Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
"Саломатлик" лойихаси

ФАОЛИЯТДАГИ САМАРАДОРЛИК ТАРҒИБОТ ГАРОВИДИР

Навоий вилоятининг Учқудуқ туманига кириб борар эканмиз, у ердаги замонавий тарз-да бунёд этилган иншоотлар ҳамда гўзал табиат манзаралари бизни бефарқ қолдирмади. Шунингдек, халқ саломатлигини сақлашда Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли бўлган тиббиёт муассасаларида олиб борилаётган фаолиятлар ҳам бундан мус-тасно эмас. Айниқса, Юртбошимиз томонидан соҳага оид чиқарилаётган Қарорлар ижроси бўйича бирламчи бўғин тизимида фаолиятлар жадаллик билан амалга оширилиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда. Нав-батдаги хизмат сафаримиз мазкур туманнинг "Кокпатас" ва "Шалхар" қишлоқ врачлик пунктларида бўлди.

Кымбаткул КАРЫМШАКОВА, "Кокпатас" қишлоқ врачлик пункти катта ҳамшираси:

– Кейинги йилларда давлатимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизимига бўлган эътибор ҳамда тиббиёт ходимларига кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳар бир тиббиёт ходимини янада масъулият билан ишлашга ундамоқда. Эътироф этиш жоизки, юртимизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли саломатлигига қаратилаётган эътибор ҳеч биримизни бефарқ қолдираётгани йўқ. Қишоқ врачлик пунктимиз 2006 йилда қайта таъмирдан чиқарилиб, "Саломатлик-2" лойиҳаси томонидан замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Ҳудудда 1265 нафар аҳоли истиқомат қилади, уларга бир нафар умумий амалиёт шифокори, 4 нафар ҳамшира тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Қишлоқ врачлик пунктимиз Учқудуқ шаҳридан 72 километр узоқликда жойлашган бўлиб, аҳоли яшаш шароитлари ва уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат тўғри йўлга қўйилиб, бор имкониятлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Айниқса, репродуктив саломатлик бўйича патронаж ҳамшираларимиз аҳоли орасида тарғибот ишларини фаоллик билан давом эттирмоқдалар. Аҳолининг 249 нафари туғиш ёшидаги аёллар бўлиб, уларнинг барчасини тиббий кўрикдан ўтказиб, керакли тавсия ва маслаҳатларни бериб келмоқдамиз. Шунингдек, ҳудудимизда битта мактаб, битта боғча жойлашган бўлиб, у ердаги болалар соғлигини ҳам ўз вақтида назорат қилмоқдамиз. Яна шуни айтиб ўтмоқчиманки, бу ерда яшаётган аҳолига бирозгина бўлсада оғирроқ, чунки ён-атрофимиз чўл зонасидан иборат. Ҳар бир фаслнинг ўзига хос инжиқликлари ўз таъсирини ўтказади. Лекин, ҳар қандай касалликнинг олдини олиш ва беморларга керакли муолажаларни вақтида ўтказишда ҳамшираларимиз фаоллик билан иш олиб борадилар. Муаммоларга келадиган бўлсак, газ йўқ, ичимлик сув таъминоти талаб даражасида эмас, ҚВПда телефон масаласи ҳал қилинмаган, электр энергия эса вақти-вақти билан бўлмайди. Кузги ва қишки мавсум учун 20 тонна кўмир захираси олинган. Имкон қадар аҳоли саломатлигини сақлашда улар билан биргаликда иш олиб бориб, ҳар бир касалликнинг олдини олиш учун тар-ғибот ишларини кучайтириб бормоқдамиз.

Фарзина ҲАЛИМОВА, патронаж ҳамшира:

– Мана беш йилдирки мазкур ҚВПда фаолият юритиб келмоқдаман. Бизнинг асосий вазифамиз аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишда касбий маҳорат ҳамда тиббий билимдан оқилона фойдаланишдир. Давлатимиз томонидан соҳага оид чиқарилаётган ҳар бир Фармон ва Қарорлар замирида аҳоли саломатлиги муҳофазаси ётар экан, бу албатта жамият тараққиётининг янада равнақ топишида муҳим аҳамият касб этаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Бу шунингдек, ҳар бир тиббиёт ходимига катта масъулият юклайди. Фаолиятим давомида аҳоли орасида тарғибот ишларини олиб борар эканман, улар билан турли касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари ва олдини олиш бўйича суҳбатлар ўтказаман. Бундан таш-қари, бемор ётган хонадонларда ҳамширалик жараёни бўйича парвариш ишларига катта эътибор қаратаман. Аҳоли орасида кам-қонлик ҳамда гипертония касалликлари мавжуд бўлиб, уларга керакли маслаҳат ва тавсиялар бериш билан бирга, буклетлар ҳам тарқатаман. Шунингдек, аёлларнинг ҳомиладорлик давридаги ва туғруққа тайёргарлик ҳолатларини доимий кузатиб бораман. Агар уларда жиддий ўзгаришлар хавфи ортадиган бўлса, тезда умумий амалиёт шифокоримизга тавсия этган ҳолда, ҳар қандай кўнгилсизликнинг олдини олишга ҳаракат қиламан. Шу ўринда айтмоқчиманки, ҳудудимизда экологик вазият яхши бўлмаганлиги сабабли, аҳоли билан ҳамкорликда иш олиб бориб, уларнинг ўз соғликларига бўлган эътиборларини кучайтиришда бор имкониятлардан унумли фойдаланишимизни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Дорихона очилди

Манат ШЕРИЕВ, Айдын КОЖАНОВА, "Кокпатас" қўрғони:

– Аввало давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Биздек чўл зонасида истиқомат қилаётган инсонлар саломатлигини ўйлаб, замонавий қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилаётганлиги, янги тиббий асбоб-ускуналар келтирилаётганлиги ҳамда тиббиёт ходимларининг аҳоли саломатлигига эътиборини кучайтираётганлиги барчамизни мамнун қилмоқда. Айниқса, ҚВПдаги патронаж ҳамшираларининг хонадонимизга тез-тез келиб, керакли маслаҳатларни бериб кетаётганлиги соғ-лигимизга ҳамда тиббиётга бўлган ишончимизни орт-тирмоқда. Бундан ташқари ҚВП ичида дорихона очилганлиги жуда яхши бўлди. Авваллари дори-дармон учун 72 километр йўл босиб, шаҳар марказидаги дорихоналарга борар эдик. Оилада 4 ёшли фарзандимиз бор, эндиликда эса яна фарзанд кутаяпмиз. Дунёга келаётган фарзандимиз учун ҳамшираларнинг бераётган маслаҳатлари ниҳоятда ўринли эканлигига амин бўлаяпмиз. Айниқса, ҳомиладорлик даврида ота ва онанинг бурчи, соғлом турмуш тарзи ҳамда оиланинг ўрни нечоғлик муҳим эканлигини дилдан ҳис этаяпмиз. Ҳолимиздан хабар олиб, соғлигимиз учун қайғураётган тиббиёт ходимларига яна бир бор миннатдорчилик билдириб қоламиз.

БИЛИМ ВА МАҲОРАТ ЗАРУР

Шоира ПАРДАЕВА, "Шалхар" ҚВП мудираси:

– Ҳудудимиз асосан чўл зонасида жойлашган бўлиб, 2313 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шулардан 386 нафари туғиш ёшидаги аёллар, 39 нафари ўсмир ёшлар бўлса, 246 нафари 14 ёшдан юқори. Шунингдек, ҳудудимизда 1 та мактаб, 1 та боғча, "Уч-қудуқ" савдо ташкилоти, нефть базаси ҳамда "Учқудуқ" темир йўл станцияси жойлашган. ҚВП 2000 йилда фаолият бошлаган. "Саломатлик-1" лойиҳаси бўйича лаборатория жиҳозлари, автоклав, қуритиш шкафи, ширма ва бир қанча тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган. Аҳолига тиббий сифатли хизмат кўрсатишда ҳамшираларимиз меҳнати катта бўлмоқда. Улар соҳага оид бўлган Фармон ва Қарорлар ижросини амалиётга татбиқ этиш мақсадида аҳоли орасида тарғибот ишларини фаоллик билан олиб бормоқдалар. Яна шуни таъкидлаш жоизки, аҳоли эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда муассасамизда 2009 йилнинг 16 сентябрида дорихона очдик.

Бир кунда ўттиз ва ундан ортиқ бемор қабул қиламиз ҳамда уларга касаллик бўйича таш-ҳис қўйган ҳолда даво муолажаларини бошлаб юборамиз. Бундан ташқари ҚВПда кундузги стационар бўлиб, унда беморлар керакли муолажаларини оладилар. Ҳудудда экологик вазиятнинг ўзгариб туриши сабабли аҳоли орасида камқонлик, гипертония, пиелонефрит, холицистит ва бўқоқ касалликларининг мавжудлиги ҳар биримизни ташвишга солади. Мазкур касалликларнинг олдини олиш бўйича ҳамшираларимиз тарғибот ишларини узлуксиз тарзда олиб бормоқдалар. ҚВП шароитига келадиган бўлсак, аҳолига газ ўтказилмаган, сув таъминоти талаб даражасида эмас. Муассасадаги хоналарни иситиш учун ёқилғи захираси мавжуд бўлиб, улар махсус қозонхоналар орқали таъмин этилади. Давлатимиз томонидан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган мақсадлар замирида инсон соғлиги ётар экан, бу борада ҳар биримиз фаолиятларимизни амалиётда қўллаган ҳолда, малака ва тажрибалармизни ошириб, астойдил меҳнат қилишимиз зарур.

Гулсим ДУИСЕБАЕВА, патронаж ҳамшира:

– Фаолиятим давомида аҳоли орасида тарғибот ишларини олиб борар эканман, халқнинг таббий савиясини ошириш, уларни тиббиётга бўлган ишончини оқлаш ниҳоятда мушкул. Кейинги пайтларда соҳага бўлган эътибор туфайли аҳоли билан чамбарчас ҳолда иш олиб борганлигимиз сабабли, касалликлар камайиб, уларнинг соғликларига бўлган эътиборлари ниҳоятда кучайди. Иш фаолиятимизга жорий этилган ҳамширалик жараёни ва ёзувининг кириб келиши аҳоли билан мукаммал ишлашимизда асосий ўринга эга бўлмоқда. Айниқса, Юртбошимиз Қарорларини аҳолига татбиқ этиш бўйича репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш борасида фертил ёшдаги аёллар ўртасида ташвиқот ишларини кучайтириб, уларни тиббий кўрикдан ўтказиб, зарурий маслаҳат ва тавсияларимизни бериб келмоқдамиз. Шу нарсага амин бўлдимки, муассасада ўтириб ишлагандан кўра, аҳоли орасида кўпроқ бўлган афзал. Чунки касалликлар тўғрисидаги суҳбат ҳамда тушунтириш ишлари натижасида касбий маҳорат ҳамда тиббий билим дақиқа сайин ошиб бораверар экан. Демак, ҳамширалар қанчалик аҳоли билан ҳамкорликда ишлаб, фаолиятларига ижобий ёндошсаларгина олдимиздаги асосий вазифаларни бекаму кўст бажарган бўламиз.

Юртбошимиз эътиборидан мамнунман

Жингул ЖУСИПОВА, "Шалхар" қўрғони:

– Ёшим 59 да. Беш фарзанднинг онасиман. Фарзандларим дунё-га келиб, уларни вояга етказгунимча тиббиёт ходимларининг меҳнати катта бўлди. Кейинги вақтларда тиббиёт жуда яхши ривожланиб, аҳоли соғлигига бўлган эътибор кучайди. Бунинг исботи сифатида айтмоқчиманки, бундан 3 ой олдин пойтахтимиздан "Саломатлик" поезди келиб, ундаги мутахассислар аҳолини тиббий кўрикдан ўтказишди. Куни кеча эса Навоий вилоятидан бир гуруҳ тиббиёт ходимлари УЗИ ва рентген аппаратида соғлигимизни назорат қилишди. Мен ва оила аъзоларимиз тиббий кўрикдан ўтгач, саломатлигимиздан хотиржам бўлдик. Аввало ана шундай шароитларни яратиб бераётган Президентимизга катта раҳмат.

ҲАМКОРЛИКДА ГАП КЎП

Кенесбек ПИРЖАНОВ, "Керизбулоқ" қишлоқ врачлик пункти мудири, умумий амалиёт шифокори:

– Қишлоқ врачлик пунктимизда бир нафар умумий амалиёт шифокори, 5 нафар ҳамшира 1997 йилдан буён ҳудуддаги 1510 нафар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Муассасамиз "Саломатлик-1" лойиҳаси томонидан лаборатория жиҳозлари, автоклав, қуритиш шкафи, дистиллятор ва бир қанча тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган. Шунингдек, телефон, рация ва тез ёрдам машиналари ҳам бор. Ҳудудда иккита мактаб ва битта боғча бўлиб, у ердаги болалар соғлигини доимий назорат қилиб борамиз. Патронаж ҳамшираларимиз аҳоли билан мукаммал ишлаб, касалликларнинг олдини олиш ва даволаш бўйича тарғибот ишларини кучайтириб юборганлар. Айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишларига катта эътибор қаратганмиз. Аҳоли орасида тарғибот ишларининг кучайтирилганлиги сабаб, ижтимоий ва турли касалликлар кўрсаткичи камайиб, ижобий натижаларга эришмоқдамиз. Экологик вазият яхши бўлмаганлиги сабабли, аҳоли орасида 13 нафар сил, 1 нафар саратон, 10 нафар бўқоқ ва 3 нафар руҳий касалликлар мавжуд бўлиб, уларга ўз вақтида даво муо-лажаларини ўтказиб келмоқдамиз.

Албатта, чўл зонасида ишлаш ва истиқомат қилишнинг ўзи бўлмайди. Шу боис, аҳоли саломатлигини тиклашда кўпроқ тар-ғибот ва ташвиқот ишларини кучайтирганмиз. Эндиликда бор шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланиб, аҳолининг тиббий савиясини ошириш зарур, деб ўйлайман.

Жумагул КАДИРОВА, доя:

– Юртбошимиз томонидан чиқарилган Фармон ва Қарорларнинг ижросини таъминлаш мақсадида, репродуктив саломатлик ҳамда баркамол авлодни шакллантиришда аҳоли билан мунтазам ишлаб келмоқдамиз. Ҳудудимизда 235 нафар туғруқ ёшидаги аёллар бўлиб, уларни тиббий кўрикдан ўтказиб, зарурий маслаҳат ва тавсияларимизни бермоқдамиз.

Гулнар БОЙМАХОНОВА, "Керизбулоқ" қўрғони, нафақахўр:

– Томди туманидан 72 километр узоқликда бўлсакда, қўрғонимиздаги замонавий қишлоқ врачлик пункти ва унинг ичидаги янги тиббий ускуналарни кўриб, улардан фойдаланаётганлигимиздан жуда хурсандмиз. Айниқса, умумий амалиёт шифокори Кенесбек Пиржанов, ҳамширалар Ақболиқ Алимбаева, Жумагул Кадирова, Камшат Қидирбаеваларнинг оилаларимизда тез-тез бўлиб, турли касалликлар тўғрисида олиб бораётган суҳбатлари ва кўрсатаётган тиббий хизматлари улар меҳнатига бўлган ишончимизни орттириб бормоқда. Уларнинг бизга бераётган тавсия ва маслаҳатлари соғлигимизни янада тиклашда катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

Рая БАЙЗАХОВА, "Керегетау" қишлоқ врачлик пункти катта ҳамшираси:

– Ҳамширалик касбини танлаганим билан фахрланаман. Юртбошимизнинг ҳамширалар меҳнатига бўлган эътибор ва ғамхўрликлари бизни янада кўтаринки кайфият билан ишлашга ундамоқда. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан яратилаётган имкониятлар ҳам ишимиз кўламини кенгайтирмоқда. Бунинг баробарида эса "Аёллар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш" лойиҳаси доирасидаги узлуксиз таълим бўйича ўқув семинарларининг ташкил этилганлиги ва улардаги иштирокимиз билим ва тажрибаларимизни орттирмоқда. Айниқса патронаж ҳамшираларимизнинг хонадонларда бўлиб, олиб бораётган тарғибот ишлари туфайли соғлом онадан соғ-лом фарзандлар туғилиши ҳамда баркамол авлодни вояга етказиш каби асосий масалалар бўйича аҳолининг тиббий савияси ошиб бормоқда. Асосий вазифамиз аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш экан, бу борада астойдил меҳнат қилиб, касбий бурчимизни бажариш ҳар биримизга катта масъулият юклайди.

МАСЪУЛИЯТ ЯНАДА ОШМОҚДА

Аваз КАРОМАТОВ, Зарафшон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи:

– Бугунги давр талабидан келиб чиқадиган бўлсак, инсон саломатлигини сақлаш тиббиёт ходимлари олдига янада катта масъулият юкламоқда. Чунки, республика тиббиёт тизимида катта ўзгаришлар бўлиб, замон талаби даражасида тиббиёт -муассасалари қад кўтарди, қайта таъмирланиб, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Шунингдек, кадрлар малакасини ошириш ҳамда узлуксиз таълимни жорий қилиш масалалари изчиллик билан олиб борилмоқда. Кўплаб етук кадрлар эса хориж давлатларида бўлиб, тажриба кўламларини бойитиб қайтишмоқда. Таъкидлаш жоизки, соҳага оид ҳар бир меъёрий ҳужжатлар замирида инсон саломатлиги ётар экан, бу ўринда ҳар бир тиббиёт ходими виждонан ишлашини даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Зарафшон шаҳримизда 3 та қишлоқ врачлик пункти мавжуд бўлиб, аҳолига малакали тиббиёт ходимлари сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. 2009 йил 13 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда соғ-лом авлодни шакллантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-1096-сонли ҳамда жорий йилнинг 1 июлидаги ПҚ-1144-сонли "2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғ-лом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги Қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида мазкур қишлоқ врачлик пунктларимиздаги 2666 нафар фертил ёшдаги аёллардан 2652 нафари, ногирон болаларнинг 100 фоизи (27 нафар), ўсмир ёшларнинг 100 фоизи тиббий кўрикдан ўтказилди. Ундан ташқари ушбу Қарорнинг амалиётдаги татбиқини жадаллаштириш мақсадида Бухоро давлат тиббиёт институти акушер-гинекология кафедраси мутахассислари Мастура Нуруллаева, УАШ кафедраси ходими Муҳаббат Байхоновалар ҳар ойда 2 марта қишлоқ врачлик пунктларимизга келиб, ходимларимизга амалий ёрдам бериш билан бир қаторда, аҳоли орасида суҳбатлар ўтказиб, керакли тавсия ва маслаҳатларни беришмоқда. Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфида репродуктив саломатлик бўйича ташкил этилган штабда иш олиб бораётган Аҳрор Ёрқулов ва унинг раҳбарлигидаги ишчи гуруҳларнинг ташрифи туфайли муассасаларимиздаги ишлар фао-лияти янада ривожланиб бормоқда. Республика пульмонология ва фтизиатрия ихтисослаштирилган тиббиёт маркази директори, академик Абдулла Убайдуллаев ҳам қишлоқ врачлик пунктларимизда ҳамда аҳоли орасида суҳбатлар ўтказиб, ўзининг амалий ёрдамларини берди. Зарафшон шаҳрида жойлашган 3-тиббий-санитария қисми бошлиғи Ким Сергей Борисович билан ҳамкорликда ишлаб келаяпмиз. Шу ўринда уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. 2010 йилдаги режаларимиздан бири кўп тармоқли шифохона қуришдир.

Зубайда ТАЙШАЕВА, "Янги Зарафшон" қишлоқ врачлик пункти дояси:

– Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳар бир инсон олдига катта масъулият юклайди. Ҳудудимизда туғруқ ёшдаги аёллар 1056 нафарни ташкил этади. Шулардан 1047 нафарини тиббий кўрикдан ўтказдик, 552 нафарида экстрагенитал, 78 нафарида гинекологик касалликлар борлиги аниқланиб, уларга керакли тавсия ва муолажалар берилди. Шунингдек, 470 нафар аёл контрацептив воситалари билан қамраб олинди. Репродуктив саломатлик бўйича Зарафшон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раи-си Зулхумор Жўраева билан ҳамкорликда иш олиб бориб, аҳоли орасида давра суҳбати ва учрашувлар ўтказиб келмоқдамиз.

ИНСОНЛАР ҚАЛБИГА ЙЎЛ ТОПИБ

Маншук УСЕМУРАДОВА, "Мурунтоу" қўрғони қишлоқ врачлик пункти патронаж ҳамшираси:

– Қишлоқ врачлик пунктимиз ҳудудида 4938 нафар аҳоли истиқомат қилади. Улар билан ишлаш, қалбига йўл топиш албатта қийин. Лекин, ҳар қандай вазиятда ҳам инсон қалбига озор етказмасдан иш олиб бориш мумкин. Тиббиётда деонтология деган ибора бўлиб, унда ходимнинг касбга бўлган меҳри, бемор билан мулоқоти асосий ўрин тутади. Демоқчиманки, патронаж ҳамширалар кўпроқ аҳоли билан ишлашади, шунинг учун улар хушмуомалали ва самимий бўлишлари керак. Иш фаолиятимда кўпроқ мана шундай фазилатларни қўллашга ҳаракат қиламан, бундан ташқари ўз устимда ишлаб, билимимни оширишга интиламан. Мана 5 йилдирки ҳудудимдаги 1500 нафардан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқдаман. Кейинги пайтларда иш вақтимизнинг кўп қисми оилаларга чиқиб ишлаш билан ўтмоқда. Айни кунда аҳоли орасида мавсумий тонзиллит, ангина ва сариқ касаллиги бошланаётганлиги сабабли хонадон, мактаб ва боғчаларда тез-тез бўлиб, суҳбатлар ўтказиб келаяпман. Чўл зонасида истиқомат қилиш албатта қийин, лекин инсон куч-қудрати ҳар нарсага қодир деганларидек, агар ҳаракат қилсак мақсадимизга эришамиз. Инсон саломатлигига масъул эканмиз, ҳар биримиз астойдил ишлаб, самарали натижаларни қўлга киритайлик.

Гавҳар УСАРОВА, "Мурунтоу" қўрғони:

– Ҳомиладорлик давримда қишлоқ врачлик пунктининг шифокор ва ҳамширалари соғлигимни доимий назорат қилиб туришди. Чунки, биринчи фарзандим бўлганлиги сабабли, бу борада кўп маълумотларга эга эмаслигимни англаб етдим. Хонадонимизга доимий келиб турадиган патронаж ҳамширамиз Нодирахоннинг ҳар бир маслаҳати, берган тавсиялари ҳомиладорлик давридаги қийинчиликларни енгишимда мадад бўлди. Бундан ташқари, қайнонам ва турмуш ўртоғимнинг ҳам мен ва бўлажак фарзандимга бўлган эътиборлари катта ёрдам берди. Фарзандим туғилгач, патронаж ҳамширалар кунора бизнинг соғлигимиздан хабардор бўлишди. Улар ҳамда қайнонамнинг қимматли маслаҳат ва кўрсатмалари билан боламни соғлом ўстириб келаяпман (8 ойлик). Эмлаш вақти келганда ҳамширалар куни ва вақтини белгилаб, қишлоқ врачлик пунктига боришимизни айтишади. Эмлашдан олдин болаларимизни шифокорлар кўригидан ўтказамиз. Эмлаш ҳамшираси фарзандимиз соғлиги яхши бўлгандан сўнггина ўз вазифасини бекаму кўст бажаради. Мазкур қишлоқ врачлик пунктида кўрсатилаётган тиббий хизматлардан жуда миннатдормиз.

Насиба ҲАЛИЛОВА, "Мурунтоу" қўрғони:

– Фарзандим Азизжон 3 ойлик бўлди. Ҳомиладорлик давримда қишлоқ врачлик пункти ҳамширалари доимий ҳолимдан хабардор бўлишарди. Эндиликда эса улар кунора фарзандим ва оила аъзоларимиз соғлигини назорат қилиб, керакли маслаҳатларини беришади ва турли касалликлар тўғрисида суҳбатлар ўтказишади. Айниқса, чақалоқни қандай парвариш қилиш, тўғри овқатлантириш бўйича кўрсатмалар тавсия қилишади. Яна бир нарсадан хурсандмизки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан "Дамас" русумли тез ёрдам машинаси берилди. Қишлоқ врачлик пунктида барча шароитлар мавжуд. Биз бундан жуда хурсандмиз.

Биз Навоий вилоятининг чўл зонаси бўлган Учқудуқ ва Томди туманлари ҳамда Зарафшон шаҳридаги қишлоқ врачлик пунктларидаги фаолиятлар билан танишиб қайтар эканмиз, у ерларда халқимиз саломатлиги йўлида шижоат билан хизмат қилаётган шифокору ҳамширалар меҳнатига тан бердик. Шунингдек, аҳоли билан учрашиб, уларнинг эътирофли фикрларига қулоқ тутганимизда, ўз соғликларига бўлган эътибор ва тиббиётга ишончлари ортганлигининг гувоҳи бўлдик. Шу фурсатдан фойдаланиб, республика тиббиёт тизимида меҳнат қилаётган барча тиббиёт ходимларини касб байрамлари билан самимий қутлаб қоламиз.

Ибодат СОАТОВА

№ 44, 06.11.2009 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.