Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Расмий хужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҚАРОРИ

ПРОТЕЗ-ОРТОПЕДИЯ БУЮМЛАРИ ВА РЕАБИЛИТАЦИЯ ТЕХНИК ВОСИТАЛАРИНИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ҲАМДА ТИББИЙ-ИЖТИМОИЙ МУАССАСАЛАРНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИКА БАЗАСИНИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

Ўтган давр мобайнида республикада ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва имконияти чекланган болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам беришни ташкил этишнинг таъсирчан тизими шакллантирилди.

Фақатгина 2017 йилда 11 та тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди, 15 минг нафар ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахслар тиббий-ижтимоий ёрдам билан қамраб олинди, қарийб 21 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия буюмлари билан таъминланди, 35 минг нафар шахслар санаторияларда соғломлаштириш курсларидан ўтди, 20 минг нафардан зиёд шахсга реабилитация хизматлари кўрсатилди.

Шу билан бирга, тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базаси ва инфратузилмасининг етарли даражада ривожланмаганлиги уларга ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини қабул қилишни кенгайтиришга, илғор тиббий-ижтимоий реабилитация услубларини жорий қилишга имкон бермаяпти.

Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришда қўлланилаётган технологиялар жисмонан ҳамда маънан эскирган, ушбу соҳада етарли даражада инновацион технологиялар жорий этилмаяпти ва илмий-тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ривожлантирилмаяпти.

Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқариш технологияларини такомиллаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5270-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Қуйидагилар аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация чораларининг самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, тиббий-ижтимоий муассасаларни қуриш ҳамда реконструкция қилишнинг замонавий услубларини жорий этиш орқали аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини қабул қилиш бўйича уларнинг имкониятларини кенгайтириш;

тиббий-ижтимоий муассасалар ва ўқув-меҳнат устахоналарини замонавий диагностика қилиш, даволаш, спорт ускуналари ва техник воситалар билан жиҳозлаш;

маҳаллий ишлаб чиқариладиган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг сифатини яхшилаш ҳамда уларнинг турларини кенгайтириш;

протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришнинг янада ривожланишини таъминлайдиган кучли илмий ҳамда методологик базани яратиш;

тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш соҳасида илмий тадқиқотларни чуқурлаштириш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришнинг халқаро стандартларини кенг жорий этиш.

2. Қуйидагилар:

2018-2022 йилларда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар (кейинги ўринларда Комплекс чора-тадбирлар деб юритилади) 1-иловага мувофиқ;

2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий-ижтимоий муассасаларини қуриш ва реконструкция қилишни молиялаштиришнинг асосий параметрлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. 2021 йил 1 январга қадар муддатга:

корхоналар бўшаётган маблағларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва уларга сервис хизмати кўрсатиш, эҳтиёт қисмларни харид қилиш, ишлаб чиқариш қувватини ошириш, бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилишга, шунингдек, корхонанинг протезчи мутахассисларини ўқитиш (тайёрлаш, қайта тайёрлаш) ва малакасини оширишга мақсадли йўналтирган ҳолда, протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг ишлаб чиқарилган ҳажми бўйича ягона солиқ тўлови ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан (ягона ижтимоий тўловдан ташқари);

протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий-ижтимоий муассасалари белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, инструментлар ва приборлар, компьютер ҳамда диагностика ускуналари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимидан ташқари) озод қилинсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, "Ўзстандарт" агентлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

маҳаллий ишлаб чиқариладиган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари турларини кенгайтириш ва уларнинг сифатини яхшилаш масалаларини ўргансин, шунингдек, лойиҳаларнинг кейинчалик республикада, жумладан, эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари ҳудудида амалга оширилишини таъминласин;

Комплекс чора-тадбирларда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқарувчи етакчи хорижий корхоналарни, чет эл инвестицияларини, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат жамғармалари ва ташкилотларининг грантлари, кредитлари ҳамда мақсадли маблағларини жалб қилиш бўйича зарур чора-тадбирларни кўрсин.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлигига мазкур банд билан юклатилган вазифаларни бажаришда тўлиқ кўмаклашсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига тижорат банклари ва Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва уларга сервис хизмати кўрсатиш, эҳтиёт қисмларни харид қилиш, ишлаб чиқариш қувватини ошириш, бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш, шунингдек, протезчи мутахассисларни ўқитиш (тайёрлаш, қайта тайёрлаш) ва уларнинг малакасини ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси бўйича кредит бериш тавсия этилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Комплекс чора-тадбирларнинг ўз вақтида ижро этилиши устидан танқидий таҳлил ва таъсирчан назорат олиб борилишини таъминласин, бунда қуйидаги устувор вазифаларнинг бажарилишига алоҳида эътибор қаратсин:

ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, Мурувват ва Саховат интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш;

тиббий-ижтимоий муассасаларнинг аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини қабул қилиш бўйича имкониятларини кенгайтириш;

ишлаб чиқарилаётган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг сифатини яхшилаш ва уларнинг турларини кенгайтириш.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда 2018-2022 йилларда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича ҳудудий комплекс чора-тадбирларни уларнинг ижро муддатлари, масъул ижрочилари, шунингдек, молиялаштириш манбаларини аниқ кўрсатган ҳолда ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда тегишли даврлар учун лойиҳалар портфелларини ишлаб чиқишда уларда шакллантириладиган Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларига кейинчалик лойиҳаларни киритиш учун бюджет маблағлари ҳисобига ажратиладиган марказлаштирилган инвестициялар лимитлари доирасида амалга ошириладиган, мазкур қарорнинг 2-иловасига мувофиқ тиббий-ижтимоий муассасаларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини назарда тутсин;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда протезчи мутахассисларга бўлган эҳтиёжни ўргансин ҳамда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий маълумотли протезчи мутахассисларни тайёрлаш бўйича таклиф киритсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ушбу қарор ижросининг бориши тўғрисидаги ахборотнинг ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда тиббий-ижтимоий муассасаларнинг биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш тадбирларини молиялаштиришнинг амалдаги тартиби танқидий қайта кўриб чиқилишини таъминласин ҳамда мазкур соҳада ортиқча тартиб-таомилларни чиқариб ташлаш, ишларнинг шаффофлигини таъминлаш ва сифатини янада ошириш бўйича аниқ таклифларни киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги "Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-2705-сон қарорида:

2-бандининг учинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;

6 ва 7-бандлари, шунингдек, 2-иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р. С. Қосимов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О. Б. Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б. М. Мавлонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2018 йил 20 июнь

№ 26, 29.06.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.