Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Расмий хужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг ҚЎШМА ҚАРОРИ

10-сонли 9-33 "с"сонли Республикада "Ҳамшира-2018" кўрик-танловини ўтказиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 мартдаги "Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-4985-сонли Фармони ҳамда 2017 йил 29 мартдаги "Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2857-сонли Қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Қуйидагилар:

"Йилнинг энг яхши ҳамшираси" кўрик-танловининг Низоми 1-иловага мувофиқ;

Республикада "Ҳамшира-2018" кўрик-танловини ва унинг финал босқичини тайёрлаш ва ўтказиш бўйича ташкилий кўмитанинг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. "Ҳамшира-2018" кўрик-танловини қуйидаги босқич ва муддатларда "Йилнинг энг яхши ҳамшираси" кўрик-танлови Низоми асосида ўтказилсин:

1- босқич - Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги барча даволаш-профилактика муассасаларида – жорий йилнинг 10 апрелига қадар;

2 - босқич - Республиканинг барча туман ва шаҳарларида жорий йилнинг 1 майига қадар;

3 - босқич - Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда жорий йилнинг 20 майига қадар;

4 - босқич - Республика финал босқичи Тошкент шаҳрида жорий йилнинг июнь ойида.

3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги барча даволаш-профилактика муассасалари ва тармоқ касаба уюшмаси бошланғич ташкилотлари муассасаларда "Ҳамшира-2018" кўрик-танловини юқори савияда ўтказиш бўйича ўз қўшма қарорларини қабул қилсинлар.

Қўшма қарорлар билан:

- ҳар бир муассасада кўрик-танловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар режалари тасдиқлансин;

- танловни ташкил қилиш билан боғлиқ харажатлар ҳамда танлов иштирокчилари ва ғолибларини рағбатлантириш масалалари назарда тутилсин.

Кўрик-танлов ўтказилиши хақида туман (шаҳар)лар ҳокимларига ахборот берилсин ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш сўралсин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларига:

Кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари билан қўшма қарорларни қабул қилиш;

ҳудуддаги барча даволаш-профилактика муассасаларида ушбу қарор ижроси таъминланишини назорат қилиш;

танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар босқичларини юқори савияда ўтказилишини таъминлаш вазифаси юклатилсин.

Кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимларига тегишли ахборотлар киритилсин ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш сўралсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати (Ф.Санаев)га:

Кўрик-танловнинг барча даражадаги босқичлари маҳаллий ва Республика оммавий аҳборот воситаларида, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг нашрлари саҳифаларида, шунингдек интернет тизими ва телерадиоканалларда кенг ёритилиши ҳамда танлов хақида туркум материаллари бериб боришни таъминлаш топширилсин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамизда қолдирамиз.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири в.в.б Б. Юсупалиев

15 март 2018 й

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Ф. Ханапияев

15 март 2018 й

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ва

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг

2018 йил15 мартдаги 10-сонли ва 9-33 "с"-сонли Қўшма қарорига 1-илова

"Йилнинг энг яхши ҳамшираси" кўрик-танловининг НИ3ОМИ

1. Танловнинг

мақсади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 мартдаги "Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-4985-сонли Фармони ҳамда 2017 йил 29 мартдаги "Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2857-сонли Қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган Давлат дастурини амалиётга жорий этиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини сақлаш, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳамшираларнинг билим даражаларини ошириш хамда барча вилоятларда хизмат қилаётган ҳамширалар ўртасида ўзаро маданий дўстлик алоқаларини йўлга қўйиш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш кўрик танловнинг асосидир.

2. Кўрик танловга

раҳбарлик

Кўрик танловга умумий раҳбарлик қўшма қарорни имзоловчи ташкилотлар томонидан тасдиқланган ташкилий қўмита аъзолари томонидан амалга оширилади.

Кўрик танловнинг ўтказиш муддати, жойи, таркибини ташкилий қўмита белгилайди, ҳакамлар хайъатини тузади ва тасдиқлайди. Танловнинг ташкилий ва моддий таъминоти масалаларини ҳал қилади.

3. Кўрик танловнинг

умумий қоидалари

Кўрик танловда ўрта тиббий маълумотга эга бўлган ҳамда камида 3 йил тиббий иш стажига эга бўлган, 30 ёшдан ошмаган барча ҳамшира, акушерка ва фельдшерлар қатнашишлари мумкин.

Танловнинг ўтган йиллардаги иштирокчилари, жорий йилда қатнашиш ҳуқуқига эга эмас.

Танлов қуйидаги босқичларда ўтказилади:

1 - босқич – барча даволаш-профилактика муассасаларида;

2 - босқич - туман ва шаҳарлар даражасида;

3 - босқич - Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар даражасида;

4 - босқич – Республика финал босқичи.

Танловнинг ҳар бир босқичида номзодлар бўйича мазкур Низом шартлари асосида танлов ташкил қилинади.

Тақдим этилаётган номзодларни танлашда уларнинг билим даражалари, касбий малакаси, беморларга кўрсатаётган тиббий ёрдам сифати, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлиги ва тиббий маданиятини ошириш бўйича олиб бораётган ишлари инобатга олинади.

Танловнинг муассаса, туман (шаҳар) ва вилоят босқичларида фақат биринчиликни қўлга киритган ғолиблар кейинги босқичга йўлланма оладилар.

Ҳакамлар хайъатининг қарорлари қайта кўриб чиқилмайди ва муҳокама этилмайди.

Танловнинг барча босқичларида ғолиблар ва иштирокчилар ташкилотчилар томонидан тақдирланиб борилади.

Танловнинг Республика финал босқичида қатнашиш учун юбориладиган делегация таркиби 3 кишидан ортиқ бўлмаслиги (иштирокчи билан биргаликда) лозим.

Танловнинг босқичларида ғолиб деб тан олинган хамшира тўғрисида маълумотлар жамланмаси (биринчи раҳбар имзоси билан тасдиқланган тавсиянома, номзод фаолиятини ифодаловчи сон ва сифат кўрсаткичлар бўйича тавсифнома (аннотация), ўрнатилган шаклдаги маълумотнома (справка-объективка), 1 та 4х5 см бичимдаги рангли фотосурат) билан кейинги босқич ташкилий қўмитасига тақдим этилади.

3. Танлов шартлари

ва уларни баҳолаш

Танловнинг барча босқичларида танлов иштирокчилари 3 турдаги шартлар бўйича беллашадилар. Шартлар 10 баллик мезон асосида баҳоланади ва ҳар бир шартлар якунида барчага намойиш қилиш йўли билан қўйилади.

1-шарт. Тиббиёт соҳасига доир амалий билимлар кўриги

Ушбу шартлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида, унинг филиал ва субфилиалларида ўтказилади.

Мазкур кўрикда иштирокчилар назарий билимларини амалиётда кўрсата билишлари керак.

Тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган беморларни қабул қилиш, аҳволини баҳолаш ва шифокор томонидан буюрилган тиббий муолажаларни дори-дармон, тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида амалда бемор иштирокида бажарадилар ва бажарган муолажаларни тушунтириб берадилар. Иштирокчилар муолажаларни қандай бажарганлиги, дори-дармон, асбоб-ускуналардан тўғри фойдаланганлиги, топширилган вазифани бажаришнинг энг тўғри йўлини топганлиги, ўзини тута билиши ва жавобларига қараб баҳоланади.

2-шарт. Тиббиёт соҳасига доир назарий билимлар бўйича беллашув

Ушбу шарт ташкилий қўмита томонидан олдиндан тайёрлаб қўйилган ва махсус жиҳозланган аудиторияларда ўтказилади. Уни холис баҳолаш учун ҳудуддаги тиббиёт коллежлари ва тиббиёт олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари жалб этилади. Ҳакамлар ҳайъати уларни кузатиб турадилар.

Унда иштирокчиларнинг назарий билимлари объектив структурлашган клиник имтиҳон (ОСКИ) усулида, олдиндан тайёрланган билетлар саволларига жавоб олиш йўли билан синалади. Бу шартда иштирокчиларнинг амалий кўникмаларни ўзлаштириши, касбий маҳорат ва клиник фикрлаш даражаси баҳоланади.

ОСКИ 7 та йўналиш (шошилинч тез тиббий ёрдами, бирламчи патронаж тизими, репродуктив саломатлик ва акушерлик ёрдами, терапия, хирургия, педиатрия, гериатрия каби) фанларига ажратилган бўлиб, ҳар бир фан назария ва амалиётига алоҳида станция ажратилган ҳолда, жами 14 та станциядан иборат бўлади. Йўналишлар бўйича назарий билимлар – одам анатомияси ва физиологияси, касалликлар этиологияси, клиник белгиси, ҳамшира ташхиси ва профилактик чора-тадбирлар бўйича оғзаки жавоб беришни, амалий билимлар – ҳамширалик иш фаолиятидаги кўникмаларни амалда кўрсатиб беришни, тиббий асбоб ускуналар билан танишлик ва улардан фойдаланишни билиш даражасига қараб баҳоланади.

Ҳар бир имтиҳон олувчи синов якунидан сўнг иштирокчиларга қўйилган балларни махсус бланкларга кўчириб, шахсий имзоси билан тасдиқлаган ҳолда ҳакамлар ҳайъатига тақдим этади. Ҳар бир йўналиш назария ва амалиёти бўйича 5 баллдан, жами 10 баллик мезон билан баҳоланади.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан имтиҳон олувчилар тақдим этган баллар асосида иштирокчиларнинг ўртача баллари (ўнлик даражасигача) ҳисоблаб чиқилади.

3-шарт. Тиббий, ижтимоий - сиёсий билимларга

доир беллашув

Бу шарт зал ёки саройларда томошабинлар иштирокида тантанали тарзда ўтказилади.

Ушбу шартга чиқишдан олдин иштирокчилар "Ҳамшира ташрифи" бўйича чиқишлари лозим.

Иштирокчилар тиббий кийимда, оқ халатда бўлиб, ҳамшира ўзи, касби, яшаётган шаҳри, вилояти, меҳнат қилаётган тумандаги бунёдкорлик ишлари, бўлаётган ўзгаришлар, ислоҳотлар тўғрисида истаган шаклда маълумот бериши лозим. Ҳар бир иштирокчига 3 дақиқа вақт берилади.

Иштирокчининг бу чиқиши ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланмайди.

Бу шарт саволлари тури иккига бўлинади.

Биринчи савол мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий жараёнлар, соғлиқни сақлаш тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар, уларни амалга оширишда ҳамшираларнинг ўрни ва вазифаларига бағишланган савол бўлиб, иштирокчилар унга икки минут давомида жавоб беришлари лозим.

Ҳакамлар хайъати томонидан жавобнинг тўғрилиги ва тўхтовсизлигига аҳамият берилади.

Иккинчи савол блиц-саволлари бўлиб, унга кўра иштирокчилар ўзларига 1 дақиқа давомида берилган саволларга энг кўп ва тўғри жавоб беришлари лозим. Бу саволлар одам анатомияси, физиологияси, касаллик белгилари, ҳамширалик иши, тиббий хужжатлар, беморлар парвариши, тиббий асбоб ускуналар, шошилинч тиббий ёрдам, дори воситалари, юқумли касалликлар профилактикасига бағишланган бўлиши мумкин.

Ҳакамлар хайъати томонидан саволларга берилган жавобнинг энг кўп ва тўғри берилишига аҳамият берилади.

Бу икки турдаги саволлар блиц тур саволлари бўлиб, саволларга тайёрланиши учун вақт берилмайди.

4. Иштирокчилар ва ғолибларни рағбатлантириш

Танловнинг барча босқичларида танлов иштирокчилари ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланадилар. Танловнинг 1-босқичида III ўринни қўлга киритган иштирокчи энг кам иш ҳақининг 1 баробаридан, II ўринни қўлга киритган 1,5 баробаридан, I ўринни қўлга киритган иштирокчи 2 баробаридан кам бўлмаган миқдордаги қимматбаҳо совғалар ва тегишли дипломлар билан тақдирланади.

Танловнинг 2-босқичида III ўринни қўлга киритган иштирокчи энг кам иш хақининг 1,5 баробаридан, II ўринни қўлга киритган 2,0 баробаридан, I ўринни қўлга киритган иштирокчи 2,5 баробаридан кам бўлмаган миқдордаги қимматбаҳо совғалар ва тегишли дипломлар билан тақдирланади.

Танловнинг 3-босқичида III-ўринни қўлга киритган иштирокчи энг кам иш хақининг 2 баробаридан, II ўринни қўлга киритган 3 баробаридан, I ўринни қўлга киритган иштирокчи 4 баробаридан кам бўлмаган миқдордаги қимматбаҳо совғалар ва тегишли дипломлар билан тақдирланади.

Танловнинг Республика босқичи иштирокчилари энг кам иш хақининг 5 баробаридан кам бўлмаган эсдалик совғаси ва иштирокчи дипломлари билан, танловнинг Республика босқичида III ўринни қўлга киритган иштирокчи энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан, II ўринни қўлга киритган 20 баробаридан, I ўринни қўлга киритган иштирокчи 30 баробаридан кам бўлмаган миқдордаги қимматбаҳо совғалар ва махсус дипломлар билан тақдирланади. Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан танлов ғолибларини тиббиёт олий ўқув юртларига имтиҳонсиз қабул қилиш юзасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тавсиянома киритилади.

№ 13, 06.04.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.