Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ШИФОКОРЛАР МАҲОРАТИ ВА ОНАЛИК МЕҲРИНИНГ ИФОДАСИ...

Бу оламда онадек меҳрибон, куюнчак ва жон-куяр зот бўлмаса керак. Оналар қалбига шундай ғаройиб ва беқиёс меҳр-муҳаббат уруғи жойланганки, бунинг таърифига тил ожиз. Она учун энг оғир дард – боласининг дард чекиши, энг катта иқбол – фарзандининг бахти, ҳаётидаги чексиз қувонч эса ўғлию қизининг шодлигидир. У фарзанди учун жонини беришга ҳам тайёр…

Хабарингиз бор, бугунги кунда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 октябрдаги "Яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 859-сонли Қарори асосида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида буйрак трансплантацияси ҳамда Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида буйрак ва жигар бўлагини кўчириб ўтказиш операциялари амалга оширилмоқда. Айтиш жоизки, бундай юқоритехнологик жарроҳлик амалиётлари АҚШ, Россия, Германия, Норвегия, Швейцария ва Ҳиндистон каби тиббиёти ривожланган давлатларда бажарилади. Эътирофлиси, бугун Ўзбекистон ҳам улар қаторидан жой олди.

2018 йилнинг февраль ойида Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, академик Феруз Назиров ва Россиянинг академик Валерий Шумаков номли Трансплантология ва сунъий аъзолар Миллий тиббий тадқиқот маркази директори, академик Сергей Готье раҳбарлигида тиббиётимиз тарихида биринчи марта беморга тирик донор қариндошдан жигар бўлагини кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилганди. Узоқ йиллардан буён жигар циррози хасталигидан азият чекиб келган 26 ёшли паркентлик Убайдулла Дадахўжаевга унинг акаси Ҳаётулла Дадахўжаевнинг донорлигида жигар бўлаги трансплантация қилинган эди.

Орадан кўп ўтмай, яъни жорий йилнинг 14 август куни ушбу амалиёт яна амалга оширилди. Яъни мамлакатимиз тиббиётида иккинчи маротаба жигар бўлагини кўчириб ўтказиш операцияси муваффақиятли бажарилди. Қашқадарёлик 19 ёшли бемор Қувончбек Зариповга 2 йил олдин жигар циррози ташхиси қўйилиб, бугунги кунгача у бир нечта тиббий текширувлардан ўтиб келган. Шифокорлар томонидан яқин қариндошлари орасидан жигар бўлагини кўчириб ўтказиш операцияси тавсия қилиниб, унга 41 ёшли онаси Садоқат Раҳмонова донорлик қилди. Таъкидлаш жоизки, мазкур операция муваффақиятли ўтказилиб, донор ва беморнинг саломатлиги асраб қолинди.

Мураккаб, юқоритехнологик операция жараёнини кузатар эканмиз, унда ҳар бир мутахассис қизғин иш олиб бормоқда. Соҳа ходимлари боланинг ҳам, онанинг ҳам саломатлигини асрашдаги масъулиятни ҳар қачонгидан кўра икки карра кўпроқ ҳис қилиб, барчасини меъёридагидек бажаришмоқда. Жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказган шифокорларнинг фикрлари билан қизиқдик…

Феруз НАЗИРОВ,

Академик В.Воҳидов номидаги Республика

ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт

маркази директори, академик:

– Маълумки, трансплантация – беморга ўзининг жабрланган ва ҳаёт учун муҳим фаолиятини бажаролмасдан, унинг соғлиғига қайтариб бўлмайдиган асоратларга олиб келаётган буйрак ва (ёки) жигар бўлаги ўрнига тирик яқин қариндошлари орасидан соғлом буйрак ва (ёки) жигар бўлагини кўчириб ўтказиш мақсадида бажариладиган оператив амалиёт ҳисобланади. Мамлакатимизда ушбу фаолиятга Ҳукуматимизнинг 2017 йил 23 октябрдаги "Яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 859-сонли Қарори асосида рухсат берилиб, тартибга солинган. Бугунги кунгача марказимизда 120 та буйрак кўчириб ўтказиш трансплантациясини бажардик. Битта ҳам асорат ёки ўлим ҳолатлари кузатилмади. Таъкидлаш лозимки, амалиётга катта тайёргарлик кўрилиб, марказда бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилди. Мутахассисларимиз АҚШ, Франция, Жанубий Корея, Туркия, Швейцария ва Россия каби давлатларда айни шу йўналиш бўйича малака ошириб қайтишди. Айтиш жоизки, жигар циррози билан оғриган бемор ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона йўли ҳам трансплантация амалиётини ўтказишдир. Яна бир жиҳат, мазкур йўналиш, яъни жигар бўлагини кўчириб ўтказиш нафақат марказимиз, балки юртимизда иккинчи бор амалга оширилмоқда. Дунёда энг юқоритехнологик, энг оғир операция ҳисобланган ушбу амалиёт 6 ой олдин, яъни жорий йилнинг февраль ойида ака-ука Дадахўжаевларда бажарилган эди. Куни кеча россиялик мутахассислар иштирокида уларни чуқурлаштирилган тиббий текширувдан ўтказдик. Ҳозирда саломатлиги яхши, ҳеч қандай шикояти йўқ. Бугун эса 19 ёшли бемор Қувончбекка 41 ёшли онаси жигарининг ўнг томони фарзандига кўчириб ўтказилди. Бу каби юқоритехнологик операцияларнинг ўтказилиши, аввало, давлатимиз раҳбарининг тиббиётга бераётган эътиборининг ижобий самараси, десам муболаға бўлмайди. Оғир ва мураккаб ҳисобланган мазкур жарроҳлик амалиётининг мамлакатимизда бажарилаётгани тиббиёт, айниқса, хирургиямизнинг энг ривожланган давлатлар билан бир қаторда эканлигини намоён этади.

Фарзанднинг суянган тоғи – ота. У туфайли бола ёши улғайса-да, ўзини хотиржам ва тетик ҳис қилади. Падари бузрукворининг ёрдамига, маслаҳат-у насиҳатига суянади. Ўз ўрнида ота ҳам зурриёди учун жонини беришга тайёр бўлади. Қувончбекнинг отаси Элдор Тўраев ана шундай ўз кечинмалари билан ўртоқлашди…

– Икки нафар фарзандим бор, – дейди Элдор Тўраев. – Уларнинг иккови ҳам ўғил. 2 йил аввал кенжа ўғлим Қувончбек оғир аҳволга тушиб қолди. Шунда бизни қўрқув ва хавотир чулғаб олди. Ундаги касалликни сезмай юрган эканмиз, ўзининг асоратини кўрсатди. Шундан сўнг дарҳол Тошкент тиббиёт академиясига олиб бориб, тиббий текширувлардан ўтказдик. Улар жигар циррози ташхисини қўйишди. Икки йил давомида шифокорлар даво муолажаларини қилиб юришди. Лекин буларнинг бари вақтинча эди. Ягона йўл – жигар трансплантациясини амалга ошириш эди. Мутахассислар шунда мамлакатимизда ушбу амалиётга рухсат йўқлиги, бунинг учун хорижий давлатларга боришимизни айтишди. Аммо бунга "қўлимиз калталик қиларди". Орадан кўп ўтмай, Юртбошимизнинг саъй-ҳаракатлари билан ушбу жарроҳлик амалиётларини ўтказишга рухсат берилиб, ўзимизда ҳам бажарилаётганини эшитдик. Тўғриси, буни эшитиб кўзимдан ёш чиқди. Ўзимни қўйишга жой топа олмас эдим. Сўнг Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказига келиб, соҳа ходимлари билан маслаҳатлашдик. Шифокорлар дардимизга шерик бўлиб, астойдил ёрдам беришди. Ўғлимга жигаримнинг бир бўлагини беришга қарор қилиб, текширувлардан ўтдим. Афсуски, натижалар бунга йўл қўймади. Шунда турмуш ўртоғим донор бўлишга қарор қилди. Ахир, ўзингиз айтинг, ота-она учун фарзандининг кулиб, шодон ва соғлом юришини кўришдан ортиқ бахт борми? Шифокорлар ўғлим ва онасини обдон текшириб, операцияга тайёрлашди. Яратганга шукрлар бўлсинки, уларнинг иккови ҳам жарроҳлик амалиётидан омон чиқишди. Аввало, ана шундай шароитларни яратиб берганлари учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга, қолаверса, ҳам зурриёдимнинг, ҳам турмуш ўртоғимнинг ҳаётини сақлаб ўн соат давомида тик оёқда туриб, оиламга қувонч бахш этган академик Феруз Назировга ҳамда улар ёнида камарбаста бўлиб, астойдил хизмат қилган шифокорлар жамоасига ўз ташаккуримни билдираман.

Операция муваффақиятли ўтди. Журналист бўлганимиз учунми ёки инсонийлик туйғуларимиз тинчлик бермаганиданми уларнинг аҳволи билан қизиқдик. Орадан бир кун ўтиб 16 август куни Марказ томон йўл олдик. Донорга ҳам, беморга ҳам алоҳида шифокор ва ҳамшира бириктирилган, улар саломатлиги назоратга олинганлигининг гувоҳи бўлдик. Қувончбекда чинакам маънода исмига монанд ҳолат кузатилар, унинг кўзларида қувонч, шодликни кўриш қийин эмас эди. Шифокорлар беморнинг ҳаракатланишида жонбозлик кўрсатишмоқда. Йўқ, Қувончбек энди бемор эмас, аксинча, қаҳрамон. У мураккаб операциядан сўнг оёққа туриш учун ўзида куч йиға олмоқда. Онаси Садоқатхон Раҳмонова ҳам ўзини яхши ҳис қилмоқда. Шу куни она ва бола операциядан сўнг бир-бирини илк бор кўришди. Бу жараённи кузатар эканмиз, жуда таъсирландик. Фарзандининг тик оёқда юриши, соғлом эканлигини ўз кўзи билан кўрган онанинг меҳри жўшиб, юзида табассум югурди…

– Ҳозирда ўзимни анча енгил ҳис қилмоқдаман, – дейди Қувончбек. – Биласизми, мен бугун бахтли ва соғлом болалар қаторига қўшилдим. Энди ҳеч кимдан кам эмасман. Менга соғлом ҳаётни қайтариб берган онажоним ва ноёб касб эгалари – хирурглардан чексиз хурсандман. Улардаги самимийлик, меҳр, касбига шижоати ҳаётга бўлган иштиёқимни янада оширди. Барчаси учун катта раҳмат.

– Сўнгги пайтларда ўғлимнинг аҳволи оғирлашиб, худдики кўз олдимда сўлиб бораётгандек туйиларди, – дейди донор она Садоқат Раҳмонова. – Шунда турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам донорлик қилишга қарор қилдик. Мутахассислар томонидан жигаримнинг ўнг бўлагини фарзандимга кўчириб ўтказишди. Шукрлар бўлсинки, операция муваффақиятли бажарилди. Ўғлимнинг кўзидаги қувончни кўриб, мамнун бўлдим. Бу дунёда она учун фарзандини соғлом, доим кулиб юришини кўришдан ортиқ бахт йўқ, менимча. Барча хавф ортда қолгани рост бўлсин. Ана шундай имконият яратиб берганлари учун Юртбошимизга ҳамда барча шифокорлар-у ҳамшираларга ўз ташаккуримни айтишдан асло чарчамайман.

– Юрак трансплантациясидан ҳам мураккаб ҳисобланган жигар бўлагини кўчириб ўтказиш операцияси бугун Ўзбекистон тиббиёти тарихида иккинчи маротаба амалга оширилди, – дейди Марказнинг жигар ва ўт йўллари бўлими бош илмий ходими, Республика бош хирурги Миршавкат Акбаров. – Маълумки, олти ой олдин россиялик академиклар бошчилигидаги жамоа билан биргаликда академик Феруз Назиров раҳбарлигидаги мутахассислар донордан жигар бўлагини беморга мувафаққиятли кўчириб ўтказишган эди. Айтиб ўтиш зарур, бу жараён 15 соат давом этганди. Бугунги кунгача бу борада билим ва тажрибани янада бойитиш, замонавий услубларни ўзлаштириш, жаҳон андозаларини ўрганиш борасида ҳам илмий, ҳам амалий изланишлар олиб бордик. Айтмоқчиманки, малака алмашилди, тажриба орттирилди. Шу боис, иккинчи операция 10 соат давомида бажарилди. Бемор Қувончбекка жигар циррози ташхиси қўйилган бўлиб, унда қизилўнгачдан қон кетиб, қоринда сув йиғилган, умумий аҳвол оғирлашиши ҳисобига анемиянинг оғир даражаси келиб чиққан. Шунга қарамай, пухта тайёргарлик кўрилди. Қолаверса, онаси, яъни донор саломатлиги ҳам текширувдан ўтказилди. Чунки организм бир-бирига мос тушиши зарур. Яқин қариндошлари орасидан жигар, иммунитет соҳаси, қон гуруҳлари боғлиқлиги эътиборга олиниб донор танланади. Одатда бундай операциялардан сўнг бемор узоқ вақт мобайнида сунъий нафас олиш системасидан нафас олади. Аммо бу галги жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилдики, орадан бир кун ўтиб нафақат донор, балки беморнинг ўзи ҳам сунъий нафас олиш системасидан ажратилди. У ўзи мустақил равишда бемалол нафас олиши билан бирга, ўрнидан туриб, секин-аста ҳаракатланмоқда. Ўртача ҳисобда 2-3 ҳафтадан сўнг уйига жавоб берилгач ҳам ойида бир маротаба марказимизда чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтиб туришади.

Хулоса ўрнида Дарҳақиқат, 10 соат мобайнида амалга оширилган мазкур операцияни оламшумул воқеа, деб атасак янглишмаймиз. Сабаби, маҳоратли шифокорларимизнинг машаққатли меҳнати туфайли яна бир оилага шодлик ҳадя қилинди. Яна бир бемор соғлом ҳаётга қайтарилди. Донор онанинг жигарбандига ўз тана аъзосининг бир бўлаги, хусусан, жигарининг ўнг бўлагини кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди. Бунда шифокорларимизнинг машаққатли меҳнати алоҳида эътирофга моликдир, албатта. Қолаверса, бу жараённи яна бир илоҳий туйғу билан боғламоқчимиз. Яъни она меҳри… Мақоламизнинг кириш қисмида она тимсолини бежиз тасвирламадик. Зеро, она меҳри бор эканки, одамзот насл-насаби заволга юз тутмайди, беминнат меҳр паноҳида яйраб-яшнайди. Шу туйғу туфайли гўдаклар бир парча эт ҳолидан қадди расо инсонга айланади. Мухтасар қилиб айтганда, ушбу юқоритехнологик операция давомида мунис оналарнинг фарзанди учун жонини беришга тайёр эканига яна бир бор амин бўлдик.

Жонибек МАЪРУПОВ. Муаллиф олган суратлар.

№ 33, 17.08.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.