Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Расмий хужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҚАРОРИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ОДАМНИНГ ИММУНИТЕТ ТАНҚИСЛИГИ ВИРУСИ КЕЛТИРИБ ЧИҚАРАДИГАН КАСАЛЛИК ТАРҚАЛИШИГА ҚАРШИ КУРАШИШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида:

1. 2018 йилда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш Давлат дастури (кейинги ўринларда Давлат дастури деб аталади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 июлдан бошлаб ОИВ инфекциясига ташхис қўйиш билан шуғулланувчи туманлараро диагностика лабораториялари ҳудудий ОИТСга қарши курашиш марказлари таркибига киритилади ва марказларга ушбу лабораторияларни молиялаштириш, моддий-техник таъминлаш ҳамда фаолиятига ташкилий-методик раҳбарлик қилиш юкланади.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролик жамоат ташкилотлари фаолияти ва ҳамкорлигини мувофиқлаштирсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Давлат дастурига киритилган тадбирларни амалга ошириш учун зарур маблағларни ажратсин;

келгуси йилларда ретровирусга қарши препаратлар ва ОИВ инфекциясини юқтирган шахсларни даволаш самарадорлиги мониторингини олиб бориш учун зарур бўлган тест-системалар билан таъминлашга Давлат бюджетидан маблағлар ажратиш босқичма-босқич ошириб борилишини назарда тутсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда ОИВ инфекцияси ва қўшимча касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш учун зарур бўлган диагностикумлар ва тест-системаларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича таклифлар киритсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда Давлат дастурида белгиланган тадбирлар ижроси устидан мониторинг олиб борилишини ва ҳар чоракда амалга оширилган тадбирлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоботлар тақдим этилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларни амалга ошириш учун халқаро ва хорижий ташкилотларнинг грант маблағларини жалб этиш бўйича зарур чоралар кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ОИВ инфекциясининг олдини олиш, ташхис қўйиш ҳамда даволаш соҳаларида илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бўйича тизимли ишларни олиб борсин, илмий ва инновацион тадқиқотлар натижалари соғлиқни сақлаш амалиётига татбиқ этилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Адлия вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда бир ой муддатда ОИВ инфекцияси юқиш хавфи юқори бўлган гуруҳлар, хусусан, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, маиший хизмат кўрсатиш муассасалари ходимлари орасида ОИВ инфекциясининг профилактикаси бўйича тушунтириш-тарғибот ишларини ҳамкорликда амалга ошириш шартлигини назарда тутувчи тартибни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли орасида ОИВ инфекциясининг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш масалалари бўйича ахборот-маърифий ишларни олиб борсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда бир ой муддатда ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича тармоқ режасини тасдиқласин ва бажарилишини таъминласин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:

даволаш-профилактика муассасалари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда стерилизация бўлимлари ва пунктларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий аппаратлар ва асбоб-анжомлар билан тўлиқ жиҳозлаш учун зарур маблағ ажратилишини назарда тутсин;

даволаш-профилактика муассасаларини бир маротаба ишлатиладиган тиббий асбоб-анжомлар, тест-системалар, диагностикумлар ва сарфловчи материаллар билан таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Ўзбекистон Республикасида 2018 йилда ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган Давлат дастурининг ижроси таҳлили натижалари бўйича 2019 йилда ОИВ инфекциясига қарши курашиш соҳасидаги комплекс чора-тадбирларни янада такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ушбу қарордан келиб чиққан ҳолда қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар тақдим этсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р. Қосимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ. Акмалов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2018 йил 25 январь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ "ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ОДАМНИНГ ИММУНИТЕТ ТАНҚИСЛИГИ ВИРУСИ КЕЛТИРИБ ЧИҚАРАДИГАН КАСАЛЛИК ТАРҚАЛИШИГА ҚАРШИ КУРАШИШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА"ГИ ҚАРОРИГА ШАРҲ

Мамлакатимизда кейинги йилларда ОИВ инфекцияси бўйича эпидемик вазиятнинг барқарорлашуви ва ОИВ инфекцияли шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдамнинг таъминланишига қарамасдан ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича бир қатор долзарб масалалар ўз ечимини кутмоқда.

Хусусан, ОИТСга қарши кураш марказлари ва туманлараро ОИВ диагностик лабораторияларининг моддий-техника базаси 2010 йилда янгиланганидан сўнг маънавий ва техник эскирган ҳолатга келган.

ОИТСга қарши кураш хизмати вазиятни "реал вақт" режимида таҳлил қиладиган ва ўз вақтида ҳамда самарали тадбирларни белгилашга имкон берадиган ягона маълумотлар базасига эга эмас.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан беморни вирусга қарши даволашни, касалликнинг босқичидан қатъи назар, касаллик аниқланган кундан бошлаш тавсия этилганлигига қарамасдан ҳозирги вақтда фақат 47 % ОИВ инфекцияли беморлар касалликнинг ривожланган босқичига келиб даволанмоқда.

Антиретровирус препаратларини харид этишга давлат бюджетидан маблағ ажратилмаганлиги сабабли, даволаш ишларида узилишлар бўлиши ва ОИВнинг антиретровирус препаратларига чидамли штаммлари пайдо бўлиш хавфи мавжуд.

ОИВ инфекциясининг онадан болага юқиши олдини олиш учун ОИВ инфекцияли оналардан туғилган чақалоқларни 6 ойлик бўлгунга қадар сунъий сут аралашмалари билан таъминлаш масаласи ҳал этилмаган.

Хавфли гуруҳлар орасида олиб борилаётган профилактик тадбирлар фақат донорлик маблағлари ҳисобига амалга оширилмоқда.

Кўрсатилган муаммолар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йилнинг 18 октябрида ўтказилган соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишнинг аҳволи ва келгусидаги вазифаларга бағишланган мажлисда муҳокама этилиб, ОИВ инфекциясига қарши кураш соҳасида кенг қамровдаги тадбирларга қаратилган Давлат дастурини ишлаб чиқиш топширилган.

Мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларини замонавий ва янги сифат даражасига олиб чиқиш мақсадида қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент Қарори қуйидаги йўналишдаги мажмуавий чора-тадбирларни амалга оширишни кўзда тутган:

ОИВ инфекциясининг тарқалиши сабаблари ва шароитларини ҳудудлар бўйича мунтазам таҳлил этиш, миллий анъана ва маънавий-ахлоқий асосларни инобатга олган ҳолда аҳолининг кенг қатламлари орасида мазкур касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича мажмуавий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;

ҳудудлар хусусиятларидан келиб чиқиб, маҳаллий молиявий, моддий ва кадрлар ресурслари сафарбар қилинишини кўзда тутувчи ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича ҳудудий чора-тадбирлар режаларини қабул қилиш;

мамлакатда ОИВ инфекцияси профилактикаси, ташхис қўйиш ва уни даволаш соҳаларида маҳаллий илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг натижаларини соғлиқни сақлаш амалиётига татбиқ этишни таъминлаш, шунингдек, соҳа бўйича етакчи хорижий илмий-тадқиқот марказлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш;

ОИВ инфекцияси ва ёндош касалликларни аниқлаш учун замонавий диагностикумлар ва тест-системаларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шу жумладан, инвестицияларни жалб этиш ва давлат-хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантириш;

кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, мазкур йўналишда етакчи халқаро таълим ва илмий муассасалар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтириш, ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликдаги илмий-амалий тадбирларни амалга ошириш;

юқори сифатли ретровирусга қарши дори воситаларини харид қилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш улушини босқичма-босқич ошириб бориш;

ОИВни юқтириб олганларни ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича тадбирларни кучайтириш, шунингдек, ОИВ инфекцияли оналардан туғилган болаларни қуруқ сут аралашмалари билан узлуксиз таъминлаш тизимини яратиш;

ОИТСга қарши кураш муассасаларининг, шу жумладан, туманлараро ОИВ диагностика лабораторияларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш;

ОИВ инфекциясига қарши курашиш бўйича фаолиятни тизимли таҳлил этиш ва тадбирларни режалаштириш учун тиббиёт муассасалари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш.

Ушбу қарорни қабул қилиш ва амалга ошириш орқали кутилаётган натижалар:

аҳолини ОИВ инфекциясига ва ёндош касалликларга текширувлар билан қамраб олишни амалга ошириш орқали мамлакатда ОИВ инфекцияси бўйича эпидемиологик вазият барқарорлашувини мустаҳкамлаш;

ОИВ инфекцияси диагностикаси ва даволаш тадбирлари самарадорлигини ошириш, ОИВ инфекцияли шахсларда касаллик ташҳиси тасдиқланиб, диспансер назоратига олинган вақтдан бошлаб махсус даволаш стратегиясини амалга ошириш мақсадида ОИВ инфекцияли шахсларни ретровирусга қарши терапия билан босқичма-босқич қамраб олишни давом эттириш;

ОИВ инфекциясининг онадан болага юқишига барҳам бериш ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бу борадаги сертификатига эга бўлиш;

ОИВга ихтиёрий маслаҳат ва тиббий текширувдан ўтиш қамровини ошириш ва касаллик олдини олишнинг янги услубларини татбиқ этиш, шу жумладан, олис ҳудудлар ва аҳоли гавжум жойларда кўчма лабораториялардан фойдаланиш, ОИВ масалалари бўйича индивидуал ва конфиденциал маслаҳатлар бериш учун "ишонч телефонлари"ни ташкил этиш, оммавий ахборот воситаларида ОИВ инфекцияси мавзусини ёритишнинг замонавий ёндашувларидан фойдаланиш, умумтаълим мактаблари, коллежлар ва олий таълим муассасалари ўқув дастурларига ОИВ инфекцияси масалаларини киритиш;

фуқаролик жамияти ташкилотлари, дин вакиллари етакчиларини ОИВ инфекциясига қарши курашиш соҳасидаги профилактика тадбирлари, ахлоқ-одоб мезонларини шакллантириш, хавфли хулқ-атвор шаклланишининг олдини олиш, ОИВ инфекцияси билан яшовчи шахсларга нисбатан бағрикенглик муносабатида бўлиш борасидаги ахборот-маърифий тадбирларга жалб этиш;

статистик маълумотларнинг аниқлиги ва сифатли тайёрланиши ҳамда тадбирларни самарали амалга ошириш учун ОИТСга қарши кураш хизматида ахборот алмашинувининг тезлиги ва самарадорлигини ошириш;

ОИВ инфекцияси диагностикасида ва беморларни даволашда сифатли, арзон диагностикумлар, тест-системалар ва реагентлар таъминотининг узлуксизлигини таъминлаш;

даволанишга муҳтож ОИВ инфекцияли шахсларни антиретровирус терапия билан қамраб олиш ва уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш;

давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларида фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг ОИВ инфекцияси масалалари бўйича малакасини ошириш;

аҳолининг ОИВ инфекцияси масалалари бўйича хабардорлигини ошириш ва уларда ОИВ инфекцияли шахсларга нисбатан бағрикенглик муносабатини шакллантириш.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши ОИВ инфекцияли шахсларни эрта аниқлаш, касаллик бошқаларга юқишининг олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларни тез амалга ошириш ва беморларни самарали даволаш ҳамда уларга зарур бошқа тиббий хизматларни кўрсатиш бўйича янги сифатли босқич бўлиб хизмат қилади ва мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамият олдида ОИВ инфекциясига қарши курашиш бўйича олган мажбуриятлари тўлақонли бажарилишини таъминлайди.

№ 4, 26.01.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.