Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ТУМАН ШАРОИТИДА МУРАККАБ ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТЛАРИ

Янгиқўрғонда диёримиз туманлари бўлгани каби биринчи бўлиб юқори технологияли жарроҳлиқ амалиётлари муваффақиятли ўтказилди.

Айни кунларда вилоятимиз соғлиқни сақлаш ходимларининг фаолияти Янгиқўрғон туманига кўчган, десак асло муболаға бўлмайди. Бутун ҳудуд бўйлаб соғломлаштириш жараёнлари боряпти. Кеча эрталабданоқ туман марказидаги бош майдон узра мамлакатимиз давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллиги олдидан ижтимоий, маънавий, маданий тадбирлар ўтказилди. Унда иштирок этган тиббиёт ходимлари туман аҳлига беминнат тиббий хизмат кўрсатди. Ўн етти турдаги мутахассислик йўналишида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилди. Юзлаб фуқаролар ультратовуш текшируви ва ЭКГ воситасида саломатликларини шифокор назоратидан ўтказдилар. Кўчма флюорографик аппаратлардан ўтганлар ҳам кўпчиликни ташкил этди. Саломатлик ҳақидаги тарғибот чоғида юқумли касалликлардан сақланиш ва тўғри овқатланиш каби қатор мавзуларга эътибор қаратилди. Муҳтож кишиларга эса ногиронлик аравачалари тарқатилди. Ижтимоий дорихона хизматидан баҳраманд бўлганлар ҳам оз эмас.

Энг ҳайратланарли воқеалар эса туман марказий шифохонасида кечди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят кардиология маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг таниқли шифокорлари томонидан тўртта энг юқори технологик жарроҳлик операцияси муваффақиятли амалга оширилди.

Шошилинч тиббий ёрдам бўлимида якунланган жарроҳлик амалиёти ҳозирга қадар республикамиздаги ҳеч бир туманда бажарилмаган эди. Вилоят кардиология марказидан келган тиббиёт фанлари номзоди Нуриддин Баҳриддинов ва марказ кардиология бўлими мудири Абдусалом Хўжамбердиевлар беш ёшли Абдулло Маҳмуджоновнинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлдилар. Юрак туғма нуқсони билан дунёга келган бемор болада очиқ артериал томирни боғлаш жарроҳлик амалиёти сифатли бажарилди.

– Бугун тушумга ҳам кирмаган иш бўлди. Имкониятим йўқлигидан ўғлимни даволатишга чора топа олмаётган эдим. Давлатимизга минг раҳмат. Қолаверса,фарзандимни безовта қилаётган оғир дарддан халос қилган шифокорларга тасаннолар айтаман, – дейди Абдуллонинг онаси Дилбархон Аҳмаджонова.

Шуниси эътиборга моликки, операция жараёнлари нафақат маҳаллий шифокорларга, барча туманлардан келган кардиологлар ва жарроҳларга "Маҳорат дарси" сифатида онлайн тарзда кўрсатиб борилди. Таниқли жарроҳ Толибжон Мамадумаров мутахассисларга амалиётнинг нозик ва мураккаб жиҳатлари ҳақида тушунча бериб турди. Шу ерда энг замонавий лапароскопик аппарат ёрдамида тиғсиз операция ҳам амалга оширилди. Наврўзобод маҳалласида яшовчи Жамила Қодировага сурункали тош холецисти касаллиги азоб берар эди. Шифокорларнинг саъй-ҳаракати билан хасталик бартараф этилди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази жарроҳлик бўлими мудири Ғовсиддин Мамадалиев ҳамкасблари билан лапроскопик холецистит-эктомия амалиётини ўта сифатли бажаришга эришди.

Эндоскопик амалиётлар ҳам ғоят самарали ва сифатли олиб борилди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали мутахассиси томонидан фиброгастроскоп воситасида бемор оғиз бўшлиғи орқали умумий ўт йўлига кирилиб, ҳосил бўлган тошни саноқли дақиқаларда олиб ташланиши шифокор маҳоратининг юксаклигидан, даволаш технологиясининг ғоят юқори эканлигидан далолатдир.

– Тўрттала мураккаб операцияни ҳам бевосита кузатиб бордим ва жуда ҳам муҳим янгиликлардан воқиф бўлдим, – дейди Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси жарроҳлик бўлими мудири Нуриддин Низомиддинов. – Кичик инвазив жарроҳлик амалиётларини туман шифохоналарида ҳам ўтказиладиган фурсат келди. Тиббиётимиз жадал тараққий этаётган бир даврда бугун Янгиқўрғон туманида ташкилланган жарроҳлик амалиётларини туманларда ҳам татбиқ этилиши халқ саломатлигини муҳофаза этиш ишларини янги босқичга кўтаришни тақозо этади.

Чиндан ҳам Янгиқўрғонда олиб борилган юқори технологияли мураккаб амалиётлар тиббиётимиз янада равнақ топаётганлигидан, халқ бахту саодати йўлидаги хайрли ишлар кўлами тобора кенгайиб бораётганлигининг ёрқин ифодасидир.

ИНСОН САЛОМАТЛИГИ ЙЎЛИДА КАМАРБАСТАМИЗ

Ҳудудлардаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий вазиятни ўрганиш, муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган Республика ишчи гуруҳи айни кунларда Янги-қўрғон туманида фаолият олиб бормоқда. Уларга бириктирилган турли соҳа вакиллари орасида тиббиёт ходимлари ҳам бор.

"Сутлибулоқ" маҳалласида яшовчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 95 ёшли Қўчқорбой ота Жайлонов қишлоқнинг ёши улуғларидан. Яқинда отахон хонадонига кутилмаган меҳмонлар ташриф буюришди. Янгиқўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси бир гуруҳ шифокорлари қарияни ва унинг оиласи аъзолари саломатлигини обдон текшириб кўришди. Қариянинг соғлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан маслаҳатлар берилди.

Навкентдаги 56-қишлоқ оилавий поликлиникаси бугун ҳар қачонгидан гавжум. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасида бир ҳафтадан буён чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилмоқда. Маҳаллий шифокорлар вилоят ва қўшни туманлардан келган ҳамкасблари билан ҳамкорликда барча маҳаллаларда яшовчи кексаю ёшни қабул қилишяпти. Тадбир самарали ўтиши учун зарур шароитлар яратиб қўйилган. Ультратовуш текшируви, ЭКГ ва бошқа замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари узлуксиз ишлаб турибди.

– Эл соғлигини янада мустаҳкамлаш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганлигидан ғоят мамнунмиз. Қаранг, қанчадан-қанча шифокор ва мутахассислар ҳузуримизга келишган. Яратилган имкониятдан самарали фойдаланиб қолиш учун одамлар қишлоқ оилавий поликлиникасига ошиқишяпти. Мен ҳам оиламиздаги келину набираларим билан тиббий кўрикдан ўтдим, – дейди Людмила опа Маллабоева.

Бу каби дил изҳорларини кўпчиликдан эшитдик. Дарвоқе, бугун тумандаги 71 маҳалла фуқаролар йиғини бўйлаб кенг қамровли иш олилавий борилмоқда. Туман тиббиёт бирлашмасида тиббий фаолиятни мувофиқлаштириб турган махсус штабдан маълум қилишларича, 17 та тиббий бригада шакллантирилган. Минг нафардан зиёд энг малакали шифокор ва тажрибали патронаж ҳамширалари мазкур хайрли ишга сафарбар этилган. Уларнинг кучи билан ҳар куни беш минг нафардан зиёд аҳоли вакиллари тиббий кўрикдан ўтказиляпти. Уйида ётиб қолган беморлар хонадонларига алоҳида шифокорлар гуруҳи жўнатиляпти.

Тиббиёт соҳасига оид муаммолар ўрганилиб, жойида ҳал этилмоқда.

ЭЪТИБОР ВА ҒАМХЎРЛИК ОҒУШИДА

Янгиқўрғон туманидаги "Юксалиш" маҳалласида яшовчи саксон ёшли Ўрмонжон ота Жўрабоевнинг орзуси ушалди. Энди у ҳовлиси ва кўчага чиқиш, ҳаракатланиш имкониятига эга бўлди. Оғир ҳасталик туфайли тушакка миҳланиб қолган қарияга туман тиббиёт бирлашмаси тиббий-ижтимоий хизмати ходимлари ногиронлар аравачасини туҳфа эдилар.

Маълумки, айни пайтда туманда Республика ишчи гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Маҳаллалар ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит ўрганилиб, мавжуд муаммолар ўрнида бартараф этиляпти. Жумладан, мазкур хонадонга ташриф чоғида кекса инсон томонидан билдирилган илтимос зудлик билан ҳал этилди. Саломатлик посбонлари шу билан бирга беморга малакали тиббий хизмат кўрсатиб, уни дарддан холос этиш чораларини кўришмоқда. Жўрабоевлар хонадонига келган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов отахон билан дилдан суҳбатлашди. Кекса авлод вакиллари ҳамиша ардоғда эканлигини таъкидлаб, Ўрмонбой отани безовта қилаётган касалликни самарали даволаш бўйича тегишли кўрсатмалар берди. Меҳнат фахрийси кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимизга миннатдорчилик билдириб, дуога қўл очди. Бу туманда олиб борилаётган кенг қамровли тиббий тадбирлардан бир лавҳа холос. Ҳар куни юзлаб хонадонларга кирилиб, аввало нуронийлар, туғиш ёшдаги аёллар ва болаларнинг ҳолидан хабар олинмоқда. Айниқса, сурункали касалликларга дучор бўлган фуқаролар, ўзгалар қаровига муҳтож, шу жумладан ногиронларга меҳр ва мурувват кўрсатилмоқда. Уларнинг талабига кўра ногиронлик аравачалари, қўлтиқтаёқ ва эшитиш воситалари бериляпти. Шунингдек, эҳтиёж сезаётган кам таъминланган юртдошларимизга даволаниш ва саломатлигини тиклаш учун имтиёзли йўлланмалар тақдим этилмоқда.

– Бу жараён йил бошидан бери изчил давом эттирилмоқда, – дейди бошқарма бошлиғи Солижон Мўминов. – Ҳозирга қадар 2,5 минг нафардан зиёд ногиронлиги бўлган кишиларга ногиронлар аравачаси, ортопедик маҳсулотлар ва эшитиш мосламалари бепул тарқатилди. Яқин орада барча эҳтиёжмандларнинг талаби тўла қондирилади.

Абдулла ҒОЗИЕВ.

№ 33, 17.08.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.