Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
"Саломатлик" лойихаси

ЮҚУМСИЗ КАСАЛЛИКЛАРНИНГ ХАВФЛИ ОМИЛЛАРИ: МУАММО ВА УЛАР ЕЧИМИДАГИ МУҲИМ БОСҚИЧЛАР

Соғлом турмуш тарзи, аҳоли саломатлиги, пировардида жамиятнинг турмуш фаровонлигига эришиш – ушбу олий мақсадлар бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг олиб бораётган оқилона сиёсати ҳамда касалликларнинг олдини олишга қаратилган идоралараро ўзаро ҳаракат, жамоатчилик фаоллигини ошириш орқали халқнинг розилигини олиш борасида амалга оширилаётган самарали фаолиятларнинг асосий мазмуни, асл моҳиятидир.

Халқимиз орасида бир ибора бор, яъни касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал, дейишади. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда илгари сураётган юқумсиз касалликларнинг хавфли омиллари туфайли келиб чиқадиган хасталикларни камайтиришга қаратилган самарали тадбирлар эса мазкур иборанинг амалдаги ифодасидир. Шу боис, 2015 йил сентябрь ойидан бошлаб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг артериал гипертония ва қандли диабет касалликларини олиб бориш бўйича мослаштирилган клиник протоколи Қашқадарё ва Фарғона вилоятларининг танлаб олинган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг (Қарши шаҳри 6-сон оилавий поликлиникаси, Қарши туманининг "Каманди", "Қарши" ва "Ўзбекистон мустақиллиги" қишлоқ врачлик пунктлари, Марғилон шаҳрининг 1-сонли оилавий поликлиникаси ва Ёзёвон туманининг "Сой бўйи", "Шарқ юлдузи" ҳамда "Хонобод" қишлоқ врачлик пунктларида) фаолиятида тажриба сифатида синаб кўрилди. Бунинг натижасида 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли ўртасида юрак қон-томир, қандли диабет, буйрак касалликларининг асоратлари профилактикасига қаратилиб, ушбу аҳоли ўртасида юрак қон-томир касалликлари хавфи аниқланиб, қатор ижобий натижаларга эришилди. Жумладан, артериал гипертония ва қандли диабет касалликларини эрта босқичда аниқлаш сезиларли даражада кўпайди, беморларга соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик, ортиқча вазн ҳамда тамаки ва алкоголь истеъмолини тўхтатиш ёки камайтириш бўйича маслаҳат бериш ишлари такомиллаштирилмоқда.

Натижада, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2017 йил 29 мартдаги 2857-сонли Қарори билан ушбу тажриба Қашқадарё ва Фарғона вилоятларининг барча бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг фаолиятига жорий этилиши кўзда тутилди.

Жорий йилнинг 12-13 апрель кунлари Фарғона вилоятида, 19 апрель куни Қашқадарё вилоятида юқумсиз касалликларнинг хавфли омилларининг олдини олиш бўйича вилоят мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳларининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Бу тадбирларда давлат идоралари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва "Саломатлик-3" лойиҳасини амалга ошириш марказий бюросининг ходимлари иштирок этишди.

Йиғилишларда жорий йилнинг апрель-май ойларида "Соғлом муҳит яратайлик" ахборот таълим кампанияси ҳамда йил мобайнида "Соғлом маҳалла" кўрик-танлови ўтказилиши ҳақида эълон қилинди.

Бўлиб ўтган тадбирлар доирасида иштирок этган масъул шахслар ўз таклифларини киритиш билан бирга, қуйидагича фикрларини билдириб ўтдилар:

– Аҳоли ўртасида асосан тамаки чекиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, кам ҳаракатлилик ва тўғри овқатланишни йўлга қўйиш мақсадида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган клиник протоколлар билан ишлаш бўйича янада керакли маълумотларга эга бўлдик, – дейди Марғилон шаҳар 1-сонли оилавий поликлиника бош шифокори Алижон Ғаллабоев. – Хусусан, қандли диабет, гипертония, инфаркт ва инсультнинг олдини олиш борасида янги фаолиятлар билан танишдик. Эндиликда уларни амалиётга жорий этишнинг чора-тадбирлари кўрилмоқда. Масалан, шу вақтга қадар муассасамизга қарашли 9 минг 11 нафар 40 ёшдан ошган аҳолининг ҳар бири билан алоҳида суҳбат олиб борилиб, юқоридаги масалалар юзасидан батафсил тушунча ва керакли тавсиялар берилди. Тўғри, ҳозиргача қўлга киритилган натижалар у қадар эмас. Аммо қисман бўлса-да ўзгаришларнинг борлиги бизнинг ютуғимиздир. Мана, тадбир доирасида айтиб ўтилган биргина мисол, яъни юқумсиз касалликларни келтириб чиқарувчи хавфли омилларнинг ҳозирги вақтдаги тарқалиш даражасини камайтириш борасида ҳеч қандай чора-тадбирлар кўрилмаса, 2030-2040 йилларга келиб мамлакатимизда 40-60 ёшдаги аҳоли орасида барвақт ўлимнинг кескин кўпайиши эҳтимоли йўқ эмас. Агар ўтказиладиган тадбирларимиз орқали ушбу натижага ижобий таъсир ўтказсак, бу чиндан ҳам муваффақиятимиз бўлади, деб ҳисоблайман.

– Мазкур семинарда кўриб чиқилган масалалар, аввало, инсон саломатлиги муҳофазасига қаратилганлиги билан эътиборлидир, – дейди Марғилон шаҳар "Ёвқочар" маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар масаласи бўйича маслаҳатчиси Муҳайёхон Воҳидова. – Айниқса, муаммолар ечимига маҳалла фуқаролар йиғини ва таълим муассасалари фаолларининг жалб этилиши кўзланган мақсадларга эришиш имконини оширади. Ёшлар тарбияси ҳақиқатдан ҳам долзарб масалалардан биридир. -Боиси, бугунги кунда айнан улар ўртасида ҳам тамаки чекиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш сингари зарарли одатлар билан шуғулланиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Шундай экан, соғлом турмуш тарзини, аввало, хонадон, оила ва маҳаллаларда барпо этишимиз зарур. Бунинг учун эса бугунги семинарда илгари сурилган тарғибот ишлари жуда муҳим ва барчамиз унинг фаол иштирокчисига айланишимиз керак. Ана шундагина тамаки, спиртли ичимлик, қолаверса, улар орқасидан келиб чиқадиган ҳар хил касалликлардан ўзимиз, фарзандларимиз, оиламиз, маҳалламиз, пировардида жамиятимизни ҳимоялашга эришамиз. Биз одамларга тўғри тушунтиришимиз лозим, яъни саломатлигимизга салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай одат ва воситалар истеъмолига чек қўйиш билан фақатгина ўзимизга яхшилик қилган бўламиз.

Ана шундай таассуротлар билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассиси Манзура Нигманова ҳамроҳлигида иш кунининг яна бир манзили Ёзёвон туманида ҳам бўлдик. У ерда бизни туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Мирзоҳид Ҳотамов мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамкорлигида амалга оширилаётган бу каби ишлар, аввало, халқимиз саломатлиги, ёшлар тарбияси ва турмуш фаровонлигида тутадиган ўрни, бугуннинг долзарб масалаларидан бири эканлиги тўғрисидаги ўзининг самимий фикрлари билан кутиб олди. Айтиш керакки, йиғилиш муаммолар ечимига қаратилган мунозараларга бой бўлди. Биз эса кўриб чиқилган масалалар юзасидан тумандаги масъул мутахассислар фикрини ўрганишга ҳаракат қилдик.

– Юқумсиз касалликлар бўйича 2015 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб аҳоли ўртасида иш олиб бормоқдамиз, – дейди Ёзёвон тумани тиббиёт бирлашмаси координатори Раънохон Жўраева. – Фаолиятимиз жараёнида ушбу лойиҳанинг аҳамияти ҳақиқатдан ҳам долзарб масалалардан бири эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Бунда асосан ҳудудимиздаги "Хонобод", "Сой бўйи" ҳамда "Шарқ юлдузи" ҚВПларига бириктирилган аҳолининг 7 минг 7 нафари қамраб олинди. Улар ўртасида артериал гипертония, қандли диабет, буйрак касалликларининг олдини олиш ҳамда тамаки ва алкоголь маҳсулотлари истеъмолининг салбий оқибатлари бўйича тушунтириш ишлари амалга оширилди. Фаолиятлар аста-секинлик билан бўлса-да, ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Яъни олиб борилган тарғибот ишлари натижасида бугунги кунда аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш, жисмоний фаолликка эътибор кучайиб, ўз саломатлигига бўлган масъулияти ортди. Шунингдек, 93 нафар аҳолида ортиқча вазн билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга эришилди. Албатта, бу масаланинг бир жиҳати.

Агар ушбу жараёнга бошқа томондан қарасак, чекиш ва спиртли маҳсулотлар истеъмолининг аста-секинлик билан пасайиши натижасида аҳоли орасида қон босими ошиши, қандли диабет сингари касалликларнинг камайиши, энг муҳими, оилалар ўртасида фаровонликка путур етказувчи турли низолар кескин камаймоқда. Оилада яратилган соғлом муҳит мазкур даргоҳда камол топаётган ёш авлод тарбиясига ҳам сезиларли даражада таъсирини ўтказмоқда. Айтиш муҳимки бу ҳозирга қадар бажарилган ишлар натижаси. Бугунги тадбир тафсилотлари, ундан чиқарилган хулосалар ва белгилаб олинган вазифалар ижросининг таъминланиши жараёнлар кўламини янада кенгайтиради. Яъни бу борада ҳозирга қадар хонадонлар билан шуғулланилган бўлса, эндиги босқичда маҳаллалар иштирокида давом эттирилади. Демак, натижалар салмоғи бундан ҳам яхшиланади.

Қатнашчилар орасида мавзу доирасида ўз таклифларини киритган ва бу борадаги ҳамкорлик кўламини бундан ҳам кенгайтириш тарафдори эканлигини билдирганлар ҳам бўлди.

– Ўзимизни узоқ вақтдан бери қийнаб юрган кўпгина масалаларга бугунги семинардан батафсил жавоб олдик, – дейди Ёзёвон иқтисодиёт ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежи директори Рустамжон Валиев. – Жумладан, коллежимизда ҳам мазкур мавзу доирасида мунтазам тадбирлар ўтказиб келамиз. Бироқ, зарарли одатлар ва улар келтириб чиқарадиган оқибатлар тўғрисида бугунгидек мутахассислар тасдиғидан ўтган, аниқ мисоллар билан асосланган таъсирчан материаллар етишмас эди. Бундан ташқари, инсон саломатлиги ва атроф-муҳит, экология мавзусида ҳам шу каби тадбирларни кўпайтириш ҳақидаги таклифимизни қабул қилишди. Кейин мазкур жараёнда яна бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш зарур, яъни фаолиятлар натижаси бугун ёки эртага намоён бўлиб қолмайди. Сабаби, инсоният ушбу зарарли маҳсулотлар истеъмолига куни кеча одатланмаган ва бу жараён бир қатор ташқи омиллар таъсирида вужудга келган. Шу боис, унинг ечимига қисқа фурсатда эришишнинг имкони йўқ. Чунки улар ўсиб келаётган янги ниҳолдир. Ниҳолни эса қаерга йўналтирсангиз ўша томонга қараб ўсаверади. Олдимизда турган асосий вазифалардан бири ёшларни тўғри тарбиялашдан иборатдир. Бу орқали мустаҳкам келажак яратиш, фарзандларимиз саломатлигини таъминлаш баробарида, жамият фаровонлигига салмоқли ҳисса қўшган бўламиз.

Мавзу ва унда олиб чиқилган масаланинг долзарблиги, қолаверса, ушбу вазифаларнинг амалга оширилиши жамият ҳамда оилалар фаровонлигини таъминлашдаги ўрни йиғилиш қатнашчиларининг диққат-эътиборида бўлди.

– Тамаки маҳсулоти, спиртли ичимлик ва ушбу воситаларни нафақат истеъмол қилаётган шахс, балки унинг ён-атрофидаги кишилар соғлигига ҳам жиддий зарар етказади, – дейди Ёзёвон тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулфия Шерматова. – Айниқса, оилада кекса, ҳомиладор аёл ва ёш болалар бўлса, вазият янада кескинлашади. Сабаби, тамакининг заҳарли тутуни заиф организмга икки карра кўпроқ таъсир қилади. Ёки спиртли ичимлик истеъмоли натижасида хонадонларда жанжалли ҳолатлар кўпаяётгани, ҳатто айрим оилалар тақдирини айни шу сабаб издан чиқариб юбораётганига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Шу маънода, бу каби тадбирларнинг маҳаллаларга кириб бориши баъзи хонадонлар муаммосига кўзгу тутиш билан баробар иш бўлади. Бунда фақат тарғибот ва ташвиқотни тўғри олиб бориш билан бирга, маҳаллада соғлом муҳит яратилишига эътибор қаратилади. Бу борада эса маҳалланинг кўмаги муҳим аҳамиятга эга. Ахир халқимизда "Бир болага етти маҳалла ота-она" деган ибора бежизга айтилмаган. Айни шу жиҳатдан олиб қараганда танловнинг "Соғлом маҳалла" деб номлангани ҳам оқилона ёндашувдир. Негаки, ҳудуддаги барча жараён, ҳар қандай воқелик маҳалланинг назоратида. Агар биз бир ёқадан бош чиқарсак, баҳамжиҳат иш олиб борсак олдимизга қўйган мақсадларга албатта эришамиз. Биз – аёллар доимо соғлом турмуш тарафдоримиз.

Гулноз БЕРДИМУРОДОВА, Республика саломатлик ва тиббий статистика институти Қашқадарё вилояти филиали бўлим мудири:

– Ўтказиладиган мазкур "Соғлом муҳит яратайлик" номли тамакига қарши кураш ойлиги аҳолини тамакининг зарари ва уни истеъмол қилишнинг оқибатларига нисбатан муносабати, феъл-атворини ўзгартириб, жамоат жойларида чекишни чекловчи мавжуд давлат меъёрлари ва қоидаларидан хабардорлигини оширишига ёрдам беради, десак муболаға бўлмайди. Ойлик давомида иш ва жамоат жойлари, савдо объектлари, умумий овқатланиш ошхоналари, таълим ва шифо масканларида ана шундай зарарли одатларга чек қўйишга ундайдиган баннер ва белгилар жойлаштириш ишлари олиб борилади. Савдо объектлари, умумий овқатланиш корхоналарида чакана савдо қоидаларига риоя қилиш, тамаки маҳсулотлари сотувининг олдини олиш, иш ва жамоат жойларида соғлом муҳит яратиш мақсадида давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда дастлаб, Қарши шаҳар 6-сон оилавий поликлиника ҳудуди аҳолиси ҳамда шаҳарда, кейинчалик вилоятнинг барча туманларида семинар машғулотлари ўтказилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, Қарши шаҳри ва туманининг аҳоли гавжум қўчаларида баннерлар жойлаштирилади. Тамакисиз муҳит яратиш мақсадида вилоят телерадиокомпанияси, шаҳар, туман газеталари билан ҳамкорликда режа асосида тарғибот ишлари олиб борилади. Улардан бири 17 апрель куни вилоят радиосининг "Очиқ мулоқот" дастурида вилоят наркология, онкология диспансерлари мутахассислари билан ҳамкорликда ток-шоу эфирга узатилди. Қизғин баҳс-мунозарага бой бўлган дастурда кўплаб тингловчилар жонли эфирга боғланиб, ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди. Шунингдек, ёшлар, айниқса, умумтаълим мактаби, касб-ҳунар коллежи ҳамда академик лицейлар ўқувчилари орасида ҳам тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Таъкидлаш керакки, жорий йилда ўтказиладиган мазкур тарғибот ишларида бу каби зарарли одатлар оқибатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўйлайманки, бунинг натижасида аҳолининг тиббий маданияти янада ошиб, ўзи учун соғлом турмуш тарзини танлайди.

Файзулла ҲАЗРАТҚУЛОВ, "Ўзбекистон мустақиллиги" қишлоқ врачлик пункти мудири:

– Муассасамиз томонидан 16 минг 15 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатилади. 2015 йилнинг сентябрь ойидан ҚВПмизда артериал гипертония ва қандли диабет бўйича клиник протоколнинг жорий этилганлиги аҳоли орасида касалликларни эрта аниқлаш ва тўғри ташхис қўйиш имконини бермоқда. Ўтган вақт мобайнида аҳоли ўртасида юқумсиз касалликлар гуруҳига кирувчи қандли диабет, гипертония, саратон, юрак қон-томир касалликларининг кенг тарқалиши натижасида ўлим ҳолатлари кузатилиши тўғрисида ахборот берилди. Бунда асосан, аҳоли орасида юрак қон-томир касалликлари хавфини камайтириш мақсадида 40 ёшдан ошганлар қамраб олинди. Аввало, аҳолининг рўйхати тузилиб, тизимли равишда кунлик, ҳафталик ва ойлик режалар белгилаб борилди. Шуни айтишим керакки, муассасамизда "Врачгача бўлган хона" ташкил этилган. Бу ерда патронаж ҳамшира беморнинг қон босими, бел айланаси, тана вазинини ўлчаб, махсус варақага киритиб, шифокорга етказади, мутахассис эса керакли тавсияларини беради. Бундан кўзланган ягона мақсад – аҳолида юрак қон-томир хавфи даражасини вақтида аниқлаб, тўғри ташхис қўйиш. Бугунги кунга қадар 3 минг нафардан зиёд аҳоли қамраб олиниб, тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликларни истеъмол қилувчиларга зарарли одатларнинг оқибатлари хусусида тушунчалар бериб борилди. Натижада кўзланган мақсадга аста-секинлик билан бўлса-да, эришяпмиз, яъни аҳолининг айримлари чекиш ва ичишни камайтирди, баъзилари тўлиқ воз кечишди. Бир сўз билан айтиш мумкинки, улар соғлом турмуш тарзи, саломатлик ҳар нарсадан устун эканини англаб етмоқда.

Мавлуда ҚИЁМОВА, "Пахтазор" МФЙ раиси:

– Авваллари фақат юқумли касалликлар хавфи кўплиги боис, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади, деб юқумсиз хасталикларнинг олдини олишга чуқурлаштирилган чоралар кўрмас эдик. Ваҳоланки, қандли диабет, юрак қон-томир, онкологик ва сурункали респиратор касалликлари бугунги кунда дунё миқёсида кўпчиликни хавотирга қўймоқда. Шуларни инобатга олган ҳолда ўтказилаётган мазкур ойликда биз фуқароларимизга нотўғри овқатланиш, жисмоний фаолиятнинг пасайиши ҳамда тамаки ва алкоголь истеъмол қилиш юқумсиз касалликларнинг асосий хавф омиллари эканини тушунтириб, соғлом муҳит яратишимиз даркор.

"СОҒЛОМ МУҲИТ ЯРАТАЙЛИК" ахборот таълим кампанияси

"Соғлом ҳаёт" лойиҳаси доирасида жорий йилнинг апрель-май ойларида "Соғлом муҳит яратайлик" ахборот таълим кампанияси ўтказилмоқда. Кампаниянинг мақсади – тамаки истеъмолининг зарари ва оқибатлари, тамаки маҳсулотларини сотиш қоидалари ҳамда иш, жамоат жойлари ва транспортларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тартибга солувчи қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида аҳолининнг хабардорлигини оширишдан иборат.

Кампания давомида иш, таълим, спорт-соғломлаштириш, соғлиқни сақлаш муассасалари, савдо объектлари, умумий овқатланиш корхоналари ва бошқа жамоат жойларида тамаки маҳсулотининг истеъмол қилинишига йўл қўймайдиган огоҳлантирувчи белгилар жойлаштирилади.

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри ва тумани ҳамда Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳри ва Ёзёвон туманида тамаки маҳсулотларини сотиш қоидаларига риоя қилиниши, улар сотуви рағбатлантирилишининг олдини олиш ҳамда иш, жамоат жойлари ва транспортларида тамакисиз ҳудуд яратиш бўйича жамоатчилик мониторинглари олиб борилади. Ҳуқуқбузарликка йўл қўйган юридик ва жисмоний шахсларга мавзуга оид қонун ва қонун ости ҳужжатлари ҳақида маълумот берилади, уларга нисбатан ҳеч қандай маъмурий чора кўрилмайди ва жарима солинмайди. Иш, жамоат жойлари ва транспортларида соғлом муҳит яратиш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари учун семинарлар ўтказилади.

Мониторинг натижалари ҳамда тамаки истеъмолининг саломатликка зарарли таъсири бўйича телевизион ток-шоулар, турли хил кўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар эфирга узатилади.

Кампания Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон банкининг "Саломатлик-3" лойиҳаси кўмагида амалга оширилади.

"Соғлом маҳалла" кўрик-танлови

Жорий йил давомида Қарши шаҳрининг 6-сон оилавий поликлиникаси, Қарши туманининг "Каманди", "Қарши" ва "Ўзбекистон мустақиллиги" қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда Марғилон шаҳрининг 1-сонли оилавий поликлиникаси ва Ёзёвон туманининг "Сой бўйи", "Шарқ юлдузи" ва "Хонобод" қишлоқ врачлик пунктларига бириктирилган маҳаллалар ўртасида "Соғлом маҳалла" кўрик-танлови ўтказилади.

Кўрик-танловнинг мақсади жамоатчилик фаоллигини ошириш ва идоралараро ўзаро ҳаракатни такомиллаштириш орқали маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва соғлом муҳит яратиш борасида кенг қамровли ишларни амалга ошириш, яхши кўрсаткичларга эришган маҳаллаларни рағбатлантириш ва муносиб тақдирлаш, шунингдек, илғор тажрибани оммалаштиришга қаратилган.

Кўрик-танлов босқичлари

Биринчи босқич. Аҳоли саломатлигининг дастлабки кўрсаткичларини маҳаллалар кесимида 2017 йил март ойида аниқлаш.

Иккинчи босқич. Пилот муассасаларига бириктирилган маҳаллалар ўртасида "Соғлом маҳалла" кўрик-танловини ўтказиш тўғрисида 2017 йил апрель ойида эълон қилиш.

Учинчи босқич. Маҳалла ва жамоатчилик фаолларини аҳоли ўртасида юқумсиз касалликлар хавфли омилларини камайтириш ва уларнинг профилактикаси бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича 2017 йилнинг апрель-сентябрь ойларида семинарлар ўтказиш.

Тўртинчи босқич. Маҳалла ва жамоатчилик фаоллари томонидан аҳоли ўртасида юқумсиз касалликлар хавфли омилларини камайтириш ва уларнинг профилактикаси бўйича чора-тадбирларни 2017 йилнинг май-декабрь ойларида амалга ошириш.

Бешинчи босқич. Аҳоли саломатлигининг якуний кўрсаткичларини маҳаллалар кесимида 2017 йил ноябрь – декабрь ойларида аниқлаш.

Олтинчи босқич. Ғолиб маҳаллаларни 2017 йил декабрь – 2018 йил январь ойларида мукофотлаш.

Кўрик-танловнинг баҳолаш мезони Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилиб, унинг асосида маҳаллалар ҳамда улар ҳудудида жойлашган таълим муассасаларида соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик, тамаки, алкоголь маҳсулотларини тарқатиш ва истеъмолини камайтиришга қаратилган тадбирлар, шунингдек, маҳалла аҳолисининг саломатлик кўрсаткичлари танлаб олинади.

Кўрик-танлов Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон банкининг "Саломатлик-3" лойиҳаси кўмагида амалга оширилади.

Мазкур кўрик-танловни баҳолаш мезонлари тўғрисида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маслаҳатчиси Феруза Маманазарова қуйидагиларни гапириб ўтди:

– Соғлом овқатланиш бўйича кўрсаткичлар:

1. Таом менюси соғлом овқатланиш тамойилларига асосланиб тузилган умумий овқатланиш корхоналари сони.

2. Мактаб, лицей ва коллеж ошхоналари менюларига киритилган "соғлом таом"лар сони, номлари ва турлари.

3. Мактаб, лицей ва коллеж яқинида болалар саломатлигига таъсир этувчи зарарли овқатлар (фаст-фуд) сотилмаслиги.

4. Мактабда мева ёки полиз боғларининг мавжудлиги.

5. Маҳаллада соғлом овқатланишни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган тадбирлар сони.

6. Соғлом овқатланиш, хусусан, туз, шакар ва транс ёғлар истеъмолини чеклаш ва мева-сабзавотлар истеъмолини кўпайтириш бўйича чиқарилган плакат ва баннерлар сони.

7. Соғлом овқатланишни (туз, шакар ва транс ёғлар истемолини чеклаш ва мева-сабзавотлар истеъмолини кўпайтириш) тарғиб этиш ёки соғлом овқатланишга кўмаклашувчи муҳитни яратиш бўйича амалга оширилган ноёб (ижобий ўлчанадиган натижаларни берган) тадбир.

Жисмоний фаоллик бўйича кўрсаткичлар:

1. Жисмоний фаоллик учун қулай бўлган ва аҳоли фойдалана оладиган жамоат жойлари, спорт майдончалари, велосипед йулаклари, соғломлаштириш клублари ва бошқалар сони.

2. Оилавий спорт билан шуғулланувчи оилалар сони.

3. Жисмоний фаолликни оширишга бағишланган плакат, баннер ва бошқалар сони.

4. Жисмоний фаолликни тарғиб этиш ёки жисмоний фаоллик учун қулай муҳит яратиш бўйича амалга оширилган ноёб (ижобий ўлчанадиган натижаларни берган) тадбир.

Тамаки ва алкоголь маҳсулотлари бўйича кўрсаткичлар:

1. Тамаки ва алкоголь маҳсулотлари савдоси ва улар 20 ёшга тўлмаган шахсларга сотилмаслигини мониторинг қилиш ҳамда тамакисиз муҳитни яратиш учун маҳалла фаолларининг мавжудлиги.

2. Маҳалла ҳудудида тамакисиз муҳитни яратиш бўйича ўтказилган жамоатчилик мониторинги сони.

3. Мактабдан 500 метр радиус ичида тамаки ва алкоголь маҳсулотларини сотувчи савдо объектлари сони.

4. Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тақиқловчи белгилар мавжуд бўлган жамоат жойлари сони.

5. Тамаки ва алкоголь маҳсулотлари 20 ёшга тўлмаган шахсларга сотилмаслиги ва уларнинг саломатликка зарари тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзувларни жойлаштирган (қонун асосида) савдо объектлари сони.

6. Тамаки ва алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилишни камайтириш бўйича маҳаллада амалга оширилган тадбирлар турлари ва сони.

7. Тамаки ва алкоголь маҳсулотлари тарқатилишини чеклаш ва уларни истеъмол қилишни тўхтатиш бўйича плакат ва баннерлар сони.

8. Тамаки ва алкоголь маҳсулотлари тарқатилишини чеклаш ва уларни истеъмол қилишни тўхтатиш бўйича амалга оширилган ноёб (ижобий ўлчанадиган натижаларни берган) тадбир.

Мактаблар бўйича кўрсаткичлар:

1. Юқумсиз касалликлар хавфли омилларининг олдини олиш бўйича мактаб, маҳалла ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар сони.

2. Юқумсиз касалликлар хавфли омилларининг олдини олиш бўйича ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналар орасида ўтказилган тадбирлар сони.

3. Соғлом муҳит яратиш бўйича ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналар орасида ўтказилган тадбирлар сони.

4. Юқумсиз касалликлар хавфли омилларининг олдини олиш ва соғлом муҳит яратиш бўйича амалга оширилган ноёб (ижобий ўлчанадиган натижаларни берган) тадбир.

Маҳалла аҳолисининг саломатлиги бўйича асосий кўрсаткичлар:

1. 2016-2017 йиллар декабрь ҳолатига кўра артериал гипертония билан ҳисобга олинган 40 ва ундан катта ёшдаги беморлар сони/улуши.

2. 2016-2017 йиллар декабрь ҳолатига кўра қандли диабетнинг 2-тури билан ҳисобга олинган 40 ва ундан катта ёшдаги беморлар сони/улуши.

3. 2016-2017 йилларда ҳисобга олинган оғир асоратлар: миокард инфаркти, инсульт, қандли диабетнинг 2-турига чалинган ва оёғи ампутация қилинган 40 ва ундан катта ёшдаги пациентлар сони/улуши.

4. Бириктирилган 40 ва ундан катта ёшдаги аҳолининг 10 йиллик юрак қон-томир касалликлари хавфини баҳолаш билан қамраб олинганлик улуши.

5. 12 ой мобайнида камида тана вазни индексини 1 бирликка камайтирган ортиқча вазнга эга (тана вазни индекси 25 ва ундан юқори) бўлган 40 ва ундан катта ёшдаги пациентлар улуши.

6. Ҳар куни 400 г (ёки 5 порция) сабзавот ва мева истеъмол қиладиган 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли улуши.

7. Жисмоний фаол бўлган (ҳафтасига 150 минут ёки кунига 30 минут ўртача интенсивликдаги жисмоний фаол) 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли улуши.

8. Охирги 12 ой мобайнида тамаки истеъмол қилишни тўхтатган 40 ва ундан катта ёшдаги пациентлар улуши

9. Охирги 12 ой мобайнида юрак қон-томир касалликлари хавфи камайган ёки ақалли ортмаган 40 ва ундан катта ёшдаги пациентлар улуши.

Кутилаётган натижалар

Кўрик-танлов аҳоли саломатлигини яхшилашга қаратилган бўлиб, қуйидаги натижаларга эришиш кутилмоқда:

юқумсиз касалликлар хавфли омиллари, хавфли омилларни бартараф этиш йўллари, соғлом турмуш тарзининг афзалликлари ҳақида аҳоли хабардорлигини ошириш;

аҳоли ўртасида ош тузи истеъмоли даражасини камайтириш;

аҳоли ўртасида сабзавот ва мевалар истеъмоли даражасини кўпайтириш (кунига камида 400 грамм);

аҳоли ўртасида жисмоний фаоллик даражасини ошириш;

аҳоли ўртасида тамаки истеъмоли даражасини камайтириш;

аҳоли ўртасида зарарли алкоголь истеъмоли даражасини камайтириш;

40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли ўртасида қўтарилган қон босими даражасини камайтириш;

40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли ўртасида қандли диабетнинг 2-тури/семизлик кўпайишини тўхтатиш;

юрак қон-томир касалликлари ва қандли диабет 2-турининг асоратлари (инфаркт, инсульт, оёқ ампутацияси) камайиши.

Ҳа, олдимизга қўйган мақсадларимиз олий, шунга яраша амалга ошириладиган чора-тадбирлардан кутилаётган натижалар ҳам улкан. Бироқ юқумсиз касалликларнинг хавфли омилларини бартараф этиш, бу орқали аҳоли саломатлигини яхшилашга қаратилган ушбу фаолиятлар барчамиздан бирдек фаолликни талаб этади. Зеро унутмаслигимиз керакки, саломатлик аталмиш бебаҳо неъмат, аввало, саломатлигига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсоннинг ўзи учунгина қимматлидир.

№ 17, 28.04.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.