Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ТАШХИСЛАШ ВА ДАВОЛАШДА ЯГОНА СТАНДАРТЛАР ИШЛАБ ЧИҚИЛДИ

Жорий йил 27-28 июль кунлари Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан "Бачадон бўйни, танаси ва тухумдонлар саратонини ташхислаш ва даволашнинг ягона клиник стандартлари" мавзусида халқаро мутахассислар иштирокида семинар-тренинг ўтказилди. Унда ҳиндистонлик етакчи мутахассис, профессор Динеш Пендхаркар ва Республикамизнинг турли ҳудудларидан онколог шифокорлари иштирок этишди.

Семинарда сўзга чиққанлар ҳозирги кунда дунё миқёсида онкологик хасталиклар асосий тиббий-ижтимоий муаммолардан бири эканлиги тўғрисида сўз юритишди. Шу билан бирга, жаҳонда саратон касаллиги ўлим сабаби бўйича юрак қон-томир хасталикларидан кейинги ўринни эгаллаши, 2015 йилда ундан 8,8 миллион нафар бемор вафот этганлиги ҳамда ушбу мавзу долзарблигини алоҳида таъкидлади.

Нозима УМАРОВА,

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази етакчи мутахассиси, онкогинеколог, тиббиёт фанлари номзоди:

– Мазкур семинар аёллар жинсий аъзолари, яъни бачадон бўйни, танаси ва тухумдонлар саратонини ташхислаш ҳамда даволаш бўйича республикамизда ягона клиник стандартларни яратиш юзасидан ҳиндистонлик мутахассис билан тажриба алмашиш имконини берди. Машғулотлар муҳокама тарзда ўтказилиб, тузилган ишчи гуруҳ билан ягона хулосага келинди ва режалар тузиб олинди. Дунё тажрибасидан маълумки, ушбу айтилган аъзолардаги саратон касаллигини ташхислаш ва даволашни йўлга қўйишда янги усуллар татбиқ этилмоқда. Айтмоқчиманки, аёллар репродуктив саломатлиги, жинсий аъзолари ўсма касалликлари асосий эътибор талаб этади. Ачинарлиси, ушбу касалликлар вақтида аниқланмай, кўпинча кечки босқичда, асоратланган ҳолларда маълум бўлиши мумкин. Айтиш жоизки, сўнгги йилларда бу асосан фертиль ёшидаги аёлларда учрамоқда. Шу боис, республикамизнинг барча вилоятларидан кимётерапевт ва онкогинекологлар мазкур семинарга жалб этилиб, уларнинг малакаси оширилмоқда. Икки кунлик семинар давомида ташхислаш ва даволаш учун ягона клиник стандартлар мамлакатимиз шароитига мос йўналишда ишлаб чиқилди.

Тадбирда таъкидланганидек, эрта ташхислаш ва вақтида даволаш йўлга қўйилган ҳолларда 30-50 фоиз саратон касаллигининг олдини олиш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 апрелдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори ижроси доирасида мамлакатимизда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг тавсиялари асосида "Бачадон бўйни саратонининг скрининг дастури" ишлаб чиқилмоқда. Эндиликда барча онкологик муассасаларда текшириш ва даволаш ишлари ягона стандартлар бўйича олиб борилади.

– Саратон, хусусан, бачадон бўйни, танаси ва тухумдонлар саратони бугунги кунда бутун дунёда тез-тез учраб, ёшариб бормоқда, – дейди ҳиндистонлик профессор Динеш Пендхаркар. – Маълумотларга таяниб айтадиган бўлсак, саратон касаллиги жаҳонда деярли ҳар олтинчи ҳолатда ўлимга сабаб бўлади. Аёллар жинсий аъзолари саратони онкологик хасталиклар билан касалланиш структурасида тўртинчи ўринни эгаллайди. Ташхислаш мураккаблиги туфайли тухумдонлар саратони 70-80 фоиз ҳолатларда 3-4 босқичларда аниқланади. Шу боис, дунё миқёсида мазкур касалликнинг олдини олиш, ташхислаш ва даволашда янги стандартларни ишлаб чиқади ва амалиётга татбиқ этади. Шу билан бирга, олимлар аёлларга касалликка қарши эмлаш чораларини кўришни тавсия этишади. Мазкур семинарда "Онкокасалликларни ташхислаш ва даволашда ягона клиник стандартларнинг замонавий ёндашув билан олиб бориш" мавзусида маъруза қилдим. Ўзбекистонда тиббиёт яхши йўлга қўйилган. Кундан-кунга ривожланиб, кўплаб муваффақиятларга эришилмоқда. Муҳими, давлатингиз томонидан катта эътибор берилмоқда. Кузатдимки, шифокорларингизнинг ҳам билим ва тажрибаси етарли.

Шунингдек, семинарда "Ўзбекистон Республикасида бачадон бўйни саратони скрининги ўтказишнинг афзалликлари", "Фертиль ёшдаги тухумдонлар саратони билан касалланган аёлларни даволаш хусусиятлари" мавзусида маърузалар қилиниб, ўзаро тажриба алмашилди.

– Ушбу семинар-тренинг фаолиятимизда янгиликлар, амалиётимизда замонавий даво усулларини қўллашга доир билим ва кўникмаларимизни яна бойитишга хизмат қилади, – дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилояти филиали онкогинекология бўлим бошлиғи Феруза ОРИФОВА. – Ҳамкасбларимиз билан соҳадаги янгиликларни ўзлаштириш бўйича ўзаро мунозаралар ўтказдик. Муассасамизда ҳисобда турган онкологик беморлар 8 минг нафарни ташкил қилади. Филиалимизда нур аппаратининг мавжуд эмаслиги сабабли бачадон бўйни саратонини тўлиқ даволаш имконияти йўқ. Лекин жорий йилнинг сўнггига қадар бу муаммони бартараф этиш кўзда тутилган. Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал, дейишади. Шу боис, аҳоли орасида ушбу хасталик профилактикасига доир тарғибот ишларини олиб боряпмиз. Яқинда Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Жўш қишлоғида аёлларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказдик. Бу жараёнда муассасамизнинг 25 нафари қатнашиб, беморларга ўз тавсия ва маслаҳатларини беришди. Шахсан ўзим 40 нафардан ортиқ беморни кўриб, саратон олди касалликларини аниқладим. 300 дан зиёд аёлларга энг кўп учраётган бачадон бўйни, сут бези ракини илк босқичда ва эрта аниқлаш бўйича тушунтириш бердик. Бу ишларимиз мунтазам бошқа туманларда ҳам амалга оширилмоқда.

Семинар-тренинг давомида бачадон бўйни, танаси ва тухумдонлар саратонида ташхислаш ҳамда даволашнинг клиник стандартлари муаммолари муҳокамаси ўтказилди. Ушбу касалликларни NCCN, ESMO каби дунё миқёсидаги ташкилотларнинг ташхислаш ва даволаш стандартларини Ўзбекистон Республикасига мослаштириш моделлари муҳокама қилинди. Иштирокчилар бошқа аъзолар ўсма касалликлари бўйича ҳам ташхислаш-даволаш ишларини босқичма-босқич муҳокама қилиш ҳамда икки давлат орасида тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни давом эттириш ҳақида келишиб олдилар.

Жонибек МАЪРУПОВ.

№ 31, 03.08.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.