Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Расмий хужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида

Қайд этилсинки, республикада соғлом болалар туғилиши, ҳомиладор аёллар ва чақалоқларда патологияни барвақт аниқлаш учун зарур шарт-шароитларни таъминлайдиган замонавий перинатал марказлар ҳамда "Она ва бола скрининг" марказлари тармоғи яратилди, туғруққа ёрдам берувчи ва педиатрия муассасаларининг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳияти мустаҳкамланди, туғма ва ирсий касалликларга ташхис қўйиш, даволаш ҳамда улар профилактикасининг замонавий усуллари жорий этилди.

2013-2017 йиллар даврида болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури доирасида барча "Она ва бола скрининг" марказлари ҳал қилиш имконияти юқори бўлган биокимёвий анализаторлар ва замонавий ультратовуш сканерлар билан жиҳозланди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика "Она ва бола скрининг" марказлари чақалоқларда ва кичик ёшдаги болаларда ирсий касалликларнинг кенг доирасига ташхис қўйиш учун юқори технологик анализаторлар – тандем масс-спектрометрлар билан жиҳозланди.

Амалга оширилаётган тадбирлар натижасида 1,1 миллиондан ортиқ ҳомиладор аёл текширувдан ўтказилди, бу 21 минг нафардан ортиқ ривожланишида туғма нуқсонлар бўлган бола туғилишининг олдини олиш имконини берди. 1,7 миллиондан ортиқ чақалоқ туғма ва ирсий касалликлар юзасидан текширилди, 2,7 минг нафар болага ривожланишнинг туғма нуқсонларини бартараф этиш юзасидан малакали тиббий ёрдам кўрсатилди.

Шу билан бирга, туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш бўйича профилактик ва даволаш-ташхис қўйиш тадбирларини, айниқса, қишлоқ жойларда бўлажак оналар ва болаларнинг соғлиғи ҳолати устидан патронаж тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, жаҳон амалиётига мувофиқ туғруққа ёрдам берувчи муассасаларнинг ва "Она ва бола скрининг" марказларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш талаб этилади.

Оналар ва болалар соғлиғини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялаш учун зарур шарт-шароитларни шакллантириш, ҳомиладор аёллар ва чақалоқларда патологияни барвақт аниқлаш давлат тизимини янада ривожлантириш, болаларда ногиронликни камайтириш, шунингдек, "Она ва бола скрининг" марказларининг кадрлар салоҳияти ва моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида:

1. 2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури (кейинги ўринларда Давлат дастури деб аталади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қуйидагилар Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин:

"Она ва бола скрининг" марказларини юқори технологик диагностика тиббиёт ускуналари, бутловчи буюмлар, реа-гент-лар ва зарур материаллар билан жиҳозлаш орқали уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойида аёлларни марказий кўп тармоқли туман (шаҳар) поликлиникаларида туғишдан олдин оммавий текшириш ва хавф гуруҳига кирадиган ҳомиладор аёлларда генетик синдромларни биокимёвий текширишни босқичма-босқич жорий этиш йўли билан ҳомилада туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш ва уларга барвақт ташхис қўйиш чора-тадбирларини такомиллаштириш;

ҳомилада ва кичик ёшдаги болаларда хромосом синдромлар диагностикасида лаборатория диагностикасининг замонавий усулларини, шу жумладан, цитогенетик ва молекуляр-цитогенетик технологияларни жорий этиш;

болаларда ирсий касалликларга барвақт ташхис қўйиш усулларини такомиллаштириш орқали чақалоқларни оммавий текшириш, шунингдек, бемор болаларни дори воситалари ва даволайдиган овқатлар билан таъминлаш орқали ирсий касалликларни даволаш самарадорлигини ошириш;

"Она ва бола скрининг" марказларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва амалий соғлиқни сақлашга замонавий жаҳон тажрибасини жорий этган ҳолда халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Нукус, Бухоро, Самарқанд ва Фарғонадаги "Она ва бола скрининг" марказларида минтақалараро цитогенетик лабораториялар ташкил этиш, уларни юқори технологик тиббиёт диагностика ускуналари билан жиҳозлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда яшаш жойларида, маҳаллаларда ва таълим муассасаларида туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш, соғлом оилани шакллантириш, она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш масалалари бўйича тушунтириш ва профилактика ишларини мунтазам ўтказиб борсин;

"Соғлом авлод учун" халқаро нодавлат хайрия жамғармаси билан биргаликда Давлат дастурининг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши ҳамда ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан мувофиқлаштириш ва назоратни таъминласин;

ҳар чоракда Давлат дастурининг бажарилиш жараёнини кўриб чиқсин ва зарурат бўлганда унинг самарали бажарилишини таъминлаш масалалари бўйича белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

5. Белгилансинки, Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, "Соғлом авлод учун" халқаро нодавлат хайрия жамғармаси ва халқаро молиявий ташкилотлар маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

6. Давлат дастурини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва "Соғлом авлод учун" халқаро нодавлат хайрия жамғармаси томонидан белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кириладиган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган юқори технологик диагностика тиббиёт ускунаси, бутловчи буюмлар, реагентлар, зарур материаллар, болалар даволовчи овқати, дори воситалари 2023 йил 1 январгача бўлган муддатда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно) озод қилинсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва "Соғлом авлод учун" халқаро нодавлат хайрия жамғармаси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан биргаликда аҳоли орасида туғма ва ирсий касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олиш зарурлиги тўғрисида кенг тушунтириш ишларини ташкил этсин.

8. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р. С. Касимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ. В. Акмалов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2017 йил 25 декабрь

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида"ги Қарорига ШАРҲ

Мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлат ижтимоий сиёсатининг стратегик йўналишларидан бири этиб белгиланди. Ўтган йилларда узоқ муддатли самарага – миллатнинг генофондини яхшилашга, оилада тиббий маданиятни, аҳоли ҳаёти сифатини оширишга ва узоқ умр кўришига эришиш мақсадида соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш юзасидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилди. Мана шу туфайли "Соғлом она – соғлом бола" концепцияси ҳамда Она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш миллий модели, шу жумладан, чет элда умум-эътироф этилди.

Чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида "Она ва бола скрининг" республика ва ҳудудий марказлари замонавий диагностика ва лаборатория ускуналари билан жиҳозланди, бу эса кенг доирадаги ирсий касалликларнинг профилактикаси ва уларни даволашни юқори даражага кўтариш, болаларнинг оғир ногиронликка ва ўлимга олиб келадиган ирсий касалликлар ва ривожланишдаги туғма нуқсонлар билан туғилиши хавфи даражасини камайтириш имконини берди.

2013-2017 йилларда соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини даражасида 2,1 миллиондан ортиқ ҳомиладор аёл текширилди, уларнинг 65 минг нафарида ҳомила ривожланишининг туғма нуқсонлари аниқланиши муносабати билан ҳомиладорлик тўхтатилди.

Скрининг марказларида 1,1 миллиондан ортиқ ҳомиладор аёл туғишгача бўлган давр текширувидан ўтказилди. Улардан ҳомиладорлик даври патологик кечган 210 минг нафардан ортиқ аёл дори-дармонлар билан даволанди. Умуман олганда, ҳомиладор аёлларни туғишдан олдин текшириш натижасида 21 минг нафардан ортиқ ривожланишида туғма нуқсонлар ва ирсий касалликлар бўлган бола туғилишининг олдини олиш имконини берди.

1,7 миллиондан ортиқ чақалоқлар гипотиреоз ва фенилкетонурия (туғма ва ирсий касалликлар) юзасидан текширилди. Ҳозирги вақтда 1407 нафар бемор диспансер назорати остида турибди, шундан кейинчалик ногиронликка олиб келиши мумкин бўлган прогрессив касалликларнинг олдини олиш мақсадида туғма гипотиреозга чалинган 1117 нафар бола доимий равишда бепул дори-дармонлар билан, 290 нафар фенилкетонурияга чалинган бола даволайдиган озиқ-овқат билан таъминланган.

Амалга оширилаётган тадбирлар натижасида туғма аномалияли болалар туғилишининг интенсив кўрсаткичи 2000 йилга нисбатан 1,8 бараварга камайди.

Шу билан бирга, тиббий генетика ривожланишининг ҳозирги босқичи бўлажак оналар ва болаларга ихтисослаштирилган юқори технологик ёрдам кўрсатиш учун скрининг марказларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашни, сифат жиҳатидан яхшилашни тақозо этмоқда.

Болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш, соғлом авлод туғилиши ва тарбияланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишига кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, туғруққа ёрдам берувчи муассасалар ва скрининг марказларининг кадрлар салоҳияти ва моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида"ги Қарори қабул қилинди.

Қарор қуйидагиларни назарда тутади:

юқори технологик диагностика тиббиёт ускуналари, бутловчи буюмлар, реагентлар ва зарур материаллар билан жиҳозлаш орқали скрининг марказларининг моддий-техника базасини яхшилаш;

ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойида аёлларни марказий кўп тармоқли туман (шаҳар) поликлиникаларида туғишдан олдин оммавий равишда текшириш ва хавф гуруҳига кирадиган ҳомиладор аёлларни генетик синдромларга биокимёвий текширишни босқичма-босқич жорий этиш йўли билан ҳомилада туғма ва ирсий касалликлар профилактикаси ва барвақт ташхис қўйиш чора-тадбирларини такомиллаштириш;

лаборатория диагностикасининг замонавий усулларини, шу жумладан, ҳомилада ва кичик ёшдаги болаларда хромосом синдромларга ташхис қўйишда цитогенетик ва молекуляр-цитогенетик технологияларни жорий этиш;

болаларда ирсий касалликларга барвақт ташхис қўйиш усулларини такомиллаштириш орқали чақалоқларни оммавий текшириш, шунингдек, бемор болаларни дори воситалари ва даволайдиган овқатлар билан таъминлаш орқали ирсий касалликларни даволаш самарадорлигини ошириш;

скрининг марказларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва амалий соғлиқни сақлашга замонавий жаҳон тажрибасини жорий этган ҳолда халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

Давлат дастурида белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун 31 миллион АҚШ доллари ва 90 миллион сўм ажратиш режалаштирилмоқда, улардан 28 миллион 460 минг АҚШ доллари Давлат бюджети маблағлари, 90 миллион сўм ва 2 миллион АҚШ долларидан зиёди "Соғлом авлод учун" халқаро нодавлат хайрия жамғармаси маблағларидир.

Давлат дастурини амалга ошириш:

шаҳарлар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларининг марказий кўп тармоқли поликлиникаларида ҳомиладор аёлларнинг туғишидан олдин оммавий ультратовуш текширувидан ўтказилишини жорий этиш;

ҳомиланинг генетик синдроми бўйича хавф гуруҳини аниқлаш учун ҳомиладорликнинг эрта муддатларида аёллар қонини босқичма-босқич биокимёвий текширувдан ўтказиш (220 минг нафардан ортиқ ҳомиладор аёлни текшириш режалаштирилмоқда);

310 минг нафардан ортиқ аёлларни ҳомиладорликнинг иккинчи уч ойлигида туғишгача биокимёвий скринингдан ўтказиш;

тандем масс-спектрометрия усули билан ирсий алмашинув касалликларини тасдиқлаш учун болаларни текшириш (18 мингдан ортиқ текширув);

ривожланишида туғма ногиронликка олиб келадиган нуқсонлари бўлган болалар туғилишини икки баравар камайтириш имконини беради.

Бундан ташқари, диспансер ҳисобида турган ва янгидан ҳисобга олинган ирсий касалликларга чалинган болаларни махсус даволайдиган озиқ-овқат ва дори-дармонлар билан таъминлаш давом эттирилади.

Режалаштирилаётган тадбирларни амалга ошириш янги туғилган чақалоқларни скрининг текширувидан ўтказишни 95 фоизгача ошириш ва болалар ногиронлигига олиб келадиган ирсий касалликларга чалинган болаларни барвақт аниқлаш бўйича диагностика ва даволаш тадбирларининг самарадорлигини ошириш имконини беради.

Барчага маълумки, соғлом она ва бола – жамиятнинг таянчи, шу сабабли соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, энг аввало, оналар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлашга йўналтирилган.

№ 1, 05.01.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.