Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Расмий хужжатлар

ИЖРО МАСЪУЛИЯТИ ИСЛОҲОТЛАР САМАРАДОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАЙДИ

Бугунги кунда мамлакатимизда тиббиёт соҳасига бўлган эътибор ҳар қачонгидан ҳам юқори босқичга чиқди. Бунинг натижасида амалга оширилаётган ислоҳотлар эса соҳа тараққиётини такомиллаштириш, тизимдаги мавжуд муаммоларни босқичма-босқич бартараф этишга хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг 9 январь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида ўтказилган видеоселектор тарзидаги йиғилиш ҳам айни шу масалаларнинг таҳлили, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ва олдинда турган вазифалар муҳокамасига бағишланди. Тадбирни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов кириш сўзи билан очиб, мамлакатимиз тиббиёти ривожланишида ўзаро муносабатларни кучайтириш, бу борада ҳамкорликда фаолият олиб бориш мақсадида ташриф буюрган Корея Республикаси мутахассиси, профессор Юн Тэк Рим Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири маслаҳатчиси лавозимига тайинланганлиги ҳамда соғлиқни сақлаш тизимининг бир гуруҳ намояндалари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг юксак унвони – академик даражасига сазовор бўлганлигини эълон қилиб, бутун жамоа номидан самимий қутлади. Ўз ўрнида хорижлик мутахассис ҳам билдирилган ишонч учун миннатдорлик изҳор қилиб, бу масъулиятли вазифани сидқидилдан адо этишга тайёр эканлигини айтди.

Юн Тэк РИМ,

Жанубий Корея Миллий шифохоналари ассоциацияси раиси, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг маслаҳатчиси:

– Аввало, мамлакатингизга ташрифим ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирига маслаҳатчи лавозимига таклиф этгани учун давлатингиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорлигимни билдираман. Мана, 30 йилдирки фаолиятим давомида дунё миқёсидан Корея Республикасига ташриф буюрган травматолог, ортопед, хирург мутахассисларининг университетимизда малака оширишига кўмаклашдим. Шунингдек, хориж мамлакатлари аҳолисининг яшаш тарзи, у ернинг соғлиқни сақлаш соҳаси тараққиёти, тиббий муолажалар тартиби, фан янгиликларига қизиқишим боис, кўплаб чет давлатларда бўлишга ҳаракат қилдим, изландим, ўргандим. Шулар қаторида мамлакатингизга ҳам бир неча бор келганман ва ўзим учун зарурий хулосаларни тўплаганман. Қолаверса, мамлакатингиз корейс миллати кўп яшайдиган давлат ҳисобланади. Халқларимиз ўртасида ҳам ўхшаш жиҳатлар талайгина. Бундан ташқари, давлатларимизнинг ўзаро ҳамкорлик ришталари узоқ йиллардан бери давом этиб келади. Президентингиз Корея Республикасига ташрифи мобайнида мамлакатимиз бош вазири ҳамда парламент аъзолари билан ўтказилган учрашувларда Ўзбекистон тиббиётини янада такомиллаштириш, бу борада Корея тажрибаси намуна қилиб олиниши хусусида фикр юритганларида бу воқеа ўзаро ҳамкорлик алоқаларимизни янги босқичга олиб чиқишини инобатга олган ҳолда мазкур жараёнда, албатта, иштирок этишимиз зарур деган хулосага келдик. Айтиш керакки, олдимизда турган мақсадларимиз ўзига хос меҳнат-машаққат баробарида муайян вақтни ҳам талаб қилади. Бунда энг асосий вазифа ишларни тўғри йўлга қўя олишдан иборатдир. Яъни, биринчи навбатда мутахассислар малакасини ошириш, энг илғор юқори технологияли ускуналарни жалб қилиш бўлса, яна бир масала – бу ана шундай имкониятларга эга шифохона ташкил қилиш ҳамда тиббий суғуртани ривожлантириш зарур. Шу боис, Соғлиқни сақлаш вазири билан шулар тўғрисида атрофлича фикрлашдик. Биламан, асосий мақсадга эришишимиз осон бўлмайди, лекин мамлакатингиз шифокорлари билан ҳамжиҳатликда барчасини уддалаймиз деган умиддаман.

Шундан сўнг кун тартибига киритилган асосий масалалар – Президентимизнинг парламентга мурожаати ва унда келтирилган тизимга оид вазифалар, улар ижросини таъминлаш борасида вазирликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокамасига ўтилди. Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазири Ўзбекистон Республикаси Президентининг парламентга мурожаатномаси ижроси бўйича ишлаб чиқилган "Йўл харитаси"га асосан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йилга мўлжалланган иш режасини ўқиб эшиттирди. Унда келтирилганидек, бирламчи тиббий-санитария хизмати бўйича қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда кўп тармоқли марказий поликлиникаларни таъмирлаш ва жиҳозлаш, ҳисобот ҳужжатлари юритилиши, уларнинг электрон шаклини яратиш, штатлар жадвалини қайта кўриб чиқиш, поликлиникаларда скрининг хоналарини ташкил этиш ва уларни зарурий ускуналар билан жиҳозлаш, касалликлар, айниқса, ижтимиоий касалликларни эрта аниқлаш ҳамда аҳоли ўртасида тиббий маданият ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, ихтисослаштирилган тиббий хизмат бўйича уларнинг вилоятлардаги филиаллари фаолиятини йўлга қўйиш, вилоят ва туманларда ихтисослашган бўлимларни ташкил этиш, ихтисослаштирилган марказларнинг ҳудудлардаги фаолиятини янада такомиллаштириш, телемедицина тизимини жорий қилиш, халқаро ҳамкорликлар кўламини кенгайтириш, ҳар бир марказ ихтисослиги бўйича бошқарув менежментининг янги тизимини яратиш каби олдинда турган вазифалар хусусида сўз юритди. Бундан ташқари, шошилинч тиббий ёрдам хизмати бўйича тегишли нормативларни кўриб чиқиш, келгусида ҳар 20 километр масофага битта тез ёрдам машинасини қўйиш, дори-дармон билан боғлиқ камчиликларни бартараф қилиш, шунингдек, тез ёрдам машиналарини зарурий жиҳозлар – алоқа воситалари ҳамда диспетчерлик хизмати билан тўлақонли таъминлаш чораларига тўхталди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизими бўйича туманларда болалар реанимация бўлимларини жорий қилиш, туғруқ комплексларини таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш масалалари, туманларда барча шароитлар яратилган 46 та перинатал марказларини ташкил этиш, бундан ташқари, жойлардаги барча скрининг хизмати фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чоралари кўрилишини ҳам айтиб ўтди. Санитария-эпидемиология хизмати бўйича ўткир турдаги юқумли касалликларни бартараф этиш мақсадида профилактика назоратини кучайтириш, соғлиқни сақлаш бошқармалари олдида турган вазифалар тўғрисида ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш, барча муассасаларни рўйхатдан ўтказиш, зарурий биноларни таъмирлаш, ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан тегишли чораларни кўриш вазифалари юклатилди.

Шундан сўнг йиғилиш кун тартибига киритилган навбатдаги масала муҳокамасига ўтилди. Жумладан, вазирликнинг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Марат Содиқов сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан 2017 йил 25 декабрда қабул қилинган "2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида"ги Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида тизимда амалга оширилиши лозим бўлган масалалар хусусида маълумот берди. Бу борада жойларда йўлга қўйиладиган фаолиятлар тўғрисида фикр юритди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 декабрда эълон қилинган "Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида"ги Қарори ва унинг ижроси доирасида жорий йилда олиб бориладиган ислоҳотлар юзасидан вазирликнинг Лицензиялаш ва нодавлат тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Раҳимқулов ахборот берди.

Тадбир сўнгида ўқиб эшиттирилган маърузалар мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, тизим фаолиятига татбиқ этиладиган амалиётлар, зарурий чора-тадбирлар ижросига ҳар бир тиббиёт ходими жиддий масъулият билан ёндашиши лозимлиги айтиб ўтилди. Энг асосийси, олдинда турган вазифаларнинг барчаси, аввало, аҳоли саломатлигини асраш ва мамлакатимиз нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

Суратлар муаллифи Акром АБДУЛЛАЕВ.

№ 2, 12.01.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.