Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Расмий хужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 сентябрдаги 736-сон "Давлат тиббиёт ташкилотларининг тиббиёт кадрларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакаси ва касб кўникмаларини оширишни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги давлат тиббиёт ташкилотларининг тиббиёт кадрларини хорижий етакчи тиббиёт ва илмий муассасаларга қайта тайёрлаш ҳамда малака ошириш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва касб кўникмаларини оширишга юбориш учун жорий йилнинг 1 декабридан 2018 йилнинг 1 январигача танлов эълон қилади

Танловда иштирок этиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

а) Ҳайъат раиси номига таълимнинг шакли ва йўналиши кўрсатилган, белгиланган тартибдаги ариза;

б) белгиланган шаклдаги маълумотнома – объективка (анкета);

в) давлат тиббиёт ташкилоти раҳбарининг номзодни хорижий тиббиёт ва илмий муассасаларда қайта тайёрлаш ва малака ошириши зарурлиги кўрсатилган тавсияномаси;

г) олий таълим муассасасини тугатганлигини тасдиқловчи диплом нусхаси;

д) илмий даражаси ва илмий унвонини тасдиқловчи дипломларнинг нусхаси (агар мавжуд бўлса);

д) меҳнат дафтарчаси нусхаси;

е) паспорт нусхаси;

ж) ҳарбий билет ёки чақирув гувоҳномаси нусхалари;

з) ўрнатилган ҳажмдаги фотосуратлар (Ҳайъат томонидан белгиланади);

и) чет тилидан билим даражасини белгиловчи амалдаги миллий ёки халқаро сертификат (Миллий квалификация сертификати, IELTS, TOEFL ва шу кабилар), агар мавжуд бўлса.

Танловда иштирок этиш учун ҳужжатлар тиббиёт ходими меҳнат қилаётган давлат тиббиёт ташкилоти кадрлар бўлими томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари кадрлар бўлимига тақдим этилади.

Тиббиёт олий таълим муассасалари, ихтисослаштирилган, илмий-амалий тиббиёт марказлар, илмий-текшириш институтлари томонидан танловда иштирок этиш истагини билдирган мутахассислар ҳужжатлари кадрлар бўлими томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ишчи органи – Кадрлар бошқармасига тақдим этилади.

Танловда иштирок этувчилар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Тақдим этилган ҳужжатларда камчиликлар мавжуд бўлса, Ҳайъатнинг ишчи органи томонидан давлат тиббиёт ташкилотига аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш муддати кўрсатилган хабарнома юборилади.

Камчилик хабарномада белгиланган муддатда бартараф этилмаса номзод танловга қўйилмайди.

Мурожаат учун телефонлар: (0371) 239-48-36, 244-12-02, 241-18-70, 241-54-54.

Давлат тиббиёт ташкилотларининг тиббиёт кадрларини хорижий етакчи тиббиёт ва илмий муассасаларга қайта тайёрлаш ҳамда малака оширишга юбориш учун танлов асосида танлаб олиш, шунингдек, республикага етакчи хорижий тиббиёт ҳамда илмий муассасалардан таклиф этиладиган малакали хорижий тиббиёт мутахассисларининг рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 сентябрдаги 736-сон "Давлат тиббиёт ташкилотларининг тиббиёт кадрларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакаси ва касб кўникмаларини оширишни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ давлат тиббиёт ташкилотларининг тиббиёт кадрларини хорижий етакчи тиббиёт ва илмий муассасаларга қайта тайёрлаш ҳамда малака оширишга юбориш учун танлов асосида танлаб олиш, шунингдек, республикага етакчи хорижий тиббиёт ҳамда илмий муассасалардан таклиф этиладиган малакали хорижий тиббиёт мутахассисларининг рўйхатини шакллантириш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом талаблари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги давлат тиббиёт ташкилотларининг (бундан кейин – давлат тиббиёт ташкилоти) тиббиёт кадрларига ҳамда республикага етакчи хорижий тиббиёт ҳамда илмий муассасалардан таклиф этиладиган малакали хорижий тиббиёт мутахассисларига нисбатан татбиқ этилади.

Давлат тиббиёт ташкилотларининг тиббиёт кадрларини (бундан кейин – тиббиёт кадрлари) хорижий етакчи тиббиёт ва илмий муассасаларга қайта тайёрлаш ҳамда малака оширишга юбориш учун танлов (бундан кейин – танлов), шунингдек, республикага етакчи хорижий тиббиёт ҳамда илмий муассасалардан таклиф этиладиган малакали хорижий тиббиёт мутахассисларининг рўйхатини шакллантириш тиббиёт кадрларини илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва хорижий тиббиёт мутахассисларини жалб этиш асосида уларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакаси ва касб кўникмаларини оширишни самарали ташкил этиш мақсадида ташкил этилади.

Танлов Тиббиёт мутахассисларини саралаш бўйича ҳайъат томонидан (кейинги ўринларда – Ҳайъат) ўтказилади.

2. Ҳайъат таркиби, шунинг-дек, унинг ишлаш тартиби Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан тасдиқланади. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Кадрлар бошқармаси Ҳайъатнинг ишчи органи бўлиб ҳисобланади.

2-боб. Хорижий тиббиёт ва илмий муассасаларга қайта тайёрлаш ҳамда малака оширишга юбориш бўйича танловда қатнашиш учун ҳужжатларни қабул қилиш тартиби

3. Танлов тўғрисидаги эълон Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан саралаш ўтказилишидан бир ой олдин оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг интернет-нашрлари ва веб-сайтига жойлаштирилади.

Танловни ўтказиш ҳақидаги эълонда қуйидаги маълумотлар бўлиши зарур:

саралаш танловини ўтказиш муддатлари ва жойи;

аризаларни қабул қилиш муддатлари ва жойи;

танлов иштирокчиларига қўйиладиган талаблар;

зарур ҳужжатлар рўйхати;

боғланиш учун телефонлар ва электрон манзиллар.

4. Танловда иштирок этиш учун ҳужжатлар Ҳайъатнинг ишчи органига тиббиёт кадри меҳнат қилаётган давлат тиббиёт ташкилоти томонидан тақдим этилади.

Ҳайъатга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

а) Ҳайъат раиси номига таълимнинг шакли ва йўналиши кўрсатилган, белгиланган тартибдаги ариза;

б) белгиланган шаклдаги маълумотнома – объективка (анкета);

в) давлат тиббиёт ташкилоти раҳбарининг номзодни хорижий тиббиёт ва илмий муассасаларда қайта тайёрлаш ва малака ошириши зарурлиги кўрсатилган тавсияномаси;

г) олий таълим муассасасини тугатганлигини тасдиқловчи диплом нусхаси;

д) илмий даражаси ва илмий унвонини тасдиқловчи дипломларнинг нусхаси (агар мавжуд бўлса);

д) меҳнат дафтарчаси нусхаси;

е) паспорт нусхаси;

ж) ҳарбий билет ёки чақирув гувоҳномаси нусхалари;

з) ўрнатилган ҳажмдаги фотосуратлар (Ҳайъат томонидан белгиланади);

и) чет тилидан билим даражасини белгиловчи амалдаги миллий ёки халқаро сертификат (Миллий квалификация сертификати, IELTS, TOEFL ва шу кабилар) агар мавжуд бўлса.

5. Тақдим этилган ҳужжатларда камчиликлар мавжуд бўлса, Ҳайъатнинг ишчи органи томонидан давлат тиббиёт ташкилотига аниқланган камчиликларни ва уларни бартараф этиш муддати кўрсатилган хабарнома юборилади. Камчилик хабарномада белгиланган муддатда бартараф этилмаса номзод танловга қўйилмайди.

3-боб. Хорижий тиббиёт ва илмий муассасаларга қайта тайёрлаш ҳамда малака оширишга юбориш учун мутахассисларни

саралаш танловини ўтказиш

6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар йили 1 декабргача давлат тиббиёт ташкилотлари диққатига хорижий тиббиёт ва илмий муассасаларда қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун мутахассисларни танлов асосида саралашнинг бошланиши ҳақида маълумот беради.

Давлат тиббиёт ташкилотлари томонидан тақдим этилган ҳужжатлар Ҳайъатнинг ишчи органи томонидан ўрганиб чиқилади. Танлов бўйича Ҳайъат мажлислари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган жадвалга мувофиқ ўтказилади. Танлов ўзбек ва рус тилларида олиб борилади.

7. Номзодларни танловдан ўтказиш икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда мутахассислик бўйича чет тилини билиш даражаси, чет тилида таҳлил қила олиш қобилияти, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини (МДҲ давлатларига юборилаётган номзодлар учун рус тилини билиш мажбурий) эгаллаганлигини баҳолаш бўйича тест синовлари ўтказилади.

Чет элнинг таълим ва илмий муассасалари талаблари даражасида чет тилини билишини тасдиқловчи амалдаги халқаро ёки миллий сертификатга эга номзодлар чет тили синовларидан озод қилинадилар. Уларга чет тилидан тўпланиши мумкин бўлган баллнинг юқориси қўйиб берилади.

8. Тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Врачлар ва фармацевтларни аттестациядан ўтказиш ва уларга лицензия бериш Республика маркази томонидан ўтказилади.

Иккинчи босқичда Ҳайъат аъзолари томонидан қуйидагиларни аниқлаш бўйича суҳбат ўтказилади:

номзодни соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсади, вазифалари, моҳияти ва мазмунидан хабардорлиги;

номзоднинг тегишли тиббиёт ихтисослиги бўйича касбий кўникмаларга эгалиги;

хорижий тиббиёт ва илмий муассасалар талабларига мослиги.

9. Танловнинг биринчи ва иккинчи босқичларидан ўтиш учун номзоднинг тўплаган баллари йиғиндиси 70 баллдан кам бўлмаслиги, шу жумладан, тест натижаси 40 баллдан кам бўлмаслиги керак. Танловнинг ҳар икки босқичида энг кўп балл тўплаган номзод танловдан муваффақиятли ўтган деб ҳисобланади.

10. Хорижий тиббиёт ва илмий муассасаларга қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун юбориш бўйича ўтказилган танлов якунлари Ҳайъат баённомаси билан расмийлаштирилади ва Ҳайъат раиси томонидан тасдиқланади.

11. Мутахассисларни хорижий тиббиёт ва илмий марказларда қайта тайёрлаш ва малака оширишга юбориш бўйича танлов натижалари ўн кун ичида эълон қилинади ҳамда эълон қилинган куннинг эртасидан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг веб-сайтига жойлаштирилади.

12. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги йилнинг 20 январь санасига қадар давлат тиббиёт ташкилотларининг тиббиёт кадрларини хорижий тиббиёт ва илмий марказларда қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича режа-жадвалини тузиб, тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.

13. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, унинг ҳудудий органлари, давлат тиббиёт ташкилоти ҳамда танловдан ўтган мутахассис ўртасида уч томонлама шартнома (кейинги ўринларда – уч томонлама шартнома) тузилади. Мазкур шартномада қайта тайёрлашдан ўтиш ва малака ошириш шартлари ҳамда мутахассиснинг ишлаб бериш бўйича мажбуриятлари кўрсатиб ўтилади.

14. Мутахассиснинг хорижий тиббиёт ва илмий марказда қайта тайёрлашдан ўтиши ва малакасини ошириши мобайнида унинг асосий иш жойи сақланиб қолади.

4-боб. Хорижий тиббиёт ва илмий марказларда қайта тайёрлашдан ўтган ва малака оширган мутахассисларнинг мажбуриятлари

15. Хорижий тиббиёт ва илмий марказларда қайта тайёрлашдан ўтган ёки малакасини оширган мутахассисга ихтисослиги бўйича 3 (уч) йил муддат ўзи ишлаган давлат тиббиёт ташкилотида ишлаб бериш мажбурияти юклатилади.

16. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ушбу мутахассисни шу минтақадаги ёки бошқа минтақадаги давлат тиббиёт ташкилотига юбориши мумкин.

17. Мутахассис давлат тиббиёт ташкилотида меҳнат фаолиятини давом эттиришдан бош тортса ёки тўлиқ ишлаб бермаса (шу қаторда йўлланма бўйича ҳам) хорижда қайта тайёрлашдан ўтиш ёки малака ошириш учун сарфланган маблағларни тўлаб бериши шарт.

18. Ишлаб бериш ва сарф-харажатларни ундириш тартиби уч томонлама шартномада белгилаб берилади.

19. Мутахассиснинг тегишли давлат тиббиёт ташкилотида меҳнат фаолиятини давом эттира олмаслигининг сабаблари узрли ёки узрли эмаслиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳал этилади.

5-боб. Апелляция шикояти бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби

20. Мазкур Низом талабларига риоя қилиш, шунингдек, суҳбат ва тест синовларини ўтказиш натижалари бўйича тушган шикоятларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида апелляция комиссияси (бундан кейин – Комиссия) тузилади.

21. Комиссия таркиби ва иш регламенти Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири томонидан тасдиқланади. Ҳайъат аъзолари ҳамда танловда иштирок этган шахслар апелляция комиссияси таркибига киритилмайди.

22. Комиссияга шикоят танлов натижалари расмий эълон қилингандан сўнг уч кун мобайнида берилади.

23. Апелляция шикояти Комиссия томонидан етти кун ичида номзод иштирокида, зарур ҳолларда суҳбат ўтказган Ҳайъат аъзоларини, тест синовларини ўтказишга масъул бўлган ходимларни ва холис мутахассисларни таклиф этган ҳолда кўриб чиқилади. Апелляция шикоятида кўрсатилган важлар Комиссия томонидан танлов материаллари асосида ўрганилади. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижаси бўйича шикоятни қаноатлантириш ёки рад этиш юзасидан қарор қабул қилинади.

24. Комиссия қарори устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.

6-боб. Республикага етакчи хорижий тиббиёт ҳамда илмий муассасалардан таклиф этиладиган малакали хорижий тиббиёт мутахассисларининг рўйхатини шакллантириш тартиби

25. Таклиф этиладиган хорижий тиббиёт мутахассисларининг рўйхати ҳар йили 1 декабргача Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий органлари, давлат тиббиёт ташкилотлари, шунингдек, хорижий тиббиёт ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш тажрибасига эга бўлган тиббиёт ходимларининг таклифи асосида Ҳайъат томонидан шакллантирилади.

26. Ҳайъатга тушган таклиф этиладиган хорижий тиббиёт мутахассислар рўйхати, у ёки бу мутахассисни таклиф этишни мақсадга мувофиқлиги босқичма-босқич ўрганиб чиқилади.

Бунда у ёки бу хорижий малакали мутахассисни таклиф этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилишда ушбу мутахассис эгаллаган тиббиёт сохаси йўналишнинг долзарблиги, унинг илмий мақоми ва малакаси, тиббиёт муассасаларини модернизациялаш ва техник қайта жиҳозлаш бўйича қўйилган вазифаларга мослиги ҳисобга олинади.

27. Ҳайъат юқоридаги талаблар асосида таклиф этиш тавсия этилган хорижий тиббиёт мутахассисини таклиф этиш мақсадга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги юзасидан қарор қабул қилади. Таклиф этиш бўйича қарор қабул қилинган хорижий тиббиёт мутахассислари рўйхати асосида уларни таклиф этиш юзасидан режа-жадвал тузилиб, тасдиқлатиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.

7-боб. Тиббиёт кадрларини хорижий етакчи тиббиёт ва илмий муассасаларга қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш, шунингдек, республикага етакчи хорижий тиббиёт ҳамда илмий муассасалардан малакали хорижий тиббиёт мутахассисларини жалб этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш

28. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига марказлаштирилган тартибда ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари, давлат тиббиёт ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотларининг грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар давлат тиббиёт ташкилотларининг тиббиёт кадрларини хорижий етакчи тиббиёт ва илмий муассасаларга қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширишга юбориш, шунингдек, республикага малакали хорижий тиббиёт мутахассисларини жалб этиш харажатларини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.

29. Қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш учун хорижга юбориладиган тиббиёт кадрлари ҳамда хориждан таклиф этиладиган малакали тиббиёт мутахассиси учун транспорт, яшаш, консуллик тўлови, суғурта ва бошқа қонун ҳужжатлари билан таъқиқланмаган хизмат сафари билан боғлиқ харажатлар тўлаб берилади.

Харажатларнинг дастлабки тўлови тасдиқланган харажатлар сметасига мос равишда аванс тўлови билан, якуний тўлов эса хорижга чиқиб келган мутахассиснинг ҳақиқий харажатларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

30. Хорижга юборилган мутахассисларни юқорида қайд этилган харажатларини тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрлар ва тартиб бўйича амалга оширилади.

31. Давлат тиббиёт ташкилотининг хорижга юбориладиган мутахассисини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича хорижий тиббиёт ва илмий муассасалар билан тўғридан-тўғри шартномаси мавжуд бўлган ҳолда унинг яшаши, овқатланиши ва бошқа харажатлар, шунингдек, таклиф этилган хорижий тиббиёт мутахассисларининг меҳнатига ҳақ тўланиши улар билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилиши мумкин.

32. Жалб этилган хорижий тиббиёт мутахассисларининг меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳудудий соғлиқни сақлаш органлари, давлат тиббиёт ташкилотларининг улар билан тузган шартномалари асосида амалга оширилади.

33. Ўрнатилган тартибда тасдиқланган харажатлар сметаси ҳамда қайта тайёрлаш ва малака оширишдан сўнг мутахассиснинг кейинги меҳнат фаолиятини амалга оширишини кафолатловчи уч томонлама шартнома қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун хорижга юбориладиган мутахассисга аванс тўловини тўлашга асос ҳисобланади.

8-боб. Ҳисобот, ҳисобга олиш ва назорат

34. Давлат тиббиёт ташкилотларининг тиббиёт кадрларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун етакчи хорижий тиббиёт ва илмий муассасаларга юбориш, шунингдек, хорижий малакали тиббиёт мутахассисларини республикага жалб этиш билан боғлиқ сарф-харажатлар учун марказлашган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланишни ҳисобга олиш, ҳисобот бериш ва назорат қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ равишда амалга оширилади.

9-боб. Якунловчи

қоидалар

35. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

36. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Марказий банк билан келишилган.

№ 49, 01.12.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.