ҳудудида ва айрим мини-маркетлар савдо расталарида тамаки маҳсулотлари сотиладиган расталар олиб ташланди, 20 ёшгача бўлган шахсларга тамаки маҳсулотлари сотилмаслиги ва зарари тўғрисидаги плакатлар жойлаштирилди. Бу каби эришилаётган натижалар қаторида баъзи камчилик ва муаммолар мавжуд. Солиқ инспекцияси ва ИИБ ходимлари томонидан бу ҳолатларга етарлича эътибор қаратилмаётганлиги сабабли қонунбузарликка йўл қўйилмоқда. Бундан ташқари, якка тадбиркорлик бўйича фаолият юритаётган сотувчиларнинг меъёрий ҳужжатлар асосида иш олиб боришлари кузатилди. Ўйлайманки, мониторинг ишларини самарали ўтказишда вилоят ИИБ, солиқ ва ҳокимият вакиллари билан ҳамкорликда тушунтириш ишларини олиб бориб мониторингни холисона ўтказсак, қонунбузарлик ҳолатларига чек қўйилади. Шу билан бирга, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини сотувчи тадбиркорларга қуйидаги маҳсулотларни сотиш тўғрисидаги қонунда белгиланган интизомий жазо чоралари қўллансагина бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олишга эришган бўламиз. Жорий йилнинг апрель ойида тегишли мутасаддилар иштирокида "Жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти" мавзусида ўтказилган ўқув семинарида жамоатчилик назорат гуруҳларини ташкил этиш ва улар орқали хонадонма-хонадон юриш тизими йўлга қўйилган. Албатта, ҳар бир ваколатли ташкилот ўз вақтида назорат ва таҳлил ишларини олиб борсагина, ечимини кутаётган муаммолар бартараф этилишига ишончим комил.

Умида ГАЗИЕВА,

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг

биринчи ўринбосари:

– Тамаки истеъмол қилиш саломатлик учун бутун инсоният тарихида юзага келган энг катта хавфлардан биридир. Инсон қанча узоқ вақт чекса, бурун ва оғиз бўшлиғи, томоқ, меъда, ошқозоности бези, бачадон бўйинчаси ва бошқа жойларда шунча саратон ривожланишининг хавфи юқори бўлади. Ана шундай глобал муаммоларнинг олдини олиш мақсадида 2017 йил 20 апрелдан 31 майгача Қашқадарё вилоятида ҳам "Тамакисиз муҳит яратамиз" шиори остида аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилди. Ойлик доирасида Қарши шаҳри ва тумани тажриба сифатида танлаб олиниб, юқумсиз касалликлар профилактикаси айнан шу ҳудуд мисолида татбиқ қилинди. Айтиш жоизки, бу каби тадбирлар илгари ҳам ўтказилар эди, лекин бу йилгиси тамомила аввалгиларидан фарқ қилади. Сабаби, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ишчи гуруҳи тузилиб, умумий амалиёт шифокорлари, ҳамширалари ёрдамида ҳар бир ҳудуддаги таълим муассасаси ёки ошхоналар, маҳаллаларда хонадонма-хонадон юриб, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилувчилар аниқланди, уларнинг рўйхати тузилиб, бу зарарли иллатнинг салбий оқибатлари хусусида маълумот берилди. Таъкидлаш керакки, аҳоли чекишнинг зарарли оқибатларини билса-да, унинг хавфли омиллари борлигини чуқур англаб етолмайди. Танлаб олинган тўртта даволаш-профилактика муассасаларидаги патронаж ҳамшираларига иккиламчи тамаки тутуни, яъни сигарета, чилим кабиларни истеъмол қилиш натижасида юрак қон-томир, қандли диабетнинг 2-тури, нафас йўллари ва саратон касалликларини келтириб чиқарувчи хавфли омиллар тушунтирилиб, уларнинг билим ва малакаси оширилди. Олиб борилган тарғибот ишлари асносида сезиларли даражада ўзгариш кузатилди, десак муболаға бўлмайди. Натижада аҳолининг саломатлигига бўлган эътибори янада ошди. Бунинг тасдиғи сифатида айтиш мумкинки, чекувчилар кунига 20 дона сигаретни 2 донага камайтириб боришига эришилди. Хонадонида оила аъзолари, айниқса, ҳомиладор аёллар олдида чекмаслик одатга айланди. Бу жараён маҳаллалар кесимида рейтинг қилиниб, ҳар бирида чекувчилар сони, шунингдек, ҳудудлар йўналиши белгилаб олинди. Нос ва сигаретанинг доналаб сотилиши бўйича маълумотлар тўпланиб, керакли идораларга билдирилди. Худди шундай ҳолатлар Қарши шаҳар 6-сонли оилавий поликлиника ҳудудида кузатилиб, улар тегишли ваколатли идоралар томонидан назоратга олинди. Шуни ҳам алоҳида таъкидлашим керакки, тамакига қарши курашни фақатгина бир ой ичида эмас, балки йил давомида доимий амалга ошириш зарур. Бунинг учун ҳамкорликдаги фаолиятларни янада изчиллик билан олиб бориш даврнинг муҳим вазифаларидан бирига айланаётганлигини унутмаслигимиз керак.

Урол ТОШЕВ,

"Камолот" ЁИҲ Қашқадарё вилояти кенгаши қошидаги "Саломатлик ва экология" лойиҳаси тренери:

– Айтиш жоизки, ҳар бир одам тамаки тутуни бўлмаган тоза ҳаводан нафас олиши лозим. Ана шундай муҳитни таъминлаш бўйича мамлакатимизда ҳам қатор меъёрий-қонуний ҳужжатлар қабул қилинган. Бу эса ўз нав-батида чекмайдиган инсонларнинг манфаатларини ҳимоя қилади, кашандаларнинг чекишини ташлашига кўмаклашади. Шу билан бирга, қатор ташкилотлар, жумладан, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан ташкил этилган "Ёшлар чекишга қарши!" лойиҳаси доирасида Қашқадарё вилоятида ҳам бу борада кўплаб ишлар амалга оширилиб келинмоқда. "Тенг-дош-тенгдошга" усули орқали ёшлар орасида "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Ўзбе-кис-тон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳияти, тамаки, алкоголь маҳсулотларининг тарқалиши ва истеъмол қилинишини чеклаш ҳамда улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишлари олиб борилди. Бу борада ёш тренерлар ҳам ўқитилди. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида ҳудудларда ташкил этиладиган мини-сессиялар ва тарғибот-ташвиқот тадбирларини амалга оширувчи ҳудудий мураббийлар ва фаол ёшлар гуруҳлари шакллантирилди. Умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар, корхона-ташкилот ёшлари орасида "Тенгдош-тенгдошга" усули асосида тамаки маҳсулотларининг зарарли таъсири, бу борадаги меъёрий-қонуний ҳужжатлар тўғрисида ахборот мини-сессиялар (15-20 нафар иштирокчи) ташкил этилиб, махсус плакатлар жойлаштирилиб, акциялар ўтказилди. Маълумки, тамакига қарши кучли таъсир қилувчи реклама ва тамаки қутисидаги огоҳлантирувчи графика ҳамда ёзувлар эндигина чекишни бошлаётганлар сонини камайтиришга кўмаклашади. Шуларни инобатга олиб, лойиҳа доирасида вилоятдаги таълим муассасаларида 164 марта мини-сессиялар ташкил этилди. Унда жами 4 минг 526 нафар ёшлар қамраб олинди. Шунингдек, вилоятдаги алкоголь ва тамаки савдо дўконларига ҳамда 400 га яқин йўловчи ташувчи жамоат транспортида махсус ахборот стикерлар жойлаштирилди.

Ғолибжон ЮЛДАШЕВ,

Фарғона вилояти "Камолот" ЁИҲнинг "Саломатлик ва экология" маркази бошлиғи:

– Марказимиз томонидан "Виждонли сотувчи" лойиҳаси ташкил этилди. Вилоят ҳокимлиги кўмаги билан ўтказилган ижтимоий лойиҳа вилоят соғ-лиқни сақлаш бошқармаси, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўлими, ички ишлар ва солиқ бош-қармаси, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси ҳамда "Ўзбеккино" вилоят бўлими ҳамкорлигида муваффақиятли амалга оширилди. Биламизки, мавжуд қонунчиликка мувофиқ мамлакатимизда 20 ёшга тўлмаган ёшларга тамаки ва спиртли ичимлик маҳсулотларини сотиш қонунан тақиқланган. Лойиҳага кўра, бириктирилган ўқувчи савдо дўконига киради ва у томонидан тамаки маҳсулотининг хариди амалга ошса, юқоридаги бошқарма вакиллари савдо дўкони ҳамда сотувчига нисбатан интизомий чора кўришади. Бундан ташқари, вилоят миқёсида корхона, ташкилот ва таълим муассасаларида чекишга қарши кураш мавзуида 750 га яқин ўқув-семинар, давра суҳбати ва турли шаклдаги тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Уларга 18 минг нафардан зиёд 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган аҳоли қамраб олинди. Шунингдек, вилоятнинг Ёзёвон тумани ҳамда Марғилон шаҳарларида ёшлар ўртасида кашандаликнинг олдини олиш мақсадида "Соғлом ҳаёт сари" шиори остида югуриш марафони ҳам ўтказилди. Унга мазкур ҳудудлардаги 14 ёшдан 19 ёшгача бўлган ўрта махсус касб-ҳунар коллежи ва умумтаълим мактаби ўқувчилари қамраб олинди ва марафон учун белгиланган 3 километрлик йўл масофаси шаҳар ва туманнинг чекка худудларидан белгиланди. Ойлик давомида тамакининг инсон саломатлигига салбий таъсири ва зарарли оқибатлари ҳақида вилоят оммавий ахборот воситаларига узлуксиз маълумотлар бериб боришди. Қолаверса, омма ўртасида фаоллашган "Facebook" ва "telegram" ижтимоий тармоқларида ҳам махсус гуруҳлар шакл-лантирилиб, ёшларнинг тамаки маҳсулотлари истеъмолига оид фикрларини аниқлаш мақсадида сўровнома ҳамда акция-лар ташкил этилди.

Шуҳрат ШУКУРОВ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Саломатлик-3" лойиҳаси координатори:

– Тамакига қарши кураш бўйича идоралараро бўлиб ўтган давра суҳбатимизда мазкур мавзу доирасида ҳамкорликда фаолият юритаётган ташкилотларнинг мутасадди раҳбарлари ҳамда "Соғлом ҳаёт" дастури лойиҳаси бўйича иш олиб бораётган Фарғона ва Қашқадарё вилоятларининг масъул шахслари иштирок этишди. Кун давомида кўрилган масалалар бўйича ўртага ташланган фикр ва мулоҳазалар ҳамда таклифлар шуни кўрсатдики, тамакига қарши кураш борасида амалдаги фаолиятлар ва ечимини кутаётган муаммолар муҳокама қилинди. Жумладан, қатнашчилар томонидан "Тамаки – ривожланишга қарши таҳдид", "Ўзбекистонда тамаки истеъмолининг тарқалганлик даражаси ва мақсадлар", "Тамаки маҳсулотлари (сигарет, чилим) савдосини рағбатлантириш ва маркетингини чеклашга қаратилган чора-тадбирлар", "Аҳолини тамакидан ҳимоя қилишда давлат ва жамоат ташкилотларининг роли", "Тамакига қарши кураш бўйича Ўзбекистон қонунчилиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ҳадли конвенциясининг қуйидаги (тамакисиз муҳит яратиш, тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдосининг олдини олиш) йўналишлари бўйича барқарор мониторинг ва баҳолаш механизмларини яратиш" каби долзарб мавзуларда фикрлар билдирилди. Шунингдек, тажриба сифатида олинган Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ахбороти тингланди. Йиғилиш сўнггида умумий хулосалар бўйича ташкилотлардан келган вакиллар муаммолар ечимини ҳал этишда ваколатли органларнинг алоҳида эътибори зарурлигини таъкидладилар. Тамакига қарши кураш бўйича қонунга зид бўлган савдо билан шуғулланаётган шахсларга тегишли чоралар кўриш муҳимлиги айтиб ўтилди. Ўртага ташланган фикр ва мулоҳазалардан сўнг киритилган таклифлар инобатга олиниб, муаммолар ечими бўйича юқори ташкилотларга мурожаат қилиш кўзда тутилди. Ўйлайманки, мазкур йўналишда аҳолини тамакидан ҳимоя қилишда давлат ва жамоат ташкилотларининг алоҳида ўрни борлиги йиғилиш иштирокчилари нигоҳидан четда қолмади.

Остеопороз – сигарета тутунида асосий заҳарли газ углерод оксиди, қон билан кислородга қараганда осонроқ боғланади, ашаддий кашандаларда қоннинг кислород етказиб бериш хусусияти 15 фоиз қисқаради. Кашандалар суяклари зичлигини йўқотади, осонлик билан синади ва узоқ вақтда битади. Шунингдек, кашандаларда орқанинг муаммоларига мойиллик бўлиши мумкин. Чекиш билан боғлиқ саломатлик аҳволининг бошқа кўринишларига катаракта, эшитиш қобилиятини йўқотиш, кариес, ошқозон яраси, псориаз, соч тўкилиши ва ажинларнинг эрта пайдо бўлиши кабилар киради. Тамаки Бюргер касаллиги, оёқлар артериялари, веналари ва асаблар яллиғланиши оқибатида қон оқимининг чекланишига олиб келади.

Юқумли касалликлар – тамакини кўпинча юқумсиз касалликлар билан боғлайдилар, шунга қарамасдан тамаки юқумли касалликлар оқибатидаги хасталикларнинг асосий омилидир. Хусусан, яширин ёки латент шаклида бўлган сил касаллиги тамакини истеъмол қилиш натижасида фаоллашади ва шу сабабли ўлимларнинг 26 фоиз ҳоллари тамаки билан шартланган.

Давра суҳбати якунида муҳокамалар давомида билдирилган таклифлар асосида якуний хулосага келинди. Таъкидландики, мамлакатимизда тамаки маҳсулоти истеъмолини чеклаш борасида тегишли қонунлар ишлаб чиқилган, бироқ айтиб ўтилганидек уларда белгиланган вазифалар ижроси назоратдан четда қолиб кетмоқда. Бундан яна бир хулоса шуки, мавжуд хато ва камчиликларни бартараф этиш нафақат масъул шахслар, балки кенг жамоатчиликнинг олдида турган муҳим масала эканлигини ҳеч биримиз унутмаслигимиз зарур.

№ 23, 09.06.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.